КАЛЛАКЕСАР… (1-қисм)

0

 

 

ҲАЙДАЛИШ

 

* * *

 

Меҳмоналининг армиядан келганига бир ой бўлмай, гўё боши берк кўчага кириб қолгандек эди. Болаликдан тепишиб катта бўлган тоғаси Обид сувчи уйланди-ю, тўнини тескари кийиб олди. Бир марта янгасининг ҳақоратига ҳақорат билан жавоб қайтарганига Меҳмоналини ҳовлидан ҳайдашга тушди. Маҳалла оқсоқоли Султон бува, қишлоқнинг мўйсафидлари насиҳат қилишди, инсофга чақиришди, уқтиришди. Тоға қулоқ тутмади. «Меҳмонали уйдан кетсин, даф бўлсин!», деб туриб олди. Бу-ку майлийди. Нима қилса ҳам уч яшарлигидан энаси шу уйга — раҳматли бобоси-ю момосининг қўлига ташлаб кетган. Ҳозир Меҳмоналини ҳимоя қиладиган бобоси, момоси йўқ. Ҳовлида ҳақи йўқлигини ҳам билади. Кўз остига олиб қўйгани Барнонинг отаси айтган гап Меҳмоналига жуда алам қилди. У ҳам уйи йўқлигига шаъма қилибди. «Олдин уй-жой қилсин, ана ундан кейин қизимнинг қўлини сўрасин», дебди. Совчи бўлиб кирган Жаннат холаси йиғлагудек бўлиб шу гапларни етказганда, Меҳмонали ер ёрилмади, ерга кирмади. Ўзини жуда-жуда нотавон ҳис қила бошлади. Қисматига лаънатлар ўқиди.

«Мен Барнони чақириб, ўз оғзидан шу гапларни эшитмасам бўлмайди, — кўнглидан ўтказди Меҳмонали эрта тонгда бобо ҳовлидан кўчага чиқаркан. — Агар шу гап рост бўлса, қишлоқдан бош олиб кетаман. Барнога охирги гапимни айтаман-у, жўнайман. Бахтимни, омадимни ўзга манзиллардан излайман…»

 

* * *

 

Улар одатдагидек Барноларнинг қишлоқдан четроқдаги томорқасида учрашишди.

Барно маҳзун эди. То Меҳмонали биринчи бўлиб гап бошламагунча тек ўтираверди.

— Шу гап ростми, Барно? — сўради Меҳмонали оҳиста. — Даданг шундай дедими?

— Афсуски, тўғри, — деди Барно узун ва қирқ кокил сочларини кафтлари орасига олиб. — Дадам шундай шарт қўйди. Бошқачасига сира рози бўлмаяпти. Энди нима қиламиз, Меҳмон ака?

— Тақдирга тан берамиз-да! Нима қилардик? — деди Меҳмонали юзини терс буриб. — Мендай уйсиз, давлатсизларга ким қўйибди уйланишни? Бунинг устига уйданам ҳайдалган бўлсам.

— Нега унақа деяверасиз? Бирор йўли бордир, ахир?..

— Бор, — деди Меҳмонали маъюс жилмайиб. — Битта йўли бор. Рози бўлсанг, иккимиз бир умр бирга бўлишимиз мумкин.

— Нима қилишимиз керак? Айтинг, жонингни узиб бер десангиз, бераман. Фақат…

— Сени олиб қочишим керак. Узо-оқларга олиб қочиб кетишим қолди. Бундан бўлак йўл йўқ. Хўш, нима дейсан? Розимисан?

Барно сукутга толди. Ҳийла бош эгиб, лабларини қаттиқроқ тишлади. Аммо негадир жавоб беришга шошилмади.

— Нега жим бўп қолдинг? — сўради Меҳмонали куйиниб. — Кетасанми мен билан?

— Ундай қила олмайман. Ота-онамнинг юзини ерга қаратсам, иккаламиз ҳам қарғишга қоламиз, шарманда бўламиз. Биз-ку, майли, ота-онам қишлоқда бош кўтариб юролмай қолади. Йўқ, Меҳмон ака, мен ундай қизлардан эмасман.

— Демак, розимассан… — Меҳмонали ҳафсаласи пир бўлиб кетишга чоғланди. — Унда яхши қол. Яхши-ёмон гапириб кўнглингни оғритган бўлсам, кечир!..

— Бу нима деганингиз? — Барно беихтиёр ҳушёр тортиб Меҳмоналининг йўлини тўсди. — Мени ташлаб кетасизми? Энди гаплашмайсизми мен билан?

— Бошқа иложим ҳам йўқ-да, — деди Меҳмонали суюклисининг икки елкасидан тутиб. — Сен ҳам ўзингга муносибини топасан. Мендай уйсиз, ота-онасиз етимчани бошингга урасанми?..

— Шафқатсиз экансиз! — Барно кутилмаганда йиғлаб юборди. — Шунчалик иродасизлигингизни билмаган эканман. Ҳайф сиздай йигитга!..

Меҳмонали ортиқ сўзлашга ўзида куч топа билмади. Пиқ-пиқ йиғлаганча уйи томон кета бошлаган Барнонинг ортидан аламли тикилиб турди-ю, ўзи ҳам ортга қайтди.

Бир кун келиб азоблар, аламлар барҳам топишига, адолат ғалаба қилишига яна бир карра иймон келтирди.

 

* * *

 

Меҳмонали бу ҳовлидан кетиб қаерга боришигача режалаштириб олганди. Тошканга бориб, бахтини, омадини, қадрини қидиришга аҳд қилганди. Аммо ўрганган, суяниб қолган, йиллар оша жондек қадрдонига айланган ҳовлини тарк этиш осон эмаскан. Буни Меҳмонали шу лаҳзаларда чуқур ҳис эта бошлади. Бир кўнгли «кет, барибир тоғанг инсофга келмайди, бошинг оққан тарафларга жўна», деса, бир кўнгли «кетма, биргина тоғанг билан тил топиша олмайсанми? Керак бўлса, таъзим бажо айла, оёқларини ўпиб ёлвор, албатта шаштидан тушади», дерди.

«Йўқ, — дея кўнглидан ўтказди Меҳмонали. — Кетмасам бўлмайди. Бу ерда энди ҳеч кимга керагим қолмади. Қишлоқдошлар, синфдош дўстлар ўз йўлига. Ҳаммасининг ўз ҳаёти, ташвиши, муаммоси бор. Мени елкалай олишмайди, нари борса кўнглимни кўтаришар, тасалли беришар. Бироқ бу муаммони ҳал этиб беришмайди. Яхшиси, кета қолай, шунда тоғам ҳам, кеннойим ҳам мамнун бўлишади, енгил тортишади. Хотиржам умр кечиришади. Ҳарқалай ёш бола эмасман, армия кўрдим, дунё кездим. Қорнимни тўйдириш қўлимдан келади…»

Шундай ўйлар гирдобида Меҳмонали ҳовлига кирди. Аксига олгандек тоғаси Обид сувчи ҳовлининг қоқ ўртасида чайқалиб турарди.

«Тўйиб ичибди шекилли бугун ҳам, — ўйлади Меҳмонали минг бир ҳадик билан тоғасига яқин бораркан. — Сал кечроқ кирсам бўларкан уйга. Ҳозир тағин дийдиёсини бошлайди…»

— Ҳа, ҳалиям шу ердамисан? — кутилганидек салом-алик ўрнига ўдағайлашга ўтди тоғаси. — Сенга кеча нима дегандим? Субутинг борми ўзи? Кет дегандан кейин кетади-да! Ё ёқалашиб мени майиб қилганингдан кейин кетасанми? Ҳар ҳолда армиядан келдинг, кучинг кўп. Шуни мўлжаллаётган бўлсанг керак-да-а?

— Тоға, унақа гапларни гапирманг, — дея айбдорона бош эгди Меҳмонали. — Эрталаб кетаман, кўнглингиз тўқ бўлсин!

— Э, сенинг эртангам жа кўпайиб кетяпти! Ҳозир кетасан! Пишириб қўйгани йўқ сенга менинг уйимда! Бўл тез, лаш-лушингни кўтар!.. Ҳозир қишмас, совуқда ўлмайсан!

— Хўп, тоға, ҳозир нарсаларимни йиғволай, кетаман!..

Меҳмонали тоғасининг феълини яхши биларди. Агар яна бирпас гапни айлантирса, шармандаликка ўтади, бақир-чақир қила бошлайди, хотини эса аюҳаннос солиб маҳалла катталарига чопади…

У таваккал даҳлизга кирди-да, олдиндан тахт қилиб қўйган жомадонини қўлига олиб ҳовлига қайтди.

Обид сувчи миқ этмас, унга еб қўйгудек тикилиб, тезроқ кўчага чиқиб кетишини кутарди.

Меҳмонали тил учида «Хайр» деди-ю, кўчага йўл олди.

 

* * *

 

«Ёлғизнинг ёри худо», деб бекорга айтишмаган. Меҳмонали кечаси кўчада тентирамайдиган бўлди. Икки уй наридаги Тилла бува кўриб қолиб, алоҳида ҳужрасига бошлаб кирди.

— Сен хафа бўлма, — тасалли берди Тилла бува. — Обид ҳеч қачон одам бўлмайди. Хотинининг йўриғига тушиб олган. Шундай ўлиб кетади. Оллоҳга шукр, куч-қувватинг бисёр, ёш, навқиронсан, йўлингни топиб кетасан, болам. Ҳали Обидга ўхшаганларни уялтирасан ҳам. Мана мени айтди дерсан!..

— Мени энам бекор дунёга келтирган экан, — қанча ўзини қўлга олишга уринмасин, Тилла буванинг тасаллилари кўнглини ағдар-тўнтар қилиб юборганди. Меҳмонали қалбидаги бор ҳасратини шу тобда тўкиб-солгиси келиб, сўзлана бошлади. — Дунёга келтирмаса, шунча машмашалар йўғиди. Майли, бизам одам бўп қолармиз. Пешонамизга уй битар, ахир! Шундай кўча кезиб ўтиб кетмасмиз ҳойнаҳой, бува!

— Ие, — деди Тилла бува чойнакдаги қайноқ кўк чойдан пиёлага қуйиб Меҳмоналига узатаркан. — Албатта уйинг бўлади. Нега бўлмасин! Ҳали мени айтди дерсан, бобонг раҳматли қуриб кетганди бу ҳовлини. Мана шу шартаки тоғанг битта ғишт ҳам қўша олмай ўтиб кетади ҳали. Ҳа-а, худо бор, кўрсатади унгаям…

Меҳмонали Тилла бува билан анча вақтгача гаплашиб ўтирди. Тун яримлагандагина қария ҳужра чироғини ўчириб, чиқиб кетди. Бир неча соат давом этган бу суҳбатдан сўнг Меҳмонали анча енгил тортганди. Кўзларини юмди-ю, дарров ухлаб қолди.

 

* * *

 

Меҳмонали саҳарда уйғониб кетди. Сўфи икки уй наридаги мачитда азон айта бошлабди. Тилла бува ҳам ҳойнаҳой мачитда бўлса керак, дарвозахона чироғи ёқиб қўйилганди. Шундоқ дарвоза тепасидаги карнай (радио) дан эса машҳур қўшиқчининг дардли нолалари янграрди.

Дунёни қизғанма мендан, азизим,

Сен ичган булоқдан ичмасман асло.

Сен юрган тоғларда қолмағай изим,

Сен кечган дарёдан кечмасман асло,

Менинг ҳам бу дунёда ўз айтар сўзим,

Ва ўзим сиғинар мозорларим бор…

Меҳмонали бошқа пайт бўлса бу нолаларга эътибор ҳам бериб қўймасди. Шу тобда юраги эзилиб кетди. Тоғаси ва янгасидан сўнгги кунларда келган хўрликлар ёдига тушиб бағри ўртанди. Ёруғ дунё бир муддат кўзларига қоронғи кўриниб, вужудини алам алангаси қоплади.

— Тоға, аблаҳ экансан. Менам сен юрган сўқмоқлардан юрмайман! — дея паст овозда бўлса-да, фиғон чекди Меҳмонали. — Фақат бу дунёни мендан қизғонма, тоға, қизғонма! Менинг ниятларим, жудаям яхши ниятларим бор. Худога минг шукрки, бу сенинг пойма-пой қадамларинг теккан ўша ҳовлидан жудаям узоқ!.. Насиб бўлса, бизнинг кимларга айланганимизни ўз кўзларинг билан кўрасан! Алвидо!..

Меҳмонали Тилла бувани кутиб ўтиришни хоҳламади. Хонтахта устида бир парча оқ қоғоз ва ручка турган экан. Миннатдорчилик хатини қолдирди-ю, майда-чуйдалар солинган йўл халтасини елкасига илиб йўлга тушди…

 

* * *

 

Пойтахтнинг бағри кенг. Унинг тупроғини қанчалаб мусофирлар ялайди, шу кўйи бола-чақа боқади, бошпана топади, катта даргоҳларда таҳсил олади, бойиб кетади, шунда ҳам барибир пойтахт тупроғини кўзга сураверади, давлат, обрў, мартаба излаб тинмайди. Аммо бу юртга илк бор қадам қўйганга осон кечмайди. Меҳмонали ҳам худди шуларнинг бири эди. Бўйдорликда бир-биридан ўзишга шай турган кўп қаватли уйлар, биноларни то кечга қадар томоша қилди, ҳайратга тушди, бош қотирди, ўйлади, мулоҳаза қилди. Афсуски, ишни, илк қадамни нимадан бошлашни билмай гарангсийверди. Киссасидаги пул ҳам аксига олгандек ҳашаматли таомлар тановул қилишга қўя қолмасди. Меҳмонали пулларини ҳар санаб кўрганда, ваҳимага тушар, пуллари тугаб қолса, хор бўлишдан қўрқиб ҳадеганда нафсини тиярди. Шу аҳволда қош қорая бошлаган маҳал темир йўл вокзалига борди. Бу ерда ҳам тумонот одам, бўш келса, ўтиришга ўриндиқ тополмай доғда қолиши тайин эди. Шунинг учун Меҳмонали бўш ўриндиқлардан бирига ўтирди-ю, шу кўйи ўрнидан жилмади. Қорни ҳам таталамасди. Тушлик маҳали қўрқа-писа, таваккал қилиб еган икки дона сомсача худди унинг ҳолатини тушунган, дардларига малҳам бўлган каби вужудини тўлдириб тургандек эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ