Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 28 октябр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун ўзингизга нисбатан билимлироқ, тажрибалироқ одамлар қаршисида билиб-билмай мақтаниб қўйишдан сақланинг. Ортиқча муаммолар туғилиши мумкин. Агар ўзингиздаги профессионализмни кенг намойиш этмоқчи бўлсангиз, чин кўнгилдан меҳнат қилинг. Ҳатто, жисмоний меҳнат ҳам сизнинг обрўйингизни бир баҳя кўтариб қўйишга қодирлигини унутманг. Лекин ишдан кейин сафарга чиқиш зарурати туғилса, бормаганингиз маъқул. Шундоқ ҳам керагича чарчаган бўласиз.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

28 октябр куни тафаккурни ҳам, организмнинг бошқа аъзоларини ҳам маълум муддат дам олишга мажбурлашингиз керак. Акс ҳолда тушгача бормай вужудингизда кучли толиқиш ҳис эта бошлайсиз. Бу саломатлигингизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Моддий аҳволингиздан кўнглингиз тўлган бўлса, бемалол харидларни амалга оширишингиз мумкин. Янги кийимлар, ўзингизга ёққан буюмлар ёшаришда ёрдам беради. Оила аъзоларингизга ён бериш орқали муносабат юритинг. Йўқса жанжаллашиб қолишингиз мумкин.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Иш жойингизда ҳодисалар шу қадар кўп кўзга ташланадики, уларнинг барчасини таҳлил этишга вақтингиз етмайди. Рақобатдан чўчиманг. Ишни имкон доирасида жамоавий тарзда амалга оширишга ҳаракат қилинг. Яқин дўстлардан бири бошингизни қотириши тайин бўлган бир гапни айтиши кутилади. Кучингиз етсагина бу жумбоқнинг жавобини қидиринг. Бошқа бир дўстингиз эса ғалати бир хабарни етказиши мумкин. Бу ҳам сизни ҳайратга солмай қўймайди.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

28 октябрда сизни совғалар ва кутилмаган учрашувлар кутиб қолади. Эмоциянгиз юқори даражада бўлади. Албатта яхши томонга. Азбаройи мамнунлигингиздан мўъжизалар яратгингиз келиб кетади. Мўъжизани яхшиси иш жойингизда яратинг. Куннинг иккинчи ярмида даромади сизни қониқтира оладиган ишда ҳамкорлик таклиф этишлари мумкин. Кечқурун айримлар хизмат сафарига бориши мумкин. Айримлар эса ўтган кунлари бажарган иши учун ҳақ олиш палласини бошдан кечиради.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Ишхонангизда муаммолар ва мушкулотлар кўзга ташланмайди. Рўзғордаги муаммолар бироз кўнглингизни хира торттириши мумкин. Зарур бўлса, ишни-да йиғиштириб қўйиб уй таъмири ва қўшимча даромад келтирадиган иш қидириш билан шуғулланинг. Баъзи дўстларимиз аёлининг ҳомиладорлигидан хабар топади ва мамнун тортади. Агар бу кунни анчадан бери орзулаган бўлсангиз, ҳақиқий байрам уюштиринг. Йирик ва қимматбаҳо буюмлар харид қилишдан тийилинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

28 октябр куни пул масаласида қариндошлар билан ади-бади айтишиб қолишингиз мумкин. Фақат бу айтишув катта жанжалга айланиб кетишининг олдини олинг. Зиммангиздаги вазифаларни режим ва графикка қатъий амал қилган ҳолда бажаришингиз тавсия этилади. Моддий аҳволингиз қониқарсиз даражада. Худо ғойибдан бериб қолмаса, киссада борига шукр қилишга мажбурсиз. Кечқурун оила қурмаганлар романтик учрашувга отланишлари кутилади.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Ўта жиддий суҳбатлардан ўзингизни олиб қочинг. Ҳатто, бу суҳбатларнинг ташкилотчиси ишхонадаги раҳбарингиз бўлса ҳам барибир яқинига йўламаганингиз дуруст. Ишга келдингизми, вазифангизни бажаринг-у, фурсат етганда уйга жўнанг. Гастрит ва заҳарланишга йўлиқишни истамасангиз, овқатланиш режимини бузманг. Кечки пайт спорт билан шуғуллансангиз, организмингиз учун кони фойда бўларди.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

28 октябрда руҳий ҳолатингизни қатъий назорат остига олинг. Чунки бу масалада сиз анча безовтасиз. Назоратни кучайтирмасангиз, саломатлигингизга путур етиб қолиши мумкин. Пул масаласи секин-секин бўлса-да, сизнинг фойдангизга ҳал бўла боради. Қарз олганлар қарзини қайтаради. Кимлардир сизга моддий ёрдам кўрсатиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Табиат қўйнига чиқиб дам оладиганлар албатта позитив кайфиятга эга бўлиб қайтишади. Омад сизга ёр бўлсин!

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бунчалар кўп қувончли лаҳзаларга ҳеч қачон ошно тутинмагандингиз. Ниҳоят ўз саъй-ҳаракатларингиз билан шу кунга етишдингиз. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиб қолинг. Мартабангизни ошира бориш учун тинмасдан қўшимча билимлар олишингиз талаб этилади. Оила қурмаган бўлсангиз, кечқурун орзу қилган инсонингизни учратиб танишишингиз эҳтимоли бор. Бардам бўлинг! Ташаббускор бўлинг! Оллоҳ сизга ёр бўлсин!

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

28 октябр куни ишларингиз кўп ва мураккаблигидан бошингиз қотиши мумкин. Аммо кўз қўрқоқ, қўл ботир. Яхши ният қилиб ишга киришсангиз, худо йўлингизни беради иншооллоҳ. Жуда бўлмаса, ҳамкасбларни ёрдамга чақиринг, вассалом. Шахсий ҳаётда бардошли бўлишингизга тўғри келади. Чунки оилангиздагилар сизга бир дунё гапларни тўкиб солиши мумкин. Гап орасида сизга қаратилган танбеҳлар бўлиши ҳам эҳтимолга яқин.

 

ҚОВҒА (20. 01 — 19. 02)

 

Ниҳоят бугун куннинг биринчи ярмида кечалари уйқунгизни ўғирлашгача борган бир ишни якунига етказиб енгил тортасиз. Молиявий муаммолар ундан-да мураккаб. Бу соҳада қарз кўтармасангиз бўлмайди. Севишганлар учун бугунги кун ажойиб кечиши кутилмоқда. Кузнинг қовоқлари осилган ҳавоси ҳам кайфиятингизни буза олмайди. Муҳаббатнинг энг тотли лаҳзаларидан сармаст бўласиз. Бахтингизни берсин!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

28 октябрда кайфиятингиз тушкун ҳолатда уйқудан уйғонишингиз кутилади. Хунукроқ туш кўрган чиқсангиз керак. Лекин тушингизни ҳеч кимга айтманг. Унутишга ҳаракат қилинг. Куннинг иккинчи ярмида ўзингизга ёққан китобларни мутолаа қилишингиз ҳам фойда беради. Ёки психолог қабулига чиқиб келинг. Кимлардир кечқурун олис сафарга отланиши мумкин. Тоза ҳавода сайр қилишни ҳам унутманг. Саломатлигингизни асранг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади