ТУРКМАНИСТОНДА ИШСИЗЛИК ТУФАЙЛИ НОС БИЗНЕСИ АВЖ ОЛДИ…

0

 

Туркманистоннинг Лебап вилоятига қарашли Керки ва Халач туманларида, умуман олганда, бошқа вилоятларда ҳам одамлар азалдан нос ва сигарет тамакисини экиб, тирикчилик қилиб келган. Бу бизнес ҳамиша сердаромад ҳисобланган. Аммо 2008 йили республика миқёсида нос тамакиси экиш, ундан фойдаланиш, сотиш, мамлакат ичкарисига олиб кириш тақиқлаб қўйилди. Тақиқлов қанчадир вақт ўз кучида қолди. Аммо яна нос, сигарет тамаки бизнеси авжига чиқди. Фақат энди бу тамакиларни экиш, етиштириш ва сотиш қонунга зид ҳисобланади. Айтишларича, нос бизнесига қишлоқ жойларда яшовчилар ишсизлик туфайли қўл уришга мажбур бўлишган. Бироқ нафақат оддий фуқаролар, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари ҳам нос бизнесига алоҳида эътибор қаратган. Фақат бошқачароқ йўл билан. Масалан, уларнинг қўлига нос тамакиси экиб, қонунни бузаётганлар рўйхати берилган. Бу рўйхатдагилар юқори ташкилотдаги махсус вакилга 50 000 дан 100 000 манатгача пора берган. Демак, полициячи рўйхатдагиларга тегмаслиги керак. Агар рўйхатда йўқ одам нос бизнеси билан шуғулланаётган бўлса, унга полиция ходими юқори ташкилотдаги ўша шахсга учрашиб, пора масаласида келишиб олишни маслаҳат беради. Айтганни қилса, унинг исми-шарифи ҳам алоҳида рўйхатга тиркалади. Башарти акси бўлса, у қонун талаби асосида жавобгарликка тортилади.

ca-news. org