Ғаройиб ҳодисалар изидан: “СОЯЛАР ЖАНГИ…”

0

 

 

Николай Авдеев деган йигит бир воқеани айтиб берганди. У илгари Афғонистонда хизмат қилган экан. Қайтиб келгач, билибдики, севган қизи уни кутмай бошқага турмушга чиққан. Аламига чидолмаган йигит яна уруш ўчоқларига ўзини урди. Бу гал у Чеченистонда жанг қилиш учун жўнатилганди. Ана ўша ерда уни қандайдир кўринмас қора соялар душман ўқидан ҳимоя қилиб ўлимдан қутқариб қолишибди…

Авдеевнинг отряди тўсатдан қуршовга тушиб қолди. Йигитлар тошдан қурила бошланган-у, битмай қолган иморат ортида яширинганча, тобора ўраб келаётган душман аскарларига зарба беришарди. Душман эса, кучли. Борган сари яқинлашиб келяпти. Авдеевнинг йигитлари охирги патронлари қолгунча қаршилик кўрсатишди. Чунки улар билишарди. Асирга тушиб турли даҳшатли қийноқларни бошдан кечиргандан кўра, қаҳрамонларча жанг майдонида жон берган маъқул. Авдеевнинг ўзи ҳам фурсат борида ҳаёт билан видолашиб олди. Аммо… Кутилмаганда душман аскарлари уларга эмас, дуч келган тарафга қарата ўқ уза бошлашди. Авдеев аста кўча томонга кўз ташлади. Душмандан бўлак ҳеч ким йўқ. Улар кимга ўқ отишяпти. Шу пайт бирин-кетин босқинчи гуруҳ аъзолари йиқила бошлашди. Ана ўшанда Авдеев кўрдики, қоп-қора соялар бутун уй атрофи бўйлаб ҳаракатланганча душманни тинчитишмоқда. Хўш, бу соялар нима ўзи?.. Авдеев яхшилаб разм солди. Соялар шунчаки эмасди. Узун бўйли одам келбат, тепада аскарлар киядиган шапка. Фақат… Соя кўринишида холос… Башараси худди бўриларникига ўхшаб ҳам кетади…

Орадан икки соатлар ўтиб душман аскарларининг барчаси ўлдириб юборилди. Кўпчилигининг калласи узиб ташланган, баъзилари ғажиб ташланган ҳолда чўзилиб ётарди. Соялар эса, изсиз ғойиб бўлганди…

Авдеев йигитларга ҳам бу ҳақда ҳеч кимга гуллаб қўймасликни маслаҳат берди. Сабаби, уларнинг гапига ҳеч ким ишонмасди.

Парапсихолог Владимир Заруцкий бу воқеадан хабар топгач, айтдики, Николай Авдеев ҳақиқатан ҳарбийларнинг арвоҳларини ўз кўзи билан кўрган экан. Демак, ўша қора соялар илгари жангларда ҳалок бўлган ҳарбий йигитларнинг руҳлари.

— Бундай ҳодисалар дунёнинг кўплаб мамлакатларида, турли даврларда тез-тез содир бўлиб турган. — дейди Заруцкий. — Масалан, Македонский даврида ҳам унинг армиясини қандайдир сирли соялар душман исканжасидан қаттиқ ҳимоя қилган. Ваҳоланки, Македонскийга қарши курашганлар жуда қаттиқ тайёргарликдан ўтган, катта тажрибага эга бўлган жангчилар эди. Бироқ кўринмас аскарлар қаршисида барибир ожиз қолаверишган. Соялар уларнинг бошини бир томонга, қўл-оёқларини иккинчи томонга итқитиб, уларга даҳшатли ўлимлар ҳадя этишган.

Тарихий маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, эрамиздан аввалги ўн учинчи асрда Чингизхон Жанубий Русга катта юриш уюштирди. Ана шу жанглар пайтида бехосдан пайдо бўлган қора соялар унинг ўн мингдан зиёд аскарини тиғдан ўтказади. Чингизхон сира тушунмасди. Бу йўқотиш қандай содир бўлди? Ким, қайси тарафдан уларга ҳужум қилди?..

Яна бир мисол. 2003 йилда америкаликлар ироқликларга қарши “Винтовкалар қаҳри” деб номланган навбатдаги ҳарбий операцияни ўтказишган. Мўлжалланган жойга ҳужум қилиб ичкарига кирган махсус отряд аскарлари кўришдики, у ерда ҳеч зоғ йўқ. Ҳаммаёқни титкилаб ташлашди. Барибир ҳеч бир кимсани топа олишмади. Ташқарига чиқишди. Не кўз билан кўришсинки, ташқарига қўйилган соқчиларнинг барчаси аллақачон ўлдириб кетилган. Ахир, ташқарида ҳеч қандай овоз, ўқ овози, ёки бақир-чақир бўлмаган!.. Ким ўлдириши мумкин уларни?..

Улар рация орқали бўлиб ўтган воқеа ҳақида раҳбарларга ахборот беришди ва даҳшат ичида бу овлоқ ерни тарк эта бошлашди. Аммо узоққа бора олишмади. Эллик метрлар йўл юришгач, кутилмаганда ҳаммаларининг кўзлари чидаб бўлмайдиган даражада ачиша бошлади. Бироздан сўнг бу нарса ўтиб, аскарлар кўзларини очишди… Ва шу заҳоти қуролларига ёпиша кетишди. Чунки рўпараларида худди аждаҳоларни эслатувчи маҳлуқсифат, бироқ ҳарбий кийимдагилар туришарди…

Орадан беш-ўн дақиқа ўтиб-ўтмай, барча америкалик аскарлар ер тишлади…

Айтишларича, худди шу каби ҳодисалар яна икки-уч бор такрорланганмиш.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади