КИЛЛЕР… (11-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

— Райим, — деди боши қонаган йигит шеригига. — бор, комендантга айт, манавига жой қилиб берсин!..

Райим югурганича комендантнинг хонасига кириб кетди…

Комендант Маъфура деган эркакшода аёл эди. Семиз эмасди-ю, суяклари йўқонлигиданми, худди хўппа семиздек кўринарди.

— Ҳа, Райим, нима дейсан? — сўради у овқат еётган қошиғини бир четга суриб. — Тезроқ гапир, вақтим йўқ!..

— Янги бола опкелдим. — деди Райим тиржайиб. — Икки оёғи йўқ. Зўр пул топади.

— Қаердан биласан зўр топишини?

— Кўрдим-да!.. Чўнтаги тўла пул…

— Қаердан топдиларинг?

— Қаердан бўларди? Кўчадан… Менга қаранг, сизга барибир эмасми? Улушингизни вақтида олиб турасиз… Жой қилиб беринг!..

— Бўпти, — кериша-кериша ўрнидан қўзғолди Маъфура. — ҳозир қилиб бераман…

Райим унинг бўлиқ орқасига бир муддат тикилиб турди-да, кутилмаганда қучоқлаб олди.

— Нима қилаяпсан, жинни?.. — ҳиринглаб кулди Маъфура. — Ҳозир биров кириб қолса, шарманда бўламиз!..

— Келинг, эшикни ёпайлик!.. Мана шу ернинг ўзида ҳал қиламиз-қўямиз!..

— Бекорнинг бештасини айтибсан… Бунақа ишлар ишдан кейин кечаси қилинади… Аввал ҳақини тўлаб қўй, кейин қучоқла!..

— Хўп, тўлайман… Лекин билиб қўйинг, агар кечқурун кетиб қолсангиз, хафа бўламан-а!..

— Бўпти, қўйвор энди… Суякларимни қисирлатвординг!.. Юр, ўша болангга жой қилиб берай!..

Райим аёлни қўйиб юборгач, Маъфура кўрсатган матрас, чойшабларни кўтариб, унинг ортидан эргашди…

Ўтоқхона қачонлардир олий ўқув юртларидан бирига тегишли бўлган-у, кейинчалик ташлаб қўйилгани сабаб, авария ҳолатига келиб қолганди. Неча йиллардан бери ойналари синиб кетган, эшик деганнинг ўзи деярли қолмаган, ичкари-ю ташқаридаги сувоқлар кўчиб, шифтларигача ўргимчак уя босиб кетган бу ётоқхонага талаба зоти қадам босмайди. Лекин комендант бор. Унга ҳар ойда маош тўлашади. Шунга қарамай, Маъфура қўшимча пул ишлашни яхшигина йўлга қўйиб олган. Атрофига тўрт нафар ишининг тайини йўқ, қамалиб чиққан, безори йигитларни йиғиб ўзича «мафия» ташкил қилган. Бу гуруҳ майиб-мажруҳ болаларни зўрлаб ётоқхонага олиб келган-у, уларни тиланчилик қилиб пул топишга мажбурлай бошлаган. Қарабсизки, тез орада чўнтаклари пулга тўлиб қолди… Вали ҳам худди ўша болакайларнинг бирига айланганини ҳали англаб етмаганди…

У деразаси бутун-у, бироқ ойналари синиб кетган бир хонага кириб келди-ю, ич-ичи музлаб кетди. Бу ерда на каравот, на ўтирадиган стул бор. Икки оёғи икки томонга қайрилиб кетган, бўйни қийшиқ бир бола бир бурчакка эски шолча тўшаб ўтирар, қўлларидаги бармоқлар ҳам орқага қайрилгани учунми одамлардек ўтириш ўрнига тиззалаганча қўл тирсакларини полга тираб ўтирарди…

Иккинчи боланинг бир оёғи йўқ экан. У ҳам наригиси каби ўн уч ёшларда. Юзлари тўла доғ эди…

Энг даҳшатли манзара учинчи бурчакда намоён бўлди. У ерда ёши 30 ларга борган бир эркак полда юмалаб ётар, қўлсиз, оёқсиз бир аҳволда экан…

Уни кўриб Валининг этлари жимирлаб кетди. Лекин билдирмади. Индамайгина дераза қаршисига бориб ўзини бу ерга олиб келган йигитга нафрат аралаш қараб қўйди.

— Нега афтингни бужмайтираяпсан, чўлоқ? — кулди йигит аравачани уёқдан-буёққа ғилдиратиб. — Ўқмадими?..

— Қўлингни торт!.. — деди Вали сир бой бермай.

— Ў, зўрсан-ку-а?.. Буёғига ҳаддингдан ошмай мана шу ерда яшайсан. Биз нима десак шуни қиласан!.. Қара, ҳеч кимга бермаган тўшакларни сенга опкелишди! — Йигит ичкарига тўшак қўлтиқлаб келган шериги ва Маъфурани кўрсатиб дўқ урган бўлди. — Шундаям ҳаддингдан ошадиган бўлсанг, ўзим сени бўғизлаб қўя қоламан…

— Бас қил, — уришиб берган бўлди Маъфура ёнидагига кўз қисиб. — болани унақа қўрқитма ҳалитдан!.. У бизга шундай пуллар топиб берсин ҳали…

— Топиб бўпман сенларга! — тескари қараб сўкинди Вали. — Ҳали кўрасанлар, қочиб кетаман барибир!..

Унинг гапини эшитиб уччовлари ҳам қотиб-қотиб кулишди.

— Райим, бу бола оддий болага ўхшамайди. — деди иккинчи йигит Маъфурани қўлтиқлаб турган шеригига қараб. — Кўрдинг-ку, боя тош отганини!.. Мўлжалчи экан…

— Тўғри, — унинг гапини маъқуллади Райим. — ҳали шошмасин, шу иши учун адабини бериб, бурнини ерга ишқаб ишлатамиз бу мўлжалчини…

 

* * *

 

Қош қорайди. Хона ичини зулматнинг қўрқинчли сояси қоплай бошлади. Қўл-оёқсиз эркак ниҳоят секин бошқа томонига ўгирилиб ётди-да, ҳамон дераза қаршисида узоқ-узоқларга термулиб ўтирган Валига сўз қотди.

— Йигитча, сен янги келдингми?

— Ҳа, — жавоб қилди Вали совуққонлик билан.

— Қайғуравермай, ҳали кўникиб кетасан. Ундан кўра, йўлакка чиқиб менинг аравачамни опкеб берсанг-чи!..

— Аравача?.. — ҳайрон бўлиб сўради Вали. — Сиз… Қандай чиқасиз унга?..

— Аввал опкелгин, кўрасан қандай чиқишимни!..

Вали аста қоронғи йўлакка чиқди. Ҳақиқатан сал нарида аравача бор экан. Бир қўли билан етаклаб ичкарига — эркакнинг рўпарасига келтирди.

— Энди маҳкам ушлаб тур, тағин юриб кетмасин!.. — У тирсаклари билан гавдасини кўтарди ва кесилган оёқларида худди тиззалагандек туриб олди. Сўнгра эпчиллик билан икки тирсагини аравачанинг икки бурчига қўйиб юқорига сапчиди. Вали кучининг борича аравачани олдинга итариб турар, эркакнинг йиқилиб кетишидан қўрқарди…

Йўқ, у ўйлагандай бўлмади. Эркак бироз нафас ростлаб тургач, яна бир уринишда аравачага ўрнашиб ўтириб олди.

— Ҳар сафар шундай чиқасизми? — унга катта қизиқиш билан тикиларкан, сўради Вали.

— Албатта. Мен Афғонда бўлганман. Ўша ерда қўл-оёқларни ташлаб келдим… Айтганча, танишайлик. Исмим Ботир.

— Меники Вали. — Беихтиёр қўл узатди-ю, Ботирнинг қўллари йўқлиги эсига тушиб қизарганча қўлини тортиб олди Вали.

— Жуда яхши, Валижон… Энди гап бундай, сен бу ерда жудаям эҳтиёт бўлгин. Анави иккаласи маҳлуқдан баттар. Тағин жонингга жабр қилиб қўймагин…

— Нимага улар бизни бу ерга қамаб қўйишди? — сўради Вали жаҳли чиқиб. — Нима ҳаққи бор уларнинг?..

— Э, — оғир хўрсиниб қўйди Ботир. — сен ниманиям билардинг. Буларнинг тепасида катта-катта одамлар турибди. Уларминан сира тенг келиб бўлмайди…

— Мен барибир қочиб кетаман.

— Мана бу гапинг нотўғри. Ана, анави қийшайиб ўтирган болани кўраяпсанми? — бурчакда тиззалаганча бутун гавдасини қимирлатиб-қимирлатиб ётган болани кўрсатди Ботир. — Уни исми Шариф. Сен тенги бола. Трамвайнинг тагида қолган экан. Шуям бир куни қочиб кетмоқчи бўлганди. Илгари қўллари яхши эди. Оёқлари маймоқ эди холос. Ғўрлиги орқасидан анавилардан тозза калтак еди. Мана энди буткул маймоқ бўли-иб ўтирибди…

Вали Шарифга ачиниш билан тикилиб қараб қўйди-да, секин аравачасини ғилдиратиб йўлакка чиқиб кетди…

 

* * *

 

Эрталаб ҳаммаларини эски бир «Москвич»га юклаб шаҳарнинг турли бурчакларига олиб бориб ташлашди. Вали билдики, улар кўпчилик экан. Ўзи таниган икки йигитнинг ёнига Барлос, Қўтирбош, Қоқсуяк деганлари ҳам келиб қўшилишди. Айниқса, Қоқсуяк лақаблиси Валининг кулгисини қистатиб юборди. Шу қадар озғин эдики, ияклари худди қари кампирларники каби пастга осилиб тушган. Бўйни инги-ичка. Лекин қаттиққўл экан. Худди ўшани Валига қоровул қилиб ташлаб кетишгандан сўнг билди…

У йўлнинг бир четига астойдил жойлашиб олганча Валининг ҳаракатларини кузатиб турар, мабодо қочишга шайланса қувиб етишга тайёрдек оёқларини олдинга чўзиб олганди…

— Мендан пул олиб бўпсан! — Қоқсуяк томонга қараб алам билан шивирлади Вали. — Сендақаларни кўпини кўрганман… Ҳали шошмай тур!..

Вали ҳақиқатан чўнтагида тўпланиб қолган пулларни уларга бермоқчи эмасди. Умуман, яна моғор ҳиди келиб турадиган сассиқ ётоқхонада тунашни ўйласа, юраги орқага тортиб қўярди…

У узоқ ўйлади. Қочиб кетишнинг, ярамаслардан қутулишнинг йўлларини излади. Уёғини ўйласа ҳам, буёғини ўйласа ҳам, барибир тузук-қуруқ режа излаб тополмади.

— Ҳа, майли, — деди ўзига ўзи ниҳоят. — бугун ҳам чидайман. Ботир акадан маслаҳат сўраб кўраман…

Қош қорайганда эски машина уларни олиб кетиш учун келди. Валини кўтариб машинага ортишдан аввал шахсан Райимнинг ўзи унинг чўнтагидаги пулларни тийинигача қўймай суғуриб олди. Ана шу нарса айниқса алам қилди. Ахир эртадан кечга қадар қора терга ботиб уёқдан-буёққа арава ғилдиратиб, бегона одамларга тиланиб пул топса-ю, бу ғаламислар осонгина пулларини шилиб олаверишса… Тушликка деб берганлари атиги иккита совиган сомса-ку!..

Машинага чиқиб ўтиргач, Ботирнинг аҳволини ўрган Вали қотиб қолди. Унинг ёнига Қўтирбош ўтириб олиб мажруҳ Ботирни бетиним турткилар, баъзан боши аралаш тушириб ҳам қоларди.

— Вей, чўлоқ, мишиқи, — дерди нуқул тишларини ғижирлатиб. — қачон одамга ўхшаб пул топасан-а?.. Топганинг бор-йўғи йигирма мингми?.. Бу сен аблаҳнинг қорнинггаям етмайди-ку!..

— М-мен… Қўлимдан келганини қилдим! — дея ингранарди Ботир. — Бундан ортиғига…

— Мана сенга!.. — унинг боши аралаш мушт туширди Қўтирбош. — Ол улушингни!..

Бу манзара Валининг ич-ичини музлатиб юборди. Қанийди кучи етса-ю, бу ярамаснинг адабини берса!.. Хумордан чиққунча калтаклаб Ботир акасининг ўчини олса…

Афсуски…

Ҳеч нарса қила олмади. Фақат машина ўриндиғига ияги билан ёпишиб қолган Ботирга тикилиб ачина олди холос…

 

* * *

 

Машина ётоқхонага кириб келгач, Ҳаммаларини бир-бир кўтариб пастга туширишди. Қўтирбош анча ҳовридан тушдими, Ботирни ўзи кўтариб ичкарига йўл олди. Вали эса, Райимнинг ёрдами билан хоналаригача етиб олди…

Ичкарига кириши билан яна бадбўй ҳид димоғига ёпишиб қусгиси келди. Бир-икки йўлакка чиқиб ўқчиб ҳам олди. Барибир чидашга мажбурлигини билгани учун қайтиб хонага кирди-да, оғзини эски сочиқ билан тўсди. Сочиқдан келаётган ҳид хонадагидан ҳам баттарроқ экан. Шу заҳоти бир четга ирғитиб юборди…

Ботир худди биринчи бор кўрганидек, қорни билан тўшакда юмалаб ётар, ўксиб-ўксиб йиғларди…

Вали кап-катта одамнинг йиғисига чидаб тура олмади. Аста аравачасини унинг ёнига ҳайдаб бориб елкасига қўлини қўйди.

— Ботир ака, йиғламанг!.. — деди шивирлаб. — Мана кўрасиз, мен сиз учун ҳам бу маразлардан ўч оламан.

— Қандай қилиб, болажон?.. — Ботир ағдарилиб Валининг кўзларига боқди. — Қандай ўч оласан? Ҳали сен жудаям кичкинасан, укажон!..

— Э, мен кўча кўрган боламан. Нима деяпсиз? — овозини ҳийла баландлатди Вали. — Ахлатхонада бунақаларни кўравериб пишиб кетганман.

— Қанақа ахлатхонада?

— Қанақа бўларди? Одамлар ахлат ташлайдиган ерда яшаганман. Ўша ерда…

— Тўхта!.. — Ботир бир қимирлаб ўрнидан туриб олди. — Ота-онанг…

— Ота-онам йўқ. Ўлиб кетишган… Ботир ака, ўзингиз-чи? Ўзингизнинг ота-онангиз йўқми?

— Йўқ, — деди Ботир шифтга ғамгин тикиларкан. — мениям ота-онам ўлиб кетишган. Афғондан келганимдан сўнг ёлғизгина тоғам кутиб олганди. Бир ой қаради. Охири уям хотинининг гапига кириб уйдан ҳайдаб юборди. Шундан кейин ҳеч кимга ялинмайман, қарам бўлмайман деб қасам ичгандим… Афсус…

— Буларнинг қўлига қандай тушиб қолдингиз?

Ботир кулиб қўйди.

— Худди сенга ўхшаб… Менга қара, сен ҳали ёшсан. Мана, қўлинг бор экан ҳеч бўлмаса. Бу ердан қочишинг керак.

— Менам сиздан шу нарсани сўрамоқчийдим. — бирдан жонланиб кетди Вали. — Менга маслаҳат беринг, Ботир ака!.. Мана кўрасиз, сизниям опчиқиб кетаман.

— Йўқ, бунинг иложи йўқ. Яхшиси, ўзингни ўйла… Биласанми, менинг бир танишим бўларди. У умрининг тенг ярмини турмаларда ўтказган одам. Аммо жуда меҳрибон. Тилини топсанг, жонини беради. Сен ўша йигитга учрашишинг лозим.

— Бўпти, ўша амакининг адресини беринг менга!..

— У Қўйлиқ тарафда турарди. Ҳозир билмадим… Хуллас… — Ботир бошини сарак-сарак қилиб нималарнидир эслаган бўлди. — Хуллас, Қўйлиққа бориб Қўқон маҳаллага кирасан-да, Мерган акани сўроқлайсан. Топсанг, мени айтасан. Уёғи энди ўзингга ҳавола, ука… Лекин… Бу ердан қандай чиқиб кетаркансан?..

— Э, хавотир олманг, эпини топаман. Кичкина боламасман.

— Оббо сен-эй, — кулиб юборди Ботир. — жа зўрсан-ку!.. Хўш, ўзинг айт-чи, бу ердан қандай чиқиб кетмоқчисан? Пастда Маъфура деган аждаҳо ўтиради. Унинг олдидан чиқиб кетиш ўлимдан қийин…

— Пастгача тушволсам, — деди ишонч билан Вали. — уёғи чикора. Унақа аёлларни алдайвериб пишиб кетганман!

— Оббо сен-эй! — деди Ботир Валидан кўз узмай. — маладессан, маладес!.. Омадингни берсин!.. Агар Мерган акани топа олсанг, мендан салом дегин! Мени айтсанг бўлди, у одам сени кўчада қўймайди…

Вали Ботирга яқинлашиб ҳақиқий эркаклар каби бошига бошини қўйиб хайрлашди. Сўнгра аста аравачасини ғилдиратганча йўлакка қараб юрғазди.

 

* * *

 

— Ҳой бола, қаёққа? — Вали билдирмайгина чиқиб кетмоқчи эди. Бўлмади. Маъфура хонаси эшигини очиб қўйиб ташқарини кузатиб ўтирган экан. — Қани, тез орқангга қайт-чи!..

Бундай лаҳзаларда арзигулик ёлғон тўқимасанг, балога қолганинг шу. Вали аввалига нима дейишни билмай қолди. Бироқ бу тахлит туравериш ўзининг бошига бало бўлади. Нимадир ўйлаб топиши шарт.

— Биласизми, хола, — деди ниҳоят таваккал. — Деразадан аравачамнинг битта больти тушиб кетди. Ўшани опкеволай!..

— Нима бўпти тушиб кетса? — бепарволик билан сўради Маъфура.

— Чиқиб кела қолай, жон хола!..

— Ўлғон гапирсанг биласан-а нима бўлишини?! — ишонқираб-ишонқирамай аста ўрнидан қўзғолди Маъфура.

— Худо урсин, ёлғон гапирганим йўқ. Ишонмасангиз, юринг, ўзингиз кўрасиз!

— Жинни бўлибман-да энди сенминан етаклашиб юриб!.. Билиб қўй, агар алдасанг, терингга сомон тиқтираман!..

— Йў-ўқ, ҳозир ўша больтни оламан-у, қайтаман…

— Бўпти, тез чиқиб кел!..

Вали шаҳарнинг қайси бурчагида эканини билмасди. Катта йўл бўйига чиқиб олгач, дуч келган томонга қараб кета бошлади. Энг асосийси, анавилар пайқаб қолиб орқасидан тушишмаса бас…

— Эҳ, роса бопладим-да! — қора терга ботса-да, ич-ичидан қувониб ўзига-ўзи сўзланарди у. — Хариб қип кетдим ўзиям!..

Анча йўл босди. Аммо ҳамон қаерларда юрганини англай олмасди. Ҳамма кўчалар гўёки бир хилдек. Ўша чорраҳалар, ўша светофорлар, ўша машиналар… Қани ўзи Қўйлиқ?..

Охири тўхтади. Ҳарқалай, ётоқхонадан узоқлашиб кетганига кўзи етди. Ортиқ юришга холиям қолмаганди…

Тўхтагач, қорни таталаб бораётганини ҳис қилди. Шоша-пиша чўнтакларини пайпаслаб кўрди. Ҳеч вақо йўқ.

— Ифлослар! — дея ғудранди Вали. — Бир тийин ҳам қўйишмабди. Тешиб чиқсин!.. Ҳали қараб туришсин, кўрсатиб қўяман уларга!..

Қийинчиликни кўп кўрган одам қийин аҳволдан чиқиб кетишнинг йўлини барибир топа олади. У ҳам атрофга кўз югуртирди. Катта чорраҳа. Бемалол машиналар оралиғига кириб тиланса бўлади.

— Қорнимга яраша пул топсам бўлди. — кўнглидан ўтказди Вали. — Кейин… Биронта ҳайдовчидан илтимос қилиб кўраман. Қўйлиққа обориб қўяр…

— Ҳа, окаси, — Вали ҳали йўл ўртасига чиқиб улгурмай, рўпарасига келиб тўхтаган машина ҳайдовчиси ойнадан бошини чиқариб қичқирди. — ҳой бола, буёққа кел!..

— Нима дейсиз, амаки? — эҳтиёткорлик билан машинага яқин борди у.

— Кечаси нима қилиб юрибсан кўчада? Ў уйинг йўқми?

— Тирикчилик қилиб юрибман.

— Шу маҳалда тирикчиликка бало борми? Тўхта, машинага чиқариб қўяман ҳозир!

Ҳайдовчи тезда пастга тушиб Валини даст кўтарди-да, машинага ўтқазди. Аравачасини юкхонага жойлаб ўзи ҳам рулга ўтирди.

— Хўш, айт-чи, уйинг борми?

— Йўқ.

— Унда… Қаерда тунайсан?

— Қўйлиққа кетаётгандим.

— Қўйлиққа? Уёқда нима қиласан?

— Қариндошим бор, амаки!

— Шунақа дегин? Бўпти, сени Қўйлиққа обориб қўйганим бўлсин!

— Раҳмат…

— Қўйлиқни қаерига оборай? — Вали томонга ўгирилиб сўради ҳайдовчи.

— Қўқон маҳалласига.

— Ҳа-а, шунақами?.. У ерда қанақа қариндошинг бор?..

— Сиз барибир танимайсиз у одамни.

— Ие, нега танимас эканман. Менам ўша маҳаллада тураман. Айтавер!

— Мерган ака. — оҳиста шивирлади Вали.

— Буни қара-я! Мениям отим Мерган ака. Маҳаллада бошқа Мерган ака йўқ-ку!..

Вали аввалига қўрқиб кетди. Бу одам гапини ёлғонга йўйиб машинадан тушириб юборишидан чўчиди. Нима қилади энди?.. Ҳа-а, Ботир акасини айтиб кўрса-чи?..

— Сиз Ботир акани танийсизми? — ниҳоят ўзини қўлга олиб сўради Вали.

— Қайси Ботир?

— Қўл-оёқлари йўқ. Афғонда бўлган.

— Нима?.. Сен… Уни қаерда кўрдинг? Қаерда у?..

— Биз у киши билан бирга ётоқхонада турардик. Қайси ётоқхоналиги эсимда йўқ. Биринчи кўришим у ерларни.

— Хўш, кейин-чи?

— Ботир акам менга сизнинг адресингизни берди. Учрашишимни айтди.

— Э, шунақа дегин? — қўлларини мушт қилиб Валига қаттиқ тикилиб қолди ҳайдовчи. — У… Ахир менинг энг яқин дўстим эди-ку!.. Эҳ, қайсар йигит. Нега тўғри менинг олдимга бормади?.. Бўпти, ҳозир меникига борайлик. Кейин эсингга тушиб қолар ўша ётоқхона…

Машина жойидан қўзғолди. Вали ҳамон ўша Мерган акага дуч келиб қолганига ишонгиси келмай, машинанинг кичик ойнасидан ҳайдовчининг юзларига қайта-қайта тикилиб қарарди…

 

* * *

 

— Сен болага жа жабр бўпти-да! — Мерган ака машинасини гаражга қўйиб чиққач, ҳовли ўртасида тўхтаб қолган Валининг елкасига қўлини қўйди. — Хўш, қўлингдан нима келади?..

— Ҳамма нарса келади.

— Одам ўлдириш келадими?

— Одам… — Вали тўсатдан тўхтаб қолди. — Б-билмадим…

— Ана, кўрдингми, тағин қўлимдан ҳамма нарса келади дейсан…

Вали қўрқиб кетди. Ие, тағин кўчага ҳайдаб солса-я!.. Қаерга боради кейин?.. Нимага ҳа деб қўя қолмади?.. Эҳ!..

— Рогаткадан зўр отаман! — деди ҳовлиқиб. — Ишонмасангиз, кўрсатишим мумкин.

— Бўпти, эртага кўрсатарсан. Ҳозир юр, ётиб дамингни ол!.. Айтганча, ётоқхона эсингга тушдими?..

— Ўтоқхона… Агар мен машинангизга чиққан ерга оборсангиз, уёғи эсимга тушади.

— Хўп, эртага албатта олиб бораман…

Уй эгаси Валини аравачаси билан кўтариб мармар зиналардан юқорига олиб чиқди-да, катта бир хонага олиб кирди.

— Мана шу ерда ётасан. — деди у кулимсираб. — Яхшилаб ухлагин. Эртага ётоқхонангга бориб, Ботир акангниям опкеламиз!

— Хўп бўлади амаки!..

— Қани, энди мен сени каравотга ётқизиб қўяман!

Вали қоронғида эътибор бермаган эди. Мерган аканинг кўзларига боқаркан, этлари увишиб кетгандек бўлди. Эркакнинг кўзлари негадир қизариб кетган, юзлари тўла чандиқ экан. Сўрамоқчи бўлди. Бироқ кўзларига яна бир қур тикилиб кўриб юраги дов бермади…

Ярим кечаси эди чамаси. Кимдир ичкарига кириб чироқни ёқиб юборди. Вали сесканиб бошини кўтарди. Хона ўртасида Мерган ака қалқиб турарди. Ўнида икки нафар бўйдор, башаралари қўрқинчли йигитлар ҳам бор.

— Б-болакай, — ғўлдиради Мерган ака. — сен боя рогаткадан зўр отаман дебмидинг?

— Ҳ-ҳа… — деди Вали қўрқа-писа.

— Ма, рогатка сенга! Манави амакингни мўлжаллаб от-чи, ха-ха-ха!..

Йигитлардан бири каравотга яқинлашиб ҳиринглаганча унинг қўлига рогатка ва тошчалар тутқазди.

— Бўл тез!.. — буюрди Мерган ака. — Манави чўтир амакингнинг пешонасини мўлжаллаб от! Мабодо теккиза олмасанг, ҳозироқ кўчага итқитиб юбораман!

Мана шу гаплар боланинг юрагига қаттиқ ботди. Шу пайтгача ҳам Мерган акани жуда меҳрибон, сахий одам экан деб ўйлаганди. Ҳозирги гаплари эса…

У қўллари қалтираб рогаткага тошчалардан бирини солди-да, Мерган ака кўрсатган йигитнинг пешонасини мўлжалга олиб туриб чўзмани қўйиб юборди.

— Иҳ!.. — йигит энгашганча пешонасини ушлаб бир ерда айлана бошлади. — Мараз!.. Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман!..

Йигит бир муддат айланиб тургандан сўнг қаддини ғоз тутиб Валининг тепасига келди ва даст кўтариб хонанинг бир бурчагига қарата отди.

— Вой, вой, вой-й-й!.. Оёғи-им!.. — деганча инграрди бола. Аммо унинг зорланишларига эътибор беришмади. Қолагнларнинг кулгиси остида йигит Валини қайтадан кўтариб олиб деразадан катта кўчага томон ирғитди. Кетидан аравачасини ҳам…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ