Адабий тилга амал қилиш хусусий телеканалларга тегишли эмасми?

0

Авваллари телевидение орқали намойиш этиладиган кўрсатув ёки бадиий фильмларда сўзлар ўзбек адабий тилида юритилар эди.

Кейинчалик шевага оид сўзлардан дастлаб кинофильмларда, сўнгра телекўрсатувларда фойдаланила бошланди. Ҳозирда соф ўзбек адабий тилимиз грамматик қоидаларига фақатгина ёзма матбуот нашрлари (газета, журнал) амал қиляпти, холос.

ТВ соҳаси бу борада анча назоратдан чиқиб кетди.

21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига ҳам кўз очиб юмгунча 30 йил тўлибди.

Айтиш керакки, она тилимиз ўтган йиллар давомида ички ва ташқи манбалар асосида бойиб бормоқда. Яъни четдан ўзлаштирилган сўзлар билан биргаликда, она тилимиз ички имкониятларидан келиб чиқиб грамматик қўшимчалар воситасида кенгайиб бормоқда.

Бироқ биз атрофда кузатаётган, кузатсак-да, жимгина бепарво ёки кўз юмиб кетаётган воқеа-ҳодисалар айнан она тилимизнинг бузилишларига йўл қўяётганлиги ҳам сир эмас.

Маълумки, мамлакатимиз ҳудудида адабий тил меъёрларига амал қилиб фаолият олиб бориши лозим бўлган соҳалар, ташкилотлар мавжуд.

Улар орқали халқимизга, она тилимизга ҳурмат яққол ифодаланиб туриши назарда тутилган. Аммо намуна бўладиган, адабий тил меъёрларига амал қилиш масъулияти юклатилган айрим телебошловчи ва санъаткорлар наҳот бунга бефарқ қарашса?!

Айниқса бу борада хусусий телеканаллар қаёққа қарашяпти? Уларнинг хусусий фаолият кўрсатаётганликлари адабий тил меъёрларига амал қилинмайди дегани эмасдир?!

Миллионлаб аҳоли қаршисига чиқиб, оммага сўз айтар экан, она тилининг адабий меъёрлари ҳақида билимга эга бўлиш лозиммасми?

Хусусий телеканалларда бошловчилик қилаётган айрим қўштирноқ ичидаги сухандонлар турли шеваларда гапириб чиқишини касбга жиддий ёндашув деб бўладими?

Бундай чиқишларни маълум бир мансуб ҳудудгина томоша қилмайди-ку! Мисол учун, «ZO`R TV» телеканалида намойиш этиладиган “Божалар коммуннитий”, “Борига барака” кўрсатувлари ва бошқаларни бевосита кузатиб, кишининг ғаши келади. Сиз ҳам тинглаб кўринг-а! Уларда адабий тилга риоя этиш у ёқда турсин, остонасини ҳам хатлаб ўтишмайди.

Мазкур ҳолатларга негадир мутасаддиларнинг эътибори сезилмаяпти.
Тилимизни бой ва гўзал сақлаб қолиш, келгусида авлодларга софлигича етказиш ўз қўлимизда.

Мақсадимиз, ўз кўрсатувлари билан халққа зиё таратиши керак бўлган сухандонлар масъулиятни чуқурроқ ҳис этишсин.

Халқимиз орасида она тилимизга бўлган ҳурматни тарғиб қилиш айнан мана шу йўналишдан бошланмоғи зарур деб ўйлаймиз.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, 
журналист