КИЛЛЕР… (12-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Шўрлик бола кайф-сафо қурбони бўлди. Гарчи чивиндеккина жони омон қолган бўлса-да, кесилган оёқларининг чимиллаб оғриши жонига азоб берди. Шунда ҳам у ичкаридагиларнинг чиқиб қолишларидан, кўтариб олиб яна уйга олиб кириб кетишлридан умид қилди. Аммо ҳеч ким чиқмади. Аҳён-аҳёнда Мерган аканинг беўхшов кулгиси эшитилиб турди холос…

Оғриқ ҳийла пасайиб инграшдан тўхтаганди. Ичкаридагиларнинг гаплари қулоғига чалингандек бўлди.

— Бекор қилдинг-да уриб!.. — бу Мерган аканинг овози эди. — Келиб-келиб ногирон боланиям урасанми? Шунча гуноҳларинг каммиди?

— Э, нимасига ачинасан, Мерган? Бунақалар сотқин бўлишади. Қўй, ароқдан қуй яхшиси!.. Ўлмайди. Ўзига келса ўрнидан туриб аравасига ўтирволади ўзи.

— Йўқ, ошна, ҳеч бўлмаса, кўтариб ичкарига опкирайлик! Ярим кечаси бўлса… Ўлиб-нетиб қолса, балога қолиб юрмайлик яна!

— Вей, қачондан бери қўрқадиган бўп қолдинг-а?.. Қаёқдаги болани етаклаб келган сен аҳмоқ. Қўй!..

Шу билан уларнинг овози тинди. Вали аниқ сезди. Кимдир деразадан бир марта мўралаб ҳам қўйди. Лекин қайтиб уларнинг овозлари эшитилмади…

Шу лаҳзаларда кўчадан бир қария ўтиб қолди. Ерда эшитилар-эшитилмас инграб ётган Валини кўриб ёқа ушлади. Қоронғида тимирскиланиб уни аравачасига ўтқазиб қўйди.

— Болажоним, сен кимнинг боласисан?.. Нега бу аҳволда ётибсан?.. — аста шивирлаб сўради у.

Вали қарияга жавобан Мерган аканинг уйини кўрсатди.

— Шунақа дегин?.. Йўқ, Мерганнинг боласи йўғиди… Сен унинг ўғлимассан… Бу ярамаслар сениям калтаклашганга ўхшайди… Гўрингда тик тургурлар! Келиб-келиб сениям шу аҳволга солишадими?.. Менга қара, тез бу ерлардан кет!.. Сен бу одамнинг кимлигини билмайсан. Ғирт каллакесар, ўғри у. Жонинг ўзингга керак бўлса, тезроқ кет!.. Эҳ, болажоним, жон деб сени уйимга опкириб кетардим-у, анави ярамасдан қўрқаман-да!.. Майли, Худо сабр берсин сенга!..

Вали кўз ёшларини кафти билан арта-арта, қарияга раҳмат айтиб, маҳалладан чиқиб кета бошлади. Анча юриб боргач, тўхтаб орқасига қаради. Мерган аканинг уйида ҳамон чироқ ёниб турар, қария эса, аллақачон ғойиб бўлганди…

 

* * *

 

Саргардонлик ёш танламас экан. Вали Қўйлиқ кўчаларида икки кунгача тентираб юрди. Шаҳар-шаҳар-да, кимдир қўлига нон тутқазди, кимдир пул берди. Яна кимдир кўнглини кўтарди. Аммо ҳеч ким уйига олиб кетмади. Мерган аканинг уйидан қай аҳволда чиққан бўлса, шундайлигича қолиб кетаверди.

Яхшики, қўлидан пича тиланчилик келади. Шу йўл билан қорнини тўйғазди.

Аммо қоронғи тушди дегунча юраги безилларди. Ўткинчиларга мўлтираб қараб қолиш, сал қовоғини уйиб келаётган одамни кўрса, қўрқа-писа бурчакка қисиниш жонига текканди. Қўллари совқотиб, оёғининг кесилган жойлари симиллаб оғрий бошлаганда, ўзи билмаган ҳолда йиғлаб нола қиларди.

— Ота-онам қани ўзи? — дея сўзланарди у осмонга қараб. — Нега менинг ҳеч кимим йўқ бу дунёда?.. Нега мени ташлаб қўйишди?..

Бу нолаларни фақат унинг ўзигина эшитар, ҳар гал ўзи йиғлаб, ўзи юпанишдан, яна тирикчилик ташвишини чекишдан бўлак иложи йўқ эди…

Охири чидай олмади. Беихтиёр эсига ўзи бир пайтлар яшаган ахлатхона тушиб кетди. Ҳа, уни ахлатхонада ҳеч ким турткиламасди. Биров нима қилаяпсан деб ҳам сўрамасди. Истаганча қичқирар, истаган ерида ухлаб кетаверарди. Айниқса, дайди, пиёнисталарнинг ўзаро уришишларини кўриш, уларни масхаралаб қочиш Валига ҳузур бағишларди. Энг асосийси, ахлатхонада қўрқиб яшамасди.

Кунларнинг бирида тиланчилик қилиб анча-мунча пул йиғиб олди-да, ўзига егуликлар олди. Эгнига янги кўйлак сотиб олди. Ва таваккал йўлга тушди.

Шу яқин орада қатор «дом»лар бор экан. Ўшаларни оралаб ахлатхона қидиришга тушди. Йўл-йўлакай ўзи тенги болалар Валини масхаралаб қолишар, ота-оналари эса, бош чайқаб қўйишарди…

— Мана мен излаган жой! — узоқдан кўринган ахлатхонага кўзи тушган Вали ўзига ўзи шивирлади. — Мана энди шу ерларда юриб тиланчиликка боравераман…

Аммо ахлатхонага яқин боргач, турли бадбўй ҳидларни димоғида туйиб кўнгли ағдарилаёзди. Анча чиқиб қолган экан. Ярим соатлар чамаси оғзи-бурнини беркитиб ахлатхона атрофларини айланиб юрди.

— Йўқ, чидайман. — кўнглидан ўтказди Вали. — Барибир чидайман. Тўполон кўчалардан шу ерлар минг марта яхши. Биров кимлигингни сўрамайди. Кўнглингга ёққан ишни қилиб юраверасан…

Шу тобда ҳов нарида ахлат титиб нималарнидир ажратиб олаётган баланд бўйли ўрисга кўзи тушди. Нима олаётгани унга қизиқ туюлиб, ўша томонга қараб юрди.

Ахлатлар ҳар тарафга сочилиб кетганди. Уларни оралаб аравача билан юришнинг ўзи ўлимдан қийин.

Вали қийнала-сиқтала ўрис эркакнинг яқинига борди. Шу пайт кутилмганда олдидан қора мушук чопиб ўтди. Эътибор бермади. Ўрисга синчиклаб тикилди. Йўқ, у ахлат титмаётган экан. Қандайдир… Катта-катта қуролларни тахта қутидан олиб қопга жойларди…

У орқада кимдир турганини сезди шекилли, тўсатдан орқасига ўгирилиб, қўлидаги автоматни Валига ўқталди.

Вали ҳам азбаройи қўрқиб кетганидан шоша-пиша икки қўлини баланд кўтарди.

— Ты кто? — русчалаб сўради эркак. Вали бу тилни умуман тушунмайди. Қўлини кўтарганча қотиб тураверди.

— Я спрашиваю, ты кто? — қайтадан сўради эркак.

— Мен Валиман. — таваккал деди у ҳамон қўлини туширмай. — Ўзинг кимсан?..

Эркак эҳтиёткорлик билан унга яқин келди. Кўрдики, оёқсиз, аравачага михланган…

Оҳиста қўлидаги қуролни пастга туширди. Вали ҳам аста қўлини тушириб, аравача дастасини маҳкам ушлаб турди.

— Что здесь делаеш? — яна русчалаб сўради у. Вали елка қисди.

— Ай, ты не понимаеш?.. Айт, кимсан?

Вали унинг ўзбекча гапира бошлаганини кўриб лол қолди. Шошилиб ўзини қайтадан таништира кетди.

— Мен Валиман. Ўзингиз кимсиз?

— Менми?.. — эркак оҳиста аравача ёнига чўккалаб ўтирди. — Ҳеч ким. Иван амаки деб чақиравер. Хўш, нимага келдинг бу ерга?..

— Ўзим… Томоша қилиб юрибман. Амаки, қўлингиздаги автомат-а?..

— Ҳа, — деди Иван ўсиқ соқолини кафти билан силаб қўяркан. — автомат, болакай! Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди.

— Уни қаердан топдингиз?

— Тсс!.. Индама. Менда кўп. Агар бировга айтиб қўйсанг…

— Айтмайман. Кичкина боламидим?.. Менгаям биттасини беринг!

— Ҳали ёшлик қиласан бунақа нарсаларга.

— Жон амаки!.. Бера қолинг!.. Ҳов анависини… Ҳа, ўшанисини беринг!..

Вали кўрсатаётгани ҳақиқий снайпер милтиқси эди. Иван милтиқни қўлига олиб узоқ айлантириб турди. Ҳайрон бўлди. Шунча қуролни ким бу ахлатлар орасига ташлаб кетиши мумкин?.. Йўқ, бу ерда бир гап бор. Худо кўрсатмасин, ҳозир ўша одам келиб қолса, нақ ўлдириб қўя қолади. Чунки қуролни оддий одам олиб юрмайди. Мафиячилар… Ҳа, аниқ ўшалар…

Бироқ улар ким ўзи?.. Қаерда?..

— Бўпти, ма, тез яшир!..

Иван Валининг қўлига милтиқни шоша-пиша тутқазди-да, қолганларини сумкага қайтадан жойлаб уёқ-буёққа аланглаб олган бўлди.

— Бор, кўзимдан йўқол энди! — ўдағайлади у сумкани қўлтиғига қисиб. — Сен мени, мен сени танимайман!.. Сотиб қўйсанг, ўлдираман!

— Сотмайман! — кулиб милтиқни аравачанинг бир четига беркитди Вали. — Жиннимидим?!.

Шу билан улар икки томонга тарқала бошлашди. Вали аввал ўрис кетишини кутиб турди. У ахлатхонадан чиқиб, катта йўл тарафга бурилиб кетгандан кейингина аста аравачасини ғилдиратиб йўлга отланди…

Шу маҳал узоқдан бир машина кўринди. У қараб туриб машина чет элники эканини дарров фаҳмлади. Юраги ниманидир сезгандек эҳтиёткорлик билан орқага тисланди. Машина тобора яқинлашиб келарди.

— Булар ўшалар! — кўнглидан ўтказди у. — Ҳозир… Мениям ўлдириб кетишса-я?!.

Аксига олгандек, машина ахлатхонадан юз чақиримлар нарида тўхтаб, ичкаридан башанг кийинган уч эркак чиқди-да, тўппа-тўғри Вали томонга кела бошлади. У жонҳолатда ахлат идишлар панасига ўзини урди. Ўнбошдан катта анҳор оқиб ўтганди. Сал бўлмаса, қулаб кетаёзди…

Эркаклар юриб келиб уч томонга бўлинди. Ҳаммалари идишларнинг ичини таёқ билан бирма-бир титкилаб чиқишди.

— Йўқ!!! — дея бақирди улардан бири қўлидаги таёқни ирғитиб юбориб. — Худди мана шу ерга яшириб кетгандим. Йўқ!..

— Пиёнисталар олганмикан? — дея савол ташлади бошқаси. — Бу ерларда ҳар куни ўшаларгина изғиб юришади.

— Тўппа-тўғри. — тасдиқлади учинчи эркак. — Ҳозироқ массивга кириб ҳар бир пиёнистанинг уйини текшириб кўриш керак. Ахир, ҳазилакам пул турмайди…

— Ўлдираман!.. Топсам ўлдираман ўша иблисни!.. — дея қичқирди улардан бири ер тепиниб. — Мана шу қўлларимминан калласини оламан!..

Шундан сўнг улар машина томон йўл олишди. Вали ўрнидан жилишга шошилмади. Машина ўрнидан қўзғолиб катта йўлга чиққачгина секин яширинган еридан чиқиб эркин нафас олди…

 

* * *

 

Энди барибир бу милтиқни ишончли ерга беркитиб қўйгани маъқул. Ўнида милтиқ билан юриш нақадар хавфли эканини у яхши биларди.

Узоқ изғиб жой қидирди. Ниҳоят топди. Анҳор ёқалаб юрганда эллик қадамлар наридан. Ўша ерда бетондан қурилган ташландиқ уйча бор экан. Ҳеч ким кирмагани учунми, ичкариси қумурсқа-ю хас-хашакка тўлиб кетибди. Айни муддао бўлди. Вали милтиқни кимдир ташлаб юборган эски костюм топиб ўради-да, хашакларни бир ерга тўплаб ўша ерга беркитди. Ҳар эҳтимолга қарши устига қўлида тупроқ ташиб сепиб чиқди. Ана энди бу ерда милтиқ борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаслиги аниқ. Қолаверса, ўзиям ахлатхонада яшайди. Барибир ҳар куни кўз ташлаб туради. Биронтаси яқинлашиб кўрсин-чи!..

Секин уйчадан чиқиб ахлатхона томон йўл олган Вали идишлар рўпарасида турган нотаниш эркакни кўрди. Эркак уни узоқдан кузатиш билан овора эди. Индамай, ҳеч нарса бўлмагандай бораверди…

— Ҳой бола, қани, яқинроқ кел-чи! — буюрди эркак мулойимлик билан.

Вали аввал унга синчковлик билан тикилиб қаради. Соқоллари ўсиқ, эгнида эскириброқ қолган чарим куртка. Кўз қарашлари бургутникига ўхшаб совуқ. Бўйи жуда ҳам баланд…

Ҳар эҳтимолга қарши тагига тўшалган кўрпача остидан рогаткасини олволди. Билиб бўладими, бирдан ташланиб қолгудай бўлса…

— Оббо, жавр бўпти-ку сенга, бола!.. — негадир бош чайқаб аравача четидан тутди у. — Қаерда турасан?

— Ҳеч қаерда. — совуққонлик билан жавоб қилди Вали.

— Бу нима деганинг? Уйинг, ота-онанг бордир?

— Йўқ.

— Бай-бай-бай-й!.. Унда… Кўчада ётиб юрибсан экан-да-а?..

Вали индамай бош эгди.

— Ҳалитдан кузатиб турибман… Ҳа майли, хафа бўлма. Бу дунёда етим битта сен эмас… Мана, менам сендан қолишмайман!..

— Сиз… Сизам етиммисиз?

— Ҳа энди… Етим бўлмасам ҳам, ҳарқалай, сенга ўхшаб уйим, бола-чақам йўқ…

— Қаерда турасиз? — қизиқсиниб сўради Вали бироз жонланган кўйи.

— Қаерда турасиз дейсанми?.. Ҳов анави кўчанинг бошида бир уй бор. Э, зўр жой. Ўша ерда… Агар ишонсанг, шоҳлардай ҳаёт кечираман. Ўша ерга сениям оборайми?..

— Э, менга шу ер ҳам бўлаверади.

— Унақа дема!.. Менминан юрсанг, кам бўлмайсан. Катта қиморлар ўйналади у ерда, аҳмоқ!..

— Қимор?.. — бирдан Валининг кўзлари чақчайди. — Ростданми? Мен қиморга жуда қизиқаман.

— Ана, кўрдингми? Кўнглингдагидай уй экан демак!.. Кел, танишиб қўяйлик! Мени Толмас амаки деб чақирасан. Ўзингнинг исминг нима?

— Вали.

— Оббо Валижон-ей, Худо сени оёқдан қисгани ёмон бўпти!.. Хафа бўлма, ҳаммаси ўткинчи. Буниям йўлини топса бўлади.

— Нимани, амаки?

— Оёғингни айтаман…

— Оёғимни тузатса бўладими?

— Албатта бўлади. Фақат сен менинг айтганимдан чиқмай юрсанг… Хўш, розимисан?

Ҳеч қачон оёғи соғайиши мумкинлигини тасаввур қилмаган боланинг юраги тезроқ уриб ҳаяжонга тушиб қолди.

Наҳотки? Наҳотки, унинг оёғи соғайса? Ўз оёқлари билан юра олса?..

Толмас аканинг кетидан тез-тез кетиб бораркан, шу саволлар миясида қайта-қайта айланаверди. Лекин орқада қолган бетон уйчага ора-сирада кўз ташлаб қўйишни ҳам унутмади…

 

* * *

 

Ҳовли жуда тор эди. Тўрт томонида кичкина-кичкина хоналар. Уларнинг ҳам сувоқлари кўчган. Анчадан бери таъмир кўрмаганини Валидек ёш бола ҳам тез англаб етди…

Хоналардан бирига киришди. Остонага бетон қуйилгани боис баландроқ экан. Толмас ака аравачани даст кўтариб ичкарига киритиб юборди…

Ўртага хонтахта қўйилган. Хонтахта атрофида икки эркак мудраб ўтиришарди.

Бири эллик ёшлар оралиғида. Соқол қўйиб олган. Гоҳи-гоҳида иягини силкиб-силкиб қўяди.

Иккинчи эркак ёшроқ. Борган бўлса, қирққа боргандир. Бироқ унинг ҳам сочлари шеригиники каби оқариб кетган. Фақат соқоли йўқ. Билаклари йўғон, кенг елкали…

Кўз қарашлари хунук экан.

Кирганданоқ ўшаниси Валига ёқинқирамади.

— Қани, оқсоқол, танишинглар! — баланд овозда уларни уйғотди Толмас ака. — Манави болани ахлатхонадан топиб олдим. Бир кунимизга яраб қолар дедим-да!.. Э, раҳмим келди аҳволини кўриб!.. Уйингизда… Бизминан яшаб турса…

Вали шундан кейин оқсоқол деганлари уй эгаси эканини билди.

— Хў-ўш, қани, қўлни бер-чи ота ўғил! — соқолли эркак ўрнидан туриб Валига қўл узатди. — Маладес! Отинг нима?

Вали исмини айтди.

— Яхши, мени Оқсоқол амаки деб чақиравер! Бу амакинг эса, Полвон!..

Танишув онлари ниҳоя топгандан сўнг Толмас ака Валини авайлаб аравачадан тушириб олди ва орқасига болиш қўйиб кўрпачалардан бирига ўтқазди.

— Аввал қорнингни тўйғаз! — деди у дастурхондаги қотган-қутган нонларни, пиёладаги шакарни яқинроқ қўйиб. — Ҳозир чой ҳам дамлаб бераман…

Вали нонлардан пича тотинган бўлиб пиёлага қуйилган чойни ичди.

Ичкаридаги бадбўй ҳид нафас олишига халал берарди. Буни энди-энди ҳис эта бошлади. Шунга қарамай, хўриллатиб-хўриллатиб чой ичаётган Толмас акага мамнун қараб қўйди. У ҳам пайқаган каби Валига баъзан жилмайиб қўяр, шерикларига «Қара, зўр бола экан!» дегандек сўзсиз ишора қиларди…

 

* * *

 

Кечга бориб уй одамга тўлди. Дастурхон устига аввал ароқ, турли газаклар қўйишди. Албатта, ҳамма ишни Толмас ака бажарар, Оқсоқол ёнбошлаб олганча, йиғилганлар билан астойдил суҳбат қурарди…

Ҳаммаси тайёр бўлгач, ароқлар очилиб ичкилик бошланди. Валини аравачасига қайтадан ўтқазиб қўйишганди. Бир чеккада ўтирганча эркакларнинг ароқ ичишларини томоша қилди. Баъзилари пиёладаги ароқни худди сувдай симирар, газак ҳам қилиб ўтирмай, яна қуйиб беришини сўраб пиёлани Толмас аканинг олдига суриб қўярди. Баъзилар эса, икки марта бўлиб ичарди. Кетидан помидор чайнарди…

— Вей бола, — ўтирган еридан бақирди Оқсоқол. — озгина оласанми-а?..

Вали унга жавобан кулиб қўйди. Тўғриси, унинг ҳам ароқдан татиб кўргиси келиб ўтирганди. Анчадан бери қизиқарди. Шунинг учун ёнидаги йигит узатган пиёлани қайтариб ўтирмади. Шартта қўлидан олди-да, кўзларини юмиб кўтарди…

Жуда аччиқ нарса бўларкан. Етиб борган ерини куйдириб ўтди-ёв!.. Ҳатто, бир муддат нафас ололмай ҳиқиллаб ўтирди. Шунда кимдир қўлига помидор тутқазди. Помидорни чайнаб егандан кейин сал ўзига келиб пиёлани қайтадан Толмас акага узатди.

— Маладес, эркак! — қичқирди Оқсоқол. — Ҳақиқий эркак мана мундай бўпти!.. Менга қаранглар, жўралар, бу йигитчани Толмасвой ахлатхонадан топиб олибди. Энди бизминан яшайди. Чўталчи қилиб қўяман!

Бу гапи кимларгадир ёқмади шекилли, ўзларича ғудраниб қўйишди. Охири Оқсоқол тинимсиз Қийшиқ деб мурожаат қилаётган кўзлари ғилайроқ бир йигит гап ташлади.

— Энди кўпроқ пул йиғишнинг йўлини топибсиз-да-а, Оқсоқол?!.

— Вей, сенга ким қўйибди гапиришни? — кайфи ошиб қолган Оқсоқол даст ўрнидан туриб Қийшиқнинг ёқасидан бўғди. — Ўзинг кимсан-у, яна гапирасанми? Ҳозир…

Толмас ака эпчиллик билан Оқсоқолни елкасидан ушлаб турғазди.

— Қўйинг, ака, шу мишиқиминан тенг бўласизми? Гапирса гапириб ўлмайдими?!. Ҳозир ошиқ тепганда кўрамиз тили бурро бўлишини. Биласиз-ку!..

— Бўпти, қани, ичкиликни йиғиштир ҳамманг! Ўйинни бошлаймиз!..

Кўз очиб юмгунча дастурхондаги нарсалар йиғиштирилиб, хонтахта олиб ташланди. Толмас ака югурганча нариги хонага ўтиб, тўрт дона ошиқ келтирди ва гилам устига ташлади…

Биринчи бўлиб Толмас ака тепди. Омади келмади шекилли, ошиқларнинг биронтаси ҳам тик турмади. Ў кайфи ошгани панд берди. Ишқилиб, жаҳли чиққанидан «Ҳе онангни!» дея сўкинди-ю, бир четга ўтди. Навбат Қийшиқники эди. У билдирмай турганларга кўз ташлади. Ҳаммаси кайфда. Кўзларини қисганча ошиқни кузатишарди…

Қийшиқ пайтдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Бунинг устига хона торлиги сабаб у бошидан бу бошигача икки-уч қадам келади холос. У деворга бориб урилиб ёнгинасига ётиқ ҳолда келиб тушган ошиқларни оёғи билан тез тикка қилди. Буни деярли ҳеч ким пайқамай қолди. Фақат бир четда қиморни қизиқиб томоша қилаётган Вали билди. Англадики, Қийшиқ ғирромлик қилмоқчи. Бирпас индамай турди. Қараса, Қийшиқ астойдил қичқириб тикилган пулларни йиғиш билан овора.

— Ҳа-а!!! Ютдимми?!. Ютдимми?!. Ана шунақа! Қийшиқниям омади бор!..

— Ўлғон! — ўтирган ерида бақириб юборди Вали. — Толмас амаки! У оёғиминан тикка қилди ошиқларни! Ўзим кўрдим!..

— Нима? — Толмас ака ўзига келгандек Қийшиқнинг тепасига келди. — Сен ҳали ғирромлик қилишниям биласанми?..

— Қўлингни торт, қария!.. Бу мишиқи боланг ниманиям тушунарди. Ўлай агар, оёғимни теккизган бўлсам…

— Ўш бола ёлғон гапирмайди!.. Қани, буёққа юр, кунингни кўрсатиб қўяман сени!..

Толмас ака Қийшиқни судраб ташқарига олиб чиқиб кетди. Оқсоқол гандираклаб келганча, Валининг пешонасидан ўпиб қўйди. Аммо Қийшиқнинг тарафдорлари ундан кўз узмай, нафрат аралаш қараб туришарди…

Орадан ярим соатлар ўтиб Толмас ака Қийшиқни ичкарига судраб кирди. Шу жанжал баҳона қимор ҳам тўхтаб, ўтирганларнинг кайфи тарқаган кўйи хомуш тортиб қолишганди.

Толмас ака Оқсоқолнинг имоси билан башараси қонга бўялган Қийшиқни ўртага олиб ўтди.

— Тошканда қимор деганига ғирромлик сиғмайди. Буни билардинг-а? — Оқсоқол Қийшиққа яқин келиб елкасига қўлини қўйди. — Ўзинг ўзингга ташвиш орттирдинг, акаси! Энди бу айбингни қандай ювмоқчисан?..

Қийшиқ бош эгган кўйи шерикларига бир-бир қараб қўйди.

— Бошқатдан ўйнаймиз.

— Яхши. Бироқ… Ҳа майли, бунисини кейин гаплашармиз… Қани, ошиқларни қўлингга ол!..

Қийшиқ итоаткорона юриб бориб уй бурчида сочилиб ётган ошиқларни қўлига олди ва ҳаммасини тик ҳолда хона ўртасига ўрнатди.

— Қанча тикасан? Тикиш сендан!.. — деди Оқсоқол Толмас акага кўз қисиб. — Пулинг борми ўзи?

— Хафа қилаяпсиз, ака! — ғудранди Қийшиқ. — Пулим бўлмаса, қиморхонангизга қадам босмайман. Мени ўзингиз яхши биласиз.

— Илгари билардим сени. Жуда ҳалол ўйнардинг. Билмадим, бугун нима жин урди сенга!.. Хўп, қанча тикасан?

Қийшиқ бирпас ўйланиб турди-да, ҳаммага эшиттириб тикаётган пулининг миқдорини маълум қилди.

— Бир милён!..

— Ў алҳазар!.. — ўтирганлар бирдан оҳ тортиб юборишди.

— Гапинг гапми? — сўради Оқсоқол кулимсираб. — Тағин кейин… Гапингдан қайтиб ўтирмайсанми? Ўзингга ёмон бўлади, бола!

— Гапим гап!

— Теп ошиқни!

— Ў Жамшид!..

Афсуски, ошиқлар у айтгандай тик туриб қолмади. Ҳеч бўлмаса, биттаси Қийшиқнинг ишончини оқламади…

Келишилганидек, Оқсоқол навбат олди. Унинг тепиши масалани ҳал қилади. Мабодо иши ўнгидан келмаса, Қийшиқ яна бир ошиқ тепиш имконини олади…

Йўқ, Қийшиқнинг омади чопмади. Қиморда Оқсоқол деб ном чиқарган бу одамнинг тепган ошиқлари баравар тик турди…

Қийшиқ адойи тамом бўлди… Бошини чангаллаган кўйи анча вақт ўтирди…

Уни Оқсоқолнинг овози ўзига келтирди.

— Нимаям қилардик, ука? Буни ўйин деб қўйибди. Энди шерикларингминан маслаҳатлашиб пулнинг иложини топарсан… Сенга бир ҳафта муддат. Келаси Шанба шу вақтда пуллар менинг қўлимда бўлиши лозим. Кечиксанг, фоизи ошиб бораверади.

— Биламан, ака! — шивирлади Қийшиқ. Ва шерикларини ташқарига имлади…

Буларнинг ҳаммасини Вали бир четдан кузатиб ўтирар, қиморбозларнинг тортишишлари, бировининг ютқазиб оғир аҳволга тушиши янада қизиқишини орттирар, «қанийди яна ўйин бўлса», деган хаёл билан ҳаммаларига бир-бир умидвор тикилиб қўярди…

Йўқ, ўйин жуда совуқ ниҳоя топди. Бунақаси баъзи-баъзида содир бўлиб туришига қарамай, барибир қиморбозлар ўртасига совуқчилик тушиб, сўзсиз, бир-бирларига нафрат билан тикилган кўйи тарқалишди…

— Хўш, болакай, ўйин сенга ёқдими? — Толмас ака уйда ёлғиз қолишгач, Валига юзланиб сўради.

— Зўр экан! — деди ҳовлиқиб Вали. — Энди қачон ўйнайсизлар, амаки?

— Эндими?.. Шошилма, бу ерда эртага бугунгисиданам зўр ўйин бўлади. Қўқонлик қиморбозлар келишади!

— Улар яхши ўйнайдими?

Бу саволни эшитиб Толмас аканинг ранги бирдан ўзгарди.

— Бекорларни айтибсан! — деди Валига қаттиқ тикилиб. — Қимор ўйнашда тошканликка етадигани йўқ. Кўрасан, уйим пулга тўлмаса, отимни бошқа қўяман!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ