КИЛЛЕР… (14-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Вали Нигорага негадир ёқинқирамади. Айниқса, Нозанин уни ҳожатхонага олиб кириб чиқишни айтганда… Жон-пони чиқиб кетди. Кесилган, устига устак буришиб қолган яримта оёқларини кўриб кўнгли ағдарилаёзди. Фақат хўжайкасининг ғазабидан қўрқиб индамади. Кейинроқ ётиғи билан тушунтириб болани ҳайдаб юборишга кўндиришни лозим топди…

Болага ҳам бу ярим яланғоч, шартаки қиз ёқмасди. Ҳар гал совуқдан-совуқ гапларини, турткиларини эшитганда еб қўйгиси келиб кетарди.

— «Қанийди милтиғим бўлса-ю, шу қанжиқни отиб ўлдирсам…» деб хаёл қиларди…

Нозаниннинг ўзи ҳам орадан икки кун ўтгач, ўйлаб қолди. Хўш, нега судраб келди бу чўлоқ болани?.. Ташвиши каммиди?.. Икки кундан бери бу боладан зарар кўрса кўрдики, бирор фойда топгани йўқ. Кийимини юв, овқат бер, ҳожатхонага кўтариб кир… Мижозлар ҳам шу кунларда совиб қолгандек… Йўқ, бунақада хонавайрон бўлади. Яхшиси, бу болани бирор ерга обориб қўйгани маъқул… Тўхта, совуқ еб ўлиб қолса-чи?.. Ҳарқалай, қиш эшик қоқиб қолди. Тез кунларда қор бошланиб қолса… Э йў-ўқ, бунақанги болалар тегирмондан тирик чиқади. Ана, кўз қараши… Худди бургутникига ўхшайди… Ҳа-а, бу болада гап кўп. Кўпни кўриб қўйган…

Аммо… Қандай айтади ўзига?.. Дод солиб қолса-чи? Йиғласа-чи?.. Э, йў-ўқ, йиғлайдиган аҳмоққа ўхшамайди туришидан…

Ҳа-а, шундай қиладики, ўзи рози бўлади кетишга…

Нозанин олдига Нигорани секин имлаб чақирди.

— Менга қара, — деди Вали ўтирган хонага кўз ташлаб оларкан. — манави боладан қутулмасак бўлмайди. Бир йўлини топишимиз керак.

— Вой опажон, менам шу нарсани сизга айтолмай юргандим. Жонимга тегиб кетди бу чўлоқ…

— Жим! — бармоғини оғзига олиб бориб босди Нозанин. — Эшитиб қолмасин!.. Хўш, қандай йўқотамиз? Дабдурустдан айтсак…

— Опа, мен-чи, буни секин катта бозорга обораман-да, адаштириб кетаман… Топиб бўпти бу ерларни кейин…

— Ақлингга балли! — Нигоранинг елкасига қоқди Нозанин. — Мен икки кундан берисига бош қотираман-а!.. Кўраяпсан-ку, икки кун ичида мижозларниям қадами кесилиб қолгандай… Нима, бу бола бизга оғзида қуш олиб берармиди… Бўл, кийин, эрталабда йўқотиб келақол!.. Тезроқ кўзимдан йўқолсин!.. Мен уни кийинтириб, алдаб тураман.

Нозанин қизни хонасига киритиб юбориб, ўзи Валининг ёнига кирди. У ўзича стол устидаги суратларни томоша қилиш билан банд эди.

— Хўш, Валижон, суратлар сенга ёқдими? — ясама мулойимлик билан сўради Нозанин.

— Ҳа, зўр суратлар экан.

— Ҳозир-чи, Нигора опангминан бозорга тушиб келасизлар. Борасанми?..

— Мен-а? — ҳайрон бўлиб сўради Вали.

— Ҳа, сен бўлмай менми?.. Таксида бориб келасизлар… Сенга-чи, хоҳлаган нарсангни оберади опанг. Ўзим тайинлайман…

— Майли, бораман!..

Иш осон кўчганидан мамнун бўлган Нозанин Валига ювиб дазмолланган кийимларини кийдирди. Бу орада Нигора ҳам кийиниб уларнинг олдига чиқди.

— Бўпти, Нигора, тез бориб келинглар!.. — билдирмай кўз қисиб қўйди Нозанин. — Валижонга айтган нарсасини обергин, хўпми!?.

— Хўп! — Нигора хандон отиб кулганча аравачани итара-итара зиналардан пастга тушира бошлади…

 

* * *

 

Етимнинг кўрган куни қурсин. Нигора уни тумонот одамлар орасига олиб кирди-ю, ўзи жуфтакни ростлади. Адаштириб кетишганини Вали бир соатлар бозорда дайдиб юргандан сўнггина пайқади. Лекин афсусланмади. Қайтанга хурсанд бўлди.

— «Тушим ўнгидан келди. — хаёлидан ўтказди у бозорни эринмай томоша қилиш асносида. — Бекорга Худо мени у ифлос аёлнинг уйидан кетказмади. Демак, яқин орада ҳаётимда қандайдир янгилик бўлади…»

Бундай ақлли фикрлар унча-мунча катта одамнинг ҳам хаёлига келмаслиги мумкин. Вали эса, яқин вақтлар орасида бошидан кечирган яхши-ёмон кунлар туфайлими, анча пишган. Ҳар бир қадамини ўйлаб босишга ўрганган, оқ-қорани таниган…

— Ана энди Тошкентдан кетсам ҳам бўлади. — деди ўзига-ўзи. — Пулим бўлса бор. Узоқроқ ерларга кетиб яшасам тинчроқ бўларди. Балки бахтимни топарман, омадим чопар…

У юра-юра, Қўқонга борганини, Вадимни эслади. Ҳа, жуда яхши жойларга ўхшаганди. Гарчи узоқ яшамаган бўлса-да, барибир Валига ёққанди. Айниқса, одамлари, ҳавоси қандайдир бошқача эди…

— Лекин… Қандай қилиб етиб оламан уёқларга? — бир четган ўтди-да, бош қотира бошлади Вали. — Биламанки, тоғ ошиб кетилади. Қайси автобус бораркин?.. Яхшиси, биронтасидан сўраб кўриш керак…

Ана шу фикр уни олдинга етаклади. Бозорга кираверишга келиб тепасидаги ёзувга қаради. «Миробод деҳқон бозори»…

Демак, бу ер Қўйлиққа яқин… Толмас акалар гаплашиб ўтириб айтишганди. «Қўйлиққа Миробод бозори бир қадам», дейишганди.

Вали атрофга аланглаб, биладиган одамни қидира бошлади. Аксига олгандек, бозор тўла одам бўлса-да, ҳамма шошилар, энди сўрашга оғиз жуфтлаганда, ўша одам аллақачон ўтиб кетиб бўлган чиқарди…

У таваккал бақир-чақир қилиб нон сотаётганлар ёнига борди. Ўши каттароқ аёлни мўлжаллаб турди-да, ўшанга юзланди.

— Хола, Қўйлиққа қандай борсам бўлади?..

Аёл бақиришдан тўхтаб ялт этиб Валига қаради.

— Нима?

— Қўйлиққа қандай борса бўлади?

— Сен-а? — Аёлнинг кўзлари чақчайиб бир аравачага, бир оёқсиз Валига тикилди. — Сен Қўйлиқда нима қиласан?

— Ишим бор эди.

— Вой тавба, болагинам, сен бора олмайсан. Ким сени автобусга чиқариб қўяди?.. Қўй, ўзингни қийнаб нима қиласан?!.

Вали бундай муомалани кутмаганди. Аёлнинг ногирон оёқларига шаъма қилиши унга алам қилди.

Кейин аёл нималар деди, нималарни уқтирди. Қўлоғига кирмади. Ўпкаси тўлиб бозор ичкарисига кириб кетди…

Узоқ вақт айланиб юрди. Бу орада икки-уч нафар бозорчидан яна сўраб кўрди. Ҳаммалари елка қисишдан нарига ўтишмади…

Шу пайт кўзлари…

Йўқ, ўхшатди шекилли…

Олма бозорида худди Мерган акага ўхшаб кетадиган одам турарди…

Вали кўзларини бир-икки ишқалаб олди. Адашмабди. Ўппа-ўзи. Ўша барваста Мерган амаки…

— Борсаммикан? — ўйлади у ич-ичидан титраб. — Нима деркин?.. Уришармикан?.. Нега уришади? Ҳеч айб иш қилмадим-ку!.. Балки, аксинча, уйига опкетар?.. Таваккал бораман. Нима бўлса бўлар…

У эҳтиёткорлик билан Мерган ака турган ерга қараб юрди. То етиб боргунча бўлганича бўлди. Қўрқиб қолган экан. Ўша кечадаги маст-аласт эркакларнинг қўрқинчли башаралари кўз ўнгида намоён бўлди. Бироқ бошқа чораси йўқ. Бу ерда уни ҳеч ким танимайди. Ойлаб юрганда ҳам биров «буёққа юр!» демайди. Яхшиси, ҳозирги қулай фурсатдан фойдаланиб қолади…

— Сен?.. — қаршисидаги Валини кўрган Мерган ака шошиб қолди. — Валижонмисан?.. Буни қара-я, яна кўришибмиз!.. Хўш, аҳволинг қалай?.. Қийналиб қолмадингми ишқилиб?..

— Амаки, мен қийналганим йўқ. — Вали ўзини ҳийла ўнглаб дадилроқ жавоб қилишга уринди. — Ризқимни териб юрибман.

— Маладес ўғил бола!.. Ҳақиқий эркак шундай бўлиши керак… Биласанми, ўша кеча… Сал кайфимиз ошиб қолган экан… Нимага бирпас кутиб турмадинг-а?.. Еб қўймасдим-ку ҳарқалай!..

— Қўрқиб кетдим-да! — аста бошини эгди Вали. — Уриб қоласизларми деб қўрқдим…

— Бўпти, энди менминан юрасан. Қани, кетдик!.. Ҳов анави ерда машинам турибди… Қўрқма, бошқа хафа қилмайди ҳеч ким!..

Мерган ака аста оғзини Валининг қулоғига яқин олиб борди-да, қўшиб қўйди:

— Иш бор, акаси, иш бор!..

 

* * *

 

Ярқираган «Нексия» кўз очиб юмгунча Қўқонмаҳаллага етиб борди. Мерган ака ўтирган ерида сигнал чалди. Ичкаридан келишгангина қиз чиқиб дарвозани очди.

Вали бу қизчани ўша кеча кўрмаганди. Ҳар ҳолда ёши ўн учдан ошиб қолган-да, гўзаллигига тан бериб беихтиёр жилмайиб қўйди.

— Қани, ўғил бола, тушайлик-чи!..

Вали Мерган акага икки қўлини узатди. У эпчиллик билан болани кўтариб олиб аравачасига ўтқазаркан, бир чеккада ҳайрон бўлиб турган қизга қараб кулди.

— Момохол қизим, кўрдингми, бу Валижон!.. Ҳақиқий ўғил бола!.. Тез дастурхон ёз, қорни очиб кетгандир укангнинг!..

Булар ҳам ҳолва экан. Ичкарига киргач…

Не кўз билан кўрсинки, хона ўртасига тўшалган бахмал кўрпача устида Ботир акаси ўтирарди…

Хурсандлигидан қичқириб юбораёзди.

Ботир ҳам кутмаган эканми, ўтирган ерида силкиниб-силкиниб кетди.

— Валижон!.. Валижон, ўзимнинг укагинам!.. Қаерларда юрибсан-а?.. Кел-чи, бир сени бағримга босай!..

Уларнинг ҳолатини кўриб Мерган ака ҳам кулиб юборди.

— Оббо ака-укалар-ей!.. — дея ҳайқирди у Валини кўтариб Ботирнинг ёнбошига ўтқазаркан. — Зап топишдиларинг-а?.. Ҳа-а, мен шунақа одамман!.. Тушларингдаям кўрмаган ишларни қилиб юраман!..

Момохол елиб-югуриб ўртага дастурхон тузади. Егуликлар келтириб қўйди. Мерган ака бир имлаганди, патнисда ароқ, газаклар олиб кириб хонтахта устини ясатган бўлди.

— Қани, омад учун ичамиз! — Мерган ака қадаҳларни тўлдириб ароқ қуйди-да, биттасини олиб Ботирнинг оғзига тўғрилади. — Кел, оғайни, ўзим ичириб тураман!..

Вали уларнинг ичишларини томоша қилиб ўтирар, узатиб қолишларидан умидвор эди. Чунки Оқсоқолникида бир пиёла ароқ ичгандан бери мазаси оғзида қолганди.

Шу кўйи ярим соатча кутди. Бир шиша ароқ тугаб, Мерган ака иккинчисини очди. Аммо ҳадеганда унга узатавермади.

— «Майли, — ичида ўйлади Вали. — узатмаса узатмас. Катта бўлволай, ўзимнинг пулим кўп бўлади. Ўшанда менам буларга бермасдан ароқ ичаман!..»

— Валижон, зерикмадингми, болам? — Мерган ака товоқдаги ошдан Ботирга едираркан, унга кулиб қараб қўйди. — Ошдан ол, совиб қолади!..

— Мен ташқариларни айланиб келсам майлими? — сўради Вали кутилмаганда қўлидаги қошиқни жойига қўйиб. — Ҳовлиларни томоша қиламан.

— Шунақами? Майли, ана, Момохол сени айлантиради. Қизим, қавердасан?.. Кел, етакла аравачани!..

Момохол ошхона эди. Дадасининг овозини эшитиб югурганча ичкарига кирди-да, Вали ўтирган аравачани етаклаб ташқарига чиқди…

— Қўявер, ўзим айланавераман! — деди Вали ҳовлига чиқишгач. — Ўрганиб кетганман…

Қиз унинг оёқларидан кўз узолмас, ниманидир сўрамоқчи бўларди-ю, ийманибми, сира журъат этолмасди.

— Менга қара, оёғингга нима қилган? — ниҳоят юрак ютиб сўради қиз.

— Оёғимгами?.. — қизга ҳавас билан тикилиб жавоб қилди Вали. — Машинадан йиқилиб тушганман…

— Вой бечора-ей! Илгари бутунмиди оёқларинг?

— Албатта бутун эди…

— Кечирасан агар хафа қилган бўлсам!

— Хафа эмасман… Яхшиси менга бошқа уйларингниям кўрсатгин, майлими?

— Юр, сенга ҳов анави ердаги уйларни кўрсатаман!..

Момохол уни йўлак бўйлаб етаклаб томорқага яқинроқ ердаги икки хонали уйчага олиб кирди…

Уй унчалик безатилмаганди. Нақшлари ҳам йўқ. Шунчаки оқлаб қўйилган.

Аммо Валининг эътиборини бошқа нарса тортди. Хона бурчида қора сандиқ турарди. Ана ўша сандиқдан кўз узолмай қолди.

— Момохол, анави сандиқда нима бор? — аста қиздан сўради у.

Момохол секин деразадан ташқарига қараб олгач, Валининг қулоғига шивирлади.

— Бу ерда дадамнинг қуроллари туради.

— Нима? Қуроллари? Ўзинг кўрганмисан?

— Албатта кўрганман.

— Мерган амаки нима қилади бу қуролларни?

— Жиннимисан? Сотади.

— Мерган амаки-я?

— Ҳа-да, бўлмаса нима иш қилади?..

Вали тушунди. Шунинг учун ҳам унинг кўз қарашларига қизиқиб қолган экан-да!.. Тушунарли. Демак, Валига ўзича қуролдан ўқ отишни ўргатмоқчи бўлган…

Боланинг нияти бузила борар, шу хонадан чиқиб кетгиси келмасди. Икки кўзи сандиқда эди… Эссиз, қулфи катта экан. Бунақа қулфни катта одамлар ҳам калитсиз очолмаса керак…

Йўқ, агар кечаси билдирмай кириб калитини ахтариб кўрса-чи?.. Буям бўлмайди. Мерган амаки билиб қолса…

— «Барибир ўғирлаб кетаман. — қизга бир-икки марта маъноли қараб қўйиб хаёлидан ўтказди Вали. — Йўлини топаман… Агар ўғирлай олсам, ҳеч ким тополмайдиган ерларга яшириниб оламан-да, ҳақиқий киллер бўламан…»

Боланинг орзулари бир дунё эди. Бироқ киллер бўлиш осон эмаслигини, жонини нақ ўлимга тикиши муқаррарлигини ҳали тушунмасди…

 

* * *

 

Уйчадан чиқиб Момохолнинг кўмагида Мерган акалар ўтирган хонага кириб борган Вали ҳамон сандиқ ҳақида бош қотирарди. Ўз хаёллари билан бўлиб Ботирнинг бир четга ётиб олганча қусаётганига ҳам эътибор қилмади…

— Амаки, мен ҳов анави ердаги уйчангизда ухласам бўлмайдими? — таваккал сўради у ўтирган ерида мудраётган Мерган акага юзланиб.

Кутилмаган савол уй эгасини ҳушёр торттирди.

— Нима? Қайси уйни айтаяпсан?

— Ҳов анави… Томорқа тарафдаги уй.

— У ерда нима қиласан?..

— Аравачамминан кечаси ташқарига чиқишга қулай экан.

— Сен… Аравачада ухламоқчимисан?

— Ҳа.

— Жонинг қийналиб кетади-ку, бола!.. Қўй, яхшиси, мана шу хонада ухла. Момохол юмшоққина жой солиб беради. Нима қиласан у ерда?..

— Жон амаки, рухсат бера қолинг!.. — ёлғондакам ялина бошлади Вали. — Менга ёқиб қолди-да!..

— Бўпти. — Мерган ака гарчи кайфи бўлса-да, болага ўғринча разм солди. — Ўтгин, аммо хонадаги нарсаларга тегмагин!..

— Тегмайман…

— Қани, ўзим сени ўша хонага обориб қўяман!..

— Дада, сиз қўяверинг, мен ўзим!.. — Момохол югуриб келиб аравачани дадасининг қўлидан олди. — Сиз дамингизни олаверинг!..

Шу тобда Вали сездики, Мерган ака қизига кўзи билан сирли ишоралар қилди. Қиз ҳам уни тушуниб бошини секингина қимирлатиб қўйди-да, Валини уйча томон олиб кетди…

Қоронғи тун. Қиш бўлишига қарамай, бу кеча ер музламади. Ҳаво илиқ эди. Бу албатта қор ёғишидан дарак…

Ҳақиқатан, бирдан ҳаво айниб қор учқунлай бошлади. Бу маҳал Вали уй чироғини ёқмасдан, гоҳи-гоҳида деразадан ташқарига қараб олганча калит изларди. Шолчалар остини, шкаф ичларини титкилаб чиқди. Ниҳоят топди. Хурсандлигидан терисига сиғмай кетган Вали оёғи дард қилаётганини ҳам унутди. Шоша-пиша калитни қўлига олиб сандиққа осилган қулфга солди…

Ажабо!.. Сандиқ тўла автомат, милтиқ эди…

— Вой, зўр-ку!.. — деди ўзига-ўзи овозини ҳийла баландлатиб. — Шунча милтиғинг бўлса борми…

— Айтгандим-ку ҳеч нарсага тегмагин деб!..

Кутилмаган овоздан чўчиб тушган Вали сал қурса аравачадан ағдарилиб тушаёзди…

Кескин бошини кўтариб тепасига қаради. Унга Мерган ака майин жилмайган кўйи тикилиб турарди.

— Оббо сен-эй, — кулди у Валининг елкасига қоқиб. — жа уста экансан-ку-а?.. Бу сандиқни унча-мунча одам очолмасди. Калит топишни-ку, қўявер!..

— М-мен… — Вали нимадир демоқчи, ўзини оқламоқчи бўлди. Тили айланмади. Тутилиб қолди.

— Майли, — деди Мерган ака. — сени кечирса бўлади. Пул ўғирлаётганинг йўқ-ку!.. Милтиққа ишқибозлигингни биламан. Шошмасанг, шу милтиқларнинг энг зўри сеники бўлади. Одам ўлдирасан, шу йўл билан пул топасан.

— Ростданми? — сўради ҳовлиқиб Вали. — Қачон берасиз?..

— Бироз вақт бор. Биз Ботир акангминан эртага маслаҳатлашиб кўрамиз… Айтганча, умрингда милтиқ отиб кўрганмисан ўзи?

— Отмаганман-у, лекин… Бу ишлар менга чикора, амаки. Кўравериб кўзим пишиб кетган.

— Қаерда кўргансан?

— Ахлатхоналарда.

— У ерда милтиқ нима қилади?

— Келишарди-да милтиқ кўтарган одамлар!.. Бир куни-чи, қиморбозлар биттасини опкелиб ахлатхонанинг ўзида отиб ташлашган. Милтиғининг овозиям унчалик чиқмаган.

— Шунақа дегин?.. Йўқ, барибир милтиқдан аниқ нишонга олишни ўрганмасанг бўлмайди… Хўп, ҳозир ётиб ухла. Калитни буёққа бер!..

Вали уй эгаси чиқиб кетгач, бўларича бўлди. Қилиб қўйган ишидан пушаймонлар еди. Мерган аканинг индамаганини кўз олдига келтириб, сўнгги сўзларини эслагани сайин дув қизариб кетаверди… Ташқарида эса, қор кучая бошлади…

 

* * *

 

— Ҳов оғайни, бош қалай? Турақол энди!.. — Мерган ака ғужанак бўлиб ётган Ботирни эрта тонгда туртиб уйғотди.

— Ие, ухлаб қолибмиз-ку! — кўзларини базўр очиб кулимсиради Ботир. — Нима бало, қор ёғаяптими дейман?

— Ҳа, — оғир хўрсиниб жавоб қилди Мерган ака. — қиш қишлигини қилгани яхши-да!.. Қолаверса, бизнинг ишда мана шунақанги қорли кунлар жуда қўл келади… Кел, сени ювинтириб қўяй, кейин муҳим гап бор!..

Мерган ака қўлсиз-оёқсиз Ботирни ярим қоп ундек даст кўтариб краннинг олдига олиб чиқди ва юз-қўлларини чайиб, сочиқ билан артди.

— Ана энди ўтириб чойхўрлик қиламиз, оғайни! — деди уйга киришгач. — Пешонангга шу кунлар ёзилган экан. Нимаям қилардинг… Эсингдами, қандай бақувват, чайир йигит эдинг?!.

Ботир жавоб бериш ўрнига бош эгди.

— Менга қара, — Мерган ака атайин жимликни бузиб дўстининг кўнглини кўтаришга уринарди. — анави қизинг бўларди-ку!.. Э, бир пайтлар учрашиб юрган…

— Ярамни янгилама, Мерган! — лабларини тишлади Ботир. — Мен афғондан манавинақанги аҳволда қайтиб келганимни кўрди-ю… Қизларгаям ишониб бўлмас экан…

— Аёл зотига ишониб бўлмайди, оғайни!.. — унинг гапини маъқуллади Мерган ака. — Ўшим қирққа борди. Момохол боракан яхшиям. Онаси бўлса, биринчи марта қамалганимдаёқ қуён бўлиб қолган…

— Ҳозир қаерда?

— Ўша… Сурхондарёсида-да, гўрда бўлармиди?!. Айтишларича, аллақачон биттасини топиб тегволганмиш. Вей, қизим бориди, кўрай ҳам демайди…

— Сен нимага уйланмай юрибсан?

— Ўзинг айтдинг-ку, аёлларга ишониб бўлмасакан деб!.. Шунақа ишлардан кейин ишонч қоладими?.. Буларни-чи, мана шунақанги хилват ерга опкеволиб жонини олиш керак…

Ботир кулиб юборди.

— Ҳалиям анавинақаларидан опкеб тураман дегин?

— Албатта-да!.. Ҳали шошма, биз сенминан манаман деганларини опкелиб… Бўпти, айнимайлик!.. Менга қара, сен шу аҳволдаям менга кў-ўп ёрдам бергансан. Қурол масаласини айтаман-да! Мана, сенинг орқангдан анча-мунча мижозлар орттирдим. Ишқилиб кам бўлганим йўқ… Энди гап мундай… Валини айтаман. Шу… Боладан яхшигина киллер чиқади-ёв!..

— Қаердан била қолдинг? — айёрона кўз қисди Ботир.

— Билдим. Кечаси қуролларим турган сандиқни очволиб астойдил томоша қилаётган экан… Кел, яна бир яхшилик қил. Биламан, кучли мерган бўлгансан. Сенминан… Қолаверса, талайгина «қайсарлар»нинг бошига етганмиз. Шу болани ўргатайлик!.. Ажабмас, «тижорат»имиз янаям кучайиб кетса…

— Бу ишни эпласа бўлади. — ўйчан оҳангда жавоб берди Ботир. — Вали менгаям маъқул кеп қолганди… Кўзлари айтиб туради-да!.. Бўпти, уни отишга ўргатиш мендан. Фақат унутма, ўзинг ҳомийлик қиласан!

— Буёғидан хавотир олма!.. Мана шу уй, нимаики бойлигим бўлса, ўртада. Фақат содиқ дўст бўлиб қолсак бас…

— Валининг ўзи қани? — хавотирланиб бошини кўтарди-да, дераза томон кўз ташлади Ботир.

— Ие, — Мерган ака нимадир эсига тушгандек сапчиб ўрнидан турди. — эсим қурсин. Уйғотишни унутибман!..

Шу тобда ҳовлида аравачанинг ғилдираган товуши эшитилиб Мерган ака дераза томон югурди… Қаради-ю… Кўнгли тинчланиб қайтадан жойига ўтирди.

— Хайрият, Момохол уйғотиб опкелаётган экан!..

— Ие, йигитча жа эпчил чиқиб қолди-ку! — кулди Ботир. — Қизингминан танишиб улгурибди-да!..

— Ҳали булар ниҳол! Майли, танишсин, ажабмас, шуминан икковларининг ҳам кўнгиллари кўтарилса…

— Ҳазиллашдим, Мерган, ҳазиллашдим!.. Хў-ўш, қани, Валижон, кел, чой ич!..

Ботир кулимсираганча хонага кириб келган Валига боши билан дастурхонни кўрсатди. — Мана, амакинг сенга атаб тухумлар қовуртирибди…

Вали уй эгасининг кўмагида кўрпача устига ўтириб иштаҳа билан тухумни еб олди. Мерган ака унинг олдига пиёлада ширин чой қўйди-да, маслаҳатлашиш учун Ботирни кўтариб нариги хонага чиқиб кетди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ