Тўти Юсупова: “Ё актрисаликни ташлайсан ёки ўласан”, деб шарт қўйишди…”

0

Кимгадир “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги Сотти, кимгадир “Абдуллажон” филмидаги содда, жайдари аёл ёки севиб томоша қиладиган “Оталар сўзи— ақлнинг кўзи” видеофилмьлари орқали меҳрибон она, буви образлари орқали яхши таниш бўлган, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова “Human.uz” ахборот портали журналистига ўтган 65 йиллик ижодий фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

— Тўти Юсупова деганда кўз олдимизда меҳрибон, ҳокисор она бир қараганда содда, жайдари аёл гавдаланади. Болалигингиз, санъатга кириб келишингиз барчага қизиқ…

— Менимча, ота-онаси ҳаёт бўлганда, ҳамманинг болалиги беғубор ўтса керак. Болалигим бошқаларникига ўхшаш қувноқ бироқ бироз мураккаб кечган. Уруш даврида йўқчилик, очарчилик замонида ўтган. Бу йилларни яхши эслайман. Ҳамманинг оиласида эркаклар йўқ эди. Чунки улар урушга кетган. Фақат аёллар, қизлар, ёш келинчаклар эдик. Мен мактабда ўқирдим. Дарсдан сўнг онамга ёрдам берардим. Қўлимдан кўп иш келмаса-да, Тамарахонимнинг “Сув келар қош устида ҳув” ашуласини қойилмақом айтиб, далада кетмон чопаётган аёлларни руҳлантирардим, кайфиятини кўтарардим. “Ана, Тўти келди, энди зерикмаймиз”, дейишарди. У пайтлари свет бўлмасди. Кимдир чироқ, кимдир шам ёқарди. Кимнингдир уйига қорахат келса, унга ҳаммамиз далда бўлардик. Биласизми, ўша дамлар одамда қандайдир куч, сўнмас ирода пайдо бўлар экан.

Болалигимни ҳозирги давр билан солиштирсам, жуда аянчли ўтган экан, деб ўйлаб қоламан. Биз бир яйраб ўйнамаганмиз, тўйиб овқат емаган эканмиз. Ҳаммаси режиссёр томонидан тузилган бир ҳаётга ўхшайди. Буни мен энди тушуняпман. Одамларнинг ғамига шерик бўлиб, бироз бўлса-да, машаққатларини унутишлари учун сакраб-сакраб рақсга тушардим.

— Демак, санъатга қизиқишингиз ўша пайтлардан бошланган экан-да.

— Яхши эслайман, отамни урушга кузатиш учун вокзалга чиққанимизда улар мени кўтариб олдилар-да, “Оғзингни оч”, дедилар. Кейин оғзимга туфлаб қўйдилар. Ўшанда онамга “Шу қизимни қандай бўлмасин, ўқитгин. Бундан бир нарса чиқади”, деб тайинлаган эканлар. Шунинг учун ҳам 1949-йиллар қийинчиликлардан энди чиққан пайтларимиздан сўнг онам мени Самарқанд шаҳридаги Хотин-қизлар билим юртига олиб келдилар. Мен ўша ерда театр борлигини, артистлар — аёллар, эркаклар ишлашини билдим. Санъатнинг шайдоси бўлдим. Ҳеч нарса қулоғимга кирмасди. Кўз олдимда фақат саҳна, ўша артистлар, спектакллар гавдаланарди. Ўқишдан кетдим ҳисоб. Фақат театрнинг атрофида айланиб юрардим. Техникумимизнинг рўпарасида Самарқанд вилояти театри жойлашган эди. Режиссёримиз мени чақириб нима иш қилишимни сўраганида лапар айтаман, рақсга тушаман, артист бўламан дедим. Шунда “Сув келади…”, “Ёшлигим, ёшлигим менинг ёшлигим” лапарини айтиб бердим. Шу-шу театрга қабул қилиндим.

Мени саҳнада кўрган бутун қариндошларим, жигарларим артист бўлишимга тиш-тирноғи билан қарши бўлди. “Ё ўласан ёки санъатни ташлайсан”, дейишди. “Ўлсам, ўламаки лекин бу йўлдан қайтмайман”, деб якдил қарорда туриб олганман.

— Кейинги тақдирингиз нима бўлди? Тошкентга келишингизга нима сабаб бўлди?

1953-йилда театримизга Тошхўжа Хўжаев келдилар. Ўша пайтлари Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” асари саҳналаштирилганди. Унда бош қаҳрамон, Ҳафиза ролини ижро этдим. Ўн олти ёшда эдим. Тошхўжа Хўжаев Тошкентда “Театр ва рассомчилик институти” (ҳозирги Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти) борлигини, у ерда ўқисам, яхши актриса бўлишимни айтдилар.

Бироқ қўлимда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди. Мактабга бориб, қайта имтиҳон топшириб, шаҳодатнома олганман. Шунда Театримиз Тошкентга гастрол сафарига борди. Эски Ҳамза ҳозирги (Ўзбек миллий академик драма театри)да спектакль қўйдик. Бу ерда ўша устозим Тошхўжа Хўжаев билан кўришдим. Мени Тошкентда олиб қолдилар. Институтга олиб бордилар. Ётоқхона билан таъминлашди. Ўша пайтларда ҳамма имтиҳонлар рус тилида олиб борилган. Мен эса рус тилини умуман билмасдим.

Рус тарихи имтиҳонига режиссёр Турғун Азизов билан бирга топширдим. Бизнинг пайтда мактабда дарслар деярли ўқитилмасди. Боланинг интилишига қараб, синфдан синфга кўчирилаверарди. Ҳатто, ўқитувчининг ўзи йўқ эди. Турғун Азизовга билганимча бир нарсаларни сўзлаб бердим. У эса гапларимни таржима қилиб турди. Кейин рус тилида иншо ёзиш керак эди. Бунда менга раҳматли турмуш ўртоғим Мирғиёс Соатов ёрдам бердилар. Учинчи куни актёрлик маҳоратимиз синовдан ўтказилди. Уруш пайти жанг майдонида боласини кўтариб қочаётган она қаҳрамонини ижро этиб бердим. Шунда Радун деган ўқитувчимиз ижройимни кўриб, аъло баҳолади. Шундай қилиб, иккита 4 ва битта 5 балл билан олийгоҳга қабул қилиндим.

Ало баҳоларга ўқидим. Соҳамни янада чуқурроқ ўргандим. Шиллер асари асосида саҳналаштирилган “Макр ва муҳаббат” спектаклида бош ролни ижро этиб, 1956 йилда Ўзбек миллий академик драма театрига ишга кирдим. Мана салкам олтмиш беш йил бу ерда катта-кичик образларни яратиб келяпман. Билмаганимни ўргандим. Билганларимни ўргатдим. Келганимда ёш, содда қиз эдим. Ҳозир ҳам соддаман мени осонгина алдаш мумкин. Сора Эшонтўраева, Маннон Уйғур, Шукур Бурҳонов — буларнинг ҳаммаси билан бир даврда яшаш ва ишлаш менга насиб қилди. Бунга шукр қиламан. Театрда ўз ўрнимни топдим.

— Кўпинча актрисалар оила қурганидан сўнг санъатдан йироқлашади. Сизда бу жараён қандай кечди?

— Турмушга чиққанимдан кейин устозимиз ва курсдошларим билан турмуш ўртоғимнинг уйида кичкинагина дастурхон тузадик. Шу бизнинг тўйимиз бўлди. Бу ҳаётимнинг энг ширин дамлари эди. Бир-биримизга далда бўлиб келдик. Турмуш ўртоғим доим менга суянч бўлдилар. Ўтганларига беш ой бўлди. Ажойиб инсон эдилар, камтарин, шинаванда. Барча ролларимда ёнимда мадад бўлиб турганлар.

Кейинчалик изимга тушган қариндошларимнинг: “Тўти ҳеч кимга қулоқ солмасдан ўзига чиройли келажак яратган экан”, деган гапларини эшитдим. Чунки ўша пайтда мени кўрган яқинларим “Тўти артист бўлибди”, деб таъна қилишарди. У даврда санъаткорларни тушунишмасди.

Ҳозирги кунда мен ўқиган мактабда ижодий бурчак қилинган. Унда босиб ўтган йўлим, ўйнаган ролларим ҳақида маълумот бор.

— Томошабин сизни “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги Сотти, “Абдуллажон” фильмидаги Холида образларингиз билан таниб қолган. Бунинг сабаби нимада?

— “Келинлар қўзғолони” аслида кичик ҳикоя бўлган. Баҳодир Йўлдошев Саид Аҳмад акага келиб, илтимос қилганларидан сўнг уни кенгайтириб, спектакль қилиб бердилар. Мен ўз олдимга мақсад қўйиб олдим: Сотти Фармонбибининг “отган ўқи, шахсий тансоқчиси”. Соттининг “қарс-қурс”, сақич чайнаши, оёғига катта ковуш кийиб уёқдан бу ёкка бориб келиши. Буларнинг барчаси менинг топилмаларим. Кўйлакларимни ўзим тикдим.

65 йил давомида ижодимда Сотти бошқа образларимга ўхшамаган характердаги ягона образ бўлиб қолди. “Бой ила хизматчи”да Хонзода, “Қутлуғ қон”да Нури қаҳрамонларини яратдим. Булар Соттичалик шуҳрат қозонмади.

Инсон ҳамиша яхшиликка интилиб яшаши керак. Шукрки, халқ мени таниди, санъат йўлини танлашимга қаршилик қилган қариндошларим эса меҳнатимни ардоқлади. Озми-кўпми шогирдларим бор. Улардан биттаси мен фахрланадиганим, ишонганим — Лола Элтоева. Тиришқоқ, қобилиятли актрисалардан. Меҳнати ва истеъдоди сабаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист бўлди. Келажакда ана шундай артистларимиз кўпаяверсин.

Зарнигор АБДУВОҲИДОВА