“АЖДАҲО” ЧАНГАЛИДА… (11-қисм. Охири)

0

 

 

* * *

 

— Латта, негадир Таня бугун кўринмадими? — ташқарига чиқишгач, сўради Йўлдош. — Қўнғироқ қилиб кўр-чи!

— Аниқладим-ку, лекин…

— Нима лекин?

— Таня жиннихонага тушиб қолганмиш.

— Жиннихонага?.. — бирдан Йўлдошнинг қошлари чимирилиб Латтага яқин борди. — Ким айтди бу гапни сенга?

— Уйига қўнғироқ қилгандим. Онаси гўшакни кўтарди. Айтишича, қандайдир оқ халатли эркаклар бостириб киришганмиш-да, оёқ-қўлини бойлаб олиб кетишганмиш. Сўраса, «Қизингиз руҳий касал, жиннихонага ётқизмаса бўлмайди. Буйруқ шундай» деб жавоб қилишганмиш.

— Оббо итлар-ей!.. Шунақами? Бу Гоганинг иши бўлмасин тағин… Майли, кетдик, ўша ерда аниқлаймиз!..

Машиналар ўқдай учганча Гоганинг дала ҳовлисига яқинлашиб кела бошлади.

— Шу ерда тўхтат! — ҳайдовчига буюрди Йўлдош дала ҳовлига икки юз метрлар қолганда. — Олдиндаги машинага хабар бер, грузинни шу ерга чақириб келсин!

— Хўп бўлади, босс!..

Рустам эса, ҳайрон бўлиб Йўлдошга тикилди.

— Нега? Тўғри кириб бораверсак бўлмасмиди?

— Э, дўстим, буларнинг ўйинини билмайсан. Тўғри кириб борсак-у, бу итлар милтиғини ўқлаб тайёр турган бўлса, ғафлатда қоламиз. Бўлган шундай воқеалар. Бу ерда бўлса, қай аҳволда келаётганини бемалол кўриб турамиз…

Орадан ўн-ўн беш дақиқалар ўтгач, узоқдан Гоганинг қора «Мерседес»и кўринди.

— Ана, кўрдингми?! — имлади Йўлдош. — Мана шу нусха Гога деганлари бўлади. Жуда айёр ҳисоблайди-ку ўзини, аммо ғирт латта. Ҳеч нарсани қойиллата олмайди. Қовун тушириб қўяверади ҳар сафар.

— О, дўстим! — машина келиб Йўлдошнинг яқинида тўхтагач, Гога туша солиб унга қучоғини очди. — Ишонсанг, сени жуда соғингандим! Кел, бир бағримга босай!..

Йўлдош ўзини ҳийла четга олди. Шу тобда грузин билан қучоқ очиб кўришишни сира истамасди.

— Ундан кўра, айт, Семенни нега ўлдирдинг? — сўради у ҳамон чўнтакдан қўлини чиқармай. — Таня нега жиннихонага тушиб қолди?..

— Бу нима деганинг, Ринад? — қўллари ҳавода муаллақ қолиб аччиқлана бошлаган Гога таққа тўхтади. — Қайси Семен?.. Мен танийманми ўзи уни?..

— Жуда яхши танийсан. Икковлашиб айш қилганларингга кўп бўлгани йўқ.

— Ҳа-а, анави мишиқини айтаяпсанми? — қўл силтаб қўйди Гога. — Ўшанинг оти Семенмиди? Вей, хафа бўлмагин-у, лекин сендай ақлли, ишбилармон йигит қаёқдаги чувриндиларни ишлатиб юрганингга ҳайронман.

— Тушунтириброқ гапир!

— Ўша мишиқи олдимга келиб устингдан арз қилганини биласанми? Билмайсан. Ринадни ўлдирмоқчиман, ёрдам беринг! Деявериб ҳол-жонимга қўймади аблаҳ! Тўғриси, дўстимсан. Жуда жаҳлим чиқди. Мана сенга ўлдириш дедим-у, ўзини… Ҳалигидай… Сен мендан хафа бўлма! Мен ҳеч қачон дўстларга хиёнат қилмайман.

— Шунақа дегин? — Гогага маъноли боқиб сўрашда давом этди Йўлдош. — Унда Таняни нима учун жиннихонага тиқдинг?..

— Буниси энди ортиқча. Мен унақанги майда-чуйда ишлар билан шуғулланмайман.

— Ўзингни айёрликка солмай қўяқол!.. Барибир айёрликни эплаёлмайсан. Сен шу йўл билан мени синдирмоқчи бўлгансан. Бироқ эсингда бўлсин, мен қаёқдаги аёлни деб сочини юладиганлардан эмасман. Сен шуни билмай туриб ўзингча иш тутибсанми, билиб қўй, ҳар бир жабр кўрган одамларим учун сенинг иккитадан йигитинг ер тишлайди. Бунга мен ваъда бераман… Агар кўнгилсизлик юз беришини истамасанг, ҳозироқ буюр, қизни жойига қайтаришсин! Мен узоқ кутишни ёмон кўраман. Қани, кетдик, йигитлар!..

Гога Йўлдошга тегишли машиналар узоқлашиб кетгандан кейин ҳам анча вақтгача бир ерда муаллақ туриб қолди…

Турди, турди… Охири беихтиёр бошини кўтариб қўлларини мушт қилиб олдинга чўзганча машиналар ортидан қичқирди:

— Мана сенга!.. Ҳали шошмай тур, шундай тўрга илинтирайки сен ўзбакни!..

 

* * *

 

«Кўрмаганнинг кўргани қурсин» экан.

Йўлда машиналарни тўхтатиб кун кўриб юрган Рустам бирданига катта имкониятлар, бойликлар оғушида қолишини тушида ҳам кўрмаган эканми, ҳовлиқиб қолди. Аввал қаради. Йўлдош унга ўзига ишонгандай ишонади. Қўл остида бир гуруҳ йигитлар. Ҳар бири девдай-девдай бўлса-да, бир оғиз сўзини икки қилишмайди. Доимо хизматга шай. Қолаверса, Рустам учун пул томон бошлаб борадиган барча йўллар очиқ. Ахир, бир милиционерга бундан ортиқ бахт борми!..

— Бир пайтлар ювошгина бўлиб юрарди. — кабинетида ўтириб ўйларди Рустам. — Бирор ишни қойиллатганиниям эслай олмайман. Таниш-билишининг ҳам тайини йўқ эди. Энди бўлса, шаҳар сўраб ўтирибди. Вой ярамас-ей, қандай қилиб бу нарсаларга эришдийкин?.. Ким ёрдам бердийкин?.. Шундай полковник тоғам ҳам мафияга аралаша олмаган бўларди… Йў-ўқ, бу ерда бир гап бор… Тўхта, нега энди шундай имкониятдан фойдаланиб қолмаслигим керак?.. Унда бор нафс менда йўқми? Э, жа берса, қанча берарди? Қўл билан берганга қуш тўймайди барибир. Ўзим ҳам ҳаракат қилишим керакка ўхшайди. Ё анави грузинни ишга солсаммикан? Ҳарқалай, иккови ёвлашган экан. Қолаверса, пул ҳеч қачон ортиқчалик қилмаслигини бу мафиячилар жа яхши билишади…

Ҳа, худди шундай қиламан. Ҳозир секин бораман-да, грузиндан гап олиб кўраман. Мабодо келишиб қолсак, марра меники. Омадим кулса, Йўлдошни ўйиндан чиқариб, барча бойликларига ўзим эга чиқарман. Ишқилиб, шарманда қилмагин-да, Худойим!..

Рустам даст ўрнидан турди-да, деразадан ташқарига қаради. Шомга яқинлашиб қолибди. Шошилмаса бўлмайди. Йўлдош қаёққадир иш билан кетганди. Ҳали замон келиб қолиши тайин.

— Ҳой Латта! — деразанинг бир қанотини очиб дарвозахонада ким биландир гаплашиб турган барваста йигитни чақирди Рустам.

— Лаббай!

— Машина тайёрлаб қўй, мен шошилинч бир жойга бориб келишим керак!

— Машина тайёр, шеф! — жавоб қилди Латта. — Соқчи ҳам оласизми?

— Ҳа, Барвастани айт, тўппончасини олиб машинага ўтирсин!..

Рустам эгнига Йўлдош совға қилган қимматбаҳо костюмни кийиб, ички чўнтагига наганни жойлади-да, йўл-йўлакай ўзича юзига фотиҳа тортиб ҳовлига чиқди.

Бу пайтда Таня рўпара хонада ўтирганча нималарнидир ҳисоб-китоб қилиш билан банд эди. Рустамнинг шошилинч чиқиб кетганидан негадир шубҳаланиб ҳовлига чиқди. Дарвоза олдида Латта бамайлахотир қаҳва ичиб турарди.

— Рустам қаерга кетди? — турган ерида сўради Таня.

— Билмадим. Менгаям ҳеч нарса демай жўнаб кетди.

— Сиз дарҳол орқасидан тушишингиз лозим. Агар бирор кор-ҳол бўлса, Ринад ҳаммамизни жазолайди.

— Ахир… — Латта бош қаший-қаший Таняга боқди. — Қандай бўларкин? Нима бўлгандаям аканинг яқин дўсти…

— Бизнинг ишда ҳушёрлик кераклигини мендан яхши биласиз-ку!.. Илтимос, орқасидан кузатиб боринг! Ҳали замон Ринад келиб қолади…

— Хўп, ҳозироқ тушаман ортидан!..

 

* * *

 

Вақт хуфтонга яқинлашиб қолган. Йўлдош шу куни тоғ ён бағридаги дала ҳовлисида дам олиб қайтарди.

Кун бўйи ҳордиқ чиқарган бўлса-да, барибир чарчаган.

Орқа ўриндиққа ўзини ташлаганча кўзларини юмган кўйи чайқалиб борарди. Хаёллари эса, буткул чалкашиб кетган. Гоҳ Мавжудани Қувондиқнинг қучоғида тасаввур қилиб ижирғанса, гоҳ қизчасини кўз олдига келтиради. Хаёлида у аллақачон чопқиллаб кетган-у, подьезд рўпарасида дадасини кўриб югургилаганча келиб бўйнига осилади.

Шуларни ўйлаганда Йўлдош маъюс жилмайиб олади…

Бир маҳал чўнтагидаги телефон безовта жиринглади. Шошиб бошини кўтарди-да, телефонни олиб қулоғига тутди.

— Алло, ким?

— Бу мен — Боряман, ака!..

Йўлдош таниш овозни эшитиб кулиб қўйди.

— Ҳа, сенмисан, Латта? Нима гап?

— Кўнгилсизлик!

— Нима? Яна қанақа кўнгилсизлик?

— Рустам сизни сотди, ака!

— Рустам?.. Нима қилиб сотади у?

— Билмадим… Миясида қандай ўйлар борлигини билмайман. Лекин… Ҳозир Гоганикига кириб кетди. Машинаниям ташқарида қолдирмай, ичкарига қўйди. Нима қилай?

— Сен кузатишда давом эт, мен ҳозир етиб бораман!

— Тушундим.

— Ҳайда тезроқ машинани! — ҳайдовчига бақирди Йўлдош. — Намунча аммамнинг бузоғига ўхшаб йўрғалатмасанг? Ҳайда!..

 

* * *

 

Йўлдош кўзланган манзилга етиб келганда, Гога йигитлари қуршовида турар, қовоқлари уйилган, нимадандир қаттиқ ранжиганини совуқ нигоҳларидан билиб олиш қийин эмасди.

— Сен, оғайни, қачон менинг ҳузуримга хуфиялар юборишни бас қиласан-а? — Йўлдош ҳали яқинлашиб улгурмай, уни сўроққа тута кетди Гога. — Сени ҳурмат қилсам, кўришиб қолганда оғалардек қарши олсам. Сен-чи?.. Биттасини юбординг, индамадим. Энди иккинчисини… Мендан нима истайсан ўзи-а?..

Йўлдош аввалига тушунмади. Ахир, бу грузин нима демоқчи?.. Нимага шаъма қилаяпти?.. Ё Рустам билан аллақачон тил бириктириб навбатдаги айёрлигини кўрсатмоқчими?

— Кўрсатиб бўпсан! — хаёлидан ўтказди у Гогага ер остидан ўғринча тикилиб. — Сендақаларнинг кўпини кўриб қўйдим. Бу номаринг ўтмайди менга!

— Кимга индамадинг? — Йўлдош Гогадан икки метр наридан тўхтаганди. Турган ерида саволга савол билан жавоб қайтарди. — Кимга?..

— Кимга бўларди, дўстим? Семенни назарда тутаяпман. Ахир, ўшаниям сен юборгансан! Бўйнингга олсанг бўларди…

— Менга қара, мен ҳеч кимни хуфия қилиб юборган эмасман. Бунга зарурат ҳам йўқ. Чунки, мен ёлғиз Худога, қолаверса, ўзимга ишонаман. Баъзиларга ўхшаб қўрқоқ эмасман. Биринчи бўлиб ҳеч қачон мушт кўтармайман. Сен эса, бунақанги майда-чуйда гапларингни йиғиштирсанг бўларди. Ҳарқалай, биласан, Семенни ўлдирганингни ҳалиям сир тутиб келаяпман. Менам эркаклик қилиб ҳеч қаерга хабар бермадим.

— Хабар беролмайсанам.

— Нега энди? Хабар беришим ҳам мумкин.

— Вей, ошна, бунақанги ифлос ишлар иккаламизниям бўйнимизда бор. Нима керак пачакалашиш?.. Яхшиси, бугунги Рустам деган йигитинг меникига нима мақсадда келганини айт!..

— Рустам?.. Мен ҳам худди шу нарсани билиш учун келгандим.

— Йўғ-э…

— Ҳа, ҳозиргина менга хабар қилишди. Рустам сенинг олдингга паноҳ излаб келганмиш… Қани ўзи?..

Гога овозининг борича кулиб юборди.

— Ичкарида. — деди кулгидан ўзини тўхтатолмай. — Ичавериб бўкиб қолмасайди деб қўрқаман.

— Адашмасам, баъзи йигитларимга сенинг грузинча шаробинг ёқиб қолганга ўхшайди… Ҳа майли, агар малол келмаса, мени унинг олдига бошласанг!..

— Жоним билан, марҳамат!.. Дастурхон сендай дўстимга мунтазир!..

Йўлдош эндигина остона ҳатлаб ичкарига қадам қўймоқчи ҳам бўлган эдики, телефон жиринглади.

— Бир дақиқа!..

У телефонни қулоғига тўғрилаб жаҳл аралаш сўради.

— Ким?

— Қувондиқ аканг-да, ким бўларди?!.. — таниш овоз эшитилди гўшакдан. — Ҳозироқ орқага қараб югур! Йўқса, ҳалок бўласан.

— Нега? Тинчликми?

— Дарвозадан икки метр нарида Рустам ҳайдаб келган машина турибди. Унга атайин портловчи модда ўрнатиб қўйишган. Махсус сен учун… Жонингдан умидинг бўлса, орқангга қайт!.. Ҳа, яна бир гап. Ҳар эҳтимолга қарши ўзингнинг машинанггамас, наригисига ўтир!..

Йўлдош телефонни чўнтагига қайтадан жойларкан, қуролли йигитларни аввалги сафаргидек йиғиб келмаганига афсус қилди…

— Гога, зарур иш чиқиб қолди. — деди қўлини кўксига қўйиб. — Рустам билан кейинги гал гаплашарман. Ҳозир шошилинч офисга бормасам бўлмайди…

Бу гапни эшитиб Гоганинг ранги ўзгарди…

Лекин индамади.

— Нимаям дердик? — йигитларидан бирига маъноли қараб қўйгач, Йўлдошнинг елкасига қоқди у. — Бугун антиқа совға тайёрлаб қўйгандим сен учун. На илож? Келаси сафар келиб олиб кетарсан…

Бундай лаҳзаларда қандай ҳаракатланиш лозимлигини Йўлдош яхши билади. Мафия ўзи шунақа. Ким олдиндан ҳаракатини яхшиласа, ўша жангсиз ҳам ютиб кетаверади. Ҳозир Йўлдош ожиз эди. Ёнида саноқлигина йигитлар. Бунинг устига уларда тўппончадан бўлак ҳеч вақо йўқ. Агар Гога истаса, ҳаммаларини ер тишлатиши мумкин. Албатта, кўчадамас, очиқчасига ҳам эмас…

Қувондиқ ака вақтида хабар қилиб қолди. Бўлмаса, ҳовлига киришлари билан ҳаммалари ер тишлашар, Гога бўлса, буни кўнгилсиз воқеага йўярди-да, сувдан қуруқ чиқиб қўя қоларди…

Йўлдош соқчилар ҳамроҳлигида бошқа машинага ўтириб йўлга тушди. Орқадагилар бўлса, тезликни оширмасдан, Гога томондагиларни кузатиш билан овора эди…

— Тўхтанглар! Мени ташлаб кетманглар!..

Йўлдош таниш овозни эшитиб орқасига ўгирилди. Узоқдан ич кийимларда, оёқ яланг ҳолда Рустам чопиб келар, нуқул қичқириб қўл силтарди.

— Орқадаги машинага қўнғироқ қил! — ҳайдовчига буюрди Йўлддош. — Рустамни олиб бизнинг ортимиздан юришсин!..

Машина унинг кўрсатмаси билан ўрмон ичкарисига бурилди…

Анча юриб боришгач, Йўлдош машинани тўхтатиб ташқарига чиқди. Кейинги машинадан Рустамни Латта етаклаб чиқди.

Йўлдош унга яқин борди-да, кўзларига боқди.

Рустам бошини ердан кўтаролмас, кўзларидан шашқатор ёш оқиб тушарди.

— Сенга ачинаман. — деди ниҳоят ўртадаги жимликни бузиб. — Қийин, сенга жудаям қийин!.. Майли, бўлар иш бўпти. Нимаям дердим? Ҳарқалай, курсдош дўстимсан. Яхшилик қилмоқчи бўлгандим. Ўхшамади. На илож?.. Йўқ, йўқ, сен қўрқма, ўлдирмайман сени!.. Шунчаки… Мана шу ўрмон ичарисига қўйиб юбораман. Агар йўл топиб чиқиб кетолсанг, сенинг бахтинг. Чиқиб кетолмасанг, мендан ўпкалама!.. Боравер, ҳов анави сўқмоқдан юрсанг, тўғри йўлга бошлайди. Бор!..

Рустам бир муддат Йўлдошнинг кўзларига умидвор термулиб турди-да, кутилмаганда кўрсатилган сўқмоқ бўйлаб чопиб кетди.

Йўлдош эса, у йигирма қадамлар узоқлашгач, ёнидаги йигитга ишора қилди…

Тўппончанинг уч қисмига ўрнатилган овоз пасайтиргич, ўқ товушини хамирдан қил суғургандек жимгина чиқариб берарди…

Тепки иккинчи маротаба босилгач, Рустам чалқанча қулади…

— Ҳаммангнинг ёдингда бўлсин! — деди Йўлдош атрофидаги йигитларга бир-бир қараб чиқаркан. — Мен ҳеч қачон сотқинларни кечирмайман!.. Қани, кетдик!..

 

* * *

 

Шунча пайтдан бери турли тўсиқларга, қотилликларга рўбарў бўлиб кўниккан Йўлдош шу куни қилган ишларига пушаймонлигини ҳис этди. Билмайди. Нега бирданига пушмон ея бошлади?!. Рустам кетма-кет узилган ўқ зарбидан сўнг сўқмоқ оша қулагач, анча вақтлардан бери илк бор юраги ачишиб, ўзидан ўзи нафратланиб кетди.

— Мен шу ёшга кириб нимага эришдим? — машинада уйи томон кетиб бораркан, ўйларди у. — Майли, бойлигимнинг ҳисоби йўқ ҳам дейлик. Ҳамма қўл остимдагилар қаршимда қўл қовуштириб туришади. Ҳамма мендан қўрқади. Давлат ташкилотлари тегинишмайди, ишларимга халал беришмайди. Аммо Худо-чи? Худонинг олдида нима деб жавоб қиларканман? Ана, сотқинликка, яна бошқа кимларгадир йўйиб қанча-қанча кимсаларнинг ёстиғини қуритдим. Нимага? Бойликка, фақатгина шу ифлос пулларга эга бўлиш учунми?.. Йўқ, ортиқ бу йўлдан боролмайман. Энди… Энди бу ёруғ дунёда танҳо умр кечираман. Узоқ-узоқларга, турли ёқимсиз башаралардан йироқларга бош олиб кетаман-у, ўзим учун яшайвераман…

— Ў, Ринад, сени анчадан бери кутаётгандим!..

Йўлдош машинадан тушибоқ дарвоза олдида машинасига суянганча кулиб турган Қувондиқ акани кўриб янада кайфияти ёмонлашди.

Лекин сир бой бермади. Ҳар галгидек қучоқ очиб кўришди. Меҳмонни ичкарига таклиф этди.

— Бизнинг олдимизга ҳеч кимни киритма! — остона ҳатлаб ўтаётиб Латтага буюрди у. — Зарур гапларимиз бор…

Шоҳона безатилган дастурхон атрофига ўтиришгач эса, Йўлдош масалани кўндаланг қўйди.

— Мен бу ўйиндан чиқаман. — деди у иложи борича Қувондиқ аканинг юзига боқмасликка уриниб.

— Нега? Нима бўлди сенга?..

— Чарчадим… Тўғриси, чарчатишди…

— Шунақа дегин?..

Қувондиқ ака бош қашиб унга қаттиқроқ тикилди.

— Хўш, ўйиндан чиқиб кейин нима қилмоқчисан? Тағин милициянгга қайтасанми? Улар сени кўришса, нақ жон бериб қўя қолишади. Ахир, у ёқдагилар учун сен ўлгансан!..

— Милицияда пишириб қўйибдими?.. Бошим оққан томонларга кетаман-у, танҳо ҳаёт кечираман.

— Оиланг-чи? Уларни олиб кетмайсанми?..

Бу гапни эшитган Йўлдош ялт этиб Қувондиқ акага қаради.

— Қанақа оила? Устимдан кулаяпсизми?

— Ие, мен сенинг устингдан куламанми? Ўйлаб гапир! Оилангга бор ҳақиқатни айтганман.

— Нимани айтасиз? Ўлганимними?

— Ўзингни гўлликка солма! Пойлаб борганинг, Мавжуда билан учрашганингни билмайди деб ўйлайсанми?

— Ҳа-а, ана энди ўзингиз ёрилдингиз!.. Адашмасам, сиз уйланиб олган эмасмисиз унга?

— Нима?.. Ё алҳазар! Ахир, менинг гулдай фарзандларим бор. Қаёқдан олдинг бу гапларни?.. Келиб-келиб сенга…

— Ўша борган куним сизни у билан бирга чиқиб кетаётганингизни кўргандим. Тинчлантиргандингиз, сўнгра машинага ўтқазиб қаергадир олиб кетгандингиз.

Қувондиқ ака беихтиёр кулиб юборди.

— Оббо сен-ей!.. Ҳали мендан гумон қилиб юрибман дегин? Оббо хумпар-ей!.. Йўқ, мен ўша куни сенинг ўлмаганингни айтиш учун уйингга боргандим. Ҳа энди, бироз чарчаганим учунми, дўконга чиқиб коньяк опкелишни хотинингдан илтимос қилдим. У чиқиб кетди-ю… Ҳалигидай, сени кўриб сал қурса ўзи ўлиб кетаёзди… Барибир, ўлди деб айтилган одам билан рўбарў бўлиш қийин-да тирикларга!.. Биласанми, ўша Мавжудангга тан бердим. Ўлди деб айтганимдаям ишонмаганди… Сенга содиқ қолиб уйдан кўчага чиқмай ўтирибди шўрлик. Барибир қайтиб келишингга умид боғлабди. Эҳ, тирик эканингни айтганимда қандай хурсанд бўлганини, ўзига келгач, албатта, қандай йиғлаганини билсайдинг!.. Сен бўлсанг, бош олиб кетаман дейсан. Эътиборинг учун, қизчанг ҳам аллақачон тетапоя бўлиб, дада дейишни ўрганиб олган…

— Демак… Сиз менга хиёнат қилмагансиз-а?.. — Йўлдош ўрнидан турди-да, столни айланиб ўтиб Қувондиқ аканинг тепасига келди. — Демак… У турмушга чиқмаган, шундайми?..

Қувондиқ ака жавоб ўрнига уни бағрига босди.

— Йўқ, албатта, дўстим!.. У садоқатли. Умуман, сенга ўзини дўст деб билганларнинг ҳаммаси садоқатли. Мен ўшанда ёлғон гапирдим. Буни тан оламан. Шундай қилишим шарт эди. Агар турмушга чиқмаган, сени кутаяпти, десам, хаёлинг бўлинарди, бу ердаги ишларимиз чаппа бўлиши мумкин эди…

— Сиз… Жуда айёр одамсиз. — деди Йўлдош кулиб. — Пихини ёрганлардансиз!..

— Ишимиз шунақа. Айёр бўлмасак, жиноятчиларни қандай тутамиз?!. Хўш, буёғига қандай режалар бор, йигит?..

— Буёғигами?.. Нимани… Назарда тутаяпсиз?

— Пулларни… Бойликларни назарда тутаяпман.

— Ҳа-а, гап буёқда денг?.. Мен бир қарорга келиб қўйдим, ака. Пулларни… Ҳамма бойликларни болалар уйларига, ногирон болалар интернатларига тақдим қилсамми девдим.

— Отангга балли!.. Ниҳоят, шунча меҳнатларим, тўккан терларим беҳуда кетмайдиган бўлди.

— Нима, сиз ҳам шу ҳақда ўйлаганмидингиз?

— Бўлмаса-чи?!. Сени бу ерларга олиб келиб мана шу ишларга жалб қилишдан мақсадим айнан шу эди. Биз қария раҳматли билан узоқ вақт музокаралар олиб борганмиз. Шўрлик Валера амаки уёқларда биронтаям дўст, яқин одам тополмай ўтиб кетди. Шунинг учун мен унга айни сен айтган гапларни таклиф қилиб киритгандим. Ўйлай-ўйлай рози бўлди… Мана, адашмабман. Сен ақлли, мардлигингни яна бир бор исботладинг!.. Маладес, ўғил бола!.. Унда пулларни ўз юртимиздаги меҳрибонлик уйлари ҳисоб рақамларига ўтказамиз-у, болаларни хурсанд қиламиз. Лекин ўзинггаям тирикчилик учун олиб қолишни унутма!.. Меҳнатингга яраша…

— Сиз-чи? Сизгаям…

— Мендан кўнглингни тўқ қил!.. Меники етарли. Ўшандаям бир милённи ўзим учун сўради деб ўйлайсанми? Униям болаларимиз учун сўраганман… Майли, гапни калта қилайлик. Ишларни йўлга қўйгач, сен менинг ташкилотимда ишлайсан.

— Асло! — деди Йўлдош қўл силтаб.

— Нега?

— Мен Мирзачўл томонларга кетиб аламдан чиққунча деҳқончилик қилмоқчиман. Ҳарқалай, ота касбим. Бир кунимни ўтказаман. Фақат… Мавжудам, Мавлудам ёнимда бўлишса бас…

— Ёнингда бўлмай, қаерда бўлишарди… Хўп, унда мен кетдим. Сен билан она юртда учрашамиз. Омон бўл!..

 

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

 

Йўлдош эртаси куниёқ банклардаги пулларни ўзи яшаб турган шаҳар банкларига ўтказди ва ватанга жўнади. Қўл остида ишлаган йигитларни ҳам норози қилмади.

Ҳаммалари ўз улушларини олишди…

Аэропортда эса, Мавжуда аллақачон қизчасини ёнига олиб умрининг мазмуни — Йўлдошни интизор бўлиб кутарди.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ