Нега «ҳамма» Дима Қаюмга қарши?!

0

Куни кеча риштонлик маърифатпарвар тадбиркор Дима Қаюмни бир гуруҳ бозорчи аёллар ўртага олиб, “самосуд” қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ижтимоий тармоқда ҳамма ўз муносабатини билдириб, бу хабар кенг муҳокама бўлмоқда. Улар орасида риштонлик яна бир таниқли блогер Баҳодирхон Элибоевнинг фейсбукда қолдирган фикрлари эътиборимизни кўпроқ жалб қилди.

Бу блогер акамиз билан шахсан таниш эмасман, аммо ёзганларини кузатиб келаман. Менга у кишининг ностандарт фикрлашлари ёқади. Қуёш системасидаги ҳамма сайёра бир томонга, Венера билан Уран эса тескари томонга айланар экан. Мен Баҳодирхон акани шу икки сайёрага ўхшатаман. Доим тескари томондан келадилар. Кўпинча бу эътибор қозонишга олиб келади.

Аммо Дима Қаюм ҳақида охирги ёзган постларини ўқиб, ўз манфаатларини хаспўшлай олмабдилар деб ўйладим, эҳтимол бу унданам баттари – ҳасаддир. Бу ёғи бизга қоронғу, аён бўлгани шуки, савдогар опаларнинг ёнини олиш, тарафкашлик қилиб энг асосий мезон – холисликни унутганга ўхшайдилар. Майли, у кишига сукут билан жавоб берганимиз авлороқ. Асосий гапга қайтайлик.

Дима Қаюмни фейсбук орқали таниганман. Ҳатто ёзганларини тўплаб, нашр этиш керак деган хаёлга келгандим. Лекин бу борада Мубашшир Аҳмад домламиз аллақачон отни қамчилаб бўлган эканлар. Қўқонга борганда ёзувчи акамиз Набижон Боқий билан Дима Қаюмнинг “ошини ейиш” учун атай Риштонга ўтганмиз. Кейин оталари вафот этганда кўнгил сўрагани ўтдик…

Ўшандаёқ Риштон бозоридаги айрим зотларнинг Дима Қаюмга очиқдан очиқ ҳасад қилишларини сезганман (фаросат билан, албатта). Ўйлаб қарасам, “биров назарига илмайдиган бир мишиқи” кутилмаганда бозорда кутубхона очсаю, казо казолар келиб, уни кўтар-кўтар қилса…кимга ёқади. Эсимда қолгани, ўша пайтда Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев, машҳур шоир ва сенатор Иқбол Мирзо, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа таниқли арбоблар “Рошидоний” номли халқ кутубхонасига ташриф буюрган. Эҳтимол, Сиз ҳам аҳамият бергандирсиз, Дима кутубхонага келган меҳмонларни доим креслога ўтказиб, ўзи ёнида тик туриб расмга тушган. Биз билан ҳам шундай бўлди, мен рад қилиб, “Ўзингиз ўтиринг”, деб туриб олдим. У кўнмади ва шундай деди: «Ака, бу кутубхонани халқ ташкил қилиб берди, мен сабабчи бўлдим, холос, шунинг учун бу ерга ўтириб расмга тушиш менга ярашмайди, бу Сизнинг – халқимизнинг жойи!» Бир қарашда оддий гап бу, аммо мана шунинг ўзи ҳам Дима Қаюмнинг қалбини, ички оламини намоён этади.

Дима Қаюмнинг хайрия тадбирлари ҳақида гапириб ўтириш ҳам шарт эмас, унинг бу ташаббуси миллатдошларимизни янада серэҳсон бўлишга ундади, унинг қўйган расмлари бизга, юзимизга тутилган ойна бўлди – халқимиз орасида оғир аҳволда яшаётган оилалар оз эмаслигини билдик, томоғимизга нимадир тиқилди.

Кутубхонага қайтайлик…

Дима Қаюм кутубхона ташкил қилишни ўйлаган пайтлари бир кун келиб шунчалар машҳур бўлиб кетиши хаёлининг бир четидан ҳам ўтмаган десам, ишонсангиз керак. Дарҳақиқат, шундай. У шунчаки маърифат тарқатмоқчи бўлган. Яна ҳам аниқроғи, бир умр маориф соҳасида ишлаб, соч соқолини оқартирган отасининг изидан кетолмагани… унинг ичини эзган ва кутубхона ташкил қилиш орқали ўз армонларини бироз бўлса-да, аритмоқчи бўлган, холос.

Фейсбукдаги яхшиларнинг ҳиммати ила кутубхона қурилгач, Дима Қаюмнинг машҳурлиги, обрўси ортди, шу билан биргаликда ташвишлари ҳам…

Гап шундаки, раҳбарлар (уларнинг амали ва шахсини ёзмайман) кутубхонани бузиш ҳақида икки уч марта ёзма, билмадим, неча марта оғзаки билдирув жўнатган. Ўшанда ҳам у халқ маблағи учун ачиниб эътирозларини билдирган, ўзи ўйлаган эмас. Ўзи айтмоқчи, “аслида бир коса овқатга ҳамманинг қорни тўяди».

Бундай муносабатлар Дима Қаюмнинг сочини оқартирди рости…

Бозор бузулиб, кутубхона бир бурчакда вақтинча фаолият кўрсатиб турганди. Қолверса, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари К.Алламжонов бундан тахминан беш ой муқаддам, 25 май куни Фарғона вилоят ҳокими Ш.Ғаниевга “Рошидоний” кутубхонаси учун жой ажратиш масаласида хат юборган ва вилоят раҳбарлари томонидан бу борада амалий ҳаракатлар аллақачон бошланган.

Бундан жазавага тушган “бозорчи аёллар” Димани сиқувга олади, Даъволари ҳам ғалати: “Нега сенга берадию, бизга йўқ!” Бу ҳам бир касаллик, унинг номи ҳасад.

Бўлган воқеалар ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб кетди. Ҳатто кеча судда ўша аёллар айбдор деб топилиб, маъмурий чора қўлланди.

Бозордаги аёлларнинг маънавияти ҳақида блогер Соҳибжон Аҳроров шундай дейди: “Мен қарийб ўн беш йилдан бери бозордаман. Бозордаги савдогар аёлларнинг уришишлари бад-бадимга уриб кетган. Кунда кун ора жанжал. Уларнинг оғзидан чиқаётган гапларга илон пост ташлайди. Инсонийлик, исломийлик, миллийлик…бунақа эзгу тушунчалар бозор дарвозасидан киритилмайдиганга ўхшайди. Интернетда Дима Қаюмга ташланган аёлларни кўриб, ортиқча ажабланмадим. Капкатта ҳожи оналар Дилшодбекка шунақа босим ўтказиши…бу ёмонинг кучи япалоққа етибди, дегани. Агар бирор раҳбар келсин, ҳаммаси писиб ин инига кириб кетса керак… Бозор шайтоннинг уяси деб бежиз айтмас экан катталар. Улардан ош нон сўрамаса, ёки кутубхона учун деб пул йиғиб олмаса, нима зарари бор уларга?! Шу бозорга зиё кирса кирибдида! Бу адашмасам, республикада битта, бошқа бозорларда китоб дўкони бўлиши мумкин, аммо кутубхона йўқ. Бор бўлса ҳам, менинг хабарим йўқ, рости”.

Кеча жаноб Элибоев яна фейсбукда хабар қолдирибдилар… Ҳасад ўтга ўхшайди, яхшиликларни ёқиб юборади, деган мазмундаги ҳадиси шариф ёдимга келди. Чунки мазғава ҳиди анқиб турган фикрлардан шунақа хулосага келиш мумкин.

Дарвоқе, бозордаги дўконлари аукционда сотилади. Унда қатнашиш учун Дима Қаюмда имконият ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Унинг дарди битта: кутубхона ва китоб дўкони ташкил этиш, зиё тарқатиш…

Бу эзгу йўлда буюк Рошидонийларнинг муносиб издоши бўлмиш Дима Қаюмга, оқкўнгил ва хайрсевар укамизга Аллоҳ ёр ва ёрдамчи бўлсин!

P.S. Сарлавҳадага ҳамма деган сўзни қўштирноққа олганимиз бежиз эмас. Зеро, бир ҳовуч кимсалар халқ, яъни ҳамма бўла олмайди…

Абдулазиз Муборак

 

azon.uz