КИЛЛЕР… (10-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Ҳайдовчи машинани тўғри тоғ чўққисига ҳайдади.

Қоронғи тун. Онда-сонда қарама-қарши томондан келаётган машиналарнинг чироғи кўз очишга қўймайди. Очиқ ойнадан тоғнинг муздек шабадаси юзларга урилиб, этни жунжиктиради…

Машина тобора юқорига кўтарилиб бораверди. Валининг ҳамон юраги безовта урар, бояги кўрганлари кўз ўнгида бетиним айланиб, кўнглида даҳшатли қўрқув уйғота борарди. Аммо хотиржамгина рулни бошқариб кетаётган ҳайдовчи амакига бир сўз айтишга ҳайиқарди. Чунки ёнида қуроли борлигини, ҳозир бирор ортиқча сўз айтиб қўйса, отиб ташлашини ўйлаб тилини тишларди…

— Менинг исмим Тўравой, — кутилмаганда жимликни бузди ҳайдовчи. — Тўра амаки деб чақиравер!.. Менга қара, нега индамайсан?..

Ана шу сўз ҳаммасини алғов-далғов қилиб юборди…

Машинанинг мотори тўсатдан ўчиб қолди. Тўравой ака шоша-пиша тормозни босди. Афсуски, шу маҳалда тормоз ҳам ишламади.

Машина орқага ўқдай учиб кета бошлади…

Бундай вазиятларда ҳеч бир куч машинани тўхтатиб қололмасди…

— Сакра!.. — бақирди Тўравой ака. — Болакай, сакра!.. Мен машинани тоққа бориб ураман, сакра дедим сенга!..

Вали нима қилишни билмасди…

Жонҳолатда эшикка ёпишиб очмоқчи бўлди. Лекин кучли шамол эшик очишга қўймади…

Тўравой ака куч билан рулни буриб машинани тоққа йўналтирди…

Ниҳоят машина тоққа бориб урилди… Урилди-ю, ағанаб, йўл четига қўйилган бетон тўсиқлардан ҳам ошиб, пастга — жарлик қаърига шўнғиди…

 

* * *

 

— Ана, ўзига келаяпти! Ўзига келаяпти!..

Валининг қулоғига аллакимларнинг шивир-шивири кирарди-ю, ўзини ўнглаб, кўзларини очолмасди… Кўз очишга қандайдир оппоқ пардасимон тўсиқлар халал берарди. Худди ҳозир кўзларини очса, кўр бўлиб қоладигандек туюларди…

— Кўзларингни оч, болажон!.. — дея турта бошлади кимдир. — Қани, шошилмасдан, оҳиста очгин-чи кўзларингни!..

Сўнгги бор шу гапларни эшита олди холос. Тўсатдан боши айланиб қусгиси келди. Ўқчиб-ўқчиб юборди. Лекин ҳеч нарса тушмади…

Боши эса, айланаверди. Қаерларгадир осмонларга чиқиб тушди. Уй тескарисига айланиб юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб кетди…

Сўнгра ҳаммаси жойига тушди. Шундоқ рўпарасида отаси пайдо бўлди. Ғирт маст ҳолда. Оёқда зўрға турарди-ю, нуқул Валининг бошини силаш учун қўл чўзарди. Бироқ ета олмасди. Қалқиб кетаверарди…

— Йўқол! — дея қичқирди Вали йиғлаб. — Сенларни кўришга кўзим йўқ!.. Мени ташлаб кетгансанлар!.. Етимхонага ташлаб кетгансанлар!.. Йўқол!..

— Болакай, ўзингни бос!.. — яна кимдир бошини ушлаб силтай бошлади. — Ҳаммаси ортда қолди, жоним!.. Сен кўзларингни очгин!.. Оча қолгин!..

Вали қўрқа-писа кўзларини очди. Тепасида оқ халат кийган кўҳликкина аёл турар, кўзлари тўла ёш эди.

— Вой, Худойим, хайрият, кўзларинг очилди!.. — деди аёл йиғлаб. — Қўрқма, сен касалхонадасан!.. Худо хоҳласа, тез кунда тузалиб кетасан!..

Вали нимадир демоқчи бўлди. Оғзини очолмади. Бунинг устига оёқлари шу қадар қаттиқ оғрирдики, чидаб туришнинг иложи йўқ эди…

Бирпас ётгандан сўнг яна кўнгли беҳузур бўла бошлади. Ўнбошига ағдарилмоқчи бўлди. Кучи етмади. Яхшики, врач аёл тепасида эди. Дарров қўлтиғидан олиб оҳиста ёнбошига ағдариб қўйди.

— Иҳ-ҳ!.. Оёқлари-им!.. — дея беихтиёр қичқира бошлади Вали. — Иҳ-ҳ!..

— Сабр қил, болажоним, сабр қил!.. Ҳозир укол қилдириб қўяман! Ухлайсан!..

Шу кўйи уч кун ётди. Кўнгил айниши тўхтаган бўлса-да, оёқлари ҳамон азоб берарди. Эрталабки текширувлардан сўнг врач аёл яна тепасига келиб ўтирди. Бирпас ачиниб тикилиб қолди. Ҳамширага нималардир деб пичирлади. Вали нима деганини англай олмади. Оғриқ азоби сабаб қулоғига ҳеч нарса кирмасди…

Врач ўзи туриб укол қилдиргач, ҳамширани олиб ташқарига чиқди.

— Биласизми, — деди у ҳамширага. — бу боланинг ҳеч кими йўққа ўхшайди. Оёқларини кесиб ташламасак бўлмайди. Эзилиб кетган. Агар шу тахлит ётаверса, ўлиб қолади бечора… Боринг, тез марказий касалхонага қўнғироқ қилиб мутахассис чақиринг!.. Унгача мен боладан сўраб тураман!..

Ҳамшира кетгач, у палатага қайтиб кирди. Вали уйқуга кетиб улгурмаган экан.

Секин келиб каравотнинг бир четига чўкди.

— Валижон, опоқмисан энди? — сўради мулойимлик билан. — Оёқларинг сал қўйвордими?

Вали унга жавобан бошини қимирлатиб қўйди.

— Менга қара, сен ўғил боласан, тўғрими? — гапни узоқдан бошлади врач. — Ўғил бола ҳамма нарсага чидашини биласан-а?

Вали яна бошини қимирлатди.

— Жуда яхши… Биласанми, оёқларингни… Кесиб ташламаса бўлмайди… Операцияга чидай оласанми?..

Ўн икки яшар бола оёқ кесиш нималигини қаердан тушунсин?.. Умуман, у ҳозир бу тахлит мулоҳазаларни миясидан кечирадиган аҳволда эмасди. Шунчаки… Бошини қимирлатиб қўя қолди…

— Жон болам, айт, — давом этди врач. — бирор қариндош-уруғинг борми? Бўлса айтсанг, мен ўзим топтириб келардим…

Вали индамай боши билан «йўқ» ишорасини қилди…

Беихтиёр кўзлари ёшланиб лабини тишлади.

— Майли, майли, хафа бўлма! — уни юпата бошлади врач. — Биз бормиз-ку!.. Сени ёлғизлатиб қўймасмиз… Фақат йиғлама!.. Юрагимни эзма!.. Бирор нима егинг келаяптими?.. Кабоб опкелиб беришсинми?..

Бу гаплар албатта кўнгил кўтариш учунгина айтилган эди. Чунки врач ҳозирги вазиятларда Валига парҳезли овқатдан бошқаси мумкин эмаслигини биларди…

Қарадики, бола укол таъсирида кўзларини юмиб уйқуга кета бошлади. Врач аста ўрнидан қўзғолиб унинг устини тўшак билан ёпди-да, оёқ учида ташқарига чиқиб кетди…

Операция муваффақиятли ўтди. Валига қўрқиб кетмаслиги учун аввалдан наркоз бериб ухлатиб қўйишганди…

Афсуски, орадан тўрт-беш соатлар ўтиб у икки оёғидан айрилган ҳолда операция столидан олиниб, палатага ётқизилди…

Энди унга бир-икки ҳафтагача қимирлаш мумкин эмасди…

Орадан йигирма кунлар вақт ўтди. Валининг оёқлари битиш палласига кира бошлади. Кўнгли ҳам айнимай қўйди.

Фақат… Оёқларини узатиб ётгиси келаверарди. Аммо тиззадан баландигина қолган. Бир қарич оёқларни қаергача ҳам узатарди?!.

Бола жони оғриганидан эмас, оёқларини йўқотиб қўйганидан ўксиб қур-қур йиғлаб оладиган одат чиқарди. Тез-тез тушида машинадан йиқилиб тушадиган, орқасидан кимлардир милтиқ отадиган бўлди…

Шундай пайтларда саб бўлмаса ўрнидан сапчиб кетарди. Бироқ қимирлашга имкон йўқ. Уйқу орасида йиқилиб тушмаслиги учун кечаси икки қўлини каравот четига боғлаб қўйишарди…

— Мен энди… Юра олмайманми, хола? — бир куни кутилмаганда сўраб қолди у врачдан. — Доим шундай ётавераманми энди?..

— Нега ундай дейсан, асалим? — дея уни юпатган бўлди врач аёл. — Сенга жудаям чиройли, юмшоқ аравача олиб беришади. Мен катталарга айтдим. Тез кунда опкеп қолишади…

— Мен… Футбол ўйнашни яхши кўрардим. — деди Вали афсус билан. — Бундан буён ўйнолмас эканман-да!..

— Унақа дема!.. Ҳали вақт келиб кўрмагандай бўп кетасан… Хўш, футболдан бўлак яна нимани яхши кўрасан?

— Менми?.. Мен милтиқ отишни ёқтираман… Айтганча, ҳайдовчи амаки қани?

— Қайси ҳайдовчи?

— Мени опкетаётганди-ку!.. Кейин… Биз ағанаб кетдик…

— Ҳа-а, уми?.. Вой болажоним-ей, у киши… Билмадим… Бошқа касалхонада бўлса керак…

— Тирикмикан ишқилиб?

— Албатта… Менга қара, унақанги нарсаларни ҳадеб ўйлайверма!.. Ўзинг соғ қолганингга хурсанд бўл!.. Демак, милтиқ отишни ёқтираман дегин?..

— Ҳа, катта бўлсам, менам Вадим амакимга ўхшаган зўр киллер бўламан.

— Қайси Вадим? — ҳайрон бўлиб сўради врач аёл.

— Э, уни отиб ташлашган…

Врач ҳеч нарсага тушунмай, боланинг пешонасини ушлаб кўрди. Иссиғи чиқа бошлабди. Дарров ўрнидан турди-ю, йўлакка чопди. Вали айтган гапларни шунчаки иситма таъсирига йўйиб қўя қолди…

 

* * *

 

Кунлар кетидан кунлар ўтиб баҳор ҳам яқинлашди. Дарахтлар куртак ёзиб, ҳавонинг заҳри кетди. Бошқа ерларда бўлгани каби касалхона ҳовлисини ҳам қушларнинг чуғур-чуғури босди.

Валининг оёқлари битиб бемалол аравачада юра бошлади. Операциядан кейинги оғриқлар хийла нари кетди. Фақат ҳаво айний бошласа, оёғининг кесилган ерлари чимиллатиб-чимиллатиб қўярди. У ҳаммасига кўникди.

Врач Гулноза опа эса, бу боланинг келгуси тақдири ҳақида қайғура бошлаганди. Ахир, бир умр касалхонада яшамайди-ку!.. Қайсар бола ногиронлар уйига боришни истамаса…

— Қизиқсиз-а! — уни койиб берди бош врач Нўъмон Камолович. — Истамайман деса қулоқ солиб ўтираверасизми? Шартта обориб ўша ерга жойланг, вассалом!..

Гулноза опа ўйлана-ўйлана яна Валининг палатасига кириб борди. Болакай аравачада ўтирганча узоқ-узоқларни томоша қиларди. Хаёлга шу қадар берилиб кетган эканки, врач кириб келганини ҳам пайқамай қолди.

— Валижон, нималарни ўйлаб ўтирибсан?..

Кутилмаган овоздан Вали сесканиб кетди. Шошиб орқасига ўгирилди. Врачни кўриб бироз чеҳраси очилгандек кулимсираб қўйди.

— Нега хомушсан, болажоним? Ў биров хафа қилдими? — Унинг бошини силаб аравачани каравотга яқин олиб борди Гулноз опа ва ўзи каравотнинг бир четига ўтирди. — Қани, менга айт-чи! Нима бўлди?..

Вали бошини қуйи солиб кўзларига ёш олди.

— Ие, ўғил болаям йиғлайдими? — юпата кетди Гулноз опа. — Уят бўлади-ку!.. Қани, тез кўз ёшингни артиб менга гапир-чи!..

— Мен у ерга бормайман. — шивирлади Вали.

— Нимага бормайсан? Ахир, у ерда сенга яхши қарашади!.. Камчилик кўрмай яшайсан.

— Барибир бормайман!..

— Нима учун? Сабаби борми?

— Мен… Вадим амакимга ўхшаб бир ўзим яшашни хоҳлайман.

— Йўқ, унақа демагин, жон болам!.. Одам бир ўзи яшаса, ўлиб қолади-ку!.. Сен ҳали кичкина бўлсанг…

— Мана кўрасиз, барибир қочиб кетаман ўша ердан!..

— Бўпти, бўпти, аввал боргин!.. Ўзинг ҳам ёқтириб қоласан…

Ўша куни Валини «Тез ёрдам» машинасига ўтқазиб ногиронлар уйига олиб кетишди. Бола касалхонадан то кўринмай кетгунча кўзини узолмади…

 

* * *

 

Ногирон болалар уйида Валига ўхшаганлар анчагина эди. Бирининг қўли йўқ, яна бирининг бўйни қийшайиб қолган…

Айниқса, Вали икки қўли бетиним қалтираб турадиган маймоқ болага жуда ачинди. У ҳали жуда кичкина эди. Ҳатто, овқатини ҳам ўзи еёлмас экан…

Барибир бу ер унга ёқмади. Тарбиячи аёллар айланиб-ўргилишларига қарамай, икки хаёли қандай қилиб бўлмасин қочиб қолишда бўлиб, тушга қадар кўзини деразадан узолмади. Лекин деразага қараб ўтирган билан бир иш чиқмасди.

— «Ҳовлини текшириб кўришим керак. — хаёлидан ўтказди Вали. — Агар дарвозада тўхтатиб қолишмаса, зўр бўларди. Шартта катта кўчага чиқардим-да, жўнаб қолардим…»

Соат кундузги ўн иккиларга яқинлашганда, у хонанинг бир четидаги стол қаршисида ястаниб ўтирганча алланималарни ёзаётган тарбиячи Мастуранинг ёнига яқинлашди.

— Опа, ҳовлини айланиб келсам майлими? — мулойимлик билан сўради Вали.

— Йиқилиб-нетиб кетмагин яна!.. — қоғоздан кўзини узмай тайинлаган бўлди тарбиячи.

— Йўқ, йиқилмайман!.. Ўрганиб кетганман…

— Бўпти, борақол!.. Фақат бирпас айлангач, қайтиб келгин!..

— Хўп бўлади!..

Вали хурсандлиги ичига сиғмай, аравачанинг ғилдиракларини қўллари билан тез-тез айлантирганча ташқарига йўл олди…

Биринчи қават эмасми, у кўз очиб юмгунча ташқарига чиқиб олди…

Ҳаво очиқ эди. Қуёш чарақлаб турибди. Эсаётган майин шабада одамнинг баҳри-дилини очади…

Дарвоза ёнида ҳеч ким кўринмади. Қоровул чол ҳов нарида ерга тўкилган хазонларни супурги билан тўплаб астойдил қопга жойлаяпти…

Вали худди осмонларни томоша қилаётган бўлиб, қайсидир қўшиқни хиргойи қилганча аравачасини кўчага йўналтирди. Билдики, ҳеч ким унга эътибор бермади. Аравачани янада тезроқ юргазиб серқатнов йўлга чиқди. Ҳар-ҳар замонда орқасига ўгирилиб олишни ҳам унутмади…

Хайрият, ичкаридагилар билишмади. Энди бемалол боши оққан тарафларга кетаверсаям бўлади…

Қизиқ, ўзи яшаган ахлатхона узоқмикан-а?.. Ўша ерга етиб олганда-ку, кўпчилик болаларни танирди…

Эҳ, нима бўлса бўлар. Барибир бу ерларда қолмайди. Кетади. Кетаверади…

— «Аниқ биламан, ҳозир анавилар мени қидиришаяпти. — ўйлади Вали астойдил олдинга интиларкан. — Агар, тезроқ бу ерлардан кетиб олмасам, тутиб олишади. Тағин ўша сассиқ ерга опкириб қўйишади…»

Тахминан бир-икки чақиримлар юргач, чарчади. Аъзойи баданидан тер қуйилиб ғилдирак айлантиришгаям холи келмай қолди…

Секин четроққа ўтиб атрофга аланглади. Йўл четида пистачи кампирдан бўлак одам йўқ. Фақат ўткинчи пиёдалар жуда кўп экан бу ерларда…

Вали қорни очиб бораётганини ҳис этиб пистачининг столидаги ранг-баранг конфетларга тикилганча тамшаниб қўйди…

Кампир унинг ҳолатини сездими, қўли билан ўзига чорлади.

— Ҳой, бола, бери кел!..

Вали индамай кампирга яқин борди.

— Қаердан бўласан? — сўради кампир унга ачиниш билан тикилиб.

— Ҳеч қаердан. — лабларини буриб жавоб қилди Вали.

— Вой, Худойим, уйинг йўқма?..

— Йўқ.

— Ие, унда қаерда яшайсан энди?..

— Билмасам…

Кампир раҳми келди шекилли, стол устидаги конфетлардан уч-тўрттасини олиб Валига тутқазди.

— Ма, манавиларни еб ол!.. Оёғингга нима қилди, болам?..

— Оёғимгами?.. Э, машинадан йиқилиб тушгандим. Дўхтирлар кесиб ташлашди…

— Вой, вой, вой!.. Бечора бола-я!.. Роса йиғлагандирсан-а?.. Ўмон оғридими?..

— Йў-ўқ, йиғламадим… Ухлатиб қўйишаркан… Турсам, кесиб бўлишибди…

Кампир бош чайқай-чайқай, ўрнидан туриб кетди.

— Менга қара, катта бўп қопсан… Кошки мени уйимда тинчлик бўлсайкан, сен шўрликни опкетиб боқсам… Ўғилларим ғирт пиёниста… Сени сиғдиришмайди…

— Керакмас, хола, ўзим бир амаллайман! — деди Вали иягини кўтариб. — Ўрганиб кетганман…

— Хўш, қандай қорин тўйдирасан кўчада юриб?.. Ҳозирги замонда сенгинага жуда қийин бўлади-ку!.. Менга қара, пул топиш йўлини ўргатайми?..

Вали кампирга синчковлик билан тикилиб қолди.

— Ўргатайми? — давом этди кампир. — Сен-чи, тиланчилик қилгин!.. Уяти бор эканми?.. Ана, кўчада нима кўп машина кўп… Ҳов анави светофоргача борволсанг, ўша ерда туриб тиланаверасан… Қорнингам тўяди, чўнтагинг пул кўради, болам!.. Хўш, нима дейсан?..

Вали бироз ўйлаб тургач, кулиб қўйди.

— Маъқул, хола!.. Тўғри айтдингиз… Ҳозироқ бошлайман…

— Вой, умринг узоқ бўлсин, болажоним!.. Борақол, Худо йўлингни берсин илойим!..

Ҳақиқатан, пул топиш йўлини тополмай турганди. Валига кампирнинг кўрсатган йўли жуда маъқул келиб аравачасини ғилдиратганча чорраҳа томон югуртириб кетди…

 

* * *

 

Гўдаклигидан кўчада катта бўлган Вали учун катта йўл ўртасида уёқдан-буёққа юриш қўрқинчли эмасди. Машиналарнинг ғиз-ғиз ўтиб туриши ҳам одатий ҳол эди…

У қизил чироқ ёниб машиналар тўхташи билан олдиндаги «Нексия» рўпарасига яқин борди. Ва икки қўлини ойна томон чўзди.

— Амаки, садақа қилинг!..

Ҳайдовчи ойнани очиб унга бирпас қараб олган бўлди-ю, чўнтагидан юзталик чиқариб узатди.

— Ма, ол, бола!.. Эҳ, ҳаёт-а, ҳаёт!..

Вали ҳовлиқиб пулни олди-да, чўнтагига тиқиб кейинги машина тарафга қараб юрди.

— Садақа қилинг!..

Шу тахлит икки соатлар чорраҳада юриб пул йиғди. Гулноз опа олиб берган юпқагина костюмининг икки чўнтаги пулга тўлиб кетди… Болага янада жон кирди…

Шу пайт кимдир орқадан келиб аравачани йўл четига итариб кетди. Кутмаганди. Вали жонҳолатда ортига ўгирилиб қаради. Аравача етаклаб бораётган йигит тахминан йигирма ёшларда бўлиб, озғиндан келган, юзларига ҳуснбузар тошган, башараси қўрқинчли эди.

— Ҳа, йигитча, пул ишлаётганмидинг?.. — йўл-йўлакай хохолаб кулди у. — Бизнинг «точка»да-я?..

Вали жавоб беришга улгумай қолди. Йигит уни кўп қаватли уйлар оралиғига олиб борди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди…

Қўрқиб кетди. Ҳозир пулларини олиб қўйса-я!?.

Шоша-пиша икки қўлини пул тўла чўнтакларига тиқиб олди…

Бир маҳал подьездларнинг биридан иккинчи йигит чиқиб келди.

— Опкелдингми «деловой»ни?.. — сўради у шеригига маъноли қараб қўяркан.

— Ҳа, қарасам, жа астойдил ишлаяпти… «Шустрий»га ўхшайди бу чўлоқ!..

— Хўш, нима қиламиз буни?..

— Нима қилардик?.. Агар кўнса, ётоққа обориб анавиларга қўшиб қўямиз. Кўнмаса, дабдаласини чиқарамиз-у, кетаверамиз…

— Вей, йигит, — ниҳоят подьезддан чиққани Валининг тепасига келди. — нимага бизнинг «точка»да тиланаяпсан?..

Вали унга еб қўйгудек тикилди.

— Сизникимас у ер. Тиланавераман…

— Вей, катта кетаверма!.. Ҳозир абжағингни чиқариб қўяман!..

— Чиқаролмайсиз.

— Менга қара, болани қўрқитма! — деди аравача етаклаб келган йигит шеригига. — Аввал яхшиликчасига гаплашайлик!.. Болакай, бизда бир таклиф бор. Нима дейсан?..

— Айтаверинг! — деди Вали ўзини йўқотмай.

— Ҳозир биз сени ётоқхонага оборамиз. У ерда ўзингга ўхшаган болалар яшайди. Барибир кўчада ётмайсан-ку!..

— Кейин-чи?..

— Ҳар куни мана шу ерга келиб тиланчилик қиласан. Лекин пулларни бизга топширасан. Сенга «доля»нгни ажратиб бериб турамиз.

— Топширмасам-чи? — сўради Вали ҳамон қўлларини чўнтакдан олмай.

— Топширмасанг, ўласан! — иккинчи йигит қўлини мушт қилиб Валининг иягига тиради. — Ўлигингниям топишолмайди…

Шу тобда кутилмаган ҳодиса юз берди. Вали секин ерга қараганди, кўзлари тошга тушиб қолди. Шоша-пиша тошни қўлига олиб зарб билан тепасида турган иккинчи йигитнинг бошига туширди.

— Иҳ, мараз!.. — йигит қонга беланган бошини ушлаганча ерга энгашиб қолди. Шериги эса, Валининг бўйнидан бўғиб олди.

— Шунақами?.. Ҳозир ўлдираман сен хунасани!.. Ўл!.. Бўғилиб ўл!..

Вали қанча чиранмасин, унинг қўлларидан бўшала олмасди. Энди-энди нафаси қайта бошлаганда калтак еган йигит жонига оро кирди.

— Қўлингни торт! — шеригини итариб юборди у. — Жинни бўлганмисан? Ҳали иш беради бу бола!.. Аравани етакла!..

Йигит итоаткорона аравачани етаклаб номаълум томонга кета бошлади. Шериги ҳам қонаган бошига рўмолча босганча уларнинг ортидан борарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ