КИЛЛЕР… (3-қисм)

0

 

 

* * *

 

Вадимни Самад аканикига эмас, олдиндан тайёрлаб қўйилган квартирага олиб боришди. Бундан буён у худди шу квартирада кун кечириши лозим эди.

— Биз сизни доим қўриқлаб, кузатиб юрарканмиз. — деди ҳамроҳлик қилган йигитлардан бири. — Самад ака жуда қаттиқ тайинлаганлар.

— Бўпти. — ичкарига киргач, ўзини ўриндиққа ташларкан, жавоб қилди Вадим. — Келинглар, танишиб қўяйлик унда!..

Бўйи пастроқ, қиррабурун йигит унга қўл чўзди.

— Аҳмадман.

— Менинг исмим Қўлдош. — иккинчи йигит ҳам Вадимга яқин келди. У баланд бўйли, ўсиқ сочларини худди русларникига ўхшатиб орқага ташлаган-у, чарм ип билан бойлаб олганди.

— Мана, танишдик, — деди Вадим икковларининг ҳам елкаларига қўл ташлаб. — бемалол кузатаверишларинг мумкин… Лекин… Мен отам билан қандай боғлансам бўларкин-а?..

— Мана, сиз учун махсус уяли телефон бериб юбордилар у киши. — чўнтагидан телефон чиқариб Вадимга узатди Аҳмад. — Мана шу телефондан ҳозироқ қўнғироқ қиларкансиз…

— Зўр бўлди… Буни ҳозир ест қиламиз…

— Бўлмаса, биз ташқариларда айланиб юрамиз. Бирор гап бўлса, ё нимадир керак бўлиб қолса, мана, телефоним, қўнғироқ қилинг!.. Кўчага чиқмоқчи бўлсангиз ҳам огоҳлантиришни унутманг!.. Йўқса, биз отангиздан балога қоламиз-а!..

 

* * *

 

Вадим йигитлар чиқиб кетишлари ҳамоно, зарур рақамларни терди.

— Алло, ота, бу менман! — деди гўшакдан Самад аканинг овози эшитилиши билан ҳовлиқиб.

— Биламан, ота ўғил, сенлигингни биламан! — кулди Самад ака. — Хўш, келишув қандай бўлди?

— Сизни эртага соат кечки саккизда супермаркетингиздан чиқаётганингизда тинчитишим керак экан…

— Шунақами?.. Демак, бир кунлик умримиз қолибди-да-а, той бола! — хохолаб кулиб юборди Самад ака. — Оббо шўртумшуқ-ей!.. Айтганча…

Самад ака бирдан жиддий тортди.

— Бугун кечаси сенга бўш патронларни етказишади… Кейин… Шубҳаланмасликлари учун телефон рақамингниям бериб қўявер уларга. Ҳеч қўрқинчли жойи йўқ…

— Ота, — деди Вадим сал овозини пасайтириб. — негадир юрагим ғаш-да!..

— Э, хотиржам бўл!.. Ҳаммаси яхши бўлади!..

Вадим телефонни бир четга қўйгач, секин деразадан ташқарига қаради. Табиат қиш яқинлашиб келаётганидан хабар беришга ошиқар, дарахтлар аллақачон яланғочланиб бўлганди. Ойнадан юзингизга урилаётган муздек шабада ҳам ёздаги каби жонга ҳузур бағишламас, аксинча, қандайдир ёқимсиз эди…

Шу тобда яна телефон жиринглади. Вадим югуриб бориб телефонни қўлига олди.

— Алло!

Бирпаслик сукутдан сўнг қўриқчи йигитлардан бирининг товуши эшитилди.

— Биласизми, Шўртумшуқ сиз билан қайтадан гаплашиб олмоқчи экан. — деди у ғамгин оҳангда.

Вадим ҳайрон бўлди.

— Биз ахир… Ҳаммасини гаплашгандик-ку!..

— Билмадим… Янги режалар чиқиб қолди деяпти.

— Хўш, қаерда учрашмоқчи экан?

— Сизни олиб борамиз уйига. Пастда машина кутаяпти…

Вадим шошилмади. Шоша-пиша Самад аканинг рақамларини терди.

— Ҳа, нима дейсан? — сўради Самад ака оғир хўрсиниб.

— Анави Шўртумшуқ яна олдига чақираяпти экан… Нима қилай?

— Нима иши бор экан?

— Янги режалар чиқиб қолганмиш.

— Шунақа дегин?..

Самад ака бир муддат жимиб қолди.

— Майли, бор, лекин эҳтиёт бўлгин!.. Қайтганингдан кейин тез менга қўнғироқ қил!..

— Хўп бўлади…

Вадим апил-тапил устига курткасини ташлади. Ҳар эҳтимолга қарши чўнтагига тўппонча солиб олди…

 

* * *

 

— Ҳа-а, келдингми, киллер бола? — Шўртумшуқ илгаригидай совуқ тиржайиб Вадимнинг елкасидан ушлаганча диванга ўтқазди.

Вадим унинг кўзларига тик боқиб айтмоқчи бўлган гапини кутарди. Шўртумшуқ узоқ кутдирмади. Мақсадга ўтиб қўя қолди.

— Биласанми, — шошилмасдан гап бошлади у. — одам ўлдириш дегани ҳазилакам иш эмас… Нима қилайлик? Шундан бошқа иложимиз йўқ… Бўпти, очиғини айта қолай сенга… Мен ҳаётда кўп қоқилганман. Кўп марта чув тушириб кетишган… Шуларни ўйла-аб туриб бир қарорга келдим.

— Қани, эшитайлик-чи! — деди Вадим тобора қизиқиши ортиб.

— Мен сенга ишонмайман.

— Нима?.. Сабаб?..

— Айтдим-ку, кўп алданганман деб!.. Шунинг учун сен асосий ишга ўтишингдан аввал милтиғингни, ичидаги патронларни шахсан ўзим текшириб кўраман. Ундан кейин… Ўша пайтда ўзим туриб ҳаммасини кузатаман… Шундай қилсак, адолатга яқинроқ бўлади. Нима дейсан?

Бу гапни эшитган Вадимнинг ичи музлаб кетди. Ахир… Бўш патронлар нима бўлади?.. Ҳаммасини пайқаса, алданганини билса…

— Сиз нима десангиз шу-да, ака! — деди ўзини қўлга олиб Вадим. — Менга барибир.

— Жуда яхши. Шуни айтиш учун чақиргандим… Энди бориб тайёргарлигингни кўравер!..

Вадим бу уйдан қандай чиқиб, қандай квартирасига етиб келганини билмай қолди. Ичкарига кира солиб телефонга ёпишди…

— Ота, — деди Самад аканинг товушини эшитгани ҳамоно. — Иш пачава бўладиганга ўхшайди.

— Нега?

— Шўртумшуқ патронларни текшириб кўраркан. Кейин… Ўша ерда туриб кузатаркан…

— Шунақа дедими? — оғир уф тортди Самад ака. — Оббо тулки-ей!.. Ҳм-м… Энди нима қилиш керак-а?.. Тўхта-чи… Хў-ўш… Ҳа, биласанми, мен патронларнинг ичига меъёридан кам порох солдириб тайёрлатаман.

— Ахир… Сиз ўлиб қоласиз-ку!..

— Хавотирланма!.. Ўлдирмайди. Бемалол отавер!.. Биз Шўртумшуқнинг кунини кўрсатамиз…

— Барибир бу жуда хавфли-да, — деди Вадим хавотири баттар ошиб.

— Э, сен парво қилма дедим-ку!.. Баҳонада бу усулниям ўрганиб оласан. Порох меъёрдан анча кам солинса ҳеч қачон одамни ўлдирмайди… Ҳа энди пича жонимиз оғриса ҳеч нарса қилмайди… Бўпти, ҳозир етиб кел, ўзинг ҳам қараб турасан қандай тайёрлашларини. Бўл тез, вақт зиқ!..

Вадим яна кийиниб ташқарига отилди. Юраги эса барибир ғаш тортиб қолди…

 

* * *

 

Самад аканинг шаҳар ташқарисида ҳам уйи бор эди. Вадимни ўша ерга олиб борди.

Уй айлана шаклида қурилган. Ертўласи ҳам худди шунақа. Лекин ичкарига кирган одам буни сира ертўла дегиси келмайди. Деворларга ўйиб солинган нақшлар шоҳона қасрларникидан сира кам эмас…

Вадим бу ерга бир марта келганди холос. Шунда ҳам ҳовлидан қайтган. Ертўлага кирди-ю, ҳайратдан ёқа ушлади. Полга тўшалган гиламлар, кўзни қамаштирувчи қандилларни кўриб лол қолди. Лекин бир нарсага тушунмасди. Нега Самад ака уни илгари бу ертўлага олиб кирмаган? Ў бирор сири бормикан?

— Қани, буёққа юр, — деди Самад ака Вадимнинг елкасига қоқиб. — ҳарқалай ишончимни, меҳримни қозондинг. Энди бемалол менинг сирларимдан воқиф бўлишинг мумкин…

Улар айланиб бориб ертўла охиридаги кичкинагина хонага киришди. Бу ерга уч-тўртта станоклар ўрнатилган экан. Улардан бирининг тепасида ёши олтмишларга борган, анча мункайиб қолган бир эркак ўтирар, олдидаги столга бир неча хил патронлар сочиб ташланганди.

— «Ҳа, гап буёқда экан-да! — кўнглидан ўтказди Вадим қарияга синчковлик билан кўз ташлаб. — Шунинг учун ҳам мени бу ерга яқинлаштирмас экан… Демак… Бу ертўлада қурол ясалади… Ў бошқа ишлар ҳам қилинадими?..»

— Сен манави патронларни кузатиб тур, — деди Самад ака. — мана, кўрдингми, номигагина порох солинаяпти. Ичига қизил ранг қуйилади. Бу одамни ўлдирмайди. Аммо ҳаммаёғини қонга бўялган қилиб кўрсатиши аниқ…

— Анави нусха текшираётиб ҳидланиб қолмасмикан? — хавотир аралаш сўради Вадим. — Худо кўрсатмасин, патроннинг ичини оч деб қолса…

— Ҳали ғўрсан-да, бола!.. Қайси аҳмоқ патроннинг ичини очади. Э, очгандан кейин бу патрон бир тийинга қиммат бўлади-ку!..

— Барибир… Сизнинг баданингиз оғрийди, ота!.. Қайси виждон билан мен сизга қарата ўқ узаман?..

— Сен бу гапларни қўй! Мени хафа қилма!.. Бир нарсани эсингда тутгинки, шаҳарда фақат биз хўжайин бўлишимиз керак. Кечагина тухумдан чиққан чурвақалар бизга хавф солиб турса, қўл қовуштириб ўтирмаймиз-ку!..

— Тўғри, лекин… Бошқачароқ йўли йўқмикан?

— Гапни кўпайтирма, мен кўп гапирганларни ёқтирмайман… Бунақанги юзсизларни айёрлик билан енгиш керак… Ҳали вақти келиб тушунволасан… Қани, энди буёққа юр, сенга яна нималарнидир кўрсатаман!..

Вадим итоаткорона Самад аканинг ортидан эргашди. Икковлари олдинма-кетин ертўла ўртасига боришди. Ўнг тарафда темир эшик кўринди. Самад ака чўнтагидан калит чиқариб эшикни очди. Ичкарида яна бир темир эшик бор экан. У ҳам очилгач, панжарага рўбарў бўлишди. Вадим ҳайрон қолганидан билдирмасдан бош чайқаб қўярди…

— Кир, — деди Самад ака Вадимни итариб. — кириб чироқни ёқ, қўрқма!..

Хона ичидан зах ҳиди келарди. Вадим қоронғи хонага кириб чироқни ёқди. Ажабо!.. Бир бурчакда соқоллари ўсиб кетган, элликка бориб-бормаган бадбашара бир эркак кишанланган ҳолда ўтирар, негадир инқиллар, аъзойи бадани қонга бўялган, юзларида соғ жойнинг ўзи қолмаганди…

Вадим Самад акага савол назари билан қаради.

— Қўявер, — деди Самад ака эркакни кўрсатиб. — бу жазоланаяпти. Ким менинг раъйимга қарши иш тутса, ё менга қасд қилмоқчи бўлса, мана шундай жазоланади… Худо хоҳласа, ўша Шўртумшуқниям манавининг ёнига олиб келиб ўтқазиб қўямиз!..

Шундан сўнг улар ташқарига чиқиб кетишди. Вадимнинг хаёлига Самад аканинг бир гапи ўрнашиб қолганди:

— «Ким менга қасд қилмоқчи бўлса, мана шундай жазоланади…»

Наҳотки, Самад ака Вадимга ҳам ишонмаса?.. Наҳотки, шунча пайтдан бери ишончини, меҳрини қозона олмаган бўлса?.. Йўқ, қозонган. Бўлмаса ишониб унга катта вазифаларни топшириб қўймасди… Булар барибир бир-бирларига ишончсизлик билан қарашади. Ишлари шунақа… Вадимнинг ўзи-чи?.. Ўзи ҳатто анави Толибга ҳам гумон билан қарайди-ку!.. Э, ўша негадир шубҳали-да!.. Ким билсин? Балки нотўғри ўйлаётгандир…

Вадим тайёрланган патронларни қўлига теккач, «иш»дан аввал бироз нафас ростлашга буйруқ олди…

 

* * *

 

Ҳаммаси рисоладагидек режалаштирилганди-ю, Шўртумшуқ яна қарорини ўзгартирди.

— Супермаркет бизга тўғри келмайди, — деди у Вадимга қўнғироқ қилиб. — жа келди-кетди кўп экан. Шунинг учун машинасига ўтириб кетаётганда отасан. Сени махсус машина олиб боради.

— Мабодо бошқа машинага ўтириб жўнаворса-чи? — сўради Вадим атайин.

— Уёғидан хавотир олма. Биз ҳаммасини ўйлаб қўйганмиз…

Соат кечки олтиларда Вадимни машинага ўтқазиб шаҳар четига олиб кетишди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган бесўнақай йигит нуқул у томонга ўгирилиб нималарнидир текширган бўларди ўзича. Вадимнинг жаҳли чиқди.

— Нима, менга ишонмаяпсанми, оғайни? — дея саволш ташлади охири.

— Сенга ҳисоб беришим керакми? Индамай кетаверсанг-чи!..

— Вей, катта кетма, йигит! — кутилмаганда унинг елкасига қўлини қўйди Вадим. — Бунақа ишларни кўравериб кўзим пишиб кетган.

— Унда нега ҳайрон бўлаяпсан? Менга сени қаттиқ кузатиш топширилган…

Улар бошқа тортишишмади. Машина супермаркетга яқинлашганда ҳайдовчи тезликни пасайтирди.

— Қаёққа юрай? — сўради у ёнида ўтирган қўриқчидан.

— Тўғрига ўтиб ҳов анави шийпоннинг ёнида тўхтайсан!.. Ҳозир қолганлар ҳам келиб қолишади…

У айтгандай, беш дақиқалар ўтиб яна иккита машина улар ўтирган машинанинг рўпарасига келиб тўхтади. Олдиндаги машинадан Шўртумшуқ тушиб келди-да, Вадимни имлаб чақирди.

— Хўш, менга патронларни кўрсат-чи!..

Вадим салондан катта сумкасини чиқариб олди-да, ичидаги снайпер винтовкасини Шўртумшуққа тутқазди. У винтовканинг ичини очиб узоқ текширди. Патронларни қўлига олиб айлантириб, силкитиб-силкитиб кўрди. Кўнгли жойига тушди шекилли, ҳаммасини қайтадан жойлаб, Вадимга топширди.

— Яхши, ҳаммаси жойида. Бироқ билиб қўй, мен ҳам ортингдан кузатиб бораман. Самад ўтирган машинанинг орқасидан тушасан-да, менинг қўнғироғимни кутасан!.. Буйруқ олишинг билан вақтни ўтказмай, машинага яқин бориб отасан. Бир марта эмас. Винтовкангда тўртта патрон борми, ҳаммасини отасан. Уёғини бизга қўйиб бер!..

— Кейин-чи?.. Кейин нима қилай?

— Сени дачага олиб боришади. Ўша ерда ҳисоб-китоб қиламиз…

Бу йўл кетилаверса, тўғри далага олиб борарди. Қизиқ… Буёғи серқатнов йўл. Қатор-қатор уйлар. Одам кўп. Икки чақири нари борсанг, далага чиқасан-қўясан…

Вадим атрофни машинадан туриб узоқ вақт кузатди. Барг ташлаб қуруқ ўтинга ўхшаб қолган дарахтларга, ёнгинасида шарқираб оқаётган анҳорга тикилиб, завқланди…

Хаёл олиб кетган экан. Телефон қўнғироғидан сесканиб бошини кўтарди.

— Алло, эшитаман!..

— Тайёрлан!.. Айт, ҳайдовчи машинани ўт олдирсин!..

Бу Шўртумшуқнинг овози эди. Қизиқ… Нега у ўзиникиларга буюриш ўрнига бу гапларни айнан Вадимга айтаяпти?..

— Машинани ўт олдирар экансан! — деди ҳайдовчига юзланиб…

Хаёл билан бўлиб сезмабди ҳам. Аллақачон қоронғи тушиб бўлибди…

Машиналар саф тортганча, йўлга тушди. Вадим дарров таниди. Улардан бир-бир ярим чақиримлар нарида Самад аканга қарашли машиналар кетиб борарди…

Вадим ўтирган машина олдинга ўтиб олди…

Яқин борганлари сари Вадимнинг юраги безовта урарди. Ҳеч қачон бундай бўлмаганди. Қачон одам ўлдиришга буюртма олса, умуман ҳаяжонлансади. Қўрқмасди. Худди оддий кетмон чопишга кетаётгандек бамайлахотир бўларди. Ҳозир эса…

Йўқ, нега бу ишга рози бўлди ўзи?.. Рози бўлмаса, Самад ака калласини узиб ташламасди-ку!..

Нималар деяпти ўзи?.. Айтилди-ку, шу баҳонада Шўртумшуқ йўқ қилинади. Ажабмас, ҳаммаси яхши тугаса…

Шу пайт яна телефон жиринглади.

— Тайёрлан! — дея буйруқ берди Шўртумшуқ. — Худо ёр бўлсин, киллер!..

Машина яшин тезлигида Самад ака ўтирган «Мерседес»га яқинлашиб борди. Бу орада Вадим винтовкасини ўқлаб машина ойнасидан чиқариб улгурди…

Вадим тепкини кетма-кетига тўрт марта босди. Самад ака қонга беланиб ўнг ёнига йиқилди. Орқада келаётган машинадаги қўриқчилар ҳам тўппончаларини чиқариб уларга қарата ўқ уза бошлашди. Лекин… Шўртумшуқнинг қўли баланд келди. У ўтирган машинада яна уч нафар қуролланган йигитлар бор эди. Бараварига автоматлардан ўқ узишди. Кўз очиб юмгунча Самад акага тегишли машиналар ағдарилиб йўл четига чиқиб кетди…

Машина елдек учиб Шўртумшуқнинг дала ҳовлисига борарди…

Вадим ҳамон ўзига кела олмасди. Хаёлида «Ишқилиб ўлмаган бўлсин-да!..» деган сўзлар бетиним айланар, қўлидаги винтовкани шу тобда кўришга кўзи йўқ эди. Бироқ…

У кўзларини очиб ташқарига қаради. Аллақачон етиб келишибди манзилга. Бўшашганча сумкасини елкага илиб ташқарига чиқди.

— Қани, йигит, — Шўртумшуқ қучоғини очганча унга томон юриб келарди. — операция зўр бўлди. Қойил қолдим сенга. Отган биронта ўқинг ҳам хато кетмади. Баракалла!.. Юр энди ичкарига, сенминан алоҳида гаплашамиз!..

Вадим қовоғини уйиб Шўртумшуқнинг ортидан эргашди…

 

* * *

 

Яна ўша уйга киришди. Аммо…

Бу гал бошқача бўлди…

Вадим остона ҳатлаб ичкари кирди-ю…

Не кўз билан кўрсинки, шоҳона безатилган дастурхон атрофида ҳусни жамоли кўзни қамаштиргудек бир нозанин дастурхон устидаги ноз-неъматларни тўғрилаш билан овора эди.

Вадим илгари ҳам Самад аканинг уйида гўзал қизларни кўрган. Қолаверса… Толибнинг таклифи билан баъзан суюқоёқларга ҳам юриб туришарди…

Улар ҳам жуда гўзал эди…

Лекин… Бунақаси…

Вадим бу нозанинга қандай тикилиб қолганини ўзи билмай қолди.

Бирпас карахт бўлиб қолди…

— Ҳа, йигит, нима бало, биров гипноз қип қўйдими? — хохолаб кулганча уни ўзига келтирди Шўртумшуқ. — Ўт тўрга! Бугун уйимнинг тўри сеники!..

Вадим шоша-пиша сумкасини бир четга қўйди-да, кўрсатилган жойга ўтирди.

Барибир яна қизга кўз ташлаб олишдан ўзини тиёлмади…

Ажабо!.. Қиз ҳам унга қараб-қараб қўйяпти…

Жилмайишлари шу қадар ўзига ярашарканки…

— Хў-ўш, энди гап мундай, — ўртадаги жимликни бузди Шўртумшуқ. — бугун ишни қойиллатдинг. Менинг ишончимни қозондинг ҳисоб… Ҳа энди, келишиб қолсак, унча-мунча биз билмаган томонларингниям ўрганиб олармиз… Бўпти, гапни калта қилайлик!.. Таниш, бу мени қизим Рухсора!..

— Ж-жуда хурсандман! — зўрға шивирлади Вадим.

— Бу йигит ажойиб мерган. — дея қизига ўгирилди Шўртумшуқ. — Исми Вадим… Қани, Вадимжон, ниятингни айт!..

— Ният?.. — негадир бироз каловланиб қолди-ю, Вадим дарҳол ўзини йиғиштириб олди. — Ўша… Келишилган пулларни берсангиз бўлди-да!..

— Албатта. Пулларни бераман. Локигин бир шартим бор.

— Қандай шарт экан?

— Бундан буён фақат менга ишлайсан.

— Нима?.. Қ-қанақасига?..

— Нима қипти? Яхшигина ҳақ тўлайман. Қироллардай ҳаёт кечирасан. Фақат ўзингни уёқ-буёққа ташламасанг бас… Нима дейсан?..

Вадим ўйланиб қолди. Самад ака бу ҳақда индамаганди…

Тўғри, Шўртумшуқнинг ичига кириб олиб барча сирларини етказиб туришини билади. Бироқ… Дарров розилик берса, ҳидланиб қолмасмикан? Ў ҳаммасидан хабар топган-у, шунчаки синамоқчими?..

— Ака, ўйлаб кўрадиган иш экан. — деди Вадим хиёл бошини кўтариб.

— Тўғри, менам жавобингни ҳозироқ айт демаяпман. Ўйлаб кўр. Эртага ўзим сенга қўнғироқ қиламан…

— Яхши…

— Ма, бу ваъда қилинган пуллар. Яхши кунларингга ишлат!..

— Раҳмат, ака!..

Вадим сумкасини қўлига оларкан, чой қуйиб дадасига узатаётган Рухсорага бир марта қараб олди. Қиз ҳам унинг тикилаётганини сезиб, билдирмайгина кўз қисиб қўйди. Ана шу кўз қисишнинг ўзи Вадимга кифоя эди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ