КИЛЛЕР… (9-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

***

 

Вадимга Валининг ўткир кўзлари ёқиб қолди. У машинани катта тезликда бошқариб бораётганига, рўпарадан келаётган машиналарнинг чироқлари баъзан кўз очишга қўймаётганига қарамай, тез-тез болакайга қараб олишга улгурар, қиррабурун бу боладан умиди катта эди.

— “Худо хоҳласа, бундан зўр шогирд чиқади. — кўнглидан ўтказди Вадим. — Агар ишончимни оқласа, бор маҳоратимни ўргатаман бунга. Ажабмаски… Тўхта, мабодо сотиб қўйса… Йўғ-э, бу бола сотмайди. Ана шунга биринчи навбатда ўргатаман уни…”

Тоғдан ўтгунларича ярим кеча бўлди. Жуда чарчаганини Наманган ҳудудига ўта бошлаганларидагина ҳис қилди Вадим…

Йўқ, буёғига машина ҳайдай олмайди. Яхшиси, бирпас мизғиб олади. Худо кўрсатмасин, бирор фалокат бўлиб…

Вадим секин ортига ўгирилиб қаради. Рухсора аллақачон ўриндиқ бурчагига бошини буркаб олганча ухлаб қолганди. Фақат Вали ҳамон олис-олисларга тикилганча жим ўтирарди.

— Хўш, Валижон, — деди Вадим унинг бошига қўлини қўйиб. — энди бирпас мизғиб олмасак бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Сенам ухла, ҳадемай тонг отади!..

— Балки машинани мен ҳайдаб кетарман? — ўткир кўзларини Вадимга тикиб сўради Вали. — Ҳайдашни биламан…

— Нима? Сен-а?.. Қўй, тунда машина ҳайдашнинг ўзи бўларканми?.. Ўт, дамингни ол! Эртага қиладиган ишларимиз кўп, болакай!..

Вали истамайгина бошини ўриндиқнинг бир четига қўйиб кўзларини юмди…

 

***

 

Қўриқчиларнинг бошида баққолнинг ўзи турарди. У асабийлашиб тез-тез соатига қараб қўяр, негадир безовта эди.

— Ишқилиб, у баттол йўналишини ўзгартириб юбормаган бўлсин-да! — деди у Мавлон ғилайга. — Билиб бўладими? Тулкигаям чап беради унақа хунасалар.

— Э, ака, чап бериб қаергача боради-а? Жа борса, Наманганга, ё Анжонга бурворар… Хавотир олманг, буёғини пишитиб қўйганман.

— Балосан-да, ғилай, — қорнини силкитиб-силкитиб кулганча, ғилайнинг елкасига қоқди баққол. — Худо бекор кўзларингни ғилай қилиб яратган. Агар соғ қилиб яратганда, янаям катта ишлар қилган бўлардинг…

Ғилайга бу гап ёқмади шекилли, бурнини жийириб норози тўнғиллаб қўйди.

— Жа ерга ураверманг, ака, ғилай бўлсам ҳам, нишонга бехато урадиганларданман…

— Буни биламан, биламан!..

Ниҳоят тонг ёришиб, яқин атрофдаги хўрозлар баравар қичқира бошлашди. Машинадан эса, дарак йўқ эди…

Шу тобда баққолнинг чўнтагидаги телефон безовта жиринглади.

— Алло!.. Ҳа-а, сизми Самад ака?.. Нима?.. Ие, шунақами?.. Оббо баттол-ей!.. Ака, сиз сираям хижолат тортмай келаверинг, ҳа!.. Э, биз ҳамма чорасини кўриб қўйганмиз!.. Биздан қочиб қутулолмайди…

— Ҳа, ака, бирор гап бўптими? — баққол телефонни қайтиб чўнтагига солиши билан сўради ғилай. — Нима бўпти?

— Менга қара, ғилай, — дея қўлларини мушт қилди баққол. — тез одамларни ёнингга олгин-у, Наманган йўлига жўна!.. Итдан тарқаган ўша ёққа бурилиб кетганмиш…

— Унда нега Самад аканинг ўзи қувиб етмабди?

— Аҳмоқ бўптими шундай катта одам қаёқдаги мишиқиминан сичқон-мушук ўйнаб?!.. У киши бизга буюрган тутишни, уқдингми? Бор, вақтни ўтказма!..

Ғилай шоша-пиша сал нарида турган қўриқчилардан иккитасини ёнига олди-ю, Нексиясига ўтириб Наманган тарафга йўл солди…

 

***

 

— Биз нега буёққа бурилдик-а?.. — Рухсора бирдан безовталаниб Вадимнинг елкасига осилди. — Ахир, бу йўл Наманганга олиб боради-ку!..

— Жоним, сен сира хавотир олма! — дея уни юпатган бўлди Вадим. — Орқада “дум” бор. Менимча, бу қанжиқлар яна бир балони ўйлаб топишганга ўхшайди.

— Ким?.. Нимани ўйлаб топади?

— Ҳозиргина Самаднинг машинасига кўзим тушгандай бўлди. Адашмасам, орқамиздан изма-из келаётганди. Ҳозир эса, негадир бошқа йўлга қайрилиб кетворди…

— Э, намунча ваҳима қиласиз? У аҳмоқмиди орқангиздан шунча жойгача кузатиб келиб? Қўйинг, шу Наманган томонга бормайлик!.. Ҳов анави йўлдан юрсангиз, Қўқонга олиб боради… Илтимос, Вадим, негадир шуёқларга оёғим тортмаяпти!..

— Ўлиб кетишимизни истаяпсанми? — жаҳл билан машинани тўхтатиб Рухсорага ўгирилди Вадим. — У итфеълларга ишониб бўлармиди. Ҳар бало келади уларнинг қўлидан.

— Оббо!.. Сизам кам эмассиз ўшалардан. Намунча ўзингизни ерга урмасангиз? Кимсан киллер деган номингиз бор. Сал ботирроқ бўлсангиз-чи!..

— Шунақа дегин? Яхши… Сен айтганча бўла қолсин. Нима дединг, Валижон?..

Вали кулимсираганча бош ирғади.

Вадим машинани яна Қўқон йўлига бурди. Ва овозининг борича бақирди.

— Таваккал!.. Биз уларга кўрсатиб қўямиз!..

 

***

 

Баққолнинг телефони яна жиринглади.

— Алло!.. Эшитаман!..

— Яхшилаб қулоқ сол! — бу Самад аканинг товуши эди. — Ўлжанг Қўқонга қараб келаяпти.

— Ака, нега бирдан фикридан қайтиб, Қўқон томонга бурилдийкин-а? — ҳовлиқиб сўради баққол. — Тағин бир балони ўйлаб қўйган бўлмасин!

— Қуёнюраклик сенга ярашмас экан, баққол! — кулди Самад ака. — Сен ўша балога қарши тайёргарлик кўр! Нега қоққан қозиқдай бир ерда михланиб ўтирибсан. Йигитларни кўпайтир. Яхшилаб қуроллантир!..

— Хўп бўлади! Ҳаммаси айтганингиздай бўлади.

— Айтганча, сени огоҳлантириб қўяй! Вадим менга ҳозирча тириклай керак, уқдингми?

— Уқдим.

— Яна… Аҳмоқлик қилиб оттириб-нетиб юрмагин. Бошингминан жавоб берасан.

— Хўп бўлади, ака!..

— Нега бунча безовтасан? — Рухсоранинг тинимсиз уф тортаётганини кўрган Вадим яна машинани тўхтатди. — Бирор еринг оғрияптими?

— Йўқ, — деди Рухсора қовоғини уйиб. — ҳеч қаерим оғримаяпти… Нега тўхтатдингиз машинани?.. Шундоғам кечикаяпмиз.

— Қаерга кечикаяпсан?

— Қаерга бўларди? Ўша… Танишингизникига-да!..

— Ие, нега кечикарканмиз? Энди тонг отган бўлса. Етиб борамиз-да тушгача бемалол!..

Шу пайт ёнларидан қора “Мерседес” ўқдай учиб ўтиб юз метрлар чамаси нарида қаттиқ тормоз бериб тўхтади.

— Тамом! — деди Вадим машинасини ўт олдираркан. — Ниҳоят етиб келишди хунасалар. Хўш, энди нима қиламиз?

Рухсора елка қисиб ўриндиқ четидаги сумкага ишора қилди.

— Олинг сумкадаги матоҳни!.. Керак бўлса, отасиз.

— Сен қўрқмайсанми? — Валига юзланиб сўради Вадим. — Милтиқ овозидан қўрқмайсанми?

— Нега қўрқарканман? — иягини кўтариб деди Вали. — “Глушители” бор-ку!.. Овози жуда паст чиқади.

— Шуларниям биласанми ҳали?.. Бўпти, пешонадан кўрдик… Тўғриси, шу сафар одам ўлдирмоқчи эмасдим. Мажбур қилишади шекилли…

Вадим шоша-пиша сумкадаги винтовкани олди-да, ўқлаб, ёнига қўйди…

Машина ичидан ҳеч ким тушмади. Вадим ҳайрон эди…

Хўш, улар нимани кутишаяпти?..

Шу тобда қўл телефони асабий жиринглади.

— Алло, ким бу?

Гўшакдан нотаниш овоз эшитилди.

— Винтовкага бекор ёпишаяпсан, йигит!.. Яхшиси, индамай машинангни ҳайда!.. Бизнинг орқамиздан борасан, буйруқ шундай!..

— Сен ўзинг ким бўласан? — сўради Вадим.

— Ишинг бўлмасин. Барибир танимайсан.

— Бу ерларда мен танимайдиган одамнинг ўзи йўқ.

— Танимайсан дедим-ку, ҳайда машинани!..

— Буниси қизиқ бўлди-ку!.. — совуқ тиржайиб Рухсорага ўгирилди Вадим. — Хўш, энди нима қиламиз?

— Ҳайдайверасиз, нима қилардингиз?..

— Ҳайдасам ҳайдайвераман-да, жин урсин!..

Вадим машинани ўт олдириб газни босди. “Мерседес” олдинда ўртача тезликда кетиб борарди. Кўз очиб юмгунча улар баққолнинг маҳалласига етиб келиб тўхташди. Икки юз метрлар нарида катта йўлнинг ўртасига яна бир “Мерседес  кўндаланг қўйиб қўйилганди. Атрофида беш-ўн чоғли қуролланган йигитлар айланиб юришарди.

— Кўрдингми? — деди Вадим уларга ишора қилиб. — Биз энди ростакамига қопқонга тушдик… Ўшанда сени гапингга кирмай навбатиминан тинчитиб юбораверсам бўларкан…

— Агар тинчитиб юборганингизда, — — деди Рухсора. — сизга қўшилиб менам ўлиб кетардим…

— Нима?.. — кутилмаган гапни эшитиб Вадимнинг қошлари чимирилди. — Ўлиб кетардим?.. Мени деб ўлишни истамайсанми?

— Аҳмоқ бўлибманми?..

— Ахир… Уёқда… Менинг бўйнимга осилиб ялинганинг-чи?..

— Э, бас қилинг!..

Рухсора тўсатдан эшикни очди-ю, ташқарига ўзини урди.

— Вой қанжиқ-ей!.. — ғазабдан тишларини ғижирлатди Вадим. — Мен… Қўйнимда илон олиб келганга ўхшайман… Шошмай тур ҳали. Кўрсатиб қўяман сотишни…

У кутилмаган ҳаракат билан винтовкани қўлига олди-да, баққолнинг йигитлар томон кетиб бораётган Рухсорага тўғрилади…

Аммо орқадан келган бир йигит унга халал берди. У қўлидаги автоматни нақ Вадимнинг пешонасига қадаб қўйганди.

— Вей, туш машинадан, етиб келдинг! — ўдағайлади  Вадимга. — Бекорга чиранма, барибир отолмайсан бу аёлни!..

Вадим итоаткорона винтовкани жойига қўйиб машина эшигини очди.

— Олдимга туш! — буюрди йигит автомат қўндоғи билан Вадимнинг белига туртиб. — Уёқ-буёққа ўзингни ташламай жим юр!.. Йўқса, итдай ўлиб кетасан…

Вадим олдинга кетиб бораркан, Вали эсига тушиб бирдан ортига ўгирилди.

— Бола!.. Машинада бола қолиб кетди…

— Юр, дедим!.. Болани ит емайди… Олиб боришади униям…

 

***

 

Вадим етиб келганда жуда хунук манзара намоён эди. Баққол, Самад ака, Шўртумшуқ йўл четида гаплашиб туришар, улар орасида Рухсора ҳам бор эди. Нуқул ҳиринглаб, гоҳ Самад акага, гоҳ Шўртумшуққа карашма билан қош қоқиб қўярди.

— Ифлос! — кўнглидан ўтказди Вадим Рухсорага алам билан тикилиб. — Ҳаммаси шу қанжиқнинг иши экан… Афсус… Шунинг гапига кириб Наманганга бормабман-а!.. Қандай аҳмоқман!..

— Буни машинага ортинглар!.. — қўриқчиларга буюрди Самад ака. — Тўғри баққолникига борамиз…

Вадимни Валига қўшиб алоҳида машинага ўтқазишди. Рухсора эса…

Рухсора Самад ака ўтирган машинага чиқди…

Машиналар карвони саф тортганча Қўқон ичкарисига қараб йўл олди…

Баққолнинг ҳовлисига келгандан сўнг қўриқчи йигит Вадимни турта-турта ертўла томон бошлади. Бунақанги ертўла воқеаларига кўникиб қолган Вадим сира тап тортмасдан пастга тушиб борди…

Баққолнинг ертўласи жуда оддий, зах эди. Фақат ичкарига ранг-баранг чироқлар қўйиб, ерга гиламлар ёйилганини айтмаса, оддий ертўладан фарқ қилмасди…

Қўриқчи ертўла ўртасига етганларида, Вадимнинг елкасидан ушлаб тўхтатди.

— Қимирлама!..

Ўзи эса, орқаси билан юриб бориб эшиклардан бирини очди. Вадим билдики, уни камерага тиқишаяпти…

— Уф-ф!.. Вей, Болани эҳтиёт қилишгин! — дея қичқирди қўриқчига қараб. — Агар унга бирор гап бўлса, каллангни оламан сенларнинг!..

— Нима?.. Калла олишни кўрсатиб қўяман, бойвачча!..

Қўриқчи жаҳл билан чунонам туширдики, Вадимнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди.

— Кир ичкарига!.. Керак бўлганингда олиб чиқамиз!..

 

***

 

Вадим ўтирган ер зах ва қоронғи эди. Бу ҳам етмагандек, суваракларнинг визиллаган товуши одамнинг асабига тегарди. У жуда чарчагани, аъзойи бадани эзилиб бораётганига қарамай, ухлаёлмас, ўша суваракларнинг қулоқ-пулоғига кириб кетиб қолишидан чўчирди…

Бир соатлар ҳеч нарса ҳақида ўйламай, жим ўтираверди… Бора-бора қорни очиб бораётганини ҳис қилди. Афсуски, унга ҳеч ким овқат олиб келмасди…

— “Бу дунё жуда қизиқ экан-да! — ўйлади Вадим ер чизиб. — Келиб-келиб суюқоёққа кўнгил қўйибман. У бўлса, нафақат суюқоёқ, балки ғирт сотқин, ҳароми экан… Падарингга лаънат!.. Қани илгариги ҳолатим бўлса-ю, пешонасидан дарча очиб маза қилсам!.. Валига нима бўлдийкин?.. Ишқилиб, қийнаб-пийнаб юришмаган бўлишсин!..”

Соат неча бўлганини билмасди. Ертўладаги қоронғилик худди абадийдек, бирдай қотиб турарди. Бир маҳал ертўла эшиги шарақлаб очилди ва кимдир ичкарига кирди…

— “Қўриқчидир-да, кўнглидан кечирди Вадим кўзига урилаётган фонар нурига бепарво тикилиб. — бошқа ким ҳам кирарди бу сассиқ ерга…”

Адашибди. Қаршисида… Рухсора пайдо бўлди.

Ие, бу нега кирди ертўлага?..

Вадимнинг кўзларига шу қадар совуқ ва ёқимсиз кўриниб кетдики…

Кучининг борича шапалоқлаб юборгиси келиб кетди. Аммо… Аёл кишига қўл кўтаришни ўзига эп кўрмадими, қўлини қайтиб олди.

— Хўш, нима иш билан кирдинг? — сўради Рухсорадан. — Яна қандай нағмаларинг бор?..

— Мени олдингизга элчи қилиб юборишди.

— Нима?.. Элчи қилиб?.. Нега?.. Мен ким бўлибманки, элчи жўнатишса?..

— Сиз ҳалиям ўзингизни пастга урасиз-а!.. Кўзингизни очсангиз-чи!.. Ҳаммаси сиздан ҳайиқади, ҳадиксирайди… Уларнинг кўз ўнгида жуда хавфли одамсиз…

— Бўпти… Нима истайсан мендан?..

— Сизга яна бир имконият беришмоқчи. — деди Рухсора. — Гуноҳларингизни ювишингиз учун яна бир имконият…

— Бу сафар нима каромат кўрсатишим лозим экан?.. Тўхта, бу гапни ўша Самаднинг ўзи айтса ҳам бўларди-ку! Нега энди айнан сени юборди?..

— Буёғини сўраманг!.. Мени қийнаманг!..

— Сенам қийналасанми? Сен-а?..

— Сиз ниманиям тушунардингиз?.. Қалб бормиди сиз эркакларда…

— Қалб?.. Унақанги нарсалар нариги дунёдагина бўларкан. Энди тушуниб етдим. Шундай экан, бор кет бу ердан!..

— Сўрамадингиз-ку нима имкониятлигини?!.

— Ҳа-я, сўрамабман. Хўш, гапир!..

— Биласизми… Самад ака айтдики…

— Чайналмай тезроқ гапирсанг-чи!..

— Хуллас, тирик қолишни истасангиз, ҳамманинг кўз ўнгида у кишининг оёқларини ўпиб тавба қилишингиз керак экан.

— Нима?.. Оёқларини ўпиб?.. Чучварани хом санабди ўша Самад аканг. Шундай деб айт!..

— Бу… Ахир қийин иш эмас-ку!..

— Сен учун қийин эмасдир. Аммо мен… Ғурурини ерга топтайдиганлардан эмасман…

— Майли, ўзингиз биласиз…

— Менга қара, — Вадим кутилмаганда Рухсорани қучоқлаб ерга ётқизиб олди. — сен мени сотдинг-а?.. Кўнглим бўшлигидан, бу соҳада тажрибам йўқлигидан фойдаландинг… Лекин билиб қўй, менам аҳмоқмасман… Банкда Самад совға қилган миллионлаб пулларим ётибди. Сен бу ҳақда умуман билмасдинг… У пулларни ўзимдан бўлак ҳеч ким ололмайди…

Рухсора Вадимдан ҳеч қачон бу гапни эшитмаганди. Ҳайрон қолди. Қизиқ… Гўл, шалвираган, содда деб ўйлаган йигитнинг миллионлаб пуллари бўлса…

Рухсора шу қадар тез ўзгардики, Вадимнинг ўзи ҳам ҳайрон қолди.

— Менга қаранг, — деди у эркаланиб. — тўғри, анавиларнинг гапи билан сизга кўп озор етказдим. Бунинг учун керак бўлса, қоним билан айбимни ювишгаям тайёрман… Фақат… Кечиринг!.. Ўлган онамнинг арвоҳини ўртага қўйиб қасам ичаманки, бундан кейин сизга содиқ бўламан…

— Ол-а, — кулди Вадим. — шунчалар устамонлигингни, пулга ўчлигингни аввал билганимда, ўз қўлларим билан бўғизлаб қўя қолардим… Афсуски… Ҳозир менга кераксан…

— Айтинг, жаҳаннамга бор десангиз ҳам тайёрман.

— Бу ердан қочишимга ёрдам берасан. Лекин билиб қўй. Оғзингга сиққан ҳақни бераман-у, шу билан хайрлашамиз…

Рухсора нозик қўллари билан Вадимнинг баданларини сийпалай бошлади.

— Йўқ, акажон, бу шартга рози бўлолмайман.

— Нега?

— Чунки бир умр сиз билан бўлишни истайман.

— Э, сени бошимга ураманми?

— Бошингизга урмасангиз, ҳеч бўлмаганда хизматкорликка яраб қоларман…

— Бўпти, олдин айтганимни қил. Кейин ўйлаб бир қарорга келармиз…

Ҳақиқатан Вадимга ҳозирги паллада қандай бўлмасин бу ертўладан қочиб қолиш зарурроқ эди. Шу сабабли Рухсора билан тортишиб ўтиришни истамади…

 

***

 

Аёл макри қирқта туяга юк бўлади. Айниқса, Рухсоранинг макри… Шундай содиқ қўриқчини ҳам бир ҳамла билан ўз ўлжасига айлантирди…

Ҳаммаси оддийгина содир бўлди. Қўриқчи ўтган гал чиқиб кетаётганда унинг сонларига, бўлиқ сийналарига еб қўйгудай термулиб қолганди. Ана шундан фойдаланиб қолмоқчи бўлди…

Тунда ҳамма ухлаган пайт эгнига калта юбка кийди. Кўйлакнинг атайин кўкракнинг ярмини кўрсатиб турадиган хилидан танлади. Сочларини ёйиб, енгилтак аёлларга хос ўрдак юриш билан ертўлага тушиб келди. Ҳақиқатан қўриқчи лол қолди. Ўзини тутиб туролмади. Уёқ-буёққа аланглаб олган бўлди-ю, Рухсоранинг орқасидан келиб маҳкам қучоқлади.

— Жонидан, қаёққа?.. — дея ҳарсилларди у. — Аввал мени хурсанд қип кетмайсизми?.. Сиздақаси кам бўлади дунёда.

— Йўғ-э, — йўлига типирчилаб эркаланган бўлди Рухсора. — жа билағон экансиз-ку-а?!. Билиб қўйинг, бекорга мушук офтобга чиқмайди.

— Бўпти, қанча сўрайсан? Айт!..

— Менга пул керак эмас. Керак бўлса, сизга беришим мумкин ўша сассиқ пулларни.

— Унда нима истайсан, опоқ қиз?.. Оҳ, кўкракларингдан аканг!.. Айтақол, осмондаги ойни оберинг десангам розиман!..

Қўриқчи Рухсорани ерга босиб улгурди. У билдики, бу лақмани бемалол кўндирса бўлади.

— Анави қамоқда ётган йигитни ҳеч кимга билдирмай чиқариб юборасиз. Эвазига мен… — Рухсора йигитнинг нозик жойидан оҳиста ғижимлаб қўйди. — Эвазига сизни хурсанд қиламан…

— Ахир… — Қўриқчи беихтиёр ўрнидан туриб кетди. — Ахир, калламни олишади-ку!..

— Вой, шунчалик қўрқоқмисиз?.. Майли, ўзингиз биласиз… Унда… — Рухсора ҳам шартта ўрнидан туриб юбкасини тўғрилади. — Ҳозир чиқаман-да, қўриқчингиз мени зўрлади деб айтаман.

— Нима?.. Йўқ, йўқ, илтимос, ҳеч кимга оғиз очманг!.. Бўпти, розиман…

— Нимага розисиз? — атайин сўради Рухсора.

— Ўша… Йигитни… Майли, чиқариб юбораман… Энди келинг, бағримга киринг!..

Қўриқчи Рухсорани таппа ерга босди-да, кўйлагини ечиб ташлади…

 

***

 

Қоронғи тун. Элас-элас итларнинг вовиллашигина ташқаридаги сокинликни бузарди холос. Ҳарқалай, ёғин-сочин йўқ. Фақат ҳаво бироз совуқ…

Қўриқчи йигит Рухсора ва Вадимни ертўланинг бошқа бир бурчига олиб борди. У ерда бир одам сиққулик туйнук бор экан. Ғишт билан шунчаки ёпиб қўйилган экан. Ғиштларни олиб ташлади-да, икковларига юзланди.

— Шу ердан чиқсаларинг, катта кўча. Бемалол уёғига такси тўхтатиб кетаверасизлар… Лекин… — У секин Рухсоранинг қулоғига пичирлади. — Сизни бир умр унутмайман…

Рухсора йигитга жавобан сонини чимчилаб қўйди-ю, Вадимнинг кетидан ташқарига ўзини урди…

Улар чиқиб қолган йўл айнан довон орқали Тошкентга кетаркан. Ўн дақиқалар деганда ўткинчи машинани тўхтатиб Тошкентга жўнашди…

Вадим бу қадар осон қутулишни тасаввур қилмаганди. Ич-ичидан севиниб ёнида ўтирган Рухсорага ўғринча қараб-қараб қўйди…

У бошини ўриндиққа қўйган кўйи индамай кетиб борарди.

— Бузуқи қанжиқ-ей, — кўнглидан ўтказди Вадим. — пул деса, отасиниям сотадиганлар хилидан экан… Оласан пулни…

Машина довонга яқинлашиб юқорига кўтарилиб борарди. Беихтиёр Вадимнинг нияти бузилди. Ўнидаги сумкадан ҳайдовчига ҳам, Рухсорага ҳам сездирмаган ҳолда винтовкани чиқарди ва ўқланган-ўқланмаганини текшириб кўрди. Ҳаммаси жойида. Ҳозир… Ерости йўлига кирса ҳисоб. Бу қанжиққа кўрсатиб қўяди…

Йўқ, машина ерости йўлигача етиб боролмади. Вадимнинг сабри чидамади. Винтовкани қайтадан қўлига олиб ҳайдовчининг бошига тиради.

— Тўхтат машинани!..

Ҳайдовчи кутмаганми, қаттиқ тормоз берди. Ўзи эса, ҳатто нафас олишга-да қўрқиб жим ўтирарди.

— Нима бўлди? — Рухсора кўзини очиб атрофга аланглади. — Вой, нима қилмоқчисиз?

— Ташқарига чиқ!.. — Рухсорага буюрди Вадим. — Бўл тез!..

— Хўп, хўп!.. Вой Худойим!..

Рухсора итоаткорона эшикни очиб ташқарига чиқди.

— Сен қимирламай ўтир! — деди Вадим ҳайдовчининг бошидан винтовкани олиб ташқарига — Рухсора томонга тўғриларкан. — Қимирласанг, ўласан!..

Шундан сўнг ўзи ҳам ташқарига чиқди. Рухсора икки метрлар нарида қотиб турар, нималар бўлаётганини ҳамон фаҳмлай олмасди.

— Олдинга қараб юр! — деди Вадим. — Бўл тез!..

Рухсора индамай олдинга юра бошлади. Вадим винтовкани унга тўғриларкан, кутилмаганда тепкини босди. Варанглаб чиққан ўқ Рухсорани ерга қулатди…

Аммо… Шу маҳал яна бир кутилмаган ҳодиса юз берди…

Ҳайдовчи Самад акага қарашли одам бўлиб, махсус ёлланган эди. Қўлига тўппончасини олди-да, билдирмасдан яқинлашиб келиб, Вадимнинг бошига тиради.

— Акаси, ўлим билан кў-ўп олишдинг! Чарчагандирсан-а?.. Қара, шундай Самад ака сени тирик қолдирмоқчийди. Афсуски, яна қовун туширдинг… Нимаям қила олардим. Буйруқни бажармасам бўлмайди…

Тўппонча ишга тушди. Вадим қонига бўялиб ерга йиқилгандан кейин ҳам ҳайдовчи кўксини мўлжаллаб отди. Сўнгра юрак уришини ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўрди. Ҳаммаси жойида. Сотқин жон берибди…

— Бундайларнинг мурдаси қабристонниям булғайди. — деди ҳайдовчи иккала мурдани кўтариб машина юкхонасига ортаркан. — Қани, той бола, ҳой Валижон, туш энди юкхонадан, бўтам!..  Кел, яхшиси уларни дарёга оқизиб юбора қолай!.. Қара-я, яхшиям анави ўрис ҳаромининг тарбиясини олиб қўймадинг! Бўлмаса, сенам бир кун келиб мана шундай ўлим топардинг… Худо асрасин!..

Болакай гарчи мурдаларни кўриб қўрқиб кетган бўлса-да, ҳайдовчига билдирмас, машина ойнасига бошини қўйганча жим ўтирарди…

Машина жойидан қўзғолгач, қаердадир бойқушнинг хунук товуши эшитилди. Қайсидир дарахтдаги қушлар безовталаниб ўзларини шохдан-шохга ура бошлашди…

Ҳаёт давом этарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ