ЎГАЙ ОПАНИНГ ОҲИ…

0

 

 

***

 

Степан елкасига оҳори кетган костюмини илганча тўққиз қаватли уйнинг учинчи қаватига шошилмасдан кўтарилди ва таниш эшик рўпарасида бирпас тек туриб қолди.

“Оксана нима қилаётган экан? — ўйлади ўгай опасининг ёқимтой чеҳрасини кўз олдига келтираркан. — Бир ўзимикан, ё онам ҳам ёнидамикан? Эҳ, онам касалхонада бўлиб қолсайди! Оксананинг лўмбиллаган оёқларидан маҳкам қучиб олардим. Беш йилдан бери турмада ўтиравериб, негадир уни кўп ўйладим. Отасига эргашиб келганиям, ўгайлигиям, менинг квартирамга эга чиққаниям эсимга келмади. Фақат келишган қоматини тасаввур қилиб яшадим. Афсус!.. Турмага кетишдан олдин ўзимники қилиб қўймаган эканман-да! Ҳозир боламни қучоқлаб ўтирган бўлармиди… Ишқилиб, у ярамас бошқасига илакишиб қўйган бўлмасин! Илакишсин-чи, нима қиларканман! Ўлдираман!..”

Шундай хаёллар билан девордаги тугмачани бир неча маротаба босди. Зум ўтмасдан зулфин суғурилиб, эшик қия очилди ва рўпарасида ўша ўзи билган, баланд бўйли, тик қомат, сийналари ярим очиқ, малла сочли Оксана пайдо бўлди.

У ўгай акасини кўрди-ю, нима қилишни билмай гарангсиб қолди. Аммо тезда ўзини қўлга олиб қўрқа-писа майин жилмайиш қилди.

— Сиз?.. Яхши келдингизми?

— Мана, келдим! — кўзларини қисиб айёрона кулимсиради Степан. — Соғиндингми?

— Ҳ-ҳа… — дея олди зўрға Оксана. — Киринг!..

Ичкаридан онаси Маруся холанинг товуши жаранглади.

— Ким экан, қизим?..

Она то тараддудланиб йўлакка чиққунча, Степан ошхонага кириб улгурганди.

— Она! — деди Маруся холани совуққина қучаркан Степан. — Кутиб олганиям чиқмадинг-а?..

— Болам! Болажоним!.. Эсон-омон кеп қолдингми?..

Фарзандининг кенг елкаларига бош қўйганча йиғларди Маруся хола. — Кўзларим нигорон эди йўлларингга!.. Вой, нега бу ерда турибмиз? Қани, болажоним, ўтақол! Залга кирайлик!.. Оксана, жой тайёрла, қизим!..

Она кўз ёшларини халатининг енгига арта-арта Степанни нариги хонага бошлади.

Оксана югуриб-елиб, кўз очиб юмгунча дастурхон устини ноз-неъматларга тўлдирди.

— Э, бу ширинликларни бошимга ураманми? — лаб буриб онасига юзланди Степан. — Анавиндан йўқми? Олиб кел ўшанақасидан!

— Хўп, ўғлим, хўп!..

Маруся хола пилдираганча ошхонага чиқиб музлаткичдан бир шиша ароқ келтириб дастурхонга қўйди.

— Мана бу бошқа гап! — бир четда қимтинибгина ўтирган ўгай опасига кўз қисди Степан. — Энди Оксана иккимиз қиттай-қиттай оламиз!

— М-мен ичмайман. — дея олди аранг Оксана.

— Нима? Бу нима деганинг? Уканг турмадан қутулиб келади-ю, сен ичмайсанми? Ичасан!

Степан стаканларни ароққа тўлатди-да, бирини ўгай опасига узатди.

— Ол! — деди дағаллик билан. — Мен ёнингга қайтдим, мен!..

Оксана унинг феълини яхши биларди. Фақат… Турмада сал босилган, ақли кирган дея ўйлаганди. Бунинг аксини кўргач, мажбуран ароқдан бир ҳўплади ва стаканни жойига қўйди…

Шу кўйи улар ярим соатча ўтириб қолишди. Степан онанинг саволларига узуқ-юлуқ жавоб қайтарар, икки кўзи рўпарасидаги Оксанада эди.

— Бўпти, Стёпа, — ўғли томон жавдираб секин ўрнидан қўзғалишга тутинди Маруся хола. — Мен бозорга тушиб майда-чуйдалар олиб келай. Кечқурун ўз қўлларимминан ажойиб манти қилиб бераман.

— Яхши, яхши, борақол! — тиржайди Степан. — Унгача Оксана иккаламиз гаплашиб ўтира турамиз. Боравер!..

Она ўғлининг бу қадар совуқ муносабатидан бироз ранжигандек бўлди-ю, гапириш бефойдалигини билиб хўрсина-хўрсина ташқарига йўл олди.

 

***

 

Квартира сокин эди. Оксана ошхонада идиш-товоқларни ювиш билан банд, Степан эса диванга чўзилиб олган кўйи сигарет тутатарди.

Сигаретини чекиб бўлиб сапчиб ўрнидан турди ва ошхона тарафга қараб бақирди:

— Оксана, бу ёққа кел!.. Намунча ўзингни олиб қочасан?

Ўгай опа сал ўтиб истар-истамас залга қадам қўйди.

Степан унга яқин келиб икки елкасига қўлларини ташлади .

— Биласан-ку менга ёқишингни! — эгилиб унинг қулоқларига шивирлади. — Ё ялинтирмоқчимисан?

— Жинни бўпсиз! — ўзини орқага олишга уринди Оксана. — Қочинг! Одам ўз опасигаям шилқимлик қиладими?

— Нима?.. — Степан бу гапни эшитиб Оксананинг иягини қисди. — Қанақа опа?.. Кулгимни қистатма! Турмада ўтириб ҳам сени, сенинг мана шу кетворган қоматингни ўйладим. Шуни биласанми? Ҳар куни уйқу орасида манави кўкракларингни сийпалаб чиққанман! Опа дейсан-а!..

— Ёлғонми? Биз опа-укамиз, ахир!.. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мендан зўрроғини топиб уйланасиз.

— Уйланишдан гапирма! У бошқа масала.

— Хўп, қочинг, менинг ишларим кўп!..

— Қочмасам-чи? — Оксанини белидан қучиб ўзига тортди Степан. — Урасанми?..

Шу тобда эшик безовта тақиллади-ю, у Оксанани қўйиб юбориб йўлакка чопди…

Маруся хола экан. Онани кўрди-ю, Степаннинг туси ўзгарди.

— Нима бўлди? — сўради у. — Бирпасда бозор қилиб бўлдингми?

Маруся хола кула-кула ичкарига кирди.

— Болам, қарилик қурсин! — деди кулгидан ўзини тўхтата олмай. — Бозорга отланибман-у, пул олиш эсимдан чиқибди.

— Шунақасан-да! Дам олишгаям қўймайсан!

— Кечир, ўғлим! Биламан, сен узоқ йўлдан чарчаб келгансан. Ҳозир… Шундоқ пулни оламан-у, чиқаман! Айтганча, Оксана, сен хамир қориб тура қолгин!..

Маруся хола ётоққа кириб катмонини олди-ю, оёқ учида юриб ташқарига чиқди.

Степан эса зарда билан эшикни ёпиб тамбалади ва залга қайтди.

 

***

 

— Қани, ётоққа кир! — буюрди Степан эндигина ошхонага кириб халтачадаги унга қўл чўзган Оксанага. — Нега қаққайиб турибсан, жонидан!

— Ётоқда нима қиламан? — қўрқув аралаш ортга тисланди Оксана. — Керак бўлса, ўзингиз кираверинг! Менинг ишларим кўп.

— Иш-пишингни билмайман. Юр! — Степан ўгай опасининг билагидан тортиб ётоққа судрай бошлади. — Юрақол! Сени жудаям соғинганман!..

— Қоч, мараз! Қўйвор мени! — йиғлаб силтанарди Оксана. — Бу нима қилганинг? Уялмайсанми? Укамсан-ку, ахир!

— Қанақа ука? Сен отангга эргашиб келгансан! Демак, бегонасан. Ҳадеб қайсарлик қилаверма! Биласан-ку, менинг жаҳлим ёмон!..

Степан судраклаганча Оксанани ётоқхонага олиб кирди-да, даст кўтариб каравотга ташлади тортқилай-тортқилай кийимларини ечиб ўзини унинг устига ташлади…

 

***

 

— Вой мен ўлиб қолай! Вой шўри-им!..

Овоз Маруся холаники эди. Она бир аллақачон нафсини қондиришга улгурган ўғлига, бир юм-юм йиғлаётган Оксанага жонсарак боқиб сўзланарди.

— Бу нима қилганинг, ярамас? Опанг-ку!

— Ҳадеб жаврайверма, она! — Степан норози тўнғиллаганча ҳеч нарса бўлмагандек кийинишга тушди. — Қанақа опа? Мен уни яхши кўраман, билдингми?!. Шундай экан, ҳеч кимнинг хўжайинлик қилишга ҳаққи йўқ! Ундан кўра, овқатнинг ҳаракатини қил!..

— Йўқ, мен ўғил эмас, танбал туққан эканман! — йўлакка чиқиб қарғанишда давом этди Маруся хола. — Шунчалик ҳам номуссиз бўладими одам? Ярим соатгина йўқ бўлдим-а, ярим соат! Энди нима қиламан?

— Бас қиласанми-йўқми? — Степан кутилмаганда йўлакка чиқиб онанинг гирибонидан олди. — Ҳозир…

— Ҳ-ҳа, ўлдирасанми? Ўлдир! Бу кунимдан ўлиб қўя қолганим яхши! Нега қараб турибсан? Ўлдирмайсанми?

— Тегма, исқирт, ойимга! — оқиб тушган кўз ёшлари томоғигача ҳўл қилиб юборган Оксана ўртага тушди. — Қўйвор! Қўйвор ойимни!..

— Ие, жонидан, овозинг чиқиб қоптими? — унинг сочидан чангаллади Степан. — Ҳозиргина қучоғимда инқиллашдан нарига ўта олмаётгандинг-ку! Қоч! Халал берма!

— Қочмайман! — бақирди Оксана. — Кекса одамни азоблашга уялмайсанми? Ҳозир мелиса чақириб…

— Нима? Сен мелиса чақирасанми? Сен-а? Мана сенга!..

Степан қулочкашлаб Оксананинг қулоқ-чаккасига туширди.

У шапалоқ зарбидан ташқари эшик ёнидаги шкафга бориб урилди ва шу заҳоти оғзи-бурни қонга тўлди.

— Худоё урмай қўлгинанг синсин! Қўлгинанг акашак бўлсин илойим! — дея қарғаниб Оксанани турғазишга тутинган Маруся холани Степан бели аралаш тепиб юборди.

— Ўзи мен йўғимда жа ҳаддиларингдан ошиб кетибсанлар! — қичқирди у муштларини тугиб. — Сенларнинг ақлингни киритиб қўймасам бўлмайдиганга ўхшайди! Тур ўрнингдан, кампир, тур!..

Маруся хола тура олмасди. Тепки зарби туфайли умртқаси қаттиқ лат еб бурала-бурала ётарди.

— Турмайсанми? Ўлиб кетларинг унда!

Степан она-болани кетма-кет бир-икки мартадан тепкилади-да, ташқарига чиқиб кетди…

 

ЭСЛАТМА:

 

Бу воқеани бир пайтлар суҳбатдошим поездда кетаётганимда ҳикоя қилиб берганди. Мен қаҳрамонларнинг исмларини ўзгартириб, қоғозга туширдим.

Оксана бироздан сўнг сал ўзига келиб, Маруся холани амал-тақал каравотга судраб олиб кириб ётқизган ва зудлик билан “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилган.

Ҳарқалай, жароҳат оғир бўлиб чиқмаган. Ўн беш кун касалхонада даволангач, қадрдон уйига қайтган.

Степан эса шу куниёқ қўлга олинган.

У суд ҳукми билан маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ