ИИБ ходими билан «келишмоқчи» бўлган шахсга суд ҳукми ўқилди

0

Коррупцияга қарши курашиш юртимизда изчил равишда жадаллашаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ишончли муҳофаза қилиш муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Юртимизда қонун ҳужжатларига, давлат ташкилотларининг иш фаолиятига очиқлик, ошкораликни таъминлаш нуқтаи назаридан ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фуқароларга ягона портал орқали давлат хизматлари электрон шаклда тақдим этилаётгани ҳам бежиз эмас. Буларнинг барчаси коррупция балосини бартараф этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар бундай ёндашувни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда нобоп, “муомала қилиш”, “келишиш”га мойил бўлган фуқаролар афсуски, ҳамон учрамоқда.

Жорий йил апрель ойида отасига тегишли “Дамас” русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётган Наманганлик Н.Н. ИИО ФМБ ЙҲХБ инспектори Н.Ҳашимов томонидан тўхтатилади. Унинг спиртли ичимлик ичиб олганлигини сезган ходимлар ҳайдовчини тиббий текширувдан ўтказиб, маъмурий баённома расмийлаштиришади ва автомашина жарима майдонига олиб кетилади.

Н.Н. бир неча маротаба ИИО ходими Н.Ҳашимовнинг олдига келиб, машинани жарима майдонидан чиқариб беришини, агар шу ишда ёрдам берса “рози” қилишини айтади. Унинг фикри нотўғри экани, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят ўз жазосини олиши лозимлигини айтган ходимга бир неча бор пул таклиф қилади.

Н.Ҳашимов “мен пора олмайман”, дея унинг бу хатти-ҳаракати жиноят эканлигини тушунтиради ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларидан нусха келтиришини сўрайди. Н.Н. ҳужжатлари нусхасини олиб келар экан, яна ҳаракатини давом эттириб, ҳужжатларининг орасига 300 минг сўм пулни солиб, Н.Ҳашимовнинг хонасида, иш столи устидаги китоб ичига солади. Айни шу дамда тадбир бўйича фуқаро кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза этувчи идора ходимлари, холислар билан биргаликда кириб келишади ва “пора бериш операцияси” фош этилади.

Н.Н. ўз қилмишига тўла иқрор бўлиб, бу каби номаъқулчиликка бундан буён асло қўл урмаслиги, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари ҳамда кекса ота-онаси борлигини айтиб, қонуний енгиллик берилишини сўрайди. Суд томонидан Н.Н.га нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Афсуски, олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, бу каби қилмишларнинг ҳали-ҳануз учраётгани ачинарли, албатта. Коррупциянинг кўзга кўринмас асоратлари бор. Зотан, жамият ичидаги коррупция иллатидан қутулиш учун шу жамиятдаги ҳар бир шахснинг фаол ҳаракати муҳим.

Zarnews.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here