КИЛЛЕР… (16-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

— Қани, тез кирларинг, милиса-пилиса кеп қолмасдан яширинларинг!.. — Мерган ака жонҳолатда дарвозани ёпиб, машинадан Ботир ҳамда Валиларни кўтариб туширди. — Тез-тез ичкарига чопларинг!.. Менга қара, ҳама чироқларни ўчир!..

Ҳаш-паш дегунча чироқлар ўчирилиб, эшиклар қулфланди…

— Лекин сенга тан бердим. — қоронғиликда Валининг елкасига қоқиб қўйди Мерган ака. — Оёғинг бўлмасаям, соғ одамдан яхши иш кўрсатдинг, маладес?.. Буёғигаям маҳкам бўл! Ҳали олдинда сени жуда хавфли ишлар кутиб турибди…

Шу пайт дарвозахонага қандайдир машина келиб тўхтади. Ичкаридагиларнинг барчаси ҳушёр тортиб қулоқларини динг қилишди.

— Айтмаганмидим? — секин дераза қаршисига бориб парданинг бир четини очди Мерган ака. — Милисалар булар. Ис олиб юришади-да қанжиқлар!.. Майли, сенлар димингни чиқармай ўтириб турларинг, мен аста чиқиб хабар олай!..

Мерган ака эҳтиёткорлик билан дарвозахонага чиқди. Бироқ чироқни ёқмади. Дарвозага ҳам кичкинагина ойнали кузаткич ўрнатилганди. Ўшанга оғзини тўғрилаб туриб оҳисталик билан сўради:

— Ким у?

— Нима, танимаяпсанми?

У таниш овозни эшитгачгина, чуқур нафас олиб чироқни ёқди.

— Қўрқитиб юбордингиз-а. Самад ака!.. — Меҳмонни қучоқ очиб кутиб оларкан, кулди Мерган ака. — Мен бўлсам, милисалармикан деб ичимдан ич қиринди ўтиб ўтирибман.

— Нима, яна бирор гуноҳ қилиб қўйдингми? — Самад ака ҳайдовчига «кетавер» дегандек ишора қилиб қўйгач, ичкарига ўзини урди. — Қўрқма, мендай аканг боракан, сенга милиса зоти тегмайди.

— Буни биламан-ку-я, — деди Мерган ака барибир ҳушёрлик билан ташқарига қараб олиб. — лекин у хонасалотлар ис олиб юришади-да!.. Ҳаммасига пул керак. Бермасанг, ёқангдан олишади.

— Бўпти, менга тўғрисини айт, нима иш қилиб қўйдинг?

Мерган ака меҳмоннинг қулоғига нимадир деб пичирлади.

— Нима? Қанақа ногирон?.. Қани, кўрсат-чи менга!..

— Хўп бўлади, ака! Марҳамат, ичкарига кирайлик!..

Қўриқчилар одатга кўра ташқарида қолди. Икковлари олдинма-кетин меҳмонхонага йўл олишди. Вали шу лаҳзаларда негадир хомуш тортганча бир бурчакда ўй суриб ўтирарди…

Самад акани кўрди-ю, бирдан ранги оқариб, қошлари чимирилди…

Меҳмон ҳам ундан кўз узолмай қолганди.

— Менга қара, Мерган, — дея уй эгасига ўгирилиб сўради Самад ака. — бу боланинг башараси негадир танишдай туюлаяпти. Қаердадир кўрганман бунингни.

— Ҳа энди… Кўчаларда дайдиб юрган бир бола. Ўтиб кетаётганингизда кўзингиз тушгандир-да!..

— Э, йў-ўқ… Тўхта… Эсингдами, менинг қўлимда Вадим деган бир ҳароми бўларди?!.. Эсингда бўлиши керак… Итдай ўлиб кетган ўзбошимчалигидан.

— Эсладим, эсладим. Анави суюқоёқнинг кетидан илакишиб юрган ўрис болами?

— Худди ўша… Адашмасам, бу болани ўша ҳароми олиб юрганди.

— Йўғ-э, — бир Валига, бир Самад акага боқиб бош чайқади Мерган ака. — ахир… Бу болани… Қанақасига Вадим олиб юрсин, ака?..

— Менга аён-ку!.. Қизиқ, оёғига нима қилган бу боланинг?

— Айтишича, болалигида машинада кетаётиб…

— Тушунарли, — унинг сўзини бўлди Самад ака. — демак, худди ўзи. Мен Вадимни тинчитиш учун ёллаган одам тоғда аварияга учраган. Машинада бу болаям бўлган… Бўпти, қани, ташқарига чиқайлик!

Самад ака қовоғини уйганча уй эгасини ҳовлига бошлади.

— Яхшилаб қулоқ сол, — деди у дарвозахонага етишгач. — бу етимчани тезлик билан йўқот!.. Яхшилик келтирмайди.

— Ака, фойдаси тегиб турибди-ку!..

— Фойдасидан кеч!.. Обрўйинг борида даф қил уни!.. Бир кун келиб бошингга етади бунақалар.

Мерган ака бир муддат жим қолди. Ҳовлини айланиб ўзича нималарнидир хомчўт қилган бўлди…

Бир тўхтамга келди шекилли, беихтиёр Самад аканинг олдига қайтди.

— Тўғри айтасиз… Лекин… Бир режа чиқиб қолди.

— Хўш? Қанақа режа?

— Эсингизда бўлса, Жиззах йўлига чиқаверишда бир табиб бор. Жуда ўткир ярамас. Жодулашниям қотираркан.

— Қисқароқ қилсан-чи!

— Хуллас, ўтган йили мен биттасига беш-ўнта қурол пуллагандим. Кейин билсам, у одам ўша табибни йўқ қилиш ниятида мендан қурол сотиб олибди.

— Ўлдирибдими?

— Эшитиб туринг-да!.. Табиб душманларнинг илтимосиминан тижоратчининг иш йўлларини бойлаб ташлабди. Тижоратчи бир неча ойлар уйдан кўчага чиқолмай, кечалари соясини кўрсаям сапчиб кетаверадиган, баъзан васвасага тушиб ўзини ўзи ўлдириш пайига тушадиган бўп қопти. Хотиниям қараб турмаган. Нафаси ўткир домлаларга эрини ўқитиб ўзига келтирган. Тижоратчи ҳушига келиб кўзлари очилгач, табибни ўлдиришга аҳд қилибди. Аммо мендан қурол олиб ёллаган тўрт бирдай одамнинг ҳаммаси нариги дунёга равона бўлибди.

— Вей, жа чўзворасан-да! Қисқароқ қил дедим-ку!.. Вақтим йўқ.

— Хўп бўлади… Орадан сал ўтиб хабарингиз бор, менинг ишларим чаппасидан келди. Сал бўлмаса, иккинчи марта қамалиб кетаёздим. Билсам, табиб қандайдир руҳлар орқали тижоратчига мен қурол сотганимни аниқлаган-у, менга қарши дуо ўқиворган.

— Ол-а!.. — кулиб юборди Самад ака. — Жа опқочасан-да!.. Замонавий одамсан-у, қаёқдаги жодугарларга ишониб юрибсан.

— Ахир, ишонмай десам… Йўқ, нима десангиз денг-у, аммо мен ишондим ўша ҳаромхўрга.

— Бўпти, мақсадинг нима?

— Мақсадим… Мана шу йигитчанинг қўлиминан табибни тинчитиш… Ундан кейин… Мабодо бу етимча тирик қолган тақдирдаям, уни ўзим бир амаллаб йўқотиб юборавераман… Тушунинг, мен Валини шунча йилдан берисига боқдим, ҳунар ўргатдим. Қўллари пул кўрди… Энди хизматимниям қилсин-да!..

— Режанг ёмонмас. Бироқ милисасига эҳтиёт бўл! Ўзинг ҳеч наса кўрмагандай четда туравер!.. Мабодо йигитча қўлга тушиб қолсаям аҳмоққа ўхшаб орқасидан милисама-милиса чопиб юрма!.. Буёқда биз турганимизни эсингдан чиқарма!

— Жинни бўпманми югуриб, ака?.. — тиржайиб дераза тарафга ўғринча қараб қўйди Мерган ака. — Биринчи кун бундай ишларни қилаётганим йўқ. Худога

шукр, сизминан танишиб кам бўлмадим. Сизни тўрга илинтириб берадиган аҳмоқ йўқ. Керак бўлса, сиз учун ўққа учишгаям тайёр тураман, биласиз-ку!..

— Садоқатингга ишонаман, Мерган! — унинг елкасига қоқиб қўйди Самад ака. — Қайғурма, милисага ён бериб бўпмиз!.. Майли, омадингни берсин!.. Эртага менинг одамларим келади. Ўттиз- қирқ қути анави зорманда ўқлардан бериб юбор, соққасини қўлингга бериб кетишади!

— Гап бўлиши мумкинмас, ака!.. Мен ҳамиша сизнинг хизматингизга тайёрман!

— Хўп, кўришгунча! Фақат анави йигитча масаласини кечиктирма!

— Эртагаёқ киришганим бўлсин!..

Самад ака қўриқчилар ҳамроҳлигида машинага ўтириб жўнаб кетгач, Мерган ака яна бир маротаба катта кўчани кузатган бўлди-ю, шоша-пиша дарвозани ёпиб ҳовли чироқларини ўчирди.

 

* * *

 

Вали кейинги кунларда бошқа бир дунёда яшаётгандек эди. Бўлиб ўтган ишлар, Мерган аканинг келгуси режалари, ниятлари уни қизиқтирмай қўйди. Икки хаёли Момохолга яқинроқ бўлиш, унинг кўнглига йўл топишда бўлиб қолди. Ўтирса ҳам, турса ҳам шу қиз кўз ўнгидан кетмади. Аммо Момохол ҳануз унга бепарво. Шунчаки ногирон йигит, отасининг содиқ хизматчиси сифатида ҳурмат бажо келтирар, ҳовлида, томорқа тарафларда бирга айланишганда кўпроқ ишлари билан қизиқарди. Мабодо йигит муҳаббатдан сўз очса, ҳар гал бир жилмайиб қўярди-ю, гапни бошқа ёққа буриб юбораверарди. Бундан, албатта Валининг ғаши келарди. Ич-этини еб, юраклари увишиб кетгандек бўларди…

— «Йўқ, — Вали охири чидай олмади. Эрта тонгда ўрнидан турибамал-тақал аравачасига ўтириб олгач, (Сўнгги бир йил ичида мустақил машқ қилиб аравачага ўзи мустақил чиқиб олишга ўрганганди) астагина ҳовлига чиқди. — Бу қиз айёрлик қилаяпти. Мени ногирон, ярим жон деб камситаяпти. Билиб турибман, ичида севади. Фақат унга шу нарса халал бераяпти… Ахир, оёғим бўлмагани билан ўзим соппа-соғман-ку!.. Бир оилани боқиш қўлимдан келади-ку!.. Қўлимда шундай ҳунарим бўлса, яхши топсам. Нега рўйхушлик бермайди?.. Ў отасидан ҳайиқадими?.. Э, Мерган ака мени яхши кўради. Битта қизини аямаса керак мендан. Ҳали у кишига кўп маротаба фойдам тегиши маълум-ку!.. Менинг қўлим билан қанча душманларини тинчитади-ю!.. Агар шундаям қизини аяса…

Йўқ, ортиқ тоқат қила олмайман. Ҳаммасини узил-кесил ҳал қилишим лозим. Ҳарқалай, ёш бола эмасман…»

Шу тобда Момохол дўкондан нимадир харид қилиш учун ташқарига чиқиб кетаётганди. Мерган ака эса, деразадан ҳовлини кузатарди…

— Момохол, тўхтагин!.. — энди дарвозани очмоқчи бўлган қизни тўхтатди Вали.

— Ҳа, нима дейсан? Тезроқ гапира қолгин, шошиб турибман!..

— Бу тезда айтиладиган гап эмас-да!..

— Уф-ф… Бўпти, қайтганимдан кейин айтарсан…

Вали индамасдан аравачани Момохолнинг йўлига кўндаланг қилди.

— Қачонгача мени қийнайсан?.. — тўсатдан қизнинг қўлларидан ушлаб ўзига тортди у. — Шунчалик тош юракмисан?..

— Вой, бу нима қилганинг? — Момохол шартта қўлларини тортиб олиб орқасига аланглаб қўйди. — Уятинг қолмабди ўзи. Дадам кўриб қолса…

— Сен, ахир, севишимни биласан-ку!.. Билиб туриб азоблаяпсан одамни…

— Бор-э, қанақа севги?.. Жинни бўпсан!..

— Йўқ, то бир ёқли қилмагунимизча сени ҳеч қаерга қўйиб юбормайман!..

Қиз асабийлашиб қошларини чимирди.

— Шунақами? — деди у ҳамон йўлида кўндаланг турган аравачани нари суриб. — Унда билиб қўй, менинг йигитим бор… Агар билиб қолса, сени…

— Нима мени?.. Ўлдирадими?

— Ҳа, ўлдиради.

— Ўлдириб бўпти!.. Ҳали мени яхши билмас экансан… Оёғим йўқ бўлсаям, унча-мунчасига сўз берадиганлардан эмасман…

— Яхши бўпти, энди қоч, йўлимни тўсма!

— Тўсаман. Сен то рози бўлмагунингча, туравераман.

— Ҳозир дадамни чақираман.

— Чақир!

Момохол нима қилишни билмай, турган ерида айлана бошлади…

Ҳақиқатан, танг аҳволда қолганди. Чунки Валини яхши билади. Бир қайсарлиги тутса, қайтариб бўлмайди… Бироқ… Севги тўғрисидаги гаплари кулгили… Ахир… Келиб-келиб ногирон йигитга кўнгил қўйиш… Аҳмоқлик-ку!..

Тоқати тоқ бўлди. Бу тахлит гап-сўзларга нуқта қўйиш пайти етганди.

— Менга қара, — деди Валининг кўзларига тикилиб. — сен-чи, чучварани хом санабсан. Нима, сенга меҳрибончилик қилганимни нотўғри тушундингми?.. Йўқ, сен менинг дидимдаги йигит эмассан. Менинг… Ўз тенгим бор, билдингми?.. Бошқа бу тўғрида оғиз очма!..

Бундай кескин жавобни кутмаган Валининг кўзларидан ўт чақнаб кетгандай бўлди. Бўйин томирлари тортишиб бораётган каби бошини уёқдан-буёққа силкитиб-силкитиб юборди…

Бу лаҳзаларда Момохол аллақачон кўчага чиқиб кетганди…

 

* * *

 

Қиз Валининг кўнглини қаттиқ чўктириб қўйди. Ногиронлигини яна  эсига солди…

Бўларича бўлган йигит шошилмасдан ҳожатхонага кириб эшикни ичидан тамбалади.

Шу ер тўйиб-тўйиб йиғлаши учун қулай эди…

Вали баъзи-баъзида… Дунёдан тўйиб кетган маҳалларда, ота-онасизлиги панд бера бошлаган вақтларда бир четга яшириниб, кўз ёш тўкишга одатланганди. Йиғласа, анча енгил тортиб, қайғулари бироз аригандек бўларди…

Афсус… Тағин халал беришди.

Даъфатан ҳожатхона эшиги безовта тақиллаб, ташқарида Мерган аканинг овози эшитилди.

— Валижон, тез чиқ!.. Зарур иш чиқиб қолди. Кечиктирсак бўлмайди. Бўлақол!..

— Оббо, — овозини пасайтириб ғудранди Вали. — сира тинчлик йўқ экан-да!.. Бемалол йиғлашгаям қўйишмайди-я!..

— Хўш, Валижон, кайфиятлар қалай энди? — Мерган ака меҳмонхона тўрига ястаниб олганча гапни атайин узоқдан бошлади. — Яхши ётиб турдингми, бўтам!..

— Раҳмат, ёмон эмас… Ботир акам кўринмайдими?

— Ҳа, Ботир акангни бир ерга ишминан жўнатдик. Ҳали замон кеп қолади… Биласанми, сенбоп яна бир иш чиқиб қолди.

— Одам ўлдиришми? — зўрма зўраки тиржайди Вали.

— Топдинг. Киллерга одам ўлдиришдан бўлак ишни ишониб топшириб бўларканми?!.

— Биласиз-ку, мен тайёр одамман.

— Мана шу одатинг менга жуда ёқади. — силкиниб-силкиниб кулди Мерган ака. — Бўлмаса эшит. Жиззах йўлига чиқаверишда бир табиб яшайди. Жа бадавлат у хунаса. Ўшани тинчитиб берасан. Лекин эсингда бўлсин, суф деса сувни тескари оқизадиганлар хилидан. Шунинг учун кўзига кўринмасдан туриб тинчитиш керак. Кўриндингми, тамом бўлдим деявер!..

— «Кўзига кўринганим минг марта яхшийди. — хаёлидан ўтказди Вали. — Ўлиб кетган дуруст бу қадар азобда яшагандан… Қачон қараса, чўлоқлигингни эсга оласан, ҳар кимгаям ўзингни тенг била олмайсан… Яна… Камситганлари… Майли, кўрсатсин ўша жодугар табибни. Уёғини ўзим биламан…»

— Майли, кўрсатмаларингизни бераверинг! — тилга кирди Вали бошини кўтариб. — Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади.

— Сени Ҳайбатилла машинада олиб боради. То ишни битиргунингча кутиб туради. Лекин милиса-пилисасига эҳтиёт бўл. Тағин чув тушиб ўтирмагин. Мениям жувонмарг қип кетасан-а!..

— Хотиржам бўлинг! Қўлга тушган тақдиримдаям сизни сотадиган аҳмоқ йўқ.

— Бўпти, хонангга кириб тайёргарлигингни кўр… Айтганча, бир сидирға кийимларингданам олвол! Ўнг келмай қолса, ўша атрофдан жой топиб тунаб туришларингам мумкин…

Вали тушунмади. Нега керак кийимлар?.. Баҳор иси келиб қолган бўлса. Совуқ эмас…

Шунда ҳам эътибор қилмай хонасига кирди-да, зарур кийимларни дипломатга жойлаб, милтиқни тозалашга тушди…

 

* * *

 

Бу галги режа янада пухта ишлаб чиқилди. Мерган ака атайин Ботирни аралаштирмади. Сабаби аён. Жодугар табиб ўта хавфли одам. Қотилни кўрмаган тақдирда ҳам барибир кимлигини ажиналари орқали аниқлаб ола билади. Одамлар бекорга у ҳақида турли афсоналар тўқиб юришмайди. Қолаверса, шу кунгача ўлдирмоқчи бўлганларнинг ўзлари нариги дунёга равона бўлганликлари табиб кучлилигига аниқ исбот… Шундай экан, бу ишга иложи борича узоқроқ кишиларни жалб этган маъқул. Токи, Ботирга ўхшаган яқинлари жабр кўришмасин…

— Қани, Валижон, энди сенга оқ йўл тилайлик!..

Мерган ака ўн беш нафар қуролланган йигитлар олдида турган Валининг елкасига қўлини қўйди. — Ишқилиб, омадингни берсин!.. Эсингда тут, агар ўша жодугарнинг бошига етсанг, бойликларининг ҳаммаси ўзимизга қолади. Хатлаб оламиз. Ҳа энди сендай содиқ укамниям хафа қилиб қўймайман!..

Вали биринчи маротаба Мерган аканинг гаплари сохта эканини англади. Англади-ю, тунда кўрган туши ёдига тушди…

Ҳа, бепоён саҳрога бориб қолганди тушида. Саҳро шу қадар иссиқ, ҳаво дим эдики, нафас олишга қийналар, қайноқ шамол учириб юбораётган қумлар оғзига кириб нуқул ўқчирди…

Бир маҳал узоқдан қандайдир аждаҳосифат маҳлуқлар у томон чопиб кела бошлади. Вали қўрқиб кетди. Лекин қочишга сира имкон йўқ эди. Нима бўлса бўлар деди-ю, орқа-кетига қарамай қоча бошлади…

Барибир фойдаси бўлмади. Маҳлуқлар Валига нисбатан юз чандон тез чопишарди. Нақ елкасидан келиб босишди. У ерга кириб бораётганини ҳис этди. Нафаси бўғилиб, бир-икки сония ичида дунёдан буткул узилиб қолди…

Вали ўлдим шекилли деб хаёл қилганди. Тирик экан. Эрталаб қора терга ботган ҳолда уйғонди… Тушини эслади… Ўзича таъбир излаб кўрди…

Топа олмади… Қанча ўйламасин, ўлимдан бўлак нарса миясига келмасди…

Охири безор бўлиб юраги ғаш тортганча ўрнидан қўзғолди…

Ҳозир сал бўлса-да, пайқаб турибди. Жодугарнинг лаънатига қолиши мумкин. Балки, тайиндир?!. Йўқса, Мерган ака ёнига шунча қўриқчини қўшиб бермасди. Авваллари икки, ё нари борса тўрт киши кетаверишарди…

— Майли, мен сиздан ёмонлик кўрмадим. — дея Мерган аканинг кўксига бош қўйди Вали. — Мабодо қайтиб келиш насиб қилмаса, мендан рози бўлинг!..

— Э, унақа совуқ нафас қилма! — норози бош чайқаб қўйди Мерган ака. — Бекорга шунча йигитни қўшиб бераяпманми сенга? Битта жодугарни тинчита олмасанг, қанақа устамон қотилсан?!. Энг асосийси, руҳни туширмасанг бас. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Омадингни берсин!..

Валини қўриқчи йигитлардан бири эпчиллик билан «Мерседес»га ўтқазди. Қолганлар ҳам орқадаги учта машинага жойлашишгач, Мерган ака ҳайдовчиларга жўнаш учун изн берди…

 

* * *

 

Табиб аслида чўл ҳудудлардан бирида жойлашган бозорнинг каттаси экан. Уни ана шу чўл йўлидагина учратиш мумкин эди. Чунки катта йўл, қатнов у қадар кўп эмас. Икки ёнбош адирсифат баланд-пастликлардан иборат. Одамни ўлдириб, бирон-бир чуқурчага ташлаб кетилса ҳам ҳеч ким пайқамайди.

— Шунинг учун Мерган ака буёқларни танлаган экан-да, — ёнидаги ҳайдовчига ўгирилиб кулиб қўйди Вали. — Жа бизбоп жойларга ўхшайди…

Ҳайдовчи боши билан маъқуллаган бўлди-ю, тўсатдан қаттиқ тормоз берди.

— Уёғига бориш мумкинмас. — деди икки қўли билан рулни муштлаб. — Бозор деярли яқин қолди. Ўн километр ҳам чиқмайди… Сизни шу ерга ташлаб ўзимиз ҳов анави кўриниб турган шийпонда пойлаб турамиз. Эсингизда бўлсин, табиб ўтадиган машинани чалкаштириб юборманг!.. Узоқдан кўришингиз билан дарҳол йўл ўртасига чиқинг!..

— Ўзим яхши биламан нима қилишни. — ҳайдовчини жеркиб берди Вали. — Менга ўргатишнинг ҳожати йўқ. Фақат… Сизлар қайтариб опкетишни унутмасангиз бас…

— Ие, бу нима деганингиз? — хохолаб кулди ҳайдовчи. — Мерган ака нақ теримизга сомон тиқади-ку!.. Ташвиш тортманг, сиз отишни бошлаганингиз ҳамоно етиб келамиз…

 

* * *

 

Машиналар карвони икки чақиримлар наридаги кимсасиз шийпонга қараб йўл солди. Валининг эса, ҳануз юраги ғаш эди. Чўнтагидан сигарет олиб тутади-да, яна Момохолни кўз олдига келтирди…

— Ҳа-а, — оғир хўрсиниб ўзи билан ўзи гаплаша бошлади у. — ногирон бўлиш азоб экан. Севишгаям ҳақсиз бўларкан одам… Лекин… Бу адолатдан эмас-ку!.. Ногирон одам эмасми?.. Унинг бахтли бўлгиси келмайдими?.. Нега соғ кимсалар менга ўхшаганлардан қочишга уринишади?.. Айбим оёқсизлигимми?.. Кўзим, ё оғзим қийшиқ, бадбашара эмасман-ку!.. Э, йўқ, тақдирга тан берадиган аҳмоқ йўқ. Худо хоҳласа, мана шу ишниям қойиллатсам, Мерган акадан рухсат сўрайман. Ташлайман одам ўлдиришни… Тўплаган пулларимга ўзимнинг тижоратимни очаман… Ана ўшанда… Кўриб қўйсин Момохолга ўхшаганлар… Йў-ўқ, яхшиси, одам ёллайман-да, мажбуран ҳузуримга келтираман Момохолни. Қани, ўшандаям мени камсита олармикан?!. Камситиб бўпти…

Шу тобда узоқдан таниш машина кўриниб, Вали шоша-пиша ёнбошига яшириб қўйилган милтиқни пайпаслаб текширди. Ҳаммаси жойида эканига амин бўлгач, ҳеч нарса бўлмагандай йўл ўртасига чиқиб қотганча тураверди…

Машина катта тезликда келаётганди. Валигача ўттиз метрлар қолганда қаттиқ тормоз бериб тўхтади. У аниқ кўрди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган эркак ўша суратда кўрган табиб. Бунга шубҳа йўқ…

Секин чап ёнбошига қўл суқиб милтиқнинг қўндоғини маҳкам ушлади-да, табибнинг машинадан тушиб яқин келишини кута бошлади.

— Вей бола, жонингдан тўйганмисан? — барваста, сочлари оқариб кетган, серсоқол табиб машинадан тушибоқ ўдағайлай кетди. — Қоч йўлдан!..

Вали секин милтиқни қўлига олиб табибга тўғрилади. Табиб жонҳолатда ўзини машинанинг орқасига отди. Ҳайдовчи аллақачон машинани ичидан қулфлаб ўриндиқлар остига кириб кетганди… Аравача эса, тобора яқинлашиб борарди.

— Менга қара, аҳмоқлик қилма, ўзингни жувонмарг қилма!.. Ярим жон экансан! Қайт, қайт!..

Табиб машина ортидан туриб тинимсиз қичқирарди. Бу орада Вали унга жуда яқин бориб, милтиқдан ўқ узди. Аксига олгандек, ўқ табибга тегмади…

— Ҳали, шунақами? — дея эпчиллик билан машинанинг бошқа тарафига қочиб ўтди табиб. — Менминан мушук-сичқон ўйнагинг келдими?.. Сен чўлоқни-я?.. Худоям бекорга оёқдан қисмаган экан сен баччағарни!.. Энди ўзингдан кўр!..

Табиб шундай деб бирдан Валининг рўпарасига чиқиб қаддини ғоз тутди.

— Мен сени огоҳлантирдим, бола! Қулоқ солмадинг!..

У овозининг борича қандайдир дуоларни ўқий бошлади. Вали бўлса, қичқириқларга қулоқ солмай, тағин милтиқдан ўқ узди…

Шу пайт…

Ўқ табибга бориб тегдими-йўқми, Вали пайқамади. Кутилмаганда орқа миясида кучли оғриқ пайдо бўлди… Ҳаммаёқ шовқин-суронга тўлиб кетгандай туюлди. Қандайдир чийиллаган товушлар қулоғига чалинди…

Бу ҳолат атиги бир-икки дақиқа давом этди…

Кейин… Чор атрофни зулмат қоплаб, Вали ўтирган аравача ағдарилиб кетди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ