Шу йил январида 2 синфда ўқийдиган қиз муаллима отган пластик идиш туфайли мия чайқалишига учраганди. Кейин нима бўлди?..

0

 

Маълумот беришларича, шу йил январида Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги «Қизилтоғ» қўрғонида жойлашган №44 ўрта мактабнинг 2 синфида ўқийдиган Сўғдиёна исмли қизалоққа муаллима пластик идишни отган. Бунга Сўғдиёна давлат мадҳиясини айтмагани сабаб бўлган. Идиш қизалоқнинг елкасига тегиб полга тушган. Ўқувчилардан бири идишни олиб муаллимага берган. Муаллима иккинчи марта «Сен жудаям жонимга тегдинг», деганча идишни Сўғдиёнага қарата улоқтирган. Бу гал идиш қизнинг пешона, бурун ва кўз оралиғига теккан. Бу ҳолатни кейинчалик синфдошлари ҳам тасиқлаган.

— Менинг қизим жуда нозик, — дейди онаси Наргиза Усмонова. — Дарс пайтида муаллимаси уни икки марта 200 граммли пластик идиш билан туширган. Сўғдиёна жиддий жароҳатлар билан шифохонага тушиб қолди. Дўхтирлар қизим мия чайқалишга учраганини айтишди. Мана, январ ойида содир бўлган фожиа туфайли қизим ҳалиям азоб чекмоқда. У олган жароҳатни даволовчи врач ҳам тасдиқлаган…

Бўлиб ўтган ишлар ҳақида қизалоқнинг онаси милицияга хабар бермаган.

— Ўшанда бизникига мактаб директори, ўринбосари ва маҳалла вакиллари келишди, — дейди Наргиза Усмонова. — Улар милицияга хабар қилмаслигимни қаттиқ илтимос қилишди. «Муаллима аҳмоқлик қилди. Биз албатта унга нисбатан тегишли чора кўрамиз.» деб туриб олишди. Шундан сўнг мактаб директори Сўғдиёнани Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирига олиб борди. Бундан ташқари, мактаб директори муаллиманинг номидан қайта-қайта узр сўради. Шунинг учун мен милицияга хабар бермай қўя қолдим. Муаллиманинг ўғли ҳам ялиниб туриб олди. Ҳамма харажатларни кўтаришга сўз берди. Тўғри, бошида ҳамма дориларни опкелиб берди. Аммо апрелда яна дўхтирга бориш керак бўлганда, ваъдасига вафо қилмади. Ёрдам беришдан бош тортди. Икки ҳафта бурун Сўғдиёна яна бош оғриғидан шикоят қила бошлади. Тағин қусишга тушди. Ваҳоланки, илгари қизим бош оғриқ, қусиш нелигини билмаган. Мен ўша муаллиманикига бориб, даволаниш харажатларини кўтаришларини сўрамоқчи бўлдим. Мени уйга қўйишмади.

Сўғдиёнага жароҳат етказган муаллиманинг ўғли Абдурауф Тиллабоев ҳақиқатан онаси қизалоққа пластик идиш отганини тан олди. Аммо унинг айтишича, онаси бу ишни атайин қилмабди.

— Онам 25 йилдан бери бошланғич синфларга дарс беради, — деди у. — Ўша куни онамнинг ёнида клей солинган пластик идиш турган экан. Ўқувчилардан бири шовқин кўтара бошлаганда, тинчлантириш учун унга ўша идишни отибди. Аммо идиш Сўғдиёнага тегибди. Очиғи, сўнгги икки-уч йил ичида бизнинг оиламиз бир неча марта йўқотишларга юз тутди. Шунинг оқибатида онамнинг асаблари чарчаган. Қолаверса, ҳамма бошланғич синфлар ўқувчилари дарс пайтида қандай тўполон қилишини яхши билади…

Абдурауфнинг гапига кўра, улар 8 яшар Сўғдиёнага керакли ёрдамларнинг барчасини кўрсатишган. Аммо онаси ҳануз кўпроқ ва янада кўпроқ пул талаб қилишдан тийилмаяпти экан. Агар аҳвол шундай давом этса, у ички ишларга мурожаат этиб, аёл шантаж йўлига ўтганидан шикоят қилишни ҳам режалаштирибди.

ca-news.org