ЙЎЛБАРСЛАР ҚИРОЛИЧАСИНИНГ ҚАЙТАР ДУНЁСИ…

0

 

Йўл олдидан

 

Шимолий Ҳиндистоннинг Рантамбор қўриқхонаси. Поёнсиз кенгликлардан иборат бу масканда минглаб катта-кичик ҳайвонлар жон сақлайди. Уларнинг ўз қироллари, ўлжалари ва яшаш тарзи бор.

Онадан ажралгач, икки ёшга етгунча кўплаб қийинчиликлар кўрган, бироқ шу баҳонада озми-кўпми ҳаётий тажриба орттирган урғочи йўлбарс Сатара айни кучга тўлди. У ҳозир ҳар қандай рақибни бир ҳамла билан ўзига бўйсундира олади. Демак, энди бу ерларда қолишидан наф йўқ. У ҳам ўз қироллигини тузиши, ҳақиқий ҳукмдорлардек умр кечириши зарур.

Шундай хаёллар оғушида юрган кунларининг бирида Сатарага белги берилди.

— Айтишларича, онанг ҳов анави ёқларда қиролича эмиш, — дегандек олис-олисларга ишора қилди дугоналаридан бири. — Эшитганмисан, у бувижонингни қувиб чиқариб, ўрнини эгаллаган. Энди сенинг галинг келди, Сатара! Буни қайтар дунё деб қўйибди.

— Тўғри айтасан, — дугонасига маъноли боқди Сатара. — Онам ўн йилдан бери қироличаликни ҳеч кимга бермай келаётганмиш. Бу инсофдан эмас. Ўрнини менга бўшатиш вақти етди.

— Онанг сенга қарши кураша олмайди, — деди дугонаси ишонч билан. — Чунки душман билан олишувда битта тепа тишидан айрилган. Темирни қизиғида бос!

— Бу сен ўйлагандек осон бўлмайди, — кўзларини юмди Сатара. — Йўлимда икки опам кўндаланг бўлиб турибди. Мен олдин ўшаларни енгишим, қиролликка йўл очишим керак. Майли, алвидо, мени унутма!..

Сатара бир қарорга келгандек, дугонасини айланиб хайрлашган кўйи йўлга отланди.

 

Катта опанинг қочиши

 

Сатара шу чопганча ўн чақирим масофани босиб ўтди. Чопгани сайин ўзига бўлган ишончи ортаверди. Тағин ўн чақиримча йўл юрса, катта опаси яшайдиган ҳудудга яқинлашади.

Йўлбарс чакалаклар орасига кириб, бирпас нафас ростлади-да, аста йўлга тушди. Дарахтдан-дарахтга сакраб ирғишлаётган маймунлар уни кўрди дегунча ўзларини четга олишар, қушлар ҳам сайрашдан тўхтаб, Сатаранинг ўтиб кетишини кутишарди. Буларнинг барчаси йўлбарсга куч бағишлаб, шаштини янада орттирарди.

Бир маҳал чамаси ўн-ўн беш метр нарида ухлаётган катта опасига кўзи тушиб, Сатара таққа тўхтади. Опаси уни пайқамади. У қуёшда тобланганча қотиб ухларди.

— Ётишини қара, — ўйлади Сатара. — Озиб кетибди. У бир ҳамлага ҳам дош бера олмаслиги аниқ.

Сатара опасига оҳиста яқин бориб шундоқ тепасида тўхтади. У ҳам таниш ҳидни сезиб, шоша-пиша бошини кўтарди. Опа тушунди. Сатара бекорга ташриф буюрмаган. Тишларини ғижирлата бошлашидан нияти яхши эмас.

— Йўқ, сен билан курашишга ҳолим етмайди, — дея опаси ортга тисланди. — Биламан, онамиздан қиролликни тортиб олиш учун келаяпсан. Омадингни берсин!

— Шундай бўлсин! — виқор билан олдинга ташланиб, опасини таъқиб эта борди Сатара. — Шу дақиқадан эътиборан бу ерларда қорангни кўрмай!

Опаси норози чайқалганча буталар орасига ўзини урди.

Кичик опа онаси билан бирга эмасди. У синглиси яшаган жойдан беш чақиримча олисдаги дарё бўйида дам оларди. Сатарани узоқдан таниди.

— Синглим ярамас экан, — хаёлидан ўтказди кичик опа жангга ҳозирланиб. — Онамизни тахтдан қулатиш ниятида келаяпти. Қани, яқинроқ кел, ўзим адабингни бериб қўяман!

Адашганди. Сатара ундан-да кучлироқ, абжирроқ ва вазни ҳам бир неча ўн кило ортиқ. Бир ҳамла кичик опани дуч келган тарафга қочиб қолишга мажбур этди. Энди Сатаранинг сўнгги иши қолганди. Онаси эгалик қилаётган қиролликка етиб олиш. Фақат эҳтиёткор бўлиши шарт. Негаки, онаси ўта айёр ва тажрибали. Бундай душманни маҳв этиш осон кечмайди.

 

Сатара қиролликда

 

Йўлбарслар қироличаси гумбазли шийпонда узала тушганча ётиб, теваракни зимдан кузатарди. Қиролликдаги жониворлар ўзи билан ўзи овора. Ҳеч ким қироличанинг тинчини бузиб шийпонга яқин боришга журъат топа олмайди. Шунинг учунми, тўсатдан қаршисида Сатаранинг пайдо бўлганини кўриб капалаги учаёзди.

— Эшитгандим, — дегандек истар-истамас ўрнидан қўзғаларкан, бош ирғади қиролича. Куч йиғибсан. Иккала опангни ҳам тумтарақай қочишга мажбур этибсан. Сенга қироллик зарур бўлдими? Бунга қурбинг етармикан?

— Ҳа, ит қувдими? — ўкириб аста Сатарага яқинлашди қиролича.

— Мен йўлбарсман! — дегандек бош ирғади Сатара. — Қаёқдаги итваччалар билан мени тенглаштирма! Ундан кўра, жойни бўшат!

— Ў, зўрсан-ку! Ўз онангга ҳужум қилмоқчимисан ҳали?

— Буни қайтар дунё дейдилар. Бир пайтлар сен ҳам ўз онангдан қиролликни тортиб олгандинг. Энди менинг галим келди.

— Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман!

Ўртада олишув бошланди. Она-бола йўлбарслар олд панжаларини ишга солиб, бир-бирларини тирмалай кетишди.

Бахтга қарши, қироличага юқори тишларидан бирининг камлиги панд берди. Сатаранинг ҳамлаларига дош бера олмай, дарё томон қочишга мажбур бўлди.

 

Ишрат лаҳзаси

 

Орадан икки ҳафта ўтди. Сатара қиролликни эгаллаб, ниҳоят хотиржам тортди. Энди ов ҳам қийинчилик туғдирмайди. Қўриқхонанинг унга тегишли эллик гектардан зиёд майдонида фақат Сатарагина ов қила олади.

У қироличаликнинг энг тотли лаҳзаларини бошдан кечира бошлади. Мазали кийик гўштини тановул қилгач, гумбазли шийпонда узала тушиб истироҳат қилишни бир умр орзу қилганди.

Шундай кунларнинг бирида шийпон томонга эркак йўлбарснинг яқинлашиб келаётганига кўзи тушди. Йўлбарс Сатарага нисбатан анча бақувват, вазни уч юз килога яқин, ёши ҳам тахминан икки ярим-учлар атрофида эди.

— Қандай келишган эркак! — Сатара меҳмонга пешвоз чиқиб бутазорлар тарафга қараб юрди. — Шундай йигит билан яшаса, ҳеч бир урғочининг армони қолмаса керак. У ҳақиқий муҳаббат тимсолига ўхшайди…

— Жуда чиройли экансан! — Сатарага суйкалиб эркалаган бўлди йўлбарс. — Сендай гўзални бир умр қидирдим. Мана, ниҳоят топдим, ўзимнинг қироличам!

— Сиз ҳам менга ёқдингиз, — бош эгди Сатара. — Умрбод суйиб яшашингизга ишонаман…

Навқирон йўлбарс ҳали насл қолдиришга қодир эмасди. Бунинг учун яна икки йилча вақт керак бўларди. Ишқ ўтида қоврилиб бораётган Сатара эса суюклисининг бу камчиликларига кўз юмди ва унга ихтиёрини топшириб қўйди.

 

Фирибгар

 

Сатаранинг ҳаётида унутилмас онлар бошланди. У ҳар тонг ширин орзулар оғушида уйғонар, тура солиб, суюклисининг истиқболига чопарди.

— Бу дунёда армоним йўқ, — ўйларди Сатара. — Биз севгилим билан шириндан-ширин йўлбарсчаларни дунёга келтирамиз. Қироллигимиз гуллаб-яшнайди. Биз бошқа йўлбарсларга ўхшаб қолмаймиз. Албатта, бир-биримизга содиқ қоламиз.

Афсуски, ширин ўйлари узоқ чўзилмади. Ажойиб кунларнинг бирида туни билан қиролликка қайтмаган эркак йўлбарс бирдан мудраётган Сатаранинг тепасида ҳозир бўлди. Сатара йўлбарсни кўрди-ю, юраги ҳаприқиб суюклиси томон талпинди. Лекин унинг кучли олд панжаси бошига гурзидек урилди ва бироз гангиб қолди.

— Бу нима қилганинг? — ириллади Сатара. — Ҳазилингми? Ҳазиллашадиган одатинг йўқ эди-ку!

— Аҳмоқ экансан! — бошини баланд кўтариб Сатарага совуқ боқди эркак йўлбарс. — Келиб-келиб сен билан ҳазиллашаманми? Ҳозироқ кет бу ерлардан! Қиролликни ҳақиқий эркаклар бошқариши зарур!

— Нима?.. — Сатара аввалига ҳеч нарсага тушунмай, ортга тисланди. — Қанақа қироллик?.. Мен…

— Эшитганинг, — йўлбарс бир ҳамла билан Сатарани ерга қулатди. — Бу ерларнинг қироли энди менман! Келганимдаёқ пайқамаганмидинг? Мен сенинг манави чиройли кўзларингни деб келмаганман. Қани, думингни туг бу ерлардан! Акс ҳолда…

Сатара иложсиз аҳволда қолганди. Қаршилик қилишга ўзида на куч, на шижоат топа олди. Биларди, бу қадар басавлат эркакка қарши ҳеч қачон кураша олмайди. Хоҳласа, бурда-бурда қилиб ташлайди у.

— Аблаҳ экансан! — алам билан эркак йўлбарсга боқди-да, Сатара сўнгги бор сўнгсиз кенгликларга тикилди. — Мен сенга ишонгандим. Сенга кўнгил қўйгандим.

— Йўқол! — бор овозда ўкириб юборди йўлбарс. — Агар шу яқин атрофда қорангни кўрсам, ғажиб ташлайман! Даф бўл!..

Сатара бошини қуйи солганча истар-истамас қиролликни тарк этди.

Энди у олис маконларга йўл олиши, ўзига бошқа жой қидириши, аммо бу йўлда яна қанча-қанча янги синовларга бардош бериши шарт эди.

Олимжон ҲАЙИТ