Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 19 октябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

19 октябр куни амалга оширадиган барча ишларга тафаккурдан унумли фойдаланган ҳолда ёндашинг. Ана шунда сизга ёрдам беришни истовчилар ҳам пайдо бўлади. Лекин иш жойингизда ўзингизнинг ҳақлигингизни қайта исботлашга уринманг. Шундоқ ҳам ҳақлигингизни ҳамма билади. Раҳбарлар билан баҳслашишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Чунки раҳбарлар доимо ҳақ бўлиб чиқади. Бу ҳаёт қонуни-да, иложингиз қанча. Серқатнов йўлларда жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Бугун ўзингиз сезмаган ҳолдами, дуч келган одамга заҳрингизни соча бошлайсиз. Бировларнинг ҳар бир ҳаракатидан энсангиз қотади. Балки меҳнат таътилига чиқмасдан ишлаб чарчагандирсиз? У ҳолда ариза ёзиб бошлиқ кабинетига чопинг. Илтимосингиз албатта ижро этилади. Мабодо кун давомида жисмоний меҳнат билан банд бўлишингизга тўғри келса, ора-орада дам олиб, нафас ростлаб туришни ҳам унутманг. Сафарга чиқишингиз зарурати туғилса, бу амални бир ҳафта кейинга сура туринг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун ҳам ишда, ҳам ҳаётда истеъдодингиз барчани қойил қолдиради. Ораторлик қобилиятингиз борлигини кўпчилик билмаган чиқади. Шунинг учун сизга ҳамкасблар ҳам, танишлар ҳам ҳайрон қолишади. Иш бажаришнинг янгича усулларини қидириб овора бўлманг. Эскича усул бугун кўпроқ наф келтиради. Кечқурун айримлар шамоллашдан безовталаниши кутилади. Зудлик билан муолажаларни бошламасангиз, бўлмайди.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Шахсий ҳаётда хоҳлаганча овозингизни кўтариб, дўқлаган ҳолда яқинларингиз билан муносабат юритаверишингиз мумкин. Бундан улар сира хафа бўлишмайди. Лекин ишхонадаги ҳамкасблар бундай муносабатни кўтара олмайди. Орангизда жанжал келиб чиқиши мумкин. Тадбиркорларни куннинг иккинчи ярмида инқирозли лаҳзалар кутиб туриши мумкин. Саломатлигингиздан бугун шикоятингиз бўлмайди. Аммо спортнинг экстремал турлари билан шуғулланишдан воз кечиб туришингизга тўғри келади.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

19 октябр куни муҳимдан муҳим ишларга кўмилишингиз эҳтимоли бор. Шахсий ҳаётни ҳам, оила қурмаган бўлсангиз, учрашув, романтикани ҳам четга суриб ўша муҳим ишларни якунлашга мажбурсиз. Шунинг орасида моддий аҳволингизни яхшилаш билан боғлиқ амалларни ҳам адо этишингизга тўғри келади. Акс ҳолда бугун пулсиз қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Баъзи дўстларимиз хизмат сафарига жўнаб кетишлари мумкин. Сафар сизга албатта моддий рағбат ҳадя этади.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Бугун эрталабдан кечаги қолдирган ишларни охирига етказишингиз талаб этилади. Дўстлардан бири билан суҳбат давомида эскириб кетган қайсидир сир очилиши кутилмоқда. Лекин бу сизга ҳам, дўстингизга ҳам тааллуқли эмас. Бошқа бировга тегишли. Сурункали хасталикка йўлиққанлар муолажа олишни унутмасликлари керак. Бугун сув ёрдамидаги муолажалар, контраст душ саломатлигингиз мустаҳкам тортишига ёрдам беради.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

19 октябрда профессионал сифатида ҳамкасблар қаршисида яна бир бор имтиҳондан ўтишингиз талаб этилади. Қайғурманг, имтиҳонни аълога топширасиз. Чунки сиз ҳақиқатан профессионалсиз. Кўпчилик елка қисишдан нарига ўта олмайдиган даражадаги мураккаб вазифаларни ҳам бир зарб билан муваффақиятли бажара оласиз. Серқатнов йўлларда сергакликни қўлдан берманг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Оила қурмаганлар эрталабдан романтик кайфиятда бўлади. Бунга жиддий сабаб бор албатта. Ниҳоят орзуингиздаги инсонни росмана севиб қолдингиз. Вужудингизни чулғаб турган соф туйғулар сизга илҳом бағишлайди. Тоғни урсангиз толқон қилишга тайёр турасиз. Кечки пайт еттинчи осмондан ерга тушишингизга тўғри келади. Молиявий муаммолар жиддий муносабатларсиз бартараф этилмайдиган кўринади. Шу баҳонада анча-мунча тер тўкишингизга тўғри келади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

19 октябр куни ишларингиз кўплигидан бош қашишга вақт топа олмаслигингиз мумкин. Молиявий муаммоларни эса яқин қариндошлар ёрдамидагина бартараф эта оласиз. Фақат бўлар-бўлмас харидлардан воз кечишингиз кераклигини унутманг. Атрофдагиларнинг айримлари асабингизга тегиб ўтиши мумкин. Эътибор берманг. Ақл билан масалага ёндашсангиз, ундайлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаверади. Серқатнов йўлларни кесиб ўтиш чоғида ниҳоятда сергак бўлинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Шахсий бизнеси борлар эрталаб таниш-билишлар рўйхатига яна қайтадан назар ташлаб қўйишларига тўғри келади. Улар орасидан бугун ҳар тарафлама ёрдами тегиши мумкин бўлганларини топинг. Бусиз даромадга даромад қўшишингиз мушкул кечади. Муҳаббатда ёқимли лаҳзаларга ошно тутинасиз. Турмуш қурмаганларнинг айримларини севган инсони саёҳатга таклиф этиши кутилади. Албатта рози бўлинг.

 

ҚОВҒА (20. 01 — 19. 02)

 

19 октябрда руҳан тетик бўлишингиз лозим. Танангиз соғлом бўлиши керак. Буларсиз кун давомида дуч келинадиган мушкулотлар юкини кўтара олмаслигингиз мумкин. Эрталаб биринчи навбатда бадантарбия билан шуғулланинг. Нонуштангиз ҳам ўзига хос калорияга бой бўлиши зарур. Кечқурун спорт билан шуғулланишингиз хайрли ва фойдали кечади. Вақт топсангиз, хаста қариндошлар ҳолидан хабар олиб қўйинг. Камлик кўрмайсиз.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Куннинг биринчи ярмида турли ёлғонларга дуч келиб кайфиятингиз бузилиш эҳтимоли бор. Аммо эътиборнинг борини уларга қаратишингиз ҳам нотўғри бўлади. Кечки пайт ёши улуғ қариндошлардан бири билан жанжаллашиб қолишингиз кутилмоқда. Зинҳор жаҳл қила кўрманг. Имкон доирасида хотиржам бўлишга ҳаракат қилинг. Кечқурун албатта тоза ҳавода сайр қилинг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади