КИЛЛЕР… (15-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Эртасига қор янада қалинроқ ёғди. Бундай маҳалларда ҳовлида яшайдиганларнинг ишлари кўпайгандан-кўпаяди. Ҳовли, дарвоза рўпараларини қордан тозаланмаса, юриб бўлмай қолади. Шу сабабли уй эгалари қўлларига курак олиб, эрта тонгданоқ қор курашга тушиб кетишади.

Мерган аканинг бу тўғрида муаммоси йўқ. Тайин этган одамлари бор. Уларнинг қачон келишгани-ю, қачон қор курашганини сезмай қоласиз. Албатта меҳнатлари эвазига Мерган ака уларга яхшигина пул тўлайди.

— Ботир, — ташқаридаги ҳамон бўралаб ёғаётган қорга маъюс тикилганча дўстига ўгирилди Мерган ака. — биз қилмоқчи бўлган иш Тошканда амалга ошмайдиган кўринади. Нега деганда, ҳарқалай шаҳар шаҳар-да!.. Кўз кўп. Биттаси бўлмаса биттаси, барибир хитланади.

— Йўқ, ўзи нимага бундай қарорга кела қолдинг? — Ботир ўтирган ерида елка қисиб сўради. — Ўллайман десанг, киллерлар шаҳарда тиқилиб ётибди. Нега энди айнан шу болани танлаганингни тушунмайяпман. Бу бола ногирон бўлса. Қолаверса, ҳазилакам пулинг кетмайди…

— Эҳ, дўстим!.. Ҳалиям мени яхши билмас экансан. Гапинг тўғри, ёллайман десам отадигани тиқилиб ётибди. Аммо, бу бола менинг кўнглимга ўтиришган. Бунақалар ҳеч қачон сотқинлик қилишмайди. Буёғидан келсанг, ногиронлиги менга қўл келади. Ногиронлардан милиса шубҳаланмайди. Албатта, уни яхшилаб ўқитсанг. Иккинчидан… Ахир, ёшим ҳам бир ерга бориб қолаяпти. Мана, қирқдан ошаяпман. Мундоқ шогирд-погирд ҳам қолдириш керак-ку!.. Бизданам из қолсин-да!..

— Ўйлайсанки, Валидан сен истаганчалик зўр мерган чиқарканми? Балки янглишаётгандирсан?

— Сен уёғини ўйламай қўяқол!.. — деди Мерган ака Ботирга яқин келиб елкасига қўлини қўяркан. — Сен ўргатишни бил!.. Мен чиқади дедимми, демак, ниманидир биламан.

— Кейин-чи?.. Унинг қўлиминан кимларни тинчитасан? Душманинг шунчалар кўпми?..

Мерган ака бирпас ўйланиб тургач, жавоб қилди.

— Ҳа, Ботир, душманларим кўп. Ҳисоб-китоб қиладиганларим бор. Уларга очиқчасига қарши чиқиб бўлмайди. Нақ ютиб юборишади. Шу сабаблиям айёрлик билан енгмоқчиман…

— Хўп, тайёргарликни қаерга кўчирамиз? — сабрсизлик билан сўради Ботир.

— Мен Наманган чўлларини биламан. У ерларнинг айлана атрофи қумлик. Ҳозир айниқса, қор ёғиб жа бизбоп бўп қолгандир. Милиса-пилиса зоти бормайди уёқларга. Бомба ташласангам биров эшитмайди.

— Жуда қулай ер экан. — деди Ботир кулиб. — Унда вақтни ўтказмайлик. Тезроқ бизларни ўша ёқларга олиб бор!

— Гапинг тўғри, шу бугуноқ йўлга чиқиш лозим…

 

* * *

 

Орадан уч йил вақт ўтди. Вали ўн олтига тўлиб, ўн еттига қадам қўйди. Шу йиллар ичида умри Мерган аканикида ўтди. Ботирдан мерганликдан яхшигина сабоқ олди…

Тўғри, Ботир ҳам у каби аравачада ўтирар, ўтирган ерида болага отиш сирларини ўргатарди. Ана шу қилинган меҳнатлар, баъзида асабийлашишлар иш бериб, ниҳоят Мерган аканинг орзуси ушалди. Вали зўр мерган бўлди.

— Ана энди асосий ишларга ўтсак ҳам бўлади. — деди бир куни Мерган ака Ботирга. — Хизматларинг эвазига сенга кетворган аравача совға қиламан, дўстим!.. Қани, Шапкўр, совғани опчиқ!..

Бўйи нақ икки метр келадиган бу эркак Мерган аканинг ишонган ёрдамчиларидан ҳисобланарди. Айтишларича, Мерган ака бир пайтлар ўғирлик қилиб қамалганда, турмада бирга ўтиришган экан. Ўша-ўша яқин бўлиб қолишган-у, турмадан чиқишгач, Шапкўр (бир кўзини доим қисиброқ юргани учун Мерган ака унга шундай лақаб қўйиб олган. Асл исми Ҳайбатилла бўлса-да, у лақабини айтиб чақиришса, сира аччиқланмасди.) нинг ишлари юришмайди. Мерган ака эса, дарров йўлини топди. Ботир билан танишиб, қурол сотиш сирларини ўзлаштирди. Кўрибсизки, кўп ўтмай, чўнтаги пул кўриб, ёнига Шапкўрни ҳам чақириб олди…

У ярқираган аравачани машина турадиган гараждан етаклаб олиб чиқиб, Ботирнинг рўпарасига қўйди. Аравача ҳақиқатан ҳавас қилса арзигулик эди. Бунақаси кам бўлади. Ногирон гарчи оёқ-қўлсиз бўлса-да, аравачани мустақил, бировнинг ёрдамисиз бошқара оларкан. Яъни, икки четига махсус тугмачалар ўрнатилган. Улар шу қадар юмшоқки, Ботир бир қаричгинаси кесилмай қолган билаклари билан бемалол уларни босса бўлади…

— Хўш, совға ёқдими? — кулимсираб Ботирга тикилди Мерган ака. — Ҳали шаҳарда бунақа аравача жуда кам. Йўқ десаям бўлади. Қара, энди ўзинг ҳам мустақил юра оласан… Шапкўр, зиналардан кўтариладиган тугмачасиям бор эканми?..

Ҳайбатилла шоша-пиша аравачанинг китобини қўлига олди-да, бир кўзи қисилган кўйи ўқий бошлади.

— Кўраяпсанми ўзи ҳарфларни? — хохолаб кулди Мерган ака. — Намунча бурнингга тақаб олмасанг?!.

— Шошмай туринг-да, ака!.. — кулгига жўр бўлди Ҳайбатилла. — Сабрингиз чидамайди-я вей!.. Ҳа, мана!.. Манави сариқ тугмани босса аравача аста-секинлик билан баландликка, зинапояларга қараб чиқа бошларкан.

— Маладес!.. — Мерган ака икки кафтини бир-бирига ишқалаб Ботир томон энгашди. — Қани, ўтир оғайни!.. Мана шу аравачада ўтириб ювасан!..

Момохол дадасининг нима демоқчи эканини тушунди ва тезда айвонга дастурхон ёзиб ароқ, майда-чуйда газакларни келтириб қўйди.

— Қани, Валижон, ол! — пиёлага қуйилган ароқни узатаркан, кулди Мерган ака. — Ўзиям Наманганлик бўп кетаёздинг-ов-а?.. Ол, бугун мана ўн еттига қадам қўйдинг. Энди кап-катта йигитсан… Ол!..

Вали пиёладаги ароқни бир кўтаришда симириб, тузланган бодрингдан тишлади.

— Яшавор, ўғил бола! — қарсак чалиб уни олқишлади Мерган ака. — Мана буни ҳақиқий мерганнинг иши деса бўлади… Шошмай тургин, сенгаям яқин орада худди Ботир акангникига ўхшаган аравача сотиб оламиз… Шапкўр, сен нега қоққан қозиқдан тепамда турибсан? Ўтириб ичавермайсанми?..

Ҳайбатилла ҳақиқатан уларнинг ўзаро суҳбатига маҳлиё бўлиб ўтиришни ҳам унутган экан. Хижолат тортиб Мерган аканинг ёнидан жой олди.

— Энди гап мундай. — мақсадга ўтди Мерган ака. — Бир пайтлар Самин бўқоқ деган қиморбозминан тортишиб қолганман. Ютқазиб қўйиб қарзини узмади баччағар. Мана, саккиз йил ўтди. Лекин менинг эсимдан чиққани йўқ.

— Ўшанда бир ёқлик қип қўя қолмаган экансан-да! — деди Ботир бўшаган пиёлани бир четга қўяётиб. — Сенга нима бўптийди ўша қиморбоз?..

— Сен танирмидинг ўзи уни?

— Албатта. Жа унақанги «крутой» ҳам эмасди шекилли?

— Тўғри. Бироқ ўша вақтларда мен энди-энди қамоқдан қайтгандим. Қолаверса, ёлғиз эдим. Улар кўпчилик.

— Нима қипти? Биттасини ёллаб ўлдиртирворсанг олам гулистон эди.

— Шундай қилсам ҳам бўларди. Бироқ пулни кейин кимдан оламан. Биласан-ку, ёлланма киллерлар орқа-кетига қараб ўтиришмайди. Тезроқ тинчитса-ю, пулини олса, шу заҳоти кўздан ғойиб бўлса…

— Бир жиҳатдан тўғри қилгансиз. — суҳбатга аралашди Вали чайир қўлларини мушт қилиб. (уч йил ичида у анча эт олган, ҳар куни тош кўтаргани туфайлими, қўллари дағаллашиб қолганди.) — Энди ўша ифлосни ўзим тинчитаман.

— Раҳмат сенга, Валижон! — унинг елкасига қўлини қўйди Мерган ака. — шу кунни кутгандим-да ўзи!.. Энди аввал пулни ундириб оламиз-у, кейин… — а?..

— Ҳа, биз энди кўпчиликмиз. — деди Ҳайбатилла. — Унча-мунчасини асфаласофинга жўнатиш қўлимиздан келади. Бўпти, биринчи иш учун!..

Ҳаммалари Ҳайбатилланинг гапидан руҳланиб, тўлдирилган пиёлаларни қўлларига олишди…

 

* * *

 

— Сени Шапкўр машинада олиб боради. — эртаси куни тонгда Валини ёнига чорлаб уқтира бошлади Мерган ака. — Мен кечаси одам ёллаб ҳамма пулларимни олиб бўлдим. Худога шукр, қарзидан қутулди… Аммо бу пулларнинг фоизи бор. Саккиз йил ичида жуда катта миқдорда фоиз туққан. Ана шу фоизларни Самин ўз ҳаётиминан тўлаши лозим. Бўлмаса бўлмайди. Қолаверса, аламим шундагина пасанда бўлади. Хуллас, у катта бир бозорда номигагина ошхона очиб қўйибди. Ўзи аввалгидай кечаси ҳужрасига қиморбозларни тўпларкан. Хўш, қаерда тинчитган маъқулроқ деб ўйлайсан?..

Вали бир Ботирга, бир Мерган акага қараб олгач, хотиржамлик билан жавоб қилди.

— Албатта қиморхона маъқул. Бозор нима бўлгандаям, гавжум ер. Шовқин-сурон, милиса дегандай…

— Бўлмаса, ҳозир Ботир акангминан ичкарига киринглар-да, яхшилаб режа тузинглар! Шундай бўлиши керакки, ўлигини ит ҳам тополмасин…

Ҳайбатилла Вали ўтирган аравачани етаклаб меҳмонхонага қкраб юрди. Ботир эса, янги аравачанинг тугмачасини эҳтиёткорлик билан босди. Аравачанинг олд қисми бироз кўтарилиб, зиналардан аста кўтарила бошлади. Мўъжизани кўрган Мерган ака хурсандлигини яширолмай, қотиб-қотиб кулар, ҳар кулганда тиззасига куч билан шапатилаб-шапатилаб қўярди…

— Мерган амакинг икковимизни қиморхонага яқин жойдаги далароқ жойга олиб боради. Ўша атрофда бир таниши бор. Сени ўшанинг томига чиқариб қўйишади. Жуда қулай ер отишга. Томдан атроф кафтдек кўриниб туради.

— Самин ўша далага чиқади деб ўйлайсизми? — елка қисди Вали. — Аҳмоқ эмасдир ўзини ўққа тутиб бериб?

— Буям олдиндан ўйлаб қўйилган. Саминни Шапкўр ташқарига опчиқади. Атайин муштлаш уюштиради. Биладии, Самин жа бақувват одам. Уни Шапкўрга ўхшаганлар қулата олмайди. Буни ўзиям билади. Шунинг учун биринчи муштдан сўнг Шапкўр йиқилади. Ўзини ҳушдан кетганга солиб ётади. Сен ҳаммасини кузатиб туришинг лозим. Йиқилгани ҳамоно милтиқни Саминнинг кўксига тўғрилаб отишинг керак. Фурсатни асло бой берма! Бўлмаса, ҳаммамиз хароб бўламиз.

— Тушундим. — деди Вали лабларини тишлаб. — Лекин мен-чи?.. Ўша томда қолавераманми? Саминнинг одамлари барибир чор атрофни титкилаб ташлашади-ку!..

— Эсингдами? Мерган амакинг айтганди. Аравачада юрган ногирон одамдан ҳеч ким шубҳаланмайди. Сни томдан тушириб қўйишади. Секин ҳеч нарса бўлмагандай аравачангни ғилдирати-иб кўчага чиқасан-да, бамайлахотир катта кўча томон кетаверасан. Жа кўнглинг бўлмаса, қотилни қидираётганлардан сигарет сўрайсан… Қўрқма, ҳеч ким сендан шубҳа қилмайди. Мана, мени айтди дерсан!..

Вали бошини сарак-сарак қилганча, ташқарига йўл олди. Шу тобда негадир Момохолни жуда-жуда кўргиси келганди…

 

* * *

 

Йигитлик Валидек ногирон йигитни ҳам четлаб ўтмади. У ҳов ўша ўн уч яшарлигида илк бор Момохолни кўргач, қалбининг туб-тубида ёқимли бир илиқлик туйганди. Ана шу илиқлик бора-бора ўт олиб, алангага айланишини пайқамай қолди. Ойлар, йиллар ўтиб қиз билан яқин бўлиб кетишди. Кунларининг бирида Вали тортина-тортина дардини унга айтди…

Жуда-жуда қийналди айтиб олгунча. Гарчи қиз айтарли жавоб айтмасдан, ерга боққанча уф тортиб қўйган бўлса-да, бу ҳолатига ўзи ҳам ҳайрон эди. Ахир, умри бино бўлиб қанча-қанча ёмон, шафқатсиз, юзсиз, ҳайвонсифат одамларни кўрди, улар билан бир товоқдан ош еди. Даккиларини, керак бўлганда калтакларини еди. Кўз олдиа улар манаман деган аёлларни қучоқлашди, бир тўшакда қандай ётганларигача кўрди. Аммо бирор марта ҳам ўша кундагичалик оғир аҳволга тушмаган. Нега?.. Ҳа, нега Момохол ҳануз жим?.. Қийналиб кетганларини, ҳар кўрганда хўрсинишларини билади. Бироқ индамайди…

Вали шуларни ўйлаб ташқарида астойдил ҳовли супураётган Момохолни зимдан кузатди. Тақимига тушган сочлари кўзни ўйнатарди. Эгилиб олганда сочининг бир тутами юзлари аралаш пастга осилиб тушади. Бу Момохолга жуда ярашади…

Шу тобда Вали бир нарсага ҳайрон бўлди. Мерган аканинг шунча пули бор. Қўлини қаерга узатса етади. Нимага биттагина қизини аямайди?.. Хизматчи ёлласа бўлмайдими? Ана, анави Шапкўрга ўхшаган биттасини қўйиб қўйса, бас. Ҳамма ишни ўша қилаверади… Ким билсин яна?..

У аста қизга яқинлашди. Момохол гарчи орқа ўгириб ҳовли супураётган бўлса-да, аравача товушини эшитиб жилмайиб қўйди.

— Сенга жуда жабр бўпти. — деди Вали Момохолнинг олт томонига ўтиб. — Дадангга айтсанг бўлмайдими?

— Нимани?

— Бирор аёлни ёлласа бўлади-ку!..

— Э, нима кераги бор?.. Мен ўзим истамайман буни.

— Нима учун?

— Сабаби бор-да!..

— Шунчалик сирми?

— Сирмас… Биласанми, мен дадамни аёллардан қизғонаман.

— Ие, буёғи қизиқ бўлди-ку!.. — кулди Вали. — дадангни еб қўярмиди улар…

— Э, ишинг бўлмасин!.. Яхшиси, ўзингдан гапир. Нималарни шивир-шивир қилиб гаплашдиларинг дадамминан?

— Ҳеч нарсани. Шунчаки… Иш юзасидан…

— Ў, жа зўрсизлар-ку-а?.. Нима иш?

— Буни сен билишинг шарт эмас…

Вали секин ортига ўгирилиб ичкарига қараб олган бўлди. Мерган ака меҳмонхонада уёқдан-буёққа юриб Ботирга нималарнидир уқтирарди.

— Сенга… Бир гапни айтсам майлими?.. — ерга қараганча сўради Вали.

— Айт!.. — Момохол ҳушёр тортиб супургисини ерга ташлади-да, Вали томон ўгирилди. — Айтавер, нима гап?

— Сен… Жудаям чиройлисан.

— Шу холосми?

Қиз шу қадар ноз билан тикилдики, Валининг юраги орзиқиб кетди.

— Йўқ… Мен… Мен сени яхши кўраман, Момохол!.. — Шу гап қандай оғзидан чиқиб кетганини ўзи ҳам пайқамай қолди. Айтишга айтди-ю, аъзойи баданидан муздек тер чиқиб кетгандек бўлди…

— Нима? — кутилмаганда кулиб юборди Момохол. — Жинни бўлганмисан?

— Ҳа, шу гапни айтмасам, жинни бўлишим тайин эди…

Қиз индамай қўлига супургисини олди. Индамади. Фақат… Оғир уф тортиб қўйди холос…

 

* * *

 

— Валижонни машинага чиқар!.. — Шапкўрга буюрди Мерган ака. — Кейин Ботирниям!.. Фақат ортиқча шовқин солмаларинг!.. Милтиғини яхшилаб текширганмикан?.. Қараб кўр!..

— Хўп!.. — Ҳовли чироқларини атайин ўчириб қўйишганди.

Шапкўр қоронғиликда аравачада ўтирган икки йигитни «Газел»га чиқариб, эшикни ёпди ва ўзи катта сумкага солинган милтиқнинг уёқ-буёғини текшириб кўрган бўлди.

— Ҳаммаси жойида.

— Яхши. Унда эшит!.. Буларни тегишли жойга жойлаштирганингдан кейин ўзинг кириб Саминни опчиқасан ташқарига. Атайлабдан жиғига теккин!.. Аччиғи тез унинг. Сал гапга ловиллаб кетади. Аммо кимлигингни айта кўрма!..

— Ҳаммасини тушунтиргансиз-ку!.. Биламан.

— Хўп, Худо ёр бўлсин сизларга!.. Иш тугаши билан менга қўнғироқ қилгин!

— Бўпти.

Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишгач, машина жойидан қўзғолди…

Саминнинг шаҳарда ҳам уйи бор эди. Бироқ у кўп вақтини мана шу қишлоқдаги мўжазгина ҳовлида ўтказарди. Аниқроғи, бу ерда катта қимор ўйинларини ташкил қилар, ўзи ўйнамасдан, чўтал йиғиб ўтиришни хуш кўрарди. Аслида, қиморда чўталчининг ҳамиша ошиғи олчи. Ютган одам албатта унга ҳиммат қилиб «бир-икки сўм» ташлайди. Ташламас бўлмайди ҳам. Қиморбозларнинг удуми шунақа. Қолаверса, Самин уйи учун ҳам барчадан ҳақ олади…

Соат тахминан тунги икки. Машина узоқни олувчи чироқлари ўчирилган ҳолда қишлоққа кириб келди. Қайси уйга кириш олдиндан режалаштирилгани боис, уй эгаси — ёши элликлардан ошган, чўққисоқол Умарали ака дарвозани ланг очиб қўйганди. Бу одам ҳам бир пайтлар кимнидир пичоқлаб қамалган. Турмада Мерган ака билан бир-икки йил ош-қатиқ бўлганди… Оғайнигарчилик боис шу кеча бола-чақасини қариндошларникига жўнатиб юборган. Шундай қилмаса бўлмасди. Мерган ака Бир марта илтимос қилса-ю, йўқ дейдими?.. Бунинг устига Мерган бир сўзли йигит. «Сизга гард юқмайди» деб сўз берди. Демак, сўзининг устидан чиқади…

— Келинглар, хуш кепсизлар, меҳмонлар!.. — у аввал Ҳайбатилла, сўнгра пастга тушириб қўйилган икки ногирон билан кўришди. — Қани, ичкарига!.. Бир пиёла чойимиз бор!

— Чой ичишга вақт йўқ. — деди Ҳайбатилла. — Бизга томни кўрсатинг! Валижонни ўша ерга жойлаштиришимиз лозим…

— Хўп, сиз нима десангиз шу-да, меҳмон!.. Кетдик бўлмаса!..

Ҳайбатилла икковлари иккита аравачани кўтариб махсус боғланган арқонга навбати билан маҳкамлади. Уй эгаси тепага чиқиб аравачаларни қабул қилиб олди. Шундай қилмаса бўлмасди. Аравачани устида одами билан томга кўтариб чиқишнинг ўзи азоб…

— Қойил-э, — силкиниб-силкиниб кулди Умар ака ҳамон ҳансирашдан ўзини тиёлмай. — ҳақиқатан ишларинг оғир экан… Лекин…

У негадир ҳайрати ошиб бир Ботирга, бир Валига қараб қўйди. — Меҳмон, ким бу ерда…

— Буёғиминан ишингиз бўлмасин! — уй эгасининг гапини бўлди Ҳайбатилла. — Ўзингиз тушунасиз, бунақа ишларда ҳар кимгаям гуллайверилмайди…

— Тўғри, тўғри… Узр, меҳмон!.. Майли, мен ичкарига кириб кета қолай бўлмаса-а?..

— Сизми?.. — бирпас бош қашиб тургач жавоб қилди Ҳайбатилла. — Яхшиси, уйдан кетинг!.. Ҳали замон бу ерда қиёмат қойим бўлади… Биронтаси сўраса, меҳмонга кетгандим деб қўя қоласиз…

— Бу гапингизам тўғри. Хўп, кетганим бўлсин!..

 

* * *

 

Иш битди. Валининг биринчи иши бўлгани сабаб Ботир унинг ёнида туриши шарт эди. Ҳарқалай ёш, тажрибаси йўқ…

Ҳайбатилла кўнгли тинчиб навбатдаги вазифасини амалга ошириш ниятида Саминнинг ҳовлисига йўл олди. Дарвозага етгач, эҳтиёткорлик билан ичкарига мўралади. Ҳовлида чироқ ёниқ. Ичкари уйдан маст-аласт эркакларнинг бақир-чақирлари, беўхшов кулгилари аниқ эшитилиб турарди.

— Ҳа-а, қимор авжидага ўхшайди. — ўзича шивирлади у. — Айни муддао… Самин ака!.. Ҳов Самин ака!..

Ҳайбатилла уч-тўрт маротаба дарвоза тирқишига оғзини тираб қичқиргач, ичкари уй эшиги очилиб кимдир ташқарига чиқди. Чироқ ёруғида аниқ кўрди. Барваста, серсоқол эркак. Бу худди Саминнинг ўзи…

— Ким у?.. — остонадан туриб бақирди Самин қиморбоз. — Ким деяпман?

— Буёққа чиқиб кетинг!.. Барибир танимайсиз!..

Самин ҳайрат аралаш елка қисганча келиб дарвозани очди.

— Сизга ким керак?.. — қаршисида турган Ҳайбатиллага бошдан-оёқ тикилиб қараркан, сўради у.

— Ие, мен бу қишлоқдагиларни жуда меҳмондўст деб ўйлардим. — пичинг қилган бўлди Ҳайбатилла. — Сен аввал салом берсанг-чи, гўрсўхта!..

— Нима?.. Вей, кимни гўрсўхта дединг?.. Мени-я?.. Кимсан ўзинг?..

Айтганларича бор экан. Самин бир зумда тутоқиб Ҳайбатилланинг ёқасига ёпишди.

— Қани, ичкарига киргин! Кўрсатиб қўяман сен итга!..

Ҳайбатилла ҳам анойи эмас. Бир зарб билан Саминнинг қўлларини орқасига қайириб олди.

— Ичкарида бало борми? Эркак бўлсанг, юр, ҳов анави дала томонда муштлашамиз!..

— Шунақами?.. Холма-ат!..

— Овозингни ўчир!.. — унинг оғзини кафтлари билан ёпиб олди Ҳайбатилла. — Яна бир марта овоз чиқарсанг, ўлдим деявер!.. Хунасамисан ё?..

— Мен-а?.. Мана энди кўрасан кўрадиганингни!.. Қани, кетдик, итдан тарқаган!..

Буёғига Саминни ушлаб туришга ҳожат қолмаганди. Сўнгги ҳақорат унинг тепа сочини тикка қилиб тишлари ғижирлаганча Ҳайбатилланинг олдига тушган кўйи дала томонга — Умар аканинг уйи тарафга қараб кета бошлади…

— Тўхта! — айни Умар аканинг уйига — Вали ҳамда Ботир пусиб ўтирган том рўпарасига келганда Ҳайбатилла Саминни елкасидан ушлаб тўхтатди. — Мана шу ер қулайга ўхшайди. Хўш, эркак, меҳмонни қандай кутиб олиш кераклигини билмасмидинг?..

— Ёқамни қўйвор, ҳезалак!.. — хириллаб Ҳайбатилланинг қўлларини нари сурмоқчи бўлди Самин. — Муштлашиш мана бунақа бўлади!..

Ҳайбатилла атайин ёқасини қўйиб юбориб қўлларини баланд кўтариб қўйди-да, икки қадам ортга чекинди. Бу маҳал Вали милтиқдан ўқ узиши лозим эди…

Шундай бўлди ҳам. Самин уриш илинжида қўлларини рақиби томон кўтарди-ю…

Милтиқнинг овози эшитилмади. Тиқ этган товуш келди холос…

Самин кўксини чангаллаганча ерга қулади…

Ҳайбатилла жонҳолатда жасадни судраклаб тутзор ичига яширди…

Энди тезда иккала йигитни қайтадан тушириш ва жуфтакни ростлаш зарур эди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ