Исмат ХУШЕВ: Наманганлик фирибгарнинг Варшавадаги васвасаси

1

Яқинда Варшавада бўлиб ўтган ‒ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ‒ ОБСЕнинг нуфузли анжуманида айтилган фавқулодда бир нутқ эътиборимни тортди.“Ҳаммага бир хил имконият ва тенг имконият” (Равнее возможности для всех) номли мен ҳали ҳеч қаерда эшитмаган ва билмаган нотижорат ўзбек мухолифат ташкилоти вакили сўзга чиқиб , кутилмаганда ‒ ҳе йўқ, бе йўқ ‒ Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев шаънига туҳмат қилиб, жамоатчиликни чалғитишга уринди.

Гўёки Ўзбекистонда уй ҳайвонлари ёппасига қирилаётган, Ватан дарвозалари ва ер ости бойликлари Россияга очиб берилаётган, инсон ҳуқуқлари топталаётган, мамлакатда диктатура ва тоталитар тузум ҳукмронлик қилаётган эмиш…

Гарчи бу хабарлар мутлақо нотўғри ва асоссиз бўлса-да, дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек вазифани ўз зиммасига олган нуфузли халқаро анжуман минбаридан айтилган эди.

Шу воқеа сабаб, мен ўша ёлғончи Хасанбой Бурхонов шахси билан қизиқдим. Унинг Ўзбекистондаги кирдикорларини эшитиб, фирибгарликларидан воқиф бўлиб, бу ҳақда бошқаларни ҳам огоҳ этишга қарор қилдим. Токи она Ватанида қаллоблик қилиб, жазодан қутилиб қолиш умидида хориж эллар сари юз тутган ва ўз гумашталарининг топшириғини бажариб, Ўзбекистон ва унинг Президентига тош отиш эвазига сиёсий бошпана бадалини тўлаётган бу фирибгарнинг асл башарасини бутун дунё жамоатчилиги яхшилаб билиб қўйсин.

Хўш, бу нусханинг ўзи ким?

Бурҳонов Ҳасанбой Боқибоевич, 1970 йилда Наманган вилоятида туғилган, Ўзбекистон Ногиронлари жамиятининг собиқ ўринбосари (2007-2012 й.й.), биринчи гуруҳ ногирони. 2012 йилдан буён Германиянинг Бохум ‒ (нем. Bochum, н. – нем Baukem) шаҳрида истиқомат қилади. 2009 – йилнинг 9-апрелида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Х. Бурҳоновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 207, 167 ‒ моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг раиси О. Исоқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида (Ҳ. Бурҳоновни Тошкент шаҳар ногиронлар жамияти раиси лавозимига тиклаш мақсадида 1000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида ушланган) Тошкент шаҳар ногиронлар жамиятини иқтисодий-хўжалик фаолиятини текшириш натижасига кўра, Х.Бурҳоновга жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида аниқланишича – Ҳ.Бурҳонов 2007-2008 йилларда бозор нархини ўрганмаган ҳолда 2.525 дона кўрпа-тўшак жилдлари (пастельные бельё)ни 81 миллион сўм миқдорида харид қилган. Ўша вақтда жилдларнинг ҳар бир тўплами ўртача 4 минг сўм бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан 20.09.2011 йилда Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг маслаҳатчиси Гофуров Энкелес Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган.

17.10.2011 йилда Юнусобод туман прокуратураси Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига М.Бурҳонов давлатга 91 млн. сўм зиён келтирганлиги юзасидан даъво аризаси киритган.

23.04.2012 йилда суд Ҳ.Бурҳоновдан кўрсатилган қарзни қайтариш ҳамда 18 млн. сўм миқдорда давлат солиғини ундириш бўйича қарор чиқарган. Кейинчалик ўтказилган экспертлик текшируви мобайнида аниқланишича, Ҳ.Бурҳонов томонидан давлатга жами 59 млн. сўм миқдорида зарар келтирилган…

Энди бу муттаҳам фирибгарнинг қандай қилиб хорижга чиқиб кетгани ҳақида:

2012 – йилнинг сентябрь ойида Ҳасанбой Бурҳонов Германиянинг Дюссельдорф шаҳрига ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилиши режалаштирилган конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Аммо, ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжудлиги учун мамлакатга қайтиб келмаган…

Қўшимча қилиб яна шуни айтиш лозимки, Ҳасанбой Бурхонов Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Hasanboy Burxonov” номи остидаги ўз саҳифаси https: //wwwfecebook.com/да Ўзбекистон ва унинг Президенти олиб бораётган давлат сиёсатини – аламзадалик ва ғараз ниятда – доимий равишда қоралаш билан шуғулланиб келади.

Жорий йилнинг 21 – январь куни Ўзбекистон Президентининг Германия давлатига расмий ташрифи чоғида ҳам Берлин шаҳридаги Бундестаг биноси олдида норозилик намойиши ўтказиб, интернет орқали тарқатган.

Энг ёмони, мазкур намойиш вақтида Ҳ.Бурҳонов дунё ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг амалдаги конституцион тузумини куч билан қулатишга чақирган…

Биз Ҳасанбой Бурҳоновнинг Ўзбекистон ва унинг Президентига нисбатан ёлғон ва бўҳтондан иборат бўлган асоссиз танқидига эмас, балки унинг мамлакатдаги асл аҳволни бузиб талқин қилиши ва дунё ҳамжамиятини чалғитишга чиранишига қаршимиз.

Танқид қилсанг – асос ва далиллар билан танқид қил. Лекин хориждан туриб Ўзбекистон Президентига туҳмат қилиш, ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашга чорлаш – Ер юзининг барча демократик давлатларида Қонун билан таъқиқланган ва бунинг учун жуда қаттиқ жиноий жавобгарлик бор.

Ўзини – хориждаги ўзбек мухолифатининг “энг ақлли ва ватанпарвар” фаоли деб ҳисобловчи, боз устига – “Барча учун тенг имкониятлар” (“Равные возможности для всех”) номли баландпарвоз ном билан атовчи нотижорат ташкилот аъзоси Ҳасанбой шу оддий ҳақиқатни билмайдими?!

Билади, лекин у ва унинг хориждаги ҳамтовоқ салафлари – Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари, хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати идораси бу борада жуда заиф ва ожиз, деб ўйласа керак.

Ростдан ҳам шундаймикан? Буни энди вақт кўрсатади…

Энг ёмони, Ҳасанбой Бурхонов ёлғиз эмас. Уни Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида ишонган ҳамтовоқлари, ҳайбаракаллачилари бор.

Варшавада ўтган халқаро тадбир фикримизга асосдир. Одатда, бундай нуфузли халқаро анжуманда нотиқларнинг ўзи чумолидай ўрмалаб минбарга чиқолмайди.

Ҳасанбой Бурҳоновнинг ушбу саммитдаги иштироки, “Дунё ўзбеклари” суриштирувига кўра – “Хьюман Райтс Вотч” ХННТнинг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлоу томонидан таъминланган. Ҳасанбойга “Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-герман форуми” ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова тавсиянома ёзиб берган.

Ушбу тавсиянома билан С.Свердлоу унга халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилотларидан грант маблағини олиб берган. Ҳасанбой Варшаванинг қимматбаҳо меҳмонхонасида истиқомат қилиб, саммитда С.Свердлоунинг ёрдами билан бир неча бор ўз чиқишларини ташкиллаштирган…

Ҳар қандай инсонда ўз фикрини айтиш ва танқид қилиш ҳуқуқи бор.

Буни инкор этмоқчи эмасмиз, лекин Ватанга ва Президентга ТУҲМАТ қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.

Дунёда балолар кўп. Лекин “Туҳмат балосидан сақла!” деб бекорга айтишмаган.

Ҳасанбой Варшава анжуманида Ўзбекистонни соф кўнгил билан, соғлом руҳда, асосли ва исботли танқид қилганида, биз ҳеч нарса демасдик. У ўз сўзи билан профессионал туҳматчи ва фирибгар эканини исботлади.

Юқорида у ёлғиз эмас, дедик.

Аламзадалар ҳамма ерда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бор. Ҳасанбойни ўз даврида ногиронлар орасига қўшиб қўйганлар ҳам – ўша аламзадалар.

Ўғирлиги, очкўзлиги, фирибгарлиги очилиб, қамоқхона эшигига борганида Ҳасанбой нега қамалмай, четга чиқиб кетди?

Қандай қилиб?

Албатта, ҳомий-ҳамтвоқларининг ёрдами туфайли. Демак, бугун ўша каззобларни ҳам топиш, қилмишига яраша жазолаш шарт.

Мени яна бир нарса қаттиқ ажаблантиради:

Қутурган итларни биламиз. Ўрмонда санғиб юрган бўри ва арслонларни ҳам кўрганмиз. Лекин муттаҳамнинг қутурганини ҳали кўрмаган эдик.

Агар Ҳасанбой қутурмаганида – ўзи туғилган Ватанига, Президентига қараб акилламас эди.

Ўзбекистон Президентининг шахсан ташаббуси билан сўнгги бир йилда дунёнинг уруш оловлари ёниб турган давлатларида адашиб юрган қанча-қанча ўзбеклар, уларнинг фарзандлари юртга олиб келинди. Адашган, қилмишидан пушаймон бўлган эди улар.

Аммо ўз пайтида қилар ишни қилиб, беш қўлини оғзига тиққан ва жазодан қочиб чет элларда турли ташкилотларга суқилиб кириб олган, тавбасига таяниш ўрнига ўзидан “қаҳрамон-ватанпарвар” ясаш илинжида тилини саккиз қарич қилиб, ижтимоий тармоқларда тинмай вайсаб турган имонсизлар ҳам борки, ундайларнинг бўйнига ип бойлаб, судраб олиб келиш ва қилмишига яраша “мукофоти”ни бериш ҳам керак. Демак, раиятнинг оддий талаблари ана шундай. Акс ҳолда, Ҳасанбой Бурҳоновга ўхшаш вайсақиларнинг жағи ҳали-бери ёпилмаслиги мумкин.

Халқаро қонун-қоидаларга кўра оддий одамга туҳмат қилган шахс ҳам барча демократик давлатларда қонун олдида жавоб беради. Катта мамлакат раҳбарига туҳмат қилган Хасанбой Бурхонов ҳам жазоланиши шарт.

У зудлик билан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши лозим!

Бошқача бўлиши мумкин эмас!!!

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири, 
Торонто шаҳри, Канада…
 

ЎзА

1 ТА ФИКР

  1. Шу Исмат Хушевни мақоласини бекор эълон қилибсилар. Бу одамни yootube даги дастурларини бир икки кузатиб рости «кўнглим айниган». Бу одамда журналистик эътика умуман йўқ. Воқиаларга нисбатан холислик йўқ. Фақат бир ёқлама ёндашув. Худди буюртма мақола ёзадиган ёлланма журналисга ўхшайди. Иложи бўлса бу одамни мақолаларини берманглар. Чунки бундайлар машхур бўлиб кетса халқнинг онгини захарлайди.

Comments are closed.