МЕНИНГ МАЪЮСГИНА БОЛАЛИГИМ… (2-қисм)

0

 

Бувимнинг ёғоч ҳассаси

 

Болалигимда жуда нимжон бўлган эканман. Шунинг учунми, бувим ҳам, бобом ҳам мени ниҳоятда аяшар, ҳатто бир челак сувни кўтартиришмаскан.

— Ҳой, келин, ўша бир челак сувни ўзингиз ташиб қўя қолсангиз, қўлингиз синадими? — деганди бир куни бувим тоғам Абдураҳмоннинг завжаси Гулнор кеннойимга. — нимжон, сув кўтарса, бели оғриб қолади…

Шубҳасиз, мактабда ҳам энг паканаси, нимжони ўзим эдим. Синфдошлар, мактабдаги зўравон болалар нуқул мени калтаклашга, жиғимга тегишга уринишарди. Бироқ мен уларнинг адабини бериш йўлини топгандим. Муаллим дарсга келмаганим учун қулоғимдан тортадими, ёши катта болалардан кимдир дўппослаб қочадими, дарров бувимга айтардим. Меҳрибоним шу заҳоти қўлига ёғоч ҳассасини оларди-да, мени эргаштириб йўлга тушарди. Кўрибсизки, мени хафа қилганнинг шўрига шўрва тўкиларди. Бувим ҳатто муаллимлардан тап тортмасди. Неча марта синфга дарс пайтида кириб бориб муаллимга ҳасса ўқталганларига ўзим гувоҳ бўлганман…

Ҳали-ҳали ёдимда. Айни қиш чилласи эди. Абдумалик тоғамнинг тўнғич ўғли Вали билан Бачқирга бордик. Бачқирга Қорақум қишлоғи орқали ўтиларди. Қорақумликлар эса хонбувалик болаларнинг ашаддий душмани эди. Хонбувалик бола кўчадан ўтиб кетаётганини кўрдими, ёпирилиб келиб роса дўппослашарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Қишлоққа қайтаётганимизда қорақумлик ўндан зиёд бола кетимиздан тушди.

— Абали, (Валини шундай деб чақирардим) энди нима қиламиз? — сўрадим ҳамроҳимдан. — Қара, келишяпти! Қочайлик!

— Жиннимисан? — жеркиб берди Вали. — Ҳозир ҳўв анави далага етволайлик, тўхтаймиз! Ўша ерда муштлашамиз.

— Э, улар кўпчилик-ку, — дедим тоқатсизланиб. — Янчиб ташлашади иккаламизни.

— Юр, юр, орқа-кетингга қарамасдан юравер, ўша ерга етволайлик!..

Етдик ҳам. Қорақумлик болалар аста-секин иккимизни ўраб ола бошлашди. Тағин озгина турсак, тамом, ўлгунча калтак еймиз.

Шу тобда бувим эсимга тушиб қолди. Ҳовлиқиб қишлоғимиз тарафга қарадим. Агар тез югурсам, бувимни бошлаб келишга улгурадигандек кўринди.

— Абали, — дедим тоғамнинг ўғлига. — Мен югуриб бориб бувимни бошлаб келаман. Ёғоч ҳассаси билан боплаб туширсин манавиларни! Бўптими?..

Вали жавоб беришга улгурмади. Азбаройи шошилганимдан орқа-кетимга қарамай қишлоқ томон чопа кетдим.

— Буви, буви, тез юринг, — дея бақирдим ҳовлига кирар-кирмас. — Тез ҳассангизни олинг! Қорақумликлар Валини уряпти!

— Ие, — бувим тоғорада сигир учун терт қораётган экан. Қўлларини арта-арта менга пешвоз чиқди. — Ким уради? Нимага уради?

— Ўн киши ўраб олганди бизни. Тез бўла қолинг!

— Сен-чи? Сен нимага қочиб келдинг?

— Қочмадим, сизни чақиришга келдим!..

— Вой нодон бола-я! Юрақол!..

Афсус, улгурмадик. Қорақумликлар Валининг бурнини қонатиб, аллақачон жуфтакни ростлашган экан…

Бу ишим анча вақтга қадар оиламиз, қариндошлар ўртасида кулгига сабаб бўлган. Аммо ўзим ҳануз ичимдан зил кетаман. Кўчада қайсидир қариянинг ёғоч ҳассага таяниб кетаётганини кўрсам, ўша воқеа ёдимга тушади. Армонлар юрагимни ўртайди. Валининг қонга беланган юзи кўз олдимда намоён бўлади, бувижонимнинг ўша воқеа сабаб бўлиб берган танбеҳлари қулоқларим остида жаранглагандек бўлади, ожиз ва нимжон болалигимни тасаввур этиб, аламга тўла бошлайман. Шунинг учун бўлса керак, иложи борича юзи қонга бўялганларга қарамайман.

 

Севгимнинг нархи иккитагина ёнғоқ

 

Бувим, бобом, доим бир гапни такрорлашарди.

— Сен албатта хориж тилини билишинг керак!!!

Мана шу ниятдами, туман марказига яқинроқда жойлашган рус тилига ихтисослашган мактаб-интернатга бориб, атайин гаплашиб ҳам келишибди.

Иккинчи синфни ўша интернатда бошладим. Олдинига кўникишим оғир кечди. Чунки бир ҳафта интернатда ётиб ўқишга мажбур эдим. Яқинларимни, меҳрибонларимни фақат шанба ва якшанба кунларигина кўрардим. Худонинг берган куни уларни соғинар, ҳатто, тушларимда гоҳ бувим, гоҳ бобомнинг исмини такрорлаб алаҳлардим.

Аммо орадан бир-икки ой ўтиб ўргандим, дўстлар орттирдим. Мени оҳанграбодек ўзига тортган бир туйғу дўстларимдан-да ошиб тушди. Синфимизда Маърифат исмли оқ-сариқдан келган, чиройли қиз бор эди. Дастлабки кунданоқ Маърифатни кўрсам, ғалати аҳволга тушадиган бўлдим. Даъфатан сўз қотиб қолса, каловландим, юзма-юз келганда дув қизаравердим. Шу қизни деб иложи борича яхшироқ ўқишга, тўполон қилмасликка, дадилроқ, жиддийроқ бўлишга тириша бошладим. Ётсам ҳам, турсам ҳам Маърифатнинг ёрқин чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланаверди.

Афсуски, мендек тўққиз яшар бола кўнглидан кечаётган ўзига нотаниш ўша туйғуларни бировга ошкор айта олмасди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмасди, қўрқарди, ҳадиксирарди, ҳайиқарди.

Охири тоқатим тоқ бўлди. Мактуб ёзиб, қандай бўлмасин, Маърифатнинг қўлига етказишга аҳд қилдим.

Навбатдаги дам олиш куни уйга келиб, кунни кеч қилгач, қўлимга қоғоз- ручка олдим-да, атрофни ўғринча кузатдим. Бобом қаергадир иш билан кетган, бувим эса оғилхонада қўй-сигирларга ем бериш билан банд эди. Айни муддао. Шартта хона бурчагига ўтириб олиб мактуб ёзишга тутиндим.

«Маърифат, мен сени яхши кўраман! Агар иккита ёнғоқ берсанг, сенга атлас кўйлак олиб берардим!..»

Билмадим, ҳамон тушунмайман, ақлим бовар қилмайди. Бу нима эди ўзи? Муҳаббат изҳорими ё болалик тантилигими? Умуман, ўшанда бундай гаплар қандай хаёлимга келди-ю, уларни нега қоғозга туширдим?.. Билмадим, билмадим…

Қисқаси, шу кеча ўзим учун жуда қимматли бу мактубни ёстиғим остига беркитиб қўйдим.

Болалик, нодонлик экан-да, эрталаб ўйинга андармон бўлибман-у, мактубни олиш ёдимдан кўтарилибди.

Тушга яқин кўчадан қайтсам, ток остидаги сўрида бобом, бувим, тоғам Абдураҳмон, кеннойим Гулнор, Салима аммам ўтиришарди. Мени кўрди дегунча хохолаб кула бошлашди. Шу кўйи узоқ кулишди. Айниқса, тоғам қўлларини тиззасига уриб-уриб, гавдасини орқага ташлаб қота-қота кулди. Кулавериб бувимнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Бир маҳал бараварига кулишдан тўхташди. Биринчи бўлиб Салима аммам луқма ташлади:

— Жиян, иккита ёнғоққа сотилдингми? Сен-а? Бизникига кир, ўзим сенга бир этак ёнғоқ бераман!

Кетидан тоғам кулги аралаш гап қистирди:

— Менга қара, атлас кўйлакка пулни қаердан олмоқчисан?

— Бас қил ҳамманг! — яна бувижоним ёнимни олиб, мени маҳкам бағрига босди. — Боламни уялтиравермаларинг! Атлас кўйлакниям ўзим обераман, совчиликкаям ўзим бораман! Ҳе сенларни!.. Сенларга кулги бўлса-да!..

Бу гапдан сўнг ўтирганлар яна кулишди. Мен бўлсам, бувимнинг пинжига бошимни суққанча тек ўтирар, эҳтиётсизлигим, қилиб қўйган номақбул ишимдан афсус чекардим.

Келаси йили уйдагилар мени яна оддий мактабга ўтказиб қўйишди. Меҳрибонларим мени ўзимдан-да қаттиқроқ соғинишаркан. Ҳафта охирини кутишга ортиқ чидай олишмабди…

Орадан йиллар ўтди. Ҳаёт ташвишларидан соч оқарди. Бир куни иш билан қишлоққа борганимда, туман марказида ўша қизни, болалик муҳаббатим Маърифатни учратиб қолдим. Биз бир йилгина бирга ўқиган, орадан шунча йил ўтиб кетган бўлса-да, бир-биримизни дарров танидик. Суҳбатлашдик, мактаб-интернатдаги ҳаётимизни эсладик.

Аммо…

Мен барибир кўнглимдаги болалик туйғусини ошкор эта олмадим.

 

 

Мен одам ўлдирдим

 

Умр чархпалаги гир айланиб, яна мактаб охирлади. Насиб бўлса, шу йили олтинчи синфга ўтишимиз тайин бўлди. Гарчи муаллимлар йил охирлаши сабабли уй вазифаларини қалаштириб ташлашса-да, алам қилмасди. Тезроқ дарслардан халос бўлиш-у, таътилга чиқиб тўйганча кўчада ўйнаш биз болакайларнинг ягона орзумизга айланганди…

Афсуски, ҳамон мендек паст бўйли, заиф бир болани синфдошларнинг баъзилари масхаралашда, турткилашда давом этарди. Мен бу таъқиблардан зада эдим. Гоҳида «Биронтасини тош билан уриб қочсаммикан?» деб ўйлаб қолардим. Турткилар кучая боргач, муштлашишга шайланардим, ўч олиш пайига тушардим. Лекин қандайдир куч мени ҳар гал тўхтатиб қолар, мен нодон муштлашишдан кўра қочиб қолишни, бувижонимга арз қилишни маъқул кўраверардим…

Шанба куни эди. Дарслар кўплигидан кундуз соат бирлардан кейин мактабни тарк этдик.

Ташқарига чиққанимиз ҳамоно бир кўчада турадиган синфдошларим Обид ва Шавкатни синфимиз зўрлари менга қарши гиж-гижлай бошлади. Зўрға турган эканми, улар бири қўйиб бири мени турткилашга тушди. Гоҳ елкамдаги портфелимни шапатилашди, гоҳ бошимдаги дўппимни тушириб қочишди. Бошқаси бўлса алам қилмасди. Ҳар куни бирга ўйнайдиган, мактабга бирга бориб, бирга қайтадиган ўртоқларим бировларнинг ноғорасига ўйнагани нафсониятимга тегди. Шу сафар уларга нисбатан кучим камлигини унутгандек бўлдим. Тишларим билинар-билинмас ғижирлаб, қалбимни ўч жазаваси забтига олди.

«Наҳотки, шунчалик қўрқоқ бўлсам? — ўйладим йўл-йўлакай. — Қачонгача масхараланиб, хўрланиб юраман? Таваккал муштлашсам, ўламанми? Ё калтак ейишдан шунчалик қўрқаманми?.. Йўқ, бугун нима бўлсаям барибир муштлашаман. Етар! Ҳозир муюлишгача чидаб борай, кўрсатиб қўяман уларга!..»

Маҳалламизга буриладиган кўчага етгунча индамадим. Туртишди, сукут сақлаб бораётганимни кўрган сари хохолаб кулишди, портфелимни тепиб ҳам кўришди. Мен тек кетавердим. Ниҳоят болалар тарқай-тарқай, ўзим мўлжаллаган ерга келганда, уччаламиз қолдик. Аввалига «Мана, ёлғиз қолдик, балки бас қилишар?» деб ўйладим. Адашибман. Биринчи бўлиб Шавкат йўлимни тўсди.

— Вей, пакана, — деди у Обидга кўз қисиб қўйиб. — Боя нима деб ўзингча минғирладинг? Бизни сўкдингми ичингда?

— Шавкат, кел, дабдаласини чиқариб ташлаймиз, — орага қўшилди Обид. — Қара, ҳов анави Салим аканинг ариқчасига ётқизиб кетамиз кейин!

— Қўлингдан келмайди! — мен буткул тоқатим тоқ бўлиб портфелимни ерга ирғитдим-да, Шавкатга хезландим. — Қани, ур! Урмайсанми?

— Ў-ў-ў, — бу таҳдидимни эшитган Обид турган ерида Шавкатни тезлай бошлади. — Ўртоқ, нима деб қўрқитди бу? Жағига бир туширмайсанми?

Бу чақириқни эшитган Шавкат мени ростакамига уриш учун чоғланиб қўлини баланд кўтарди. Аммо улгурмади. Мен кутилмаганда ияги аралаш мушт туширдим. Не кўз билан кўрайки, Шавкат мушт зарбидан ерга чалқанча қулади. Ахир… Бу ҳаётимдаги зўрликлар устидан қозонган илк ғалабам эди…

Билмайман… Тўлқинланиб кетдимми, ё қўрқув кучиданми, титраб-қақшаб атрофимга алангладим. Обид аллақачон жуфтакни ростлаб улгурибди. Бу ҳам менга қайта куч бағишлади. Бир ҳатлаб ўрнидан туришга шайлана бошлаган Шавкатнинг тепасида ҳозир бўлдим ва ўйлаб ўтирмай юз-кўзи аралаш бир неча марта тепдим. Шавкат икки-уч карра иҳлади-ю, индамай қолди…

Очиғи… Бундай бўлишини сира кутмагандим. Танамдаги титроқлар баттар зўрайиб Шавкатнинг тепасига энгашдим-да, бир муддат унга қараб қолдим. Шу орада «Шавкат, ҳўв Шавкат» дея пичирладим. Барибир индамади. Шундан сўнг росманасига ваҳимага тушиб қолдим.

— Мен… Одам ўлдириб қўйдим, одам!.. — шундай деб ура солганча уй томон қочдим. Чопавердим, нафасим бўғилганига, қора терга ботганимга ҳам қараб ўтирмадим. Миямда эса бир гап айланарди.

«Мен одам ўлдирдим! Мени қамаб қўйишади!..»

Ҳовлимизга кирдим-у, жавдираб бувимни қидирдим. Бувим айвонда кўрпа қавиётган экан.

— Буви, мени беркитинг! — дедим йиғламсираб. — Тезроқ бўла қоли-инг!

— Ие, ие, нима бўлди? — бувим даст ўрнидан турди-ю, сўридан тушиб келиб мени бағрига олди. — Нега рангинг оқариб кетибди? Ким урди сени, ким?

— М-мен… Одам ўлдириб қўйдим, — дедим йиғлаб. — Ш-Шавкатни… Ўлдириб қўйдим!

— Вой, жинни бўлганмисан? Одам ўлдирдим дедингми? Сен-а? Қўй-э! Ўтакамни ёрворай дединг, болам!..

— Ро-ост! — дедим баттарроқ бақириб. — Салим аканинг ариғи ичида ётибди! Ўлиб қолди! Икки марта тепгандим…

Бувим барибир менга ишонмади. Бошимни силай-силай даҳлизга олиб кириб кўрпачага ўтқазди-да, қўлимга бир пиёла қайноқ чой тутқазди. Ўзи ёнимга чўкиб, мени тинчлантира кетди.

— Вой ўзимнинг нодон боламдан-эй! Қўй, ҳеч қачон унақа совуқ гапни гапирмагин! Худонинг ғазаби келади-я! Шавкат ўлмайди! Ҳали кў-ўп яшайди!..

Бувим адашмаган экан. Шавкат ўлмабди. Тепки зарбидан бир кўзи шишиб кетибди холос.

Билмадим, балки шу муштлашув, қўрқув сабаб бўлгандир? Ҳали-ҳали мурдалардан ўлгудек қўрқаман. Кимдандир «Биров бировни ўлдириб қўйибди» деган хабар эшитсам, этим музлаб кетади, дарров болаликдаги ўша ўзим учун мудҳиш манзара кўз олдимда намоён бўлади.

 

Менинг «эркак холам»

 

Раҳматли Тўлқиной холам (мен бу холамни болалигимдан «опа» деб ўргангандим. У киши юрак хуружи туфайли олтмишга етиб-етмай оламдан ўтган.) бувимнинг қизлари орасида энг кенжаси эди. Ўта шаддод ва чўрткесар бўлгани учун ҳаммамиз ундан ҳайиқардик. Уйимизга келса, оёғимизни қўлимизга олиб хизматини қилардик.

Лекин холамнинг хислатлари орасида хотирамга муҳрланиб қолгани фақат бу эмас. Тўлқиной холам мени ўз укасидек яхши кўрар, еру кўкка ишонмасди. Уйига бориб қолсам, қўлимга топганини тутқазар, эркалаб, сийлаб чарчамасди. Шунинг учун бўлса керак, шу холамга нисбатан меҳрим бўлакча эди…

Қарангки, Шавкат воқеаси орадан уч кун ўтиб ҳам тугай демади. Айни Тўлқиной опам бизникига меҳмон бўлиб келган куни тушга яқин Шавкатнинг онаси Хайриниса хола кўчадан туриб шанғиллай бошлади.

— Худоё мени боламни қақшатганларнинг уйи куйсин! Ер ютсин! Ҳе етимча, етти кўча!..

Бир кун олдин дадаси Жаббор ака кўзлари дўмбирадек шишиб кетган Шавкатни етаклаб бизникига чиққан, роса жанжал кўтарганди. Бувим Хайриниса опанинг шанғиллашини кўтара олмади.

— Вой бўрдоқи қўйга ўхшаб селкилламай ўлгур-эй, — дея ҳассасини қўлига олиб йўлга отланди бувим. — Ҳозир чиқай, қарғанган тилингни суғурволаман!

— Ие, онажон, сиз ўтиринг, — деди Тўлқиной холам. — Қариган чоғингизда сизга нима жанжаллашиб? Мана, ўзим адабини бераман Хайрининг! Юр, ука, қани, бир башарасини кўрайлик-чи! Ҳоли қанчайкин ўзи?

Тўлқиной холам шундай деб мени қўлимдан етаклаганча кўчага йўл олди.

Хайриниса опа шундоқ кўча бошида туриб қарғанарди.

— Ҳа, оғзинг сасимай ўлгур, кимга ўлим тилайдиган бўлдинг? — Тўлқиной холам унга яқин борди-да, икки қўлини белига тираб бақирди. — Шу жиянимни қарғаяпсанми, яшшамагур?

— Нима қиласан қарғасам, мегажин? — холамга жавобан қаттиқроқ қичқирди Хайриниса опа. — Урасанми мени, урасанми?

— Ие, ҳали сен мени мегажин дейдиган бўлдингми?

Очиғи, мен шу тобда Хайриниса опадан умуман қўрқмаётгандим. Тўлқиной холамга қаттиқ ишонардим.

«Уринг опа, уринг, — дерди кўнглим. — Дабдаласини чиқариб ташланг!..»

Бу орада Тўлқиной холам сира кутилмаганда Хайриниса опанинг юзи аралаш тарсаки тортиб юборди.

Тан оламан, ҳатто ўзим ҳам холамнинг бундай қалтис ҳаракатини кутмагандим.

Тарсаки жуда шиддатли чиқди. Ҳов наридаги ҳовлиларгача эшитилдими, узун-қисқа дарвозалар очилиб, қўшни хотинлар мўралай бошлашди.

Асосийси, Хайриниса опанинг уни ўчди. Оғриқ зарбига чидолмай юм-юм йиғлаганча ариқ бўйига ўтириб қолди.

— Менга қара, — дея унинг тепасига бориб таҳдидли оҳангда сўз қотди холам. — Яна бир марта укамни қарғасанг, бу кунинг ҳолва бўлади!..

Тўлқиной холам ортиқ бир сўз демади. Қўлимдан етаклаган кўйи уйимизга кириб кетди.

Ўша воқеадан сўнг анча кунгача мамнун юрдим. Холамнинг зўрлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Аммо кейинчалик ўшанда мамнун тортганимдан қаттиқ афсус чекдим. Чунки мен сабаб бўлиб холам бировни қақшатиб қўйганди. Бахтга қарши буни жуда кеч англадим.

Ҳозиргача Шавкатни қишлоқда учратиб қолсам, ўша мудҳиш воқеа ёдимга тушиб, мулзам тортаман. Ундан, Хайриниса опадан холам раҳматли учун қайта-қайта узр сўрагим келади.

Юзим чидамайди…

Қанийди узр сўрай олсам!..

 

Телефон кампир

 

Биздан икки уй нарида Орзи хола деган кампир яшарди. Бувимнинг айтишича, эри урушда ўлиб кетган экан.

Орзи хола жуда яхши, камсуқум кампир эди. Деярли ҳар куни бизникига чиқар, бувижоним билан чақчақлашиб ўтирарди. Аммо бувим негадир у кампирни хушлайвермасди.

— Бувижон, нега Орзи холани ёмон кўрасиз? — сўрадим бир куни. — Яхши-ку! Қачон қараса сизни сўрайди, уйига чойлашишга чақиради.

— Мен Орзи холангни ёмон кўрмайман, болам, — деди бувим маъюс тортиб. — Ғарибгина бир кампир бўлса, унинг нимасини ёмон кўрай?

— Унда нега кеча бизникига кириб келаётганини кўриб, «Ана, тилпон тағин чиқяпти» дедингиз? У нима дегани? Нимага Орзи холани тилпон дедингиз?

— Тилпонлиги ёқмайди-да, болам, — кулди бувим. — Ўшанга…

— У нима дегани? Тилпонмас-ку! Одам-ку Орзи хола!

— Уми? Орзи холанг бизникида бир гап эшитса, чиқади-да, буту-ун қишлоққа тарқатади. Уёқдаги гапни бизга етказади. Шунга… Тилпон дейман Орзини! Бу одати яхшимас, болам, яхшимас!

Бу гапни эшитдим-у, менга худо берди. Шаталоқ отганча кўчага чиқдим-да, ўртоқларимга суюнчилай кетдим.

— Болалар, Орзи хола тилпон кампир экан! Келинглар орқасидан «Тилпон кампир» деб бақирамиз!

Бизнинг ёшдаги болалар турли кутилмаган саргузаштларга, кимнидир калака қилишга мойил эмасми, бу таклифим ҳаммага ёғдек ёқиб тушди. Бирпас Орзи кампирнинг уйи рўпарасига бориб кўчага чиқишини пойладик. Кутилганидек, зум ўтмай Орзи хола кўринди. Фақат у уйидан чиқмади. Кимникидандир келаётган экан, ҳовлиси томон бурилди. Биз шивир-шивир қилиб учгача санадик-да, бараварига қичқира бошладик:

— Жири-инг! Жири-и-инг!..

Орзи кампир эътибор қилмагач, очиқчасига бақирдик:

— Тилпон кампи-ир! Ти-илпо-он! Жиринг, жири-инг!..

У ниҳоят ҳайқириқлар ўзига қаратилганини сезиб таққа тўхтади ва биз томон ўгирилди.

— Ажаб бўпти тилпон бўлсам, тузукми!? — дея негадир менга ғазабнок нигоҳларини қадади Орзи хола. — Ҳойнаҳой, анави тирмизакдан чиққандир шу гап? Худоё бу кунингдан баттар бўлгин, сиғинди!..

Ҳозир ўша воқеани эсласам, беихтиёр титраб кетаман. Қарғиш эшитганим алам қилмайди. Мен ўшанда билиб-билмай хокисор, бировга зиёни тегмаган, муштипар бир аёлни ноҳақ масхаралашларига сабабчи бўлгандим. Негаки, Орзи хола анчагача мендан ранжиб юрган. Демак, кўнгли озор чеккан. Қолаверса, келгуси ҳаётимда у менга кўп яхшиликлар қилди. Яхшиликларининг энг сараси шу эдики, мен болалигимда кўп бора Орзи холанинг тузини тотдим, меҳрига, эътиборига сазовор бўлдим.

Ишқилиб, болаликдаги бебошлигимни яратганнинг ўзи кечирсин! Орзи холанинг у дунёсини обод қилган бўлсин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...