Ҳикоя: Қулоқсиз ота

0

Қирқишлоқнинг бошланишидаги минг йиллик чинорнинг тагида кичкинагина лой супа бор. Супанинг эгаси Ризамат ота. Тонготардан то кунботарга томон ўтган-кетганни гапи билан савалаб, гапини олмаганни тувалаб, энса қотирганни қувалаб кетадиган бу чолдан қишлоғимиздаги ҳамма безор, айниқса, мен. Чолнинг таниган-танимаганга дакки беравериши бошқалар каби менинг ҳам энсамни қотиради. Ёши бир жойга бориб қолган бўлса, маза қилиб, кўк чойини ичиб, уйида ўтирмайдими? Бечора кампири ҳам чолининг қиёматлигидан қазо қилиб қутулган бўлса, ажаб эмас. Ҳар гапининг якунида «қулоқсиз» деган танбеҳни ишлатади, шунинг учунми қишлоғимиздагилар бу чолга «Қулоқсиз ота» деб лақаб қўйиб олишган. Камига бармоқлари ҳам бир ажабтовур.

Кирарим ҳам, чиқарим ҳам шу кўча, тош супани четлаб ўтолмасам… Қандай салом беришимдан тортиб, қандай кийинишимгача кузатиб ўтирадиган бу қув чол эрталабдан кайфиятни бир тийин қилади, камига куни бўйи ўқишда ҳам асабийлашиб юраман. Қайтаримда ҳам тағин шу гап…

Олдига яқинлашишимдан олдин этагимни тўғрилаб, икки марта ютиниб, уч марта тайёрланиб, базўр «Ассалому алайкум, ота», дейман. Билинар-билинмас саломимдан кўнгли тўлмаган ота бир томоқ қириб олади-да, ваъзини бошлайди:

— Ва алайкум ассалом! Мактабдаги малиминг тузуврақ салом беришди ўргатмаганма? Нон жемаган баччадай шалвираб салом берасан… Кўйлагингди желкасига матирал жетмай қолдима ёки ўзинг шомал кириб турсин деб, бир парчасини ўйиб олдингма? Аширматти набирасимидинг? Катта отанг (биз томонларда бобони шундай аташади) хўп бинайи одам бўғич эди. Шутиб журганингди кўрса, соп бўлайди… Қиз деганди чачи тақимини ўппайма? Шибирткига ўхшатиб сорига бўяганингди отанг билама, ё билувистон кетганма, қулоқсиз? Ўқиған одамдинг эси-дарди китаб бўмай-ма? Бетиб журган қизди хаяли      бошқа жерда бўларо-ов…

Бир сўз демай, қулоқсиз отанинг ҳамма дашномини ичимга ютаман ва гапи тезроқ тугашини кутаман. Ҳамма қизиқ шу чолга, ҳамма нарса қизиқ: сочимнинг сариқлигию сўнгги урфдаги кўйлагим ҳам қизиқ. Тавба, нима иши бор мен билан?  Шундай жоҳил бўлгани учун ҳам Худойим фарзанддан қисган бўлса керак-да?! Боласиз одам бемеҳр бўлади, деган гап ҳам шу чол учун айтилгандир, эҳтимол.

Йиғим йиғилиб, томоғимга тиқилиб, тупугимга туюлиб, тош кўчадан шаҳд билан уй томон кетаман, чолнинг гаплари нашъа қилиб, остонада йиғлаб ҳам оламан. Шу эзма чолнинг эски гапларидан безор бўлганимдан елкаси йиртиқ кўйлагимни бошқа киймадим, сочимни ҳам бошқа кесмадим, ўлган кунимдан тақимимни ўпадиган кўйлак киядиган бўлдим. Қулоқсиз чолнинг жағи тинса-тинсин деб тошсупадан ўтиб олгунча бошимдан дуррамни ҳам ечмадим. Тағин ўша майначақди, юраксиқди гапларидан қутулолмадим:

— Аширматтинг қазо қилганиға қирқ жил бўған бўса, энди аза очдингма, нима бетиб қап-қара рўдапо кийиб олдинг? Жаш нарса қизил киймайма, суяйи киймайма, пистақи киймайма? Одмиғана кийинганинг кўп бинайи иш бўпти, лекин қора-қура кийганингди бошқа кўрмайин! Жуда кийгинг келаётган бўлса, Ризамат отанг ўлганда киярсан… Гартак сабр қил, қулоқсиз! Гапим сенга газак бўмасин! Қиз бачча уйидан чиғиб кетаятганда ота минан энанинг, бутун қишлағининг шаънини желкалаб кетади. Тузув журиб, тузув ўқисанг, элингди олқишини оласан, жузини жерга қоратсанг, қорғишиға қоласан, қулоқсиз қиз!

Оббо! Нима кийсанг ҳам, нимадир десанг ҳам бир камчилик топади бу чол. Қора кўйлакни Ризамат ота ўтгандан кейин киярмишман, демак, сандиққа солиб қўйсам ҳам бўлар экан-да. Ёмонга ўлим йўқ, дейдилар! Бутун оилам ва қишлоғимнинг шаънига доғ тушурадиган нима иш қилибман?.. Ҳамма ўзи учун жавоб берсин, қайси замонда яшаяпти бу чол?!

Аввал бошда отанинг гаплари дилимни ўқдек ўйиб кетарди, кейин-кейин кўникиб ҳам кетдим, агар минг йиллик чинор остидаги тошсупада қулоқсиз чолни кўрмай қолсам, ҳатто соғинадиган ҳам бўлдим. Туриш-турмушимдан камчилик тополмай қолса, кўз қирини бир ташлаб, «Эҳ қулоқсиз» деб қўйишлари ҳаётимнинг бир қисмига айланиб улгурди. Кун ва тун алмашди, ҳафталар ошди, фасллар ўзгарди, лекин отанинг ўрни алмашмади, тошсупа ўзгармади. Фақат бир нарса ўзгарди. Ўқишни тамомлаб, диплом олган куним қишлоғимнинг қўриқчиси Ризамат отани чинор остидан топмадим. Қулоқсиз чолнинг уйи олдида тўпланиб турган тумонат одам эса кўнглимни қора қилди, қора кўйлагимни кийиш вақти етганидан дарак берди.

Ризамат ота эмас, ўша минг йиллик чинорнинг томири қўпгандек бўлди, қулоқсиз ота эмас, мустаҳкам тошсупа нурагандек бўлди гўё… Ўша кеч жуда кучли жала ёғди, қишлоғимизга асов сел келди, қўйлар қўраси билан оқди, сайноқлар сойга айланди, қирликлар кўчарга шайланди. Қўлимизга илашган бир кафт туз, суви қочган икки тишлам нонни олдигу, хўржунга жойладик. Офатдан омон қолган отларга бир-бир миниб, тепалик томонга қараб қамчи солдик. Отамнинг айтишига қараганда, яқин қирқ йил ичида қишлоғимизга бундай катта сел келмаган эмиш. Ҳаммаёқни ҳувиллатиб қишлоқдан чиқиб борар эканмиз, Ризамат отанинг тошсупасидан бир ушоқ ҳам тўкилмаганини кўриб, ёқамни тишладим. Бутун бошли уйларни, зардеворларни ювиб кетган сел наҳотки отанинг супасини четлаб ўтган бўлса… Қўрғонидан айрилган одамнинг ҳолини кўринг экан, худди ҳаёт билан ўлим ўртасида муаллақ қолган жондек мия бир дам ишлашдан, юрак эса уришдан тўхтар экан. Томоғимдаги тахир йиғини тутиб туролмадим. Отнинг бир маромда йўрғалаши ортда қолаётган энг тоза туйғуларимга нуқта қўйиб борар эди. Сўниб қолганимни, сўлиб қолганимни зимдан кузатиб кетаётган отам узун ўтмиш ҳикоялари билан мени янада лол қолдирди.

«Раҳматли Ризамат отанг бутун қишлоқнинг отаси эди. Кўрмаган куни, тотмаган ситами қолмади, бардошли экан, шунча дард билан тўқсонга тўқнашиш насиб қилди. Ўспиринлик пайтида фронтда қон кечиб, юртини ҳимоя қилди. Сенлар «қулоқсиз ота» дейдиган ўша инсон душман тарафга асир тушиб, сафдошларини сотмагани учун икки қулоғи, тўртта бармоғидан айрилган. Жони чиқса чиқди, лекин тили чиқмади, элини, элатини сотмади. Урушдан омон қайтди. Жуда қаттиқ ўйловда қолиб, анча пайтгача фронт азобларию қон исидан қутулолмай юрди. Ёши ўтиб  оила қурди. Куннинг кўпи, йилнинг елвизаги ўтиб кетаверди. Фарзанд сўраб бормаган жойи қолмади. Тақдирга тан беришган жойида Худойим отани эгиз билан сийлади, отини Ҳасан қўйди, Ҳусан қўйди. Ризамат отанинг пешонасига уруш деган сўз тамға қилиб битилган эканми, билмайман, тилаб олганлари ҳам вояга етди-ю, афғонга кетди. Кетарида ўша сен билган тошсупани қуриб беришгани ёдимда. Елкалари қирдек йигитларни кўзини чирт юмиб урушнинг уясига жўнатиш ҳамма ота-онанинг ҳам қўлидан келавермайди, қизим. Чолнинг умри ана шу супада ўтди, куну тун болаларини кутди. Қишлоғимиздан эгизлар билан кетган йигитларнинг баъзилари қайтди, баъзиларидан қорахат келди, аммо отанинг ўғилларидан на хат келди, на ўзи келди. Кўрганига ишонадиган Ризамат ота Ҳасан-Ҳусанларнинг бир куни қайтишини, қайтганида тўй қилиб, қўйлар сўйишини ўттиз йилдан кам кутмади… Кампири ҳам йиғлай-йиғлай адо бўлди, армонда кетди.

Сел уйимизни, қўйимизни оқизиб кетди, қишлоқни вайрон қилди. Оқим тугаб, шамол ётгандан кейин уйни қурса, қўйни кўпайтирса бўлади. Лекин Ризамат отадек оғир кунларни бошдан ўтказган қадрдон инсонни йўқотиш бутун қирликларнинг дилини вайрон қилди, буни бутлаб бўлармиди, болам… Шу инсоннинг борига ишониб, ҳеч биримиз боламизнинг тарбиясига қаттиқ турмадик, лекин ҳеч биринг эгри қадам босмадинглар, дакки бермасак-да дайдиб кетмадинглар, отанинг, энанинг шаънига доғ тушурмадинглар… Эҳ-ҳ қизим, сенинг ёшингдагиларнинг ҳеч бири бу чолни хушламасди, лекин қирликларнинг танти, тўғрисўз бўлишида Ризамат отанинг ҳиссаси жуда катта. Ҳайиқса, ҳурмат қилади, деб ўзини узгир кўрсатиб, ҳаммангга қаттиқ гапиргич эди, лекин қаватига ўтириб гурунгини олсанг, бундай ҳалим одам билан гаплашиб тўймасдинг, болам! Тақдир — чорасиз қолган одамларнинг суйган сўзи, деб кўп айтарди. Тақдиридан нолиган кишининг тенгини берар эди. Тўғри яшаш учун яхши мактаб қолдириб кетган ота учун дуода бўл! Қулоқсиз отангнинг гапларини қулоғингдан чиқарма, қизим!»

Ичимдан бир бақириқлар келди-ей, Ризамат ота борасида ўйлаган синиқ ўйларимнинг барини шу йўлларда қолдириб  отимни қир томонга қараб йилдириб кетдим…

Лобар ҚАНДАҲОРОВА