Тил – миллат кўзгуси

0

“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Абдулла Авлоний
Инсон ер юзидаги энг олий даражада тараққий этган мавжудот саналади. Инсонга табиат томонидан ато этилган сифатлар, имкониятлар жуда кўп ва беҳисоб. Ана шундай имкониятлардан бири бу унинг тилидир. Тил – алоқа-аралашувнинг энг муҳим ва бетимсол воситаси сифатида инсонлар ҳаётида беқиёс даражада амалий аҳамиятга эга. Одамлар ана шу тил воситасида бир-бирлари билан суҳбатлашадилар, фикр бериб, фикр оладилар. Минг афсуски, ҳамма ҳам ўзи учун берилган бу чексиз имкониятдан – тилдан ўринли фойдалана олмайди. Ҳаётимизда хушмуомала, ширинсўз одамлар билан биргаликда сўзлашиш маданиятидан йироқ, дағал ва қўпол сўзли кимсалар ҳам тез-тез учраб туради. Одамнинг улар билан суҳбатлашишдан юраги безиллайди, чунки бу тоифадаги кишилар ўринсиз гап-сўзлари билан суҳбатдошининг дилига озор етказади. Шу ўринда халқимиз томонидан айтилган “Тиғ яраси битади, аммо тил яраси битмайди” деган мақолда ҳам бир олам маъно бор, аслида. Тил ўқув ва билимнинг таржимони ҳамдир. Кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгуликлар тил туфайли келади. Қадр-қимматни ҳам, обрў-еътиборни ҳам киши тил орқали топади. Тили ширин одамларнинг сўзи дилимизга худди мойдек ёқади, тили заҳар инсонларнинг сўзи эса дилни жароҳатлайди. Тилдан мулоқот давомида қай йўсинда фойдаланиш ўзимизга боғлиқ, бироқ шуни унутмаслигимиз лозимки, тил – дил қулфининг калити.
Юқорида маърифатпарвар Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек, тил ва адабиёт ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг дунёда борлигини кўрсатадиган кўзгуси, ойинаи ҳаётидир.
Миллий тилни йўқотиш миллатнинг руҳини йўқотишдир. Чиндан ҳам, бирор давлат ёки мамлакатнинг номини тилга олганимизда, энг аввало, ўша давлатдаги миллат вакиллари кўз олдимизда гавдаланади. Ўша инсонларнинг қайси миллатга мансуб эканлигини эса уларнинг урф-одатлари, феъл-атворлари, маданияти ва энг асосийси ўзларининг она тиллари белгилаб беради. Халқнинг, миллатнинг ўзлигини намоён этишда тилнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ўзларининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида шундай фикрларни баён қилади: “ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир”. Дарҳақиқат, она тили – эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбайи. У инсон камолотида бетакрор ўрин тутади. “Қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди… Ўлим олдидан онасини она тилида йўқлайди…”, – деб ўзбек адабиётининг машҳур ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзининг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида ҳам ҳақиқатни ёзган. Тил – халқнинг, миллатнинг энг буюк қадриятларидан бири. Шунинг учун халқнинг озодликка, ўзлигини англаб етишга интилишида тилнинг қадрини тиклаш, нуфузини ошириш муҳим ўрин тутади. Шу туфайли ҳам, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1989 йил 21 октябрда бўлиб ўтган сессиясида она тилимизга давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Мана 30 йилдирки, ҳар йили ана шу кунни тил байрами сифатида нишонлаймиз. Зеро, бу шодиёна ўзлигимиз ҳамда миллийлигимиз нишонасидир.
Бироқ ўз тилини ўз онасидек асраб-авайлаб, ҳурмат қилиш ўрнига вақтини ҳуда-беҳуда сарфлаб, юқорида айтиб ўтилган сўзларнинг маъносини ҳали-ҳанузгача чақаолмаётган ёшлар ҳам орамизда бор, афсуски. Тил ўрганган яхши, албатта, лекин сўзлаётган вақтида ўзининг “маданиятли” эканлигини кўрсатиш учун 3-4 хил тилдаги сўзларни маъноси бир-бирига тўғри келмаса ҳам қўшиб-чатиб гапириш бу, аслида, ўз тилига нисбатан маданиятсизлик ҳисобланади. Бу унинг ўша 3-4 тилни мукаммал билишини эмас, аксинча, бирорта тилни ҳам тўлиқ билмаслигини англатади. Ҳар бир тилни ўз ўрнида қўллаб, ўша тилда гаплашадиган миллат вакилларини ҳурмат қилишни ўрганайлик. Ахир, Навоий бобомиз ҳам “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деб бежизга айтмаганлар. Ўзбек романчилигининг асосчиси бўлмиш Абдулла Қодирий мақолаларидан бирида “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, – деган фикрни айтади. Мана тилга бўлган чин муҳаббат. Ана шу муҳаббат орқали ўзбек адабиётида, ўзбек тилида илк роман вужудга келган. Биз нима қилаяпмиз? Асар ёзиш у ёқда турсин, ўз тилимизда тўғри гаплаша олмаяпмиз. Ўз тилимизни онамиз сингари ҳурмат қилайлик. Сўзлаётганимизда билиб сўзлайлик. Чунки Жалолиддин Румий айтганларидек, “Сўз инсоннинг қиймати қадар қадрлидир”. Сўзим сўнггида шуни айтиб ўтишим жоизки, она тили кўҳна тарихимиз, дин-у диёнатимиз, халқимизга хос дунёқараш, ҳис-туйғулар эволютсиясини кўрсатадиган, аждодлар меросини авлодларга етказадиган миллатимиз кўзгусидир.

 

Навоий вилояти Навоий шаҳри

НДПИ академик литсейи 1-босқич ўқувчиси

Исакулова Райхон Тўлқин қизи