ИИБ YouTube’даги «Фарғоналик тадбиркор Президентдан ёрдам кутмоқда» номли видеоматериалга раддия берди

0

Фарғона вилояти ИИБ фуқаро Элёрбек Тожибоев фуқаронинг YouTube’даги «Effect.uz» каналида эълон қилинган «Фарғоналик тадбиркор Президентдан ёрдам кутмоқда» ҳамда Facebook ижтимоий тармоғидаги Рустамбек Тоғаевнинг профилига қўйилган «Мансабдорлар тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилмоқда» номли видеомурожаатига раддия берди.

Фарғоналик Элёрбек Тожибоевнинг тадбиркорлигимга тўсқинлик қилинмоқда мавзусидаги видеомурожаати биринчи марта эмас. Бундан аввал ҳам, яъни 2019 йил 3 июнда YouTube’да «Ўзбекларни Ўзбекистонда қийнашяпти диққат қилинг» номли видеолавҳа орқали ҳам мана шундай мурожаат билан чиққан.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати берган маълумот асосида 7 июнь куни ‘IIV.uz’ сайтида ҳолатга расмий муносабат билдирилган.

Унда жойлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига келган фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ сервис хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келган фирмалар хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкеталарни тўлдириб бериш эвазига 25—30 минг сўм атрофида хизмат ҳаққи олганлиги, ҳозирда эса Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари томонидан кўрсатилаётган ушбу хизматлар бепул амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Элёрбек Тожибоев ташкил этган Servis Inter Grant МЧЖ ҳам ана шундай функцияни бажариб келган ва фуқаролардан кўрсатилган хизматлар учун белгиланган тартибда пул олган.

Юқоридаги ҳар икки янги видеомурожаатда ҳам Фарғона вилояти ИИБ ҳамда унинг тегишли хизматлари очиқчасига ноҳақликда айбланган. Элёрбек Тожибоевнинг ‘57 нафар ёшларни иш билан таъминлаган эдим. Менинг тадбиркорлигимга тўсқинлик қилишмоқда’ қабилидаги видеомурожаатлари орқали яна ИИО тизими унинг фаолиятига асоссиз ғийбат ёғдирмоқда.

Қолаверса, Элёрбек Тожибоевга масаланинг моҳияти ИИОлари томонидан бир неча бор тушунтирилишига қарамасдан ўзига тегишли хулоса чиқармаган. Шунингдек, YouTube’даги ‘Effect.uz’ канали блогери ҳам ҳолатни бир ёқлама тушуниб, мавзуга саёз муносабат билдирган.

Бир томонлама ўрганилган масала ҳеч қачон самара бермайди. Муаммонинг тубига етиб бориб, икки тарафнинг муддаоларини бир-бирига солиштириб эълон қилиш керак. Шунда ҳам ҳулосани сиз чиқармайсиз. Омманинг ўзи ким ҳақ, ким ноҳақлигини билиб олади. Қонун барча учун баробар. Элёрбек Тожибоевнинг суд-ҳуқуқ тизимидан норози бўлиб билдирган фикрларига биз муносабат билдирмаймиз.

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати