АРОСАТДА ҚОЛГАНМАН, АЛДАНИШДАН ТОЛГАНМАН…

0

 

 

* * *

 

Умрим оқар сув янглиғ тезлашгани тезлашган,

Жилғалар ирмоқларни излашгани излашган,

Кўролмаслар, номардлар қасд қилишин қўймасдан,

Ажал келар кунимни кўзлашгани кўзлашган.

Умрим оқар сув каби тезлашгани тезлашган.

 

* * *

 

Бало, урма, дегандим, балонинг қаҳри келди,

Аллакимнинг афтидан илоннинг заҳри келди,

Тўғрига йўйилган иш эгридан эгри келди,

Гуноҳим савобим-ла тузлашгани тузлашган,

Умрим оқар сув янглиғ тезлашгани тезлашган.

 

* * *

 

Аросатда қолганман, алданишдан толганман,

Қора қисмат қаърида қарғанишдан толганман,

Қалбим қимир этмайди, айтинг, қачон ўлганман?

Ажал қонли кўксим-ла юзлашгани юзлашган,

Умрим оқар сув янглиғ тезлашгани тезлашган.

Олимжон ҲАЙИТ