Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради

0

Қорақалпоқ тилшунослигининг йирик намояндаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ҳусниддин Ҳамидов 84 ёшида вафот этди.  Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳ.Ҳамидов 1935 йил 5 январда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида туғилди. 1955 йили икки йиллик ўқитувчилар институтини тугатиб, ўз фаолиятини ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик Қорақалпоқ педагогика институтида таҳсил олиб, 1967 йилда номзодлик, 1991 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, 2000 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 60 йилдан зиёд илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, бўлим мудири, Қорақалпоқ давлат университетида профессор, кафедра мудири вазифаларида самарали меҳнат қилди ва қорақалпоқ тилшунослиги соҳасидаги долзарб масалаларни илмий тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Тил тарихи бўйича чуқур изланишлар олиб борган, қадимий қўлёзмалар илмий тавсифини яратган олимнинг «Қорақалпоқ тили тарихи очерклари», «Эски қорақалпоқ тилининг ёзма ёдгорликлари», «Бердақ қўлёзмалари мероси» каби монографияларида қорақалпоқ адабий тили нормаларининг шаклланиши муаммолари эски ўзбек адабий тили билан узвийликда очиб берилган.

Ҳ.Ҳамидов жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб, 1995-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият кўрсатди.

Кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган жонкуяр устознинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Ҳусниддин Ҳамидовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Нарбаева, Н.Исмоилов, 
А.Арипов, М.Ерниязов, Б.Йўлдошев

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here