Кореяда «UZBEKISTAN DAY»

0

Жанубий Кореянинг Квангжу шаҳрида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининиг Ваколатхонаси томонидан «UZBEKISTAN DAY» тадбири ташкил этилибди. Бу ҳақда корея нашрлари ёзмоқда.

Корея Политехника Университети ҳудудида бўлиб ўтган тадбирда 400 нафардан ортиқ ватандошларимиз ҳамда кореялик меҳмонлар қатнашган. Тадбир давомида миллий куй-қўшиқлар, саҳна чиқишлари ва рақслардан иборат концерт дастури, 16 та жамоа иштирокида футбол турнири, миллий таомларимиздан палов ва сомсалардан иборат тушлик, шунингдек фуқаролар қабули ташкил этилган.

Ўз иш вазифаларини ва мажбуриятларини виждонан бажариб келаётган, шунингдек 4 йил ва ундан кўпроқ вақтдан бери тузилган шартномага мувофиқ иш ўринларини ўзгартирмасдан, доимий ва намунали тарзда ишлаётган 10 нафар юртдошларимиз «Намунали ва содиқ ишчи» номинациясига лойиқ кўрилган ҳамда ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.