Ўрта асрлардаги ҳақиқат детектори қандай кўринишда бўлган?

0

Замонавий ҳақиқат детекторларининг илк кўриниши ўрта асрлардаёқ ўйлаб топилган. Аммо бугунги кун қурилмалари ўзининг ўрта асрлардаги илк намунасидан анчагина фарқ қилиши ҳам рост.

«Ҳақиқат лаблари» Римнинг энг ғайриоддий ва машҳур жойларидан биридир. Ёлғонни сув қилиб ичадиган одамлар бу ерга келган пайтда ҳалигача қаттиқ қўрқув ичида бўладилар.

Детектор Plaza della Boca delo Verita майдонида жойлашган.

Медалон Авлиё Мария ин Космедин ибодатхонасининг ёнгинасида жойлашган бўлиб, таҳминларга кўра, у I асрда барпо қилинган антик фавворанинг бир қисми бўлган ва катта эҳтимол билан қадимий илоҳлардан бири бўлмиш Океанус тасвирини ёдга солган. Бундан ташқари олимлар унинг Тибр дарёси илоҳи ҳайкали бўлиши мумкин эканлигинини ҳам айтишади.

Ҳайкал айлана кўринишда бўлиб, эркак киши қиёфасини ёдга солади. Мармардан ишланган детекторнинг юзида салобатли соқол тасвири ҳам бор, умумий диаметри эса 1,75 метрни ташкил қилади. Ҳайкалнинг кўзлари дум-думалоқ, оғиз қисми ўрнида эса улкан тешик жойлашган.

Таҳминларга кўра, «Ҳақиқат лаблари» эрамиздан аввалги 4 асрда яратилган ва XVII асрга қадар декор элементи вазифасини ўтаб берган. Ўрта асрларга келиб эса одамлар унинг оғиз қисмига қўл қўйилган вақти, ёлғончи одамларнинг қўли кесиб олинишига ишона бошлаганлар.

У ўрта асрлардаги ҳақиқат детектори сифатида машҳурликка эришган.

Айтишларича, қўлини ҳақиқат лабларининг ичига солиб, ўша вақтда ёлғон сўзлаган одам детекторнинг жазосига дучор бўлади. Бундан ташқари, айримлар ўз вақтида унинг орқа томонида жаллод тургани, айби исбот этилган ёлғончиларнинг қўлини ҳақиқатан узиб олганини айтадилар. Бирор ёлғонни исботлаш учун айбдорларни айнан мана шу ерга олиб келиш одат тусига кирган.

«Ҳақиқат лаблари» машҳурлиги шунчалар ошиб кетганки, уни бир неча фильмларда кўриш ҳам мумкин. Одри Хепберн ва Грегори Пек иштирокидаги афсонавий «Рим таътиллари» фильмида ҳам айнан унинг иштирокидаги саҳна мавжуд эканлигини эслайсизми?

Бугунги кунга келиб эса Римга ташриф буюрган инсонлар «Ҳақиқат лаблари» кўринишидаги эсдалик совғалари, турли ўйинчоқлар ва кичик қурилмаларни ҳарид қилишлари мумкин.