Нишонга урилган гаплар: “Юрагингиз сиқилганда йиғлаб ўтирманглар, балки унинг ўрнига Аллоҳ таолога сажда қилинглар!”

0

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан соқол қўйиш ва узун кўйлак кийишни олдик, аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатларини, ҳалимликларини, кечиримлиликларини ва гўзал хулқларини унутдик.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

Бир шахснинг совуққон, асабийлашмайдиган, бепарво эканини кўрсанг, билгинки, у оғриқу изтироблари кўплигидан карахт ҳолатга тушиб қолган.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ортга ўгирилиб вақтингни зое қилма! Чунки сен у тарафга ҳеч қачон юрмайсан!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Темир ишлатилмаса, занглайди.

Сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди.

Худди шунингдек, фикр юритилмаса, ақл ҳам шу аҳволга тушади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамларнинг ҳақиқатини мусофирликда ёки бошингга ташвиш тушганда биласан.

Абдурроҳман Мунийф

*****

Ҳаётдаги энг хатарли инсонлардан бири каззобдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Хиёнатнинг минг хил тури бор. Лекин уларнинг ичида энг жирканчи ўзини севадиган қилиб кўрсатишдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сиздан узлат (одамлардан четроқда юриш) ҳақида сўрайдилар. Уларга “Бундай юриш ғийбатдан узоқда туриб роҳатланиш, чақимчиликдан қочиш, тилнинг тойилишларидан қўрғон ва миш-мишлардан узоқлашишдир” деб айтгин!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Нопокликлар кўпайган замонда поклигингни сақла!

Алдов, хиёнатлар кўпайган замонда вафоингни сақла!

Маҳмадоналик кўпайган замонда сукутингни сақла!

Ахлоқсизлик кўпайган замонда одобингни сақла!

Бузуқликлар кўпайган замонда иффатингни сақла!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳар сафар йиқилганимизда бизни кучли қиладиган биргина нарса – барча иш Аллоҳ таолонинг қўлида эканига бўлган ишончимиздир!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Юрагингиз сиқилганда йиғлаб ўтирманглар, балки унинг ўрнига Аллоҳ таолога сажда қилинглар!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар вафо қилиш қўлингдан келмаса, ваъда сўзини тилингга олма!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ер юзида юрган қанчадан қанча кишилар борки, улар осмонда машҳурдирлар.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов