Қамаши туман ҳокими ваъдасида турмади. Қулаш арафасидаги кўприк бир ой ўтган бўлса-да, таъмирланмагани маълум бўлди

0

Сентябрь ойида Қамашида қарийб 7 минг аҳоли корига яраётган кўприк қулаш арафасига келгани ва қишлоқ аҳли «қамал»да қолаётгани тўғрисида хабар берилганди.

24 октябрь куни ўша кўприк жойлашган Қўшкапа қишлоғида бўлган «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошевнинг маълум қилишича, 17 сентябрь куни бошланиши ваъда қилинган қурилиш ишларидан ҳамон дарак йўқ.

Суратлардан кўриш мумкинки, кўприкнинг силжиб, қулаш арафасига келган қисми ўпириб олинган. Силжиётган бетон олиб ташлангач, катта жарлик юзага келган. Шунга қарамай йўлда автомобиллар ҳаракати давом этмоқда.

Аҳолининг айтишича, ушбу йўлда ҳаракат илгаригидек давом этмоқда.

«Мутасаддилар вазиятга бепарво қарашгач, аҳоли ҳам бемалол ҳаракатни давом эттиряпти. Биз бундан жуда қўрқяпмиз», — дейди аҳоли вакиллари.

Кўприкдан нафақат енгил автомобиллар, умумий вазни 3,5 тоннадан ортиқ автомобиллар ҳам ҳаракатланмоқда.

Дастлабки мақолада туман ҳокими ўринбосари Қурбон Ҳайдаров кўприк таъмири учун қурилиш ташкилоти жалб қилинганлигини, 17 сентябрь куни лойиҳачилар, ундан сўнг эса қурувчи ташкилот вакиллари келиб иш бошлашини маълум қилганди. Бироқ орадан бир ой муддатдан кўп вақт ўтаётган бўлса-да, қурилиш ишлари бошланмаган.

 

daryo.uz

 

loading...