Германиялик фермерлар иқлим ўзгариши туфайли ҳукуматни судга берди

0

Фермерлик билан шуғулланувчи германиялик уч оила ва «Greenpeace» ташкилоти мамлакат ҳукуматини судга берди. Даъвогарларнинг фикрича, ҳукумат атмосферага иссиқхона газлари чиқишининг олдини олиш бўйича етарли даражада ҳаракат қилмаяпти.

Улар глобал исиш туфайли турли зараркунандалар тарқаётганини, бу эса ҳосилнинг камайишига олиб келаётганини ва оқибатда фермерлар моддий зарарга учраётганини айтмоқда. Қурғоқчилик ва кучли ёғингарчиликлар ҳам экин ишларига халал беряпти.

Хабарларга кўра, даъвогарларнинг аризаси бугун Берлиндаги маъмурий судда кўриб чиқилади.

Бундан йигирма йил муқаддам Германия ҳукумати 2020 йилгача иссиқхона газлари чиқишини 1990 йилдагига нисбатан 40 фоизга камайтиришни режалаштирган эди. Бироқ бу режанинг амалга ошмаслигини аниқ бўлиб қолган. Ҳукуматнинг айтишича, келгуси йилда кўрсаткич 40 эмас, 33 фоиз бўлади.

Deutsche Welle