Тайландда аёл ўзининг дафн маросими палласида тирилиб кетди…

0

 

Тайландлик Финидж Сопаджори анчадан бери бўқоқ хасталигидан азобланарди. Шу йил 20 октябр куни оламдан ўтди. Оиласидагилар катта тезликда дафн маросимига ҳозирлик кўра бошлашди. Тайландликлар одатига кўра мурда уч кун ибодатхонада сақланади. Кейин эса крематорийга олиб бориб куйдирилади. Ҳокини эса дафн этишади. Крематорийга олиб кетишдан олдин марҳуманинг эри Тавин Сопаджори урф-одатга кўра рафиқасининг жасадини ювишга тутинди. Шунда марҳуманинг киприклари титраб, билинар-билинмас нафас ола бошлаганини кўриб қолди. Жонҳолатда хотинини касалхонага олиб борди.

— Хотиним оғир аҳволда, — деди касалхона врачларига Тавин. — Оёққа турадими-йўқми, билмайман. Аммо у тирик. Агар куйдириб юборсак, ўзимни кечира олмасдим…

Шу йил 18 июлда Ҳиндистонда ҳам худди шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлганди. 18 ёшли йигитни врачлар «ўлди»га чиқаришди. Жасадни ёқиш палласида онаси йигитнинг кўзлари ёшлана бошлаганини пайқаб қолди. Дарҳол врач чақирилди. Врач текшириб кўриб ҳақиқатан йигит тирик эканини тасдиқлади. Уни яна касалхонага олиб боришди. Уч кундан кейин йигит ниҳоят ўзига келди. Ҳатто шивирлаб бўлса-да гапира олди.