Қуролли Кучлар академиясида “Тил бор экан – миллат барҳаёт” мавзусида маънавий-маърифий тадбири

0

Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили” ҳақидаги қонун қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган “Тил бор экан – миллат барҳаёт” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, “Турон” давлат ҳарбий театр жамоаси, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари, элимиз ардоғидаги санъаткорлар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Видеоселектр тарзида ўтказилган тадбирни барча ҳарбий округ, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги, олий ҳарбий таълим муассасалари шахсий таркиблари онлайн тарзда кузатиб борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Тилнинг миллат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти”, “Давлат тили – миллатнинг руҳи, маданияти, фахр ва ифтихори” мавзуларидаги маърузалари билан, айниқса, ўқувчи ёшларга ҳаётий мисоллар орқали Она тилимизнинг нечоғлиқ улуғвор эканлигини исботлаб берди.

Қуролли Кучлар академияси курсантлари ва ўқувчи ёшлар биргаликда ўзбек мумтоз шеъриятининг нодир намуналари жамланган шеърий гулдастани иштирокчиларга тақдим этди.

Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг мусиқий чиқишлари барчага кўтаринки руҳ улашди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти