Ҳангоманинг зўри бизда бўлади, ока!!!

0

 

ИНТЕЛЛИГЕНТ МУШУК

(ҳажвия)

 

Мушоҳада

 

Танишиб қўяйлик, менинг исмим Леонардо! Уйдагиларнинг айтишича, хорижда таваллуд топган эканман. Балки шу сабабли дид масаласи менда нозикроқдир.

Хўжайиним олдин мени шунчаки Лео деб чақирарди. Озғин, кўримсиз ва жуссам кичкина, қўрқоқ бўлганим учун ҳурматлагиси келмаган чоғи. Йиллар ўтиб мен ҳам семирдим, оппоқ юнгларим қалинлашди, думим узайди, йўғонлашди. Қарабсизки, хўжайин менга бошқача кўз билан қарайдиган бўлди. Кўпинча ёнига ўтқазиб қўйиб, ҳасратлашадиган, мовий кўзларимга узоқ-узоқ тикилиб қоладиган одат чиқарди. Қўлига гўштми, колбасами, ишқилиб, нима тушса, менга илина бошлади.

 

Инжиқ

 

Интеллигентлар ўзига етгунча инжиқ бўлишади. Мақтаниш эмас-у, хашаки мушукларни кўрсам, ғижиним келади. Мундоқ ўзига қарашниям билишмайди. Муомалани-ку, гапирмай қўя қолай. Ёнидан ўтиб қолсам, хунукдан-хунук миёвлаб салом беришади. Мушук деган миёвлашга сал эътибор беради-да! Куни кеча уй олдида турсам, қўшнининг хашаки малла мушуги менга устунга осилиб чиқишни ўргатмоқчи.

— Вей, олифта, — дедим думимни ҳурпайтириб. — Бу мактабда ўқиганимга анча бўлди! Ундан кўра, дуч келган ерга думалаб ётавермасликни ўргансанг бўлармиди…

Гапим ёқмади маллага. Чўзиб-чўзиб миёвлади-ю, менга яқин келди. Билдимки, муштлашиш нияти бор.

— Огоҳлантириб қўяй, — дедим ўнг қўлимни юқорига кўтариб. — Мен фалон давлатнинг мушугиман. Шунақа ҳимоя усулларим борки, ўзимга жавоб бермайман. Хафа бўлиш йўқ!..

Қўрқмайсан-а қўрқмайсан, чалиш! Тирноқларимга кўзи тушди шекилли, секин-секин ортга тисланди-да, ура солиб уйига қочди. Шундан бери ювошиб, мулойимлашиб қолган малла. Шунақа мулойим салом берадики, қулоқларимга ишонмай кетаман. Икки марта сичқон овлаб келиб олдимга ташлади. Ҳойнаҳой, дўстлашиш ниятида бўлса керак. Қарши эмасдим. Аммо нима қилай, интеллигентлар сичқон емайди-да!

 

Менга тоза ҳаво керак

 

Билмадим, ота-буваларим эмин-эркин, ҳайҳотдай ҳовлиларда яшаб ўтишгани учунми, баъзан каталак каби квартирага сиғмай кетаман. Кўчага чиқай десам, боя айтганимдай қаёқдаги хашаки мушуклар билан тиллашишга, ёвлашишга тўғри келади. Орқаваротдан ғийбатимни қилишаётганини кўрсам ё сезсам, асаб бузилади. Кўпинча ўшаларга қўшилай, чидай, мослашай дейман-у, нимадир мени қайтараверади. Яна асаб дош бермайди. Шунинг учун торгина хонани айланиб чопа бошлайман. Чарчагунча чопа-чопа, диванга ёнбошлайман-у, мудрайман. Мусофирнинг уйқусиям ҳадеганда ширин кечавермаскан. Кўзим илинди дегунча ўлган бувим тушимга кириб, оёғимдан тортаверади. Яқинда малладан тушимнинг таъбирини сўрагандим, совуқдан-совуқ қилиб «Ёнига чақиряптийкан бувинг» деди аблаҳ. Шундан бери малладан кўнглим қолди…

Вой-вой-вой-ей, нафасим қайтиб кетяпти! Менга тоза ҳаво кера-ак! Уй эшикларини очиб қўйсангиз-чи, хўжайин!

 

Яшаш қийин экан

 

Илож қанча, оға, биз интеллигентлар ўз вазифамизни сидқидилдан адо этиб ўрганганмиз. «Уй жониворисан» дейишдими, демак, ҳар қандай шароитдаям уй ичида бўлишимиз шарт. Хўжайин келиб чақирганда, «лаббай» деб миёвлашимиз керак. Тўғри, бу йил бўйи кўчани кўрмаймиз деганимас. Чиқамиз, айланамиз, истироҳат қиламиз. Ана шундай лаҳзаларда бир нарса алам қилади. Башарамни минг марта кўрганлар ҳам менга худди келгиндига қарагандек қарай бошлайди. Мушуклар тўдасига яқин бориб қолсам, ўзларича меҳмоннавозлик қилмоқчи бўлишадими, «келинг меҳмон», деб қўйишади.

— Ахир, менам шу ерликман, икки йилдан бери яшайман! — дегим келади. Тил айланмайди. Чунки бизнинг зотда одат шунақа. Асаб бузилдими, тамом, тил танглайга ёпишади, энса қотиб ими-жимида ортга қайтиб кетилади.

 

Бурч

 

Мушук ўз бурчига содиқлик бобида итлардан сира қолишмайди. Ўз ҳудудини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Менам дастлабки кунларда шундай йўл тутдим. Йўқ, қонимга кўнгилчанлик синггани учунми, дераза, деворимиз атрофида изғийдиган ёввойи мушукларга шунчаки пўписа қилдим. Ўзимга ёмон бўлди. Икки марта башарамни бузиб кетишди. Қарасам, бошимга чиқволишадиган. Кутилмаганда ҳужумга ўтдим. Интеллигентча муштлашиш усулларини қўлладим. «Бу усул қанақа бўлади? дейсизми? Тушунтираман, «территорингиз»га даъвогар ёввойи мушук «мовлаб бостириб келаётганда, тўсатдан бир зарба берасиз-у, қочасиз. Жавоб, ўша мушук қайтиб уйингизга яқин йўламайди. Мана шу интеллигентча усул дейилади. Нолимайман, ҳозир атроф тинч, унда-мунда ўтиб қоладиганиям ҳисоб беради менга. Ҳатто қўшнимиз маллаям уёқ-буёққа ўтмоқчи бўлса, албатта аканг қарағайга хушомад қилишни унутмайди.

 

Севги ўзи нима?

 

Бовам раҳматли айтиб берган. Бизнинг эркаклар фақат ўзимизникиларга кўнгил қўйишган экан. Иннайкейин эркак бўлғуси севгилисига олдин обдон хушомад қиларкан. Кўнглини оларкан, керак бўлса, мушукчасига шеърлар ўқиб ташларкан. Мана шу қишлоққа келганимдан бери бир нарсага ҳайрон бўламан. Мушуклар баъзида шунақа беўхшов мовлаб қолишадики, чўчиб уйғониб кетаман. «Нима бало, эшак ҳанграяптими?» деб ҳайрон бўламан. Билсам, улар бировни севиб қолишса, шунақа тиллашишаркан. Қуриб кетсин, мушук ҳам шунақа қўпол, маданиятсиз бўладими? Сал мулойимлашади, оғир-босиқлик билан муомала қилади-да! Ким билсин? Урғочилариям шунақа муносабатни хуш кўришса керак-да!..

Тўғри, мен ҳали ҳеч кимни севиб қолганимча йўқ. Адашмасам, умримнинг охиригачаям қалбим қилт этмаса керак. Чунки бу қишлоқда менинг дидимга, интеллектимга тўғри келадиган мушукнинг ўзи йўқ. Қўпол мушукка эса ҳаётда уйланмаганим бўлсин! Чао-о-о!!!

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ