ТИЛГА ҲУРМАТДА БЎЛАЙЛИК!

0

Шарқнинг улуғ алломаси Кайковуснинг “Қобуснома” асарида “Сўзни бағоят улуғ билгил” деган ҳикмат учрайди. Сўз, тил бениҳоя буюк қудратдир. Ўзбек тилининг шон-у, шавкати, туганмас, куч-қудрати башариятнинг ақлий ва бадиий хазинасидан жой олган жуда кўплаб асарларда мужассамдир.

Бу тил шаънини аждодларимиз ҳамма замонларда сарбаланд этиб келганлар. Амир Темур мағлубият нелигини билмас қўшнига шу тилда қўмондонлик қилган. Соҳибқирон тиғи етмаган жойларни Навоий шу тилда забт этган.

Бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, миллат дарду қувончига шерик бўлиб келаётган, Ватан янглиғ бепоён ва муқаддас, она каби мўтабар ва мунис, жон каби яқин ва азиз ўзбек тилимизнинг мақому мартабаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида“ги қарори билан яна бир карра юксалди, эъзоз топди.

Ўзбек тилимиз “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир” дея улуғланади ушбу қарорда.

Тил борасида яна бир янгилик. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кўчадаги рекламалар,жой номлари,фирмаларнинг номланиши билан шуғулланадиган “Номлаш” маркази очилди. Ҳозирги кунда ушбу марказ пойтахтимиздаги Чилонзор тумани бўйича таҳлил олиб боряпти.

Сўзимизни кўнгилга ифтихор бағишловчи қаҳрамонимиз ҳақидаги фикрлар билан давом эттирамиз. Та Жен Шен Хитой Халқ Республикасининг Шинжон вилоятидан. Ҳозирги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг докторантурасида ўзбек тили йўналиши бўйича мустақил тадқиқотчи. Унинг мақсади тилимизни мукаммал ўрганиш ва ўз юртида соҳа юзасидан ёшларга таълим бериш.

-Ҳамиша шундай тилимиз борлигидан фахрланаман. Мен Навоий ғазалларини, Бобур байтларини куйлаб эл ичра ҳурмат топдим. Хорижий мамлакатларда бўлганимизда она тилимизда куйлар эканмиз, тилимиз сеҳрига маҳлиё бўлганларни нигоҳига боқиб, ичим ғурурга тўлган пайтлар кўп бўлган. Бизнинг тилимиз ардоқланишга муносиб ва бу барча соҳа вакилларининг вазифасидир- дея таъкидлади, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева биз билан суҳбатда…

ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 минггача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир.

Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас.

“Миллат тилини йўқатмак-миллат руҳини йўқатмакдир” деган эди Абдулла Авлоний.Шу биргина сўз тилнинг жамиятда тутган ўрнини исботлаб турибди.

Биз она тилимизни қанчалик севамиз? Қачон таваллуд кунларда ўзбек тилида қутлашни одат қиламиз? Қачон “Х” ва “Ҳ” фарқига етамиз.

Масаланинг биз ёшлар билан боғлиқ жиҳати ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Айрим ёшлар сўзлашув жараёнида бир неча тилни қўшиб гапиришларини қандай тушуниш мумкин.Бир сўзи ўзбекча, икки сўзи русча-ю, яна бир сўзи инглизча.

Ҳайрон қоласан, балки улар бу ҳолни замонавийлик билан изоҳлар, шу орқали ўзини кўрсатгиси келар, аммо муаммонинг оғриқли нуқтаси шуки, бу ҳолатни кўриб, тилга ҳурматсизликнинг олий намунасини англайсиз. Алишер Навоий“Маҳбул-ул-қулуб” асарида “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” деб мана шундай одамларни назарда тутган бўлса, не ажаб.

Биз тилимиз билан фахрланишга ҳақлимиз. Она тилимиз шунчалар бойки, қадри ҳам қадди ҳам тоғлар каби сарбаланд.

Тўпланган билимларимизга асосланиб айтадиган бўлсак, бизда йиғламоқ сўзининг 36 хил, юз сўзининг 8 хил, шамол сўзининг 30 хил шаклини учратасиз. Бундай рўйхатимизни истаганча давом эттиришимиз мумкин.

Тизза орқа қисми тилимизда тўпиқ деб номланади. Ваҳоланки, бу сўзни дунёнинг бошқа бирор тилида учратмайсиз.

Заҳриддин Муҳаммад Бобур ўз асарларидан бирида Алишер Навоий турк назмида байроқ кўтариб, битта қалам билан довруғини дунёга ёйиб, турк тилининг ўлган руҳига Масиҳ нафасдек жон ато қилганлигини ёзган эдилар.

Бугун ҳам тилимизга бўлган ҳурматсизлик ҳолатлар учрамоқда. Биз ёшлар ҳам худди Навоий бобомиздек, тилимиз қаддини ҳамиша сарбаланд этмоғимиз шарт. Тилимиз билан боғлиқ муаммоларнинг ечими эса-она тилимизни севиш, уни ардоқлаш билан боғлиқдир. Мана шу паллада кўп нарса бизга боғлиқдир. Бир ёқадан бош чиқариб, тилимиз ҳимояси учун бирлашишимиз, катта майдонга чиқишимиз шарт.

Ҳайкал қўйишга арзигулик тилимиз бор, биз бу ҳайкални аввало, қалбимизда унга бўлган чексиз ҳурмат орқали намоён бўлмоғи лозим, сўзлаётган сўзларимиз ва қилаётган амалларимиз билан она тилимиз қадрини юксалтирайлик!

СОҲИБЖОН ҲОТАМОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти