Мактабларда II чоракдан бошлаб дарслар давлат мадҳиясини жўр бўлиб куйлашдан бошланади

0

Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида II чоракдан бошлаб дарс ва машғулотлар давлат мадҳиясини куйлашдан бошланади. Бу ҳақдаги маълумотни Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров Kun.uz’га тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда вазир ўринбосари Дилшод Кенжаев томонидан 2019 йил 17 октябрь куни имзоланган ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига ҳамда вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари раҳбарларига юборилган хат фотосурати тарқалди.

Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги видеоселектор мажлиси баёнининг 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида, 2019-2020 ўқув йилининг II чорагидан бошлаб барча мактабларда дарслар ва машғулотлар ҳар куни Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳиясини ўқувчилар томонидан жўр бўлиб куйлашдан бошланади.

Бу ўқувчиларда ватанпарварлик ҳиссини ривожлантириш ҳамда давлат рамзларига нисбатан ҳурматни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилиши айтилади. Мансабдор шахслардан бу борадаги ишларни йўлга қўйиш борасида тегишли чоралар кўриш сўралган.

loading...