МЕНИНГ МАЪЮСГИНА БОЛАЛИГИМ… (1-қисм)

0

 

Болалигим гарчи бир умр хотирамга михланиб қолган бўлса-да, узоқ йиллар уни қоғозга туширишга қийналиб яшадим. Аниқроғи, аччиқ, маъюсгина ўтмишимни эслаганимда, қалб туғёнларим қўлимга қалам олишга қўймасди.

Бугун эса шу туғёнлардан зўрроқ келишга уриндим ва бошимдан кечирган оғир кунларни кичик ҳикоялар кўринишида ўқувчимнинг эътиборига ҳавола этишни маъқул топдим…

 

Тўй

 

Куз ойларининг бири эди. Мен кузнинг бошларида роппа-роса олти ёшга тўлдим. Лекин қишлоқда бу кунни байрам қилишмасди. Ҳатто, эслаб ўтиришмасди. Фарзандини ҳаддан ташқари яхши кўрганлар уни чақириб, қўлига хўрозқандми, попукқандми тутқазиб, «Бугун сен фалон ёшга тўлдинг, чироғим» деб қўйишарди.

Мени ҳам туғилган кунимда Баҳриниса бувим хўрозқанд билан сийлади.

Қувончимнинг чеки йўқ эди. Ахир, хўрозқандни фақат бозорда сотишади! Бозор эса бизнинг қишлоқдан анча олисда. Мен каби болакайлар ҳеч қачон у бозорга етиб бора олишмайди…

Қолаверса, бугун қўшнимиз Қўчқор ака уйланяпти. Бундай тўйда биз болакайларга маза. Келин келгунча кўчада шаталоқ отиб ўйнаймиз. Кейин томга чиқиб ашулачиларни томоша қиламиз…

Аксига олгандек, тушдан кейин бирдан ҳаво айниб ёмғир томчилай бошлади. Юрагим сиқилиб, деразадан ташқарига боққанча хаёлга чўмдим.

Олти яшар бола нимани ҳам ўйларди. Ўртоқларимни қандай даста ўйинида ютиш, тўй бошлангач, томда ким билан бирга ўтириб ашулачи томоша қилиш ҳақида бош қотирдим.

Эҳ, қанийди ёмғир тина қолса! Тобора кучайиб, худди эзма кампир каби майдалаб шиваларди…

Шу кўйи шомгача ўтириб қолдим. Бувим ҳам чақирмабди. Кўзларим юмила бошлаганда қулоғимга карнайнинг ғат-ғути чалинди-ю, ҳушёр тортиб, бошимни кўтардим.

Вақт хуфтонга яқинлаб қолган экан. Югуриб ташқарига чиқдим-у, қувониб кетдим. Ура, ёмғир тинибди! Келин ҳам келибди!

Шоша-пиша бувим ва бобом ўтирадиган хонага кириб улардан рухсат сўрадим-да, тўйхонага йўл олдим.

Намгарчилик сабабли томга чиқишнинг иложи йўқ эди. Катталарни оралай-оралай столга яқинлашдим.

Бир маҳал қарасам, мендан сал каттароқ бола стол устидаги ичимликлардан бирини олди-да, аста ортга тисланиб ўзини ҳовлига урди.

— Ие, — ўйладим ўзимча. — булардан олса бўларканми?.. Бувим билан бобомга биттасини опкириб берсам-чи?.. Роса хурсанд бўлишарди. Менга яна бозордан хўрозқанд опкелиб беришарди…

Шундай хаёллар билан мен ҳам қўлимни чўзиб яшил рангли ичимлик тўла шишани қўлимга олдим ва орқага ўгирилдим. Шу пайт тепамда Қўчқор аканинг қариндошларидан бири, захил юзли амаки пайдо бўлди. Исмини билмасдим-у, лекин ундан жуда қўрқардим. Қачон шу хонадонга келса, биз болаларни тизғитиб қувларди.

— Ҳа, етимча! — қўлимдаги шишага ёпишди у. — Ўғирлик қиладиган одатинг ҳам борми ҳали?.. Қани, буёққа юр-чи!..

— Қўйворинг мени! — кўзимда ёш ғилтиллаб, ғингшиганча силтаниб амакининг қўлидан чиқишга уринардим.

Амаки мени қўярда қўймай уйимизга судраклаб кирди.

— Ҳой, Баҳри хола, — ичкарига кира солиб қичқирди у. — манавинингизга мундоқ тарбия берсангиз бўлмайдими? Қаранг, тўйхонага кириб ичимлик ўғирлаяпти экан!.. Етимчалигига борибди-да барибир-а?!.

Бувим ҳайрат аралаш бир менга, бир амакининг қўлидаги шишага тикилиб турди-да, қулоқ чаккамга шапалоқ тортиб юборди.

— Сени шу ниятда катта қиляпмизми, жувонмарг? — йиғи аралаш мени койий кетди бувим. — Бировларнинг қўлига қарамасин деб жон олиб жон берсак-у, сен ўғирлик қиласанми?..

Шу кечани мен ҳовлидаги бир оёғи қийшайиб қолган сўрида ўтириб ўтказдим. Ўксиб-ўксиб йиғларканман, аҳён-аҳёнда бувим ва бобом ётган хонага қараб олардим. Лекин улар бир марта бўлсин ташқарига чиқиб мени юпатишмади…

Энди ўйласам, ўшанда меҳрибонларимни қаттиқ ранжитган эканман. Шунинг учунми, баъзи-баъзида қишлоққа борганимда, кимникидадир тўй бўлаётганини эшитсам, маъюс тортиб қоламан. Ўтмишдаги ўша аччиқ хотира бағримни тирнайди.

Ҳозир тўйларга сира-сира боргим келмайди.

 

Менинг дадам қани?

 

Гарчи биринчи синфга чиққан бўлсам-да, ўйинқароқлигим қолмаганди. Кўпинча биздан уч уй нарида турадиган жўрам Шавкат билан бирга ўйнардим. Чунки унинг ўйинчоқлари кўп. Дадаси ҳар куни турли ўйинчоқлар кўтариб келарди. Шавкат эса янги ўйинчоқ қўлига теккан заҳоти мени чақириб мақтанарди.

Айниқса, янги велосипедини менга кўз-кўз қилган куни қотиб қолдим.

Икки ғилдиракли велосипед ял-ял товланиб, кўзларимни қувнатиб юборди.

— Менам бир минай-й! — ялина бошладим велосипедини маҳкам ушлаб олган Шавкатга. — Жон жўра, берақол! Бир марта ҳов анави дарвозагача бориб келаман холос!..

— Ҳечам-да! — лаб бурди Шавкат. — Буни дадам менга олиб берган. Бор, сенам дадангга айт, олиб берсин!..

— Менинг дадам узоқ сафарга кетган-да! — бурнимни тортганча бош эгдим. — Келгандан кейин менгаям оберади шунақасидан…

Шундай дейишга дедим-у, барибир аламим келди. Шартта ортга ўгирилиб уйга чопдим.

Бувим пиёз тўғраётган экан. Менинг йиғламсираб кириб келганимни кўргач, ёш тўла кўзларини енгига артганча ўрнидан туриб елкамдан қучди.

— Ҳа, болам, ким хафа қилди яна? — сўради бувим меҳр билан бошимни силаб. — Нега йиғладинг?

— Менинг дадам қаерда? — сўрадим ҳиқиллаб. — Нега мени кўришга келмайди? Нега менга велосипед олиб келмайди?

— Вой, даданг сафарда дегандим-ку, қўзичоғим! — деди бувим мулойим оҳангда. — Сафардан қайтсин, албатта келади. Менга қара, кимнинг дадаси велосипед олиб берибди-а?

— Ана, Шавкатнинг дадаси оберди. — кўчага ишора қилдим. — Менга миндирмади.

— Қўй, хафа бўлаверма! — бувимнинг овози мунгли чиқди. — Ҳали кўрасан, сенга даданг Шавкатникиданам зўр велосипед олиб келади.

— Ростданми? Алдамаяпсизми?

— Йўқ, ростини айтдим…

— Ура!.. Дадам менгаям велосипед опкеларка-ан!..

Бир оғиз гап мени шу қадар қувонтириб юборгандики, ирғишлаганча бувимнинг гапларини «суюнчилаш» ниятида Шавкатларникига югурдим…

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Бобом мени томорқамиздаги ўрик дарахти остига ўтқазиб қўйиб, эртак айтиб бераётганди. Бир маҳал бувим кўчадан ҳовлиқиб кириб келиб қолди.

— Тур, болам! — деди бувим ҳассасини ўрикка суяб. — Даданг сафардан қайтибди! Сени кўришга келибди!

Ўша лаҳзадаги ҳолатимни тасвирлаб бўлмасди.

Оғзимнинг таноби қочиб, юрагим ҳаприқди. Азбаройи ишонқирамаганимдан гоҳ бувимга, гоҳ бобомга алангладим.

Кўзи ожиз бўлса-да, бобом ҳам менинг ҳолатимни пайқагани ҳовлиқиб ўрнидан қўзғалишга тутинганидан сезилиб турарди.

— Юр, янги кўйлагингни кий, қўзим! — мени ичкари уй томон бошлади бувим. — Дадангнинг ёнига бу кийимда кирмагин!

Бувимнинг этагидан тутиб кетиб борарканман, ирғишлаб ўйнагим, овозимнинг борича «дадажон» деб қичқиргим келарди.

— Буви, дадам менга велосипед опкелибдими? — сўрадим йўл-йўлакай. — Айта қолинг, опкелибдими?

— Билмадим, — деди бувим елка қисиб. — Опкелгандир. Тушида сен велосипед сўраётганингни кўргандир, ахир!

— Дадам ўзи қаерда-а?.. Шу атрофдами?

— Ҳа, Салима аммангникида ўтирибди. Тезроқ бўлақол!..

Бувим эгнимга яқиндагина ўзи олиб берган тринка шимимни, юпқа катак кўйлагимни кийдирди-да, катта кўчага чиққанимиздан сўнг Салима аммамларникига ишора қилди.

— Бор, буёғига ўзинг кир, болам! Фақат индамай турмагин. Кирибоқ дадангнинг бўйнига осилиб салом бергин-а!?

— Хўп бўлади! — мен шундай деганча аммамларнинг ҳовлиси томон чопиб кетдим…

Аммамнинг ҳовлиси ўртасига валиш қилинганди. Валиш остига эса каттакон сўри қўйилиб, айлана атрофига духоба кўрпачалар тўшалган.

Аммам менга орқа қилганча ўтирар, қаршисидаги паст бўйли, сочлари деярли тўкилиб кетган, япалоқ юз кишига чойнакдан чой қуйиб узатарди.

Мени кўрди-ю, аммам даст ўрнидан туриб кетди.

— Вой ўзим айланай, чиқдингми? Қани, келақол! Қара, даданг сени кўргани кепти! Ҳой, Одил ака, турмайсизми? Ўғлингизни қаршиламайсизми?

Бу одамни кўрганим заҳоти гўё кўзларимдан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Юрагим дукурлаб, вужудим жунбушга келди.

Ҳа, бу азалий орзум — дадамни кўришимдаги ҳолат эди бу…

Шу тобда дадамнинг бағрига ўзимни отгим, юрагимга армон бўлган таниш ҳидни тўйиб-тўйиб ҳидлагим келарди. Кўзларим эса олма териб, қаердадир беркиниб турган янги велосипедни қидирарди. Велосипед ҳадеганда кўзга ташланавермагач, чўчиброқ сўрига яқинлашдим. Орага сукут чўмганди. Аммам маъюс жилмайиб турар, дадам эса ҳамон ёнбошлаб олганча менинг яқинлашишимни, кўришишимни кутарди.

Бир маҳал дастурхонда юмалаб ётган икки дона шишага кўзим тушиб таққа тўхтадим. Дастурхон бурчида яна бир қип-қизил суюқлик тўла шиша турарди.

Танидим. Бу ичкилик. Тоғам Қўчқор ака билан тез-тез омборхонамизга қамалиб олганча шунақа ичкилик ичиб туришади. Бувимга гуллаб қўймаслигим учун менга доим лимонад олиб беришади. Лекин барибир қўрқардим. Чунки улар ичиб олганда худди дадамники каби кўзлари қип-қизариб кетар, менга тикилиб қарашса, қўрққанимдан дарров ўзимни ташқарига урардим.

Наҳотки, менинг дадам ҳам шу нарсани ичса? Нега?

Жажжи қалбимни титроқ босиб аста ортга тисландим… Ва беихтиёр кўча томон югура кетдим.

Жонҳолатда чопиб борарканман, оёқ-қўлларим дағ-дағ титрар, кўзларимдан сизиб чиққан ёш томоғимгача оқиб тушарди.

— Ҳа-а, болам, сенга нима бўлди? — мени бағрига олиб ваҳима аралаш сўради бувим. — Дадангминан кўришдингми? Ё амманг хафа қилдими?

— Й-йўқ… — дея олдим зўрға йиғи аралаш. — У менинг дадам эмас… Менинг дадам велосипед олиб келарди… У бўлса…

— Нима?.. Бўлмаган гапларни гапирма! — юпата бошлади бувим ҳамон мени бағридан бўшатмай. — Велосипедни ичкари уйга беркитиб қўйгандир… Ўксинма, жоним! Даданг ҳали сенга велосипед уёқда турсин, унданам зўр ўйинчоқлар опкелади.

Шундан сўнг дадам яна бир неча марта мени кўргани келди. Бироқ велосипед олиб келмади. Ҳар гал аммамнинг дадам ўтирган сўрисига яқинлашганимда, дастурхонда қаторлашиб турган шароб шишалари, дадамнинг қизарган юз- кўзларинигина кўрдим холос.

Мен дадамнинг қўлидан кичкинагина, арзимас ўйинчоқ бўлса-да олишни орзуладим. Орзуларим саробга айланди…

Шу аламлар қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолган экан. Улғайиб фарзандли бўлгач, дилбандларимга сўраган ўйинчоқларини олиб берадиган бўлдим. Уларга ҳар гал нимадир совға қилганимда, ўша аламларим пасанда бўлгандек туюлди. Руҳан енгил тортавердим.

 

Каримбувалик келгинди

 

Ота-онам ажрашганда, уч яшар бола эканман. Онажоним Чўлпоной Тешабой қизи аллакимларнинг маслаҳати билан бошқа эркакка турмушга чиқди. Суд эса синглимни отамга, мени онамга ажрим қилиб берганди. Ўгай отанинг қўлига қарамасин дебдими, онажоним мени Хонбува қишлоғидаги бобом ва бувимга қолдириб, ўзи келинлик уйига равона бўлди. Ҳаёт экан, мурғак қалбим худди шу юртни суйиб қолди, тупроғига меҳр бердим. Бунга бобом ҳамда муниса бувижонимнинг мендек тирик етим қолган неварасига эътибори, меҳри сабаб бўлса не ажаб!

Менга қишлоқдаги ёшу қари баравар ёқарди. Айниқса, мени кўрганда мўйсафидларнинг бошимни силаб ўтиши, «Бу йигит Тешабой отанинг невараси, ажойиб болайкан-а?!» дея алқаши кўнглимни тоғдек кўтарар, хонбуваликларга бўлган ҳурматим, муҳаббатим юз чандон ортарди. Афсуски…

Маҳалламизда Тиллақўзи ота деган қария яшарди. Ўзига тўқ, табиатан чўрткесар одам эди. Мени кўрди дегунча бир саволни такрорларди.

Ўша куни ҳам худди шундай бўлди. Обиджон деган синфдошимникида ўйнаб, уйга қайтаётгандим. Маҳалла мачити ёнида Тиллақўзи отани кўриб қолдим.

— Ассалому алайкум, бува! — дея югуриб бориб сўрашдим мен.

— Ҳа каримбувалик, — деди Тиллақўзи ота. — Ўйнаб юрибсанми?

Билмадим, шу гал негадир отанинг саволи юрагимни тешиб ўтгандек бўлди. Ўзимни келгинди каби ҳис эта бошладим. Этим музлаб кетди. Ўпкам тўлиб, нима дейишни, отага қандай жавоб қайтаришни билмай қолдим…

Тўғри, Тиллақўзи ота ҳазиллашарди. Буни билардим. Аммо… Ҳозир ўша биргина ҳазил аралаш берилган саволнинг мағзини чақа бошласам, ваҳимага тушаман. Қабимни ўксик туйғулар чирмаб олади. Худди ўша савол менинг келгуси тақдиримни белгилаб бергандек туюлади. Негаки, айни чоғларда ёшим элликка яқинлади. Надоматлар бўлсин, шу чоғга қадар қаерга бормай, қай манзилни макон тутмай, келгиндилигимча қолавердим. Ҳатто, ўша Хонбува маҳалласида ҳам ҳозир келгинди, чақирилмаган меҳмонман. Маҳалладагилар мени «меҳмон» деб чақиришлари бағримни эзади, кўксимни тилкалайди.

 

Фарзанд доғи

 

Абдумалик исмли катта тоғам бўлган экан. Мен у кишини кўрмаганман-у, бувим айтиб берганди.

— Абдумалик тоғанг каттакон тракторчи бўлган, — деганди бувим. — Гараждагилар уни темирнинг пири деб мақташарди. Тракторни йўқдан бор қила оларди-да тоғанг!..

Ўша тоғам бобом ва бувимнинг бош фарзанди бўлгани, кунларнинг бирида кечаси тракторида ер ҳайдаб келиб, ухлаш учун ётгани-ю, қайтиб уйғонмаганини ҳам бувимдан эшитганман. Тоғам оламдан ўтганда уч боласи энди тетапоя бўлган экан. Ҳаммалари етим қолаверишган…

Тўғри, ўлим ҳақ, уни қайтариб, рад этиб бўлмайди. Аммо бувим тез-тез гоҳ кечаси, гоҳ кундузи ҳовли ўртасига чўкка тушганча дод сола бошларди.

— Вой бола-а-а-м!!! Боламни қайтариб бе-ер, Худо-о-о!!!

Бувим ўкириб-ўкириб, айтиб-айтиб йиғларди. Мен бўлсам, бир четда пиқиллаб йиғлаган кўйи турар, бувимнинг йиғиси сабабини тушуна олмасдим.

Орадан йиллар ўтди. Мактабни тугатиш арафасида бувим билан гаплашиб ўтириб, Абдумалик тоғамдан сўз очилди-ю, сўрадим:

— Буви, нега ҳалиям тоғамни қўмсаб йиғлайсиз? Ахир, у кишининг ўлганига анча йил бўлди-ку!

Бувижоним бирдан маъюс тортиб қолди. Сўнгра сал ўзига келган каби бошимни меҳр билан силаб сўз қотди.

— Фарзанд доғи шунақа ёмон бўлади, болам! Тоғанг бош боламиди. Нима қилай? Сира усизликка кўниколмайман. Илойим, сен ҳеч қачон фарзанд доғини кўрмагин!..

 

Менинг ручкам камаймади

 

Бешинчи синфга борган йилим эди. Бу сафар ҳам бобом менга бозордан кўпгина дафтар, ручка-қаламлар олиб келиб берди. Ҳар куни мактабдан қайтгач, бувимнинг нон бўктирилган қаймоқ шўрвасига тўйиб, Абдумалик тоғам раҳматлининг икки ўғли билан бирга ўйнардим. Бири мендан каттароқ, иккинчиси эса кичикроқ эди. Улар бизникига чиқишар, биргалашиб домла-домла ўйнардик. Фақат бир нарсага тушунмасдим. Ҳар гал ўйнаб бўлганимиздан сўнг негадир ручкаларим камайиб қолаверарди. Олдинига унчалик ҳайрон бўлмадим. «Қаердадир йўқотган бўлсам керак», деган хаёлда бувимга билдирмай қўя қолдим. Очиғи, танбеҳ эшитишдан чўчидим.

«Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деб шунга айтсалар керак-да! Кунларнинг бирида ручкаларим қаерга ғойиб бўлаётганини аниқладим. Уларни тоғамнинг икки ўғли ҳар сафар менга билдирмай ўғирлаб қўйишаётган экан. Тоғамнинг ўртанча қизи Сурманиса айтиб берди. Лекин мен қариндошларим билан жанжаллашмадим, муштлашиб ўтирмадим. Тўғри бориб бувимга арз қилдим.

— Бувижон, анави Вали билан Манноп ручкаларимни ўғирлаб қўйишаётган экан, — дедим йиғламсираб. — Қаранг, қанчасини олиб қўйишибди. Илтимос, ручкаларимни қайтариб беришсин, сиз айти-инг!

— Вой, қандай уларнинг қўлидан ручкаларингни тортиб олай, қўзим? — деди бувижоним кулимсираб. — Ахир, улар ҳам сенга ўхшаган невараларим! Уларниям бошида отаси йўқ. Қўявер, сенга бобонг яна янги ручкалар олиб беради. Ўзим айтаман.

— Йў-ўқ, ўзимнинг ручкаларим яхшийди, — дея инжиқлик қила бошладим. — Ўзимнинг ручкаларимни қайтариб беришсин! Ўғри улар, ўғри!

— Кел, бир дуо қилай, — деди бувим бошимни маҳкам қучиб. — Илойим ручкаларингни ўғирлаганларнинг уйи донга тўлсин! Сенинг ручкаларинг ҳеч қачон камаймасин!

Орадан йиллар ўтди. Мени қайта-қайта ҳайрон қолдириб, бувимнинг ўша дуоси ижобат бўлди. Манноп фермерга айланиб, ҳар йили уйига қоп-қоп дон ташиди. Мен бўлсам, ижодкор бўлдим. Ручкаларим кўпайса кўпайдики, сира камаймади. Фақат… Баъзан… Ҳаёт ташвишларидан чарчаган кезларимда ўйлаб қоламан. Ўшанда бувим мени ҳам «уйинг донга тўлсин» деб дуо қилса бўлмасмиди?!.

 

Самолётлар ёғдирган заҳар

 

Ёз охирларига келиб пахтазорлар узра самолётлар парвоз қила бошларди. Биз болаларга уларнинг нима иш бажариши эмас, парвози қизиқроқ эди. Аслида самолётлар энди-энди кўсаклари кўз оча бошлаган пахтазорлар устидан дори туманини ёғдиришар, шу йўл билан баргларини тўкишарди. Биз барибир уларни ирғишлаб, кулиб қарши олардик. Айниқса, пастлаб учаётган самолёт учувчиси гоҳида қўл кўтариб қўйса, биздан бахтли одам йўқ эди дунёда.

— Юр, қўйларга печак териб келамиз, — деб қолди бир куни бувим. — Пахтапояда роса печак кўп экан.

— Буви, — дедим негадир ортга тисланиб. — Биргад бува кўриб қолса-чи? Уришади-ку!

— Мени уришмайди, — деди бувим қўл силтаб. — Эгат атрофидан терамиз. Ичкарисига кирмаймиз.

Биз олдинма-кетин «мозордала» томон йўл олдик. Мен ҳам бувижоним ўз қўллари билан тикиб берган жажжигина этакни, бобом атайин бозордан мен учун олиб келган ўроқчани худди абжир ўттерарлар каби икки елкамга ташлаб олдим. Билардим, агар «мозордала»да ўт терсак, албатта самолётлар пастлаб учганини кўрамиз, учувчи бизга қўл кўтариб ўтади. Терган печакларимизни қўйларимиз маза қилиб ейди.

Ура!!! Ҳали ўт теришни бошлаб улгурмасимиздан, самолёт пайкални айланиб учди. Мен азбаройи қувониб кетганимдан икки қўлимни баланд кўтарганча учувчини чақира бошладим. Самолёт иккинчи айланишда янада пастлади-да, нақ бувижонимнинг тепасидан дори сепиб ўтди. Мен шовқин-сурон ичида беихтиёр бувим томон ўгирилдим. Бувим ерга чўк тушиб ўтириб олибди. Икки қўли билан бошини чангаллаганча қолибди. Қўрқиб кетдим. Югуриб бориб елкасига ёпишдим.

— Буви, бувижон, — дея елкасидан силтай кетдим йиғламсираб. — Сизга нима бўлди?

Меҳрибоним менинг қўрққанимни пайқадими, қўлларини пастга тушириб бошини кўтарди. Унинг кўзлари қизариб кетган, бурнининг тепасида сап-сариқ доғлар ҳосил бўлганди. Бувим маъюс кулимсираган кўйи бир муддат менга тикилиб турди-да, тўсатдан ўқчий бошлади. Шу тахлит анча вақтгача ўқчиб, йўталди. Мен бўлсам, нима қилишни билмас, нуқул бувимни қучиб йиғлардим…

Ўша воқеадан кейин бувим бир ҳафта деганда зўрға оёққа турди. Шу-шу қайтиб пахта пайкалида печак термайдиган бўлдик. Мен бувимнинг бурни устига ўтирган ўша сариқ доғнинг маънисини орадан анча йил ўтиб англадим. У самолёт устимизга ёғдирган дорининг томчиси экан. Айтишларича, агар ўша доридан икки томчиси отга берилса, тил тортмай ўларкан.

Ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда ўшандай самолётларга кўзим тушиб қолади. Лекин қалбимни болаликдаги каби қувонч эмас, алам ҳисси чулғайди. Осмонга боқиб уларга қарата ҳақоратлар ёғдирай дейман-у, ўзимни тияман. Чунки ҳозир самолётлар пахта пайкали тепасида парвоз қилиб, ғўзаларга дори сепмайди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...