ИИВ Ангренда фуқаролар соат 23:00да хорижга чиқиш паспорти учун навбатда тургани ҳақидаги хабарга изоҳ берди

0

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳридаги “паспорт столи”да тунги соат 23:00да фуқаролар хорижга чиқиш паспорти учун навбатда тургани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу маълумот Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилди.

ИИВ ахборот хизматига кўра, хабар тасвирга олинган куни Ангрен шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг маълумотларни йиғиш пунктида 4-5 нафар фуқаролар тайёр бўлган хорижга чиқиш паспортини олиб кетишга келган. Бўлим ходимлари кун давомида 180-200 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспорти учун фуқароларнинг электрон талабномасини шакллантирганлар ва соат 18:00дан кейин тайёр бўлган паспортларни эгаларига тарқатиш учун 140-160 нафар фуқарога хизмат кўрсатганлар.

Бугунги кунда ушбу ҳудудда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун фуқароларнинг мурожаатлари кўплигини инобатга олиб, навбатларни камайтириш ва фуқароларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш учун Ангрен шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қўшимча бир дона қурилма ўрнатилган.

“Албатта, халқимизга муносиб хизмат кўрсатиш мақсадида ҳамда зарур ҳолатларда фуқароларнинг талабидан келиб чиқиб, ходимлар дам олиш кунлари ҳам, белгиланган иш вақтларидан ташқари ҳам аҳолига хизмат кўрсатишга тайёр”, – дейилади ИИВ хабарида.