Нью-Йоркда АҚШдаги энг йирик қамоқхоналардан бири ёпиладиган бўлди. Бунинг учун 8 млрд доллар талаб қилиниши мумкин

0

Нью-Йоркда шаҳар кенгаши қарорига биноан Ист-Ривер кўрфазидаги Райкерс оролида жойлашган қамоқхона ёпиладиган бўлди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Бунинг сабаблари сифатида расмийлар маҳбуслар сони камайгани, қамоқхонадаги аянчли шароит ва зўравонлик ҳолатларини кўрсатиб ўтган. Шаҳар кенгаши спикери Кори Жонсон Райкерс қамоқхонасини «шафқатсизлик ва ғайриинсонийлик тимсоли» деб атаган.

Қамоқхонани 2026 йилгача тарқатиб юбориш кўзда тутилмоқда. Унинг ўрнига Нью-Йоркнинг турли ҳудудларида 4 та янги қамоқхона қурилади. Райкерс ёпилиши режаси 8 миллиард доллардан ошиқ харажатни талаб қилиши айтилмоқда.

Маълумот учун, Райкерс оролидаги қамоқхона АҚШда маҳбуслар сони бўйича иккинчи ўринда (биринчиси Лос-Анжелесда) туради ва бу ерда ўз вақтида 22 минг киши ҳибсда сақланган. Ҳозирда қамоқхонада 7 минг киши қолган.