«ТАДБИРКОР» (ҳажвия)

0

 

 

Девор йиқилса ичига…

 

Танимасангиз таниб олинг. Мен Топволди Сотволдиевич бўламан. Шаҳарнинг бир четида шинамгина, камтаргина дўконим бор. Англаган бўлсангиз, замонавий тадбиркорларданман. Иқтисодга, ички маданиятга ниҳоятда жиддий қарайман. Чунки бусиз тирикчилик қилиб бўлмайди.

Масалан, дўконимда хотинимнинг ўзи фаррошлик қилади. Тўғри-да, бегонани ишга олсам, шартнома тузиб, отнинг калласидай маош тўлашим, унинг зиқналикларини, инжиқликларини кўтаришим керак. Қолаверса, бегона фаррошлик қилса, дўконни фақат бир мартагина тозалаши мумкин. Ортиқчасига ҳақ талаб қилади. Хотинимни эса уч марта тозалашга мажбурлайман. Ғинг деёлмайди. Орамизда қолсин-у, хотинбойни қўрқитиб қўйганман. Бегона, чиройли аёл билан дўконда ёлғиз қолишимни тасаввур қилади-ю, тилини тишлайди. Рашки келса керак…

Ўғлимни юк ташувчиликка ишга олганман. Ие, бекорга боқиб катта қилдимми уни?!. Девдай ўғил турганда, шаҳардан мардикор опкелиб ишлатсам, одамлар нима дейди?.. Қисқаси, «девор йиқилса ичига», деганларидек, ташкилий ишларни беш қилиб қўйганман…

 

Маданият

 

Одамлар ғалати-да, вей! Ички маданият қолмабди уларда. Сўзлашиш қоидасиниям билишмайди. Мана, масалан, ўтган куни кап-катта, ўн саккизни уриб қўйган қиз дўконга кириб келди. Ҳе йўқ, бе йўқ, менга кўзларини лўқ қилганча «Менга бир кило шакар беринг!», дейди-я!.. Азбаройи энсам қотганидан мўйловим учиб-учиб кетди.

— Бермайман, — дедим менам кўзимни лўқ қилиб. — Хўш, қўлингдан нима келади?..

Қиз ҳам кўча кўрмаганми, билмайман, лабини пулкиллатганча чиқиб кетди…

Ока, одамларда маданият деган нарса қолмаган бўлса, менда нима айб? Ўша қиз мулойимлик билан, синиққан ҳолда бош эгиб «Ока, илтимос, мумкин бўлса менга бир кило шакар берсангиз!», деса тили узилиб тушмасди-ку, тўғрими?..

 

Майда-чуйдаларга тобим йўқ…

 

Ўтган куни жиғибийрон бўлиб ўтирсам, бўйи теракдай бир бола кириб келиб, томдан тараша тушгандай, стол устига бир даста беш юз, мингталикларни ташлади. Жон-поним чиқиб кетаёзди.

— Ҳа, — дедим болага хезланиб. — Нима керак сенга?

У бўлса, менга еб қўйгудек ўқрайиб, ўнг тарафга ишора қилди.

— Писта ёғи керак!..

Ока, сиз умуман бетараф одамсиз. Айтинг, шунақаям муомала бўладими? Йўқ, айтинг, манави беш юз, мингталикларни нега уялмасдан дўконга кўтариб келади-а? Биламан, отаси сандиққа фақат беш мингталикларни урса керак. Хўш, биз шунчалик майдакашмизми? Бизга майда-чуйда пулларни тутқазса, индамай қолаверамизми?

— Ёғ сотилмайди, — дедим базўр ўзимни босиб. — Манавиларингни олиб қўй, чойчақа қиласан!..

Қарасам, бола астойдил муштлашмоқчи!

— Ие, — дедим иягини маҳкам сиқиб. — Кимлигимни биласанми ўзи? Менминан муштлашмоқчимисан? Менминан-а? Ҳўв, бача, билмасанг, билиб қўй, бу ернинг катта бойи менман, тушундингми!?. Бор, ишонганингни бошлаб кел! Ҳе ўша…

Бе, шулардан қўрқсак, нима қилиб юрибмиз тадбиркор бўлиб?!. Қўлини қўлтиғига урди-ю, чиқиб кетди бола. Чиқмай қаергаям борарди?!. Биламан, беш минг фоиз «гарантия» бераман. Ўша бола яна дўконимга киради. Аммо энди йирик пулминан киради, ҳа!..

 

«Маошимни оширинг, адаси!..»

 

«Ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога?», деб бекорга айтишмаган экан. Боламнинг онаси, йигирма йилдан бери бир ёстиққа бош қўйган хотиним закўнчилик қип турса, дардимни кимга айтаман? Кеча дўконга кирсам, пол ювилмаган, дераза, пештахталарни чанг босиб ётибди. Хотинбой бўлса, терс ўгирилиб ўтирибди. Вей, мен кириб борсам ҳам мундай ҳурмат учун жойидан жилиб қўймади баччағар! Ҳарқалай, бошлиқ деган номим бор, ахир!

— Ҳа, ғалча, чап ёнингминан турдингми нима бало? — сўрадим тадбиркорлик маданиятини оёқости қилмаган ҳолда қаддимни ғоз тутиб. — Салом қани? Эринг… Э, бошлиғинг келди! Турмайсанми?

Хотинбой истар-истамас, ўрнидан қўзғалди-да, мен томон ўгирилиб, икки қўлини белига тиради. Ишонасизми, бу қилиғини кўриб рангим оқариб кетди, нима айб қилиб қўйдим экан деб юрагим шув этди. Ие, тўғри-да, беайб парвардигор дейдилар. Худо кўрсатмасин, кайфият чоғлиғида бирор бегона аёлга кўз сузиб юборган бўлсам-у… Туф-туф-туф!.. Худо асрасин хотин билиб қолишидан…

Йўқ, ундаймасакан. Хотиним бирпас лаб буриб тургач, ниҳоят мақсадга кўчди.

— Маошимни эллик фоизга оширасиз, — деди у кўзини лўқ қилиб. — Бу маошга ишламайман.

Ё навзамбилло! «Раднўй» хотининг шундай деб турса-я! Бегонадан нима кутай унда? Ақлини еганми бу?..

Шу тобда кутилмаган гапни эшитибми, ё хотиним сотқинлик қила бошлагани алам қилдими, қайсарлигим тутди.

— Шунақами? — дедим афтим буришиб, беихтиёр жинларим қўзғолон қилиб. — Оширмасам, қўлингдан нима келади?

— Оширмасангиз, фалончи аканинг дўконига ўтиб ишлайман.

— Нима?.. Сен-а? Жа оширвормаяпсанми?

— Кунига уч марта пол ювиб, оладиган маошим ҳемири, — баттар тутоқди хотиним. — Нима, сизга ўйинчоқ бўлдимми? Тез бир қарорга келинг! Акс ҳолда фалончи аканинг дўконига жўнайман!..

Ока, ҳозирги ходимларда этика деган нарса қолмабди. Аслида қоидаси бўйича ходим қўлида аризаминан қабулимни кутиб, ана ундан кейин рухсат сўраган ҳолда кабинетимга кириши лозим эди. Буниси қизиқ бўлди-ку! Тўғри, хотиним, боламнинг онаси! Локигин биз ҳозир уйдамасмиз-ку, ахир! Ишхонада, аниқроғи, офисдамиз. Нега бундай бетгачопарлик қилади? Нима учун раҳбарлик ҳурматимни бир пул қилади бу фаррош?..

Мана шундай саволлар нақ ўн беш дақиқа миямни кемирди. Шайтоним «Супурги, латтасини қўлидан тортиб ол-у, ҳайдаб сол уни!» деяверди. Мени қандайдир ички қудрат ғолиб бўлишга, бошни баланд кўтаришга, мағрур бўлишга ундади. Афсуски, улгурмадим. Яқин танишим қўнғироқ қилиб ярим соат ичида текширувчилар келишини шипшитиб қолди. Нима қилай? Текширувчи келгунча дўкон ёғ тушса ялагудек тоза бўлиши керак. Бу муаммонинг тадбирини топмасам бўлмасди. Хотинимнинг шартига розилик беришга мажбур бўлдим. Маошини эллик фоизга оширдим. Аммо… Буёғига полни кунига учмас, тўрт марта ювадиган бўлди. Шундай қаттиққўллик қилмасам бўлмасди-да! Нима бўлгандаям тадбиркорман, ахир!

Олимжон ҲАЙИТ