Ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистондан пенсия олиб келган фуқароларнинг кирдикори ошкор бўлди

0

Бугунги кунда республикамизда 3,6 миллиондан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар ҳисобга олинган.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги иштирокчилари бўлган давлатларнинг фуқароларини пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқий кафолатлари тўғрисидаги Битимнинг 3-моддасида белгиланишича, ушбу Битим бўйича пенсия таъминотини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатларни, таъминотни тақдим этаётган давлат ўз зиммасига олади.

Юқоридаги Қонун талаблари бўйича Ўзбекистонда жорий этилган “Пенсия” дастурига киритилган маълумотлар асосида қўшни Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган ҳамкасблар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда маълумотларни солиштириш амалиёти жараёнида бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан (Ўзбекистон ва Қозоғистон) бир хил турдаги пенсия олиб келаётган 78 нафар фуқароларнинг пенсиялари шубҳа остига олиниб, уларга аниқлик киритиш ва ноқонуний ҳолатларни олдини олиш юзасидан ҳамкорликдаги мониторинглар олиб борилди.

Ўтказилган тезкор солиштириш ҳамда мониторинг натижаларига кўра, бугунги кунга қадар жами 8 нафар фуқаролар томонидан 294,1 млн. сўм миқдоридаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ўзлаштириб келинганлиги аниқланди.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи фуқаро Б.А.нинг бир вақтнинг ўзида иккита давлат (Ўзбекистон ва Қозоғистон)дан пенсия тайинлаттириб, бир неча йиллардан буён пенсия олиб келаётганлиги натижасида 42,1 млн. сўм, яна шу туман фуқароси Р.Д. томонидан 5,7 млн. сўм, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Х.Б. томонидан 57,2 млн. сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилган.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи икки нафар фуқаролар Б.Г. ҳамда И.Э.лар томонидан жами 86,3 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари ноқонуний йўл билан ўзлаштирилиб, бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан пенсия олиб келганлик ҳолатлари аниқланди.

Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро А.Ш.томонидан 12,7 млн. сўм ва Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро А.Р.томонидан 28,8 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари бир неча йиллар давомида ўзлаштириб келинган.

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Л.З.томонидан ҳам бир вақтнинг ўзида иккита давлатдан пенсия олиб келаётганлик ҳолати аниқланиб, унинг шу кунгача Ўзбекистон Республикасидан олиб келган 61,4 млн. сўм миқдорида ўзлаштирган пенсия пули ўрганиш давомида Жамғарма ҳисобига қайтариб ундирилди.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ҳамда йўл қўйилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, юқорида кўрсатиб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан тўпланган текшириш материаллари ва ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилган бўлиб, ҳозирда тергов олди саъйи-ҳаракатлар билан жами ўзлаштирилган маблағларнинг 98,2 млн. сўми Жамғарма ҳисобига ундирилди.

loading...