Самарқандда илк бор халқаро марафон ўтказилди

0
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида Samarkand Half Marathon – халқаро хайрия марафони ўтказилди.
Мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур халқаро марафон маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Марафондан тушган маблағ Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов марофон қатнашчиларини табриклар экан, тадбирнинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратди.
Дунёнинг 23 давлатидан келган 1100 нафардан ортиқ спортчи ва ҳаваскор Ислом Каримов кўчасидан 10; 21,1; 2 километр масофаларда марафонга киришди.
Марафончилар Самарқанд шаҳри кўчалари бўйлаб, жумладан, Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Ҳазрати Хизр масжиди, Хўжа Дониёр ёдгорлиги, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Бибихоним масжиди сингари тарихий обидалар олдидан белгиланган масофани босиб ўтди. Уларни шаҳар аҳолиси, меҳмонлар олқишлаб турди.
10 километрлик масофага биринчи бўлиб қозоғистонлик Дмитрий Иванчуков етиб келди. Иккинчи ўрин ҳамюртимиз Евгений Фадеевга, учинчи ўрин эса қозоғистонлик яна бир спортчи Михаил Красиловга насиб этди.
– Ушбу марафонда қатнашиш имкониятини яратгани учун ташкилотчиларга катта раҳмат, – дейди Дмитрий Иванчук. – Трасса мураккаб, аммо масофани биринчи бўлиб босиб ўтишга муваффақ бўлдим ва шахсий рекордимни янгиладим.
10 километрлик масофада хотин-қизлар ўртасида ҳам қозоғистонлик спортчи Татьяна Нерознак ғолиб бўлди. Ўзбекистонлик Зарнигор Худойбердиева маррага иккинчи, Марина Хмелевская эса учинчи бўлиб етиб келди.
21,1 километрга югурган марафончилар орасида ҳамюртимиз, сурхондарёлик Шоҳрух Давлатов биринчи бўлди. У ушбу масофани 73 дақиқада босиб ўтди.
Кейинги ўринлар ҳам мамлакатимиз вакиллари – Андрей Петров ва Бегзод Сафаровга насиб этди.
– Самарқандда ўтказилган халқаро ярим марафонда ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди Шоҳрух Давлатов. – Бу кун ҳаётимдаги тарихий кун бўлиб қолади. Самарқандда марафонга жуда катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Меҳмондорчилик учун миннатдорлик билдираман.
Хотин-қизлар орасида ҳам ушбу масофада мамлакатимиз вакиллари тенгсиз эканлигини исботлади. Наманганлик Нурхон Муҳиддинова марра чизиғини биринчи босиб ўтган бўлса, Екатерина Тунгускова иккинчи, Тамила Кочкарова учинчи бўлди.
2 километр масофада марафон қатнашчилари сони кўп бўлди. Спортчилар билан бирга ҳаваскорлар кўпчиликни ташкил этди. Ушбу масофада марра чизиғини фарғоналик Хуршид Аҳмадалиев биринчи бўлиб босиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида Самарқанд давлат университети талабаси Маржона Баротова биринчи бўлди.
– Олти йилдан буён енгил атлетика билан шуғулланаман, – дейди М.Баротова. – Кўплаб мусобақаларда ғолиб бўлганман. Лекин бугунги ғолибликнинг завқи бошқача бўлди. Чунки, марафонда таниқли спортчилар билан бирга турли соҳалар вакиллари, кексалар, ҳаваскорлар ҳам фаол иштирок этди.
Марафон ғолиблари ташкилотчиларнинг пул мукофоти ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, фаол иштирокчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
uza.uz
loading...