«Эй мўмин, тезроқ ўт. Сенинг нуринг менинг алангамни ўчирди» (Жийлоний ҳикматлари)

0

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам адашганларни ҳидоят қилишни яхши кўрар, шуни орзу қилардилар. Аллоҳ таоло у зотга: «Сиз ўзингиз яхши кўрганни тўғри йўлга бошлаёлмайсиз. Аммо Аллоҳ хоҳлаганини тўғри йўлга бошлайди» деб ваҳий қилди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳидоят билан юборилдим. Аммо ҳидоят қилиш менинг қўлимда эмас. Шайтоннинг иғвоси адашишга сабаб қилинди. Аммо адаштириш унинг қўлида эмас» дедилар. Зеро, Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига эргашувчилар эътиқодига кўра – қилич ўз табиати билан кесмайди, Аллоҳ уни кестиради. Олов ўз табиати билан куйдирмайди, Аллоҳ куйдиради. Таом ўз табиати билан тўйдирмайди, Аллоҳ тўйдиради. Сув ўз табиати билан чанқоқни қондирмайди, балки чанқоқ қондирувчи Аллоҳдир. Худди шундай ҳар хил турлардаги турли сабабларнинг тўлиқ тасарруфи Аллоҳнинг қўлидадир. Сабаблар эса У зотнинг иродасига кўра ҳаракатланади.

Иброҳим алайҳиссалом оловга отилди. Ҳақ таоло эса уни оловда куйишини истамади, оловни совуқ ва зарарсиз қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Қиёмат кунида дўзах мўмин бандага «Эй мўмин, тезроқ ўт. Сенинг нуринг менинг алангамни ўчирди“.

Абдулқодир Жийлоний

Бизнинг динимиз – тавҳид дини. Қилаётган ҳар қандай амалимизни ягона Аллоҳ иродаси билан бўлишига иймон келтирганмиз. Таъсир қилиш фақат У зотга хосдир. Аллоҳ хохламаса нафасингизни ичкарига торта олмайсиз, олган нафасингизни чиқара олмайсиз. Шунинг учун биздан талаб қилингани У зот буюрганидек амал қилиш, жидду жаҳд қилиш. Натижа эса У зотнинг қўлида. Биз хохлаётган ҳамма ишлар ҳам рўёбга чиқавермаслиги бунга яққол далилдир. Унутмайлик, биз бандамиз – қулмиз. Бу дунё ҳаётига синов босқичини ўташ учун келганмиз. Синовдан муваффақиятли ўтишни ўйлаб ҳаракат қилайлик! Айнан шу фикрлар билан юриб, шу йўлда фидо бўлганларни дунё машаққатлари мағлуб қилолмайди, охират оташи ҳам куйдиролмайди.

Улуғбек Насриддин ўғли