КАЛЛАКЕСАР…(3-қисм)

0

 

 

ОҚҚА ЎРАЛГАН МУРДА

 

* * *

 

Меҳмонали кутилмаган кўнгилсизликдан тамом бўлаёзганди. Ҳеч нарсага тушунмай, нуқул гоҳ занжирланган қўл-оёқларига, ертўла тепасидаги кичик даричага, ҳозиргина қулф урилган темир эшикка боқарди. Азбаройи алами келганидан лабларини янада маҳкамроқ тишлар, жаҳл билан полни муштлаб-муштлаб оларди.

«Нега шу чўққисоқолга эргашдим ўзи? — дерди хаёлан хўрлиги келиб. — Нимага кўнглим ҳам сеза қолмади? Ўзи… Паспортминан, пулларни олдирганим етарди-ку, худо! Энди нима қиламан? Аблаҳ! «Қулимсан» деди. Демак, бир балони бошламоқчи. Эссиз! Бундан кўра иш тополмай сарсон юрсам бўлмасмиди?..»

Саволлар кўп, аммо жавоб юз кўрсата қолмасди. Атроф, хаёллари, идроки тунд эди. Бунга ертўла забтига олган зулмат қўшилиб, бир дардига ўн дард қўшарди…

Орадан чамаси бир соатча вақт ўтди. Бир маҳал ертўла эшигини кимдир шарақлатиб очди. Шу заҳоти ичкарига тангадек ёруғлик тушди.

Меҳмонали кўнглида қайтадан умид учқунлаб даст ўрнидан турди…

Қария экан. Қўлида егуликлар солинган халтача илиб олибди. Кирди-ю, чироқни ёқиб юборди. Меҳмонали эса ҳануз қарияга умидвор боқар, занжирдан бўшатишини кутарди.

— Ҳа, болам, зерикиб қолмадингми? — сўради қария қўлидаги халтачани бурчакда савлат тўкиб турган каттакон стол устига қўйиб. — Қорнингам таталаб кетгандир-а?

Меҳмонали индамади. Бунинг ўрнига зимдан қарияга тикилди. Юзлари мардикор бозорда кўрганидан-да захилроқ тусга кирибди. Қошлари эса туташиб кетган экан. Буни олдин пайқамаганди.

«Бобом қоши бир-бирига туташ одамлар шафқатсиз бўлади дерди, — кўнглидан ўтказди у. — Ўлармидим мардикор бозордаёқ юзига, мана шу қошларига разм солволсам. Бу чол туришидан одам ўлдиришданам тоймайдиган хилидан экани кўриниб турибди. Ишқилиб, тезроқ чиқиб кетай-да шу хосиятсиз жойлардан. Чиқиб олсам, иккинчи мардикорга ёлғиз чиқмайман. Танимасам ҳам бир-иккитасини шерик қилволаман…»

— Ана, «пражка» опкелдим сенга, — хаёлини бўлиб сўз қотди қария. — Еб ол! Тағин сулайиб ўлмагин!..

— Ота, — деди иложи борича ўзини босиб Меҳмонали. — Илтимос, ишингиз бўлмаса, мени қўйворинг! Мусофирман, боя айтганимдай ҳужжатим-у пулларимгача ўғирлатиб қўйганман. Ўшаларни топишга ҳаракат қилмасам бўлмайди. Илтимос, ота, қўйворинг мени!..

— Биринчидан, — салмоқ билан сўз бошлади қария. — Мени Соли ота деб чақиргин. Уқдингми?

— Уқдим, Соли ота, — деди Меҳмонали ғижини келиб. — Энди қўйворасизми?

— Йўқ, — деди Соли ота норози бош чайқаб. — Сени қўйвормайман. Мана шундай занжирбандликда ушлайман. Занжирдан қутулиш учун менинг бир шартимни бажаришинг керак. Ана шунда балки занжирдан бўшатишни ўйлаб кўрарман.

— Майли, айтаверинг шартингизни, — деди Меҳмонали тоқати тоқ бўлиб. — Нима қилишим керак?

Соли ота жавоб беришга шошилмади. Бир муддат нарироқдан туриб Меҳмоналига тикилиб қаради. Афтидан шу баҳонада режаларини пухталади.

Иблис эса Меҳмоналини ниқтай бошлаганди.

«Жиннимисан? — дерди у тезлаб. — Қаршингда қари бир чол турган бўлса, аста яқин бориб башарасига бир тушир, ўлади-қолади. Ким билиб ўтирибди чолни ўлдирганингни?!. Баҳонада киссасидаги пуллариниям шилволасан. Ишон, ҳалиги барзангилар йўқ ҳозир уйда. Уларни бирровга чақирган қария. Иши битгач, ҳақини бериб кузатворган. Шошил!..»

Бахтга қарши, Меҳмонали иблис етагига кириб кўрмаган. Бобоси тўғри яшашни ўргатган. Ёлғондан, ваҳшийликдан, кўзбўямачилик, фириб, туҳматчилик, ғийбатчиликдан нари бўлишни уқтирган. Шунинг учун ҳам у иблис қанчалар миясини ковлаб азоб бермасин, билагидаги кучи жунбушга келиб безовта қилмасин, қалбига бўйсунишни, фақат қалбига қулоқ тутишни афзал деб биларди.

 

* * *

 

— Олдин манавиларни еб олсанг-чи, — деди Соли ота қўли билан Меҳмоналини стол қаршисига имлаб. — Ол, еб ол! Қолган гапларни кейин гаплашамиз!

Меҳмоналининг қорни очганди. Ўзидан буғ таратиб турган тўрт дона гуммани апил-тапил еб, оғзини енгига артди-да, ҳамон ўзига еб қўйгудек тикилиб турган қарияга юзланди.

— Айтмайсизми шартингизни? — деди Меҳмонали зардали оҳангда. — Нима иш қилишим керак ўзи?

— Тўхта, ҳозир… Мен ҳовлидан бир нима опчиқай, тўхта!..

Соли ота пилдираганча ташқарига чиқиб, зум ўтмай бояги барзангиларнинг бирини етаклаб қайтди. Қўлига оқ қоғоз ва ручка ҳам ушлаб олибди.

— Мана бу аканг Мўйдин, — дея барзангини таништирди Соли ота. — Агар бир балони бошлашдан умид қилаётган бўлсанг, шаштингдан қайт. Бу аканг испортчи. Бир каллаласа асфаласофин қип ташлайди сени. Пичоқлашниям қотиради. Башарти сенга кучи етмаса, қорнингга бир пичоқ тиқади, дўзахга дўмбира бўласан-қоласан!

— Жинни бўлганим йўқ бало бошлаб, — деди Меҳмонали барзангига ер остидан қараб қўйиб. — Шартингизни айтаверинг!.. Айтганча… Илтимос, ота, занжирни ечиб олинглар! Ахир, ёнингизда қўриқчингиз турибди! Мен қочиб кетмайман ҳеч қаерга!

— Ҳа-я, — Мўйдинга бош буриб совуқ кулимсиради қария. — Мўйдин, болам, ечвол занжирни! Сен ёнимдайкансан, кўнглим тўқ. Башарти шилт-пилт қилса, ўзинг биласан нима қилишни!

Мўйдин тиржайганча Меҳмоналининг қўл-оёқларини занжирдан бўшатди.

— Мана, энди бу қоғозга мен айтган гапларни ёзасан-у, имзо қўясан, — деди Соли ота. — Қаршилик қилсанг, боя огоҳлантирдим, ё Мўйдин уриб ўлдиради сени, ё туҳмат қилиб қаматвораман. Сенинг тақдиринг қўлимизда эканини унутма!..

Меҳмонали итоат билан қўлига ручкани олиб қарияга савол назари билан боқди.

— Ота, — кутилмаганда сўз қотди Мўйдин. — Олдин анави ишни битириб олсак бўлармиди. Кейин ёзиб бераверарди тилхатни. Акс ҳолда…

— Ҳа-я, — Соли ота нимадир ёдига тушгандек сергак тортиб пилдираганча ташқари эшик томон йўналди. Бирпас қулоқларини динг қилиб тургач, ҳеч ким йўқлигига амин бўлди шекилли ортга қайтди.

— Бўпти, сен бунинг қўлига белкуракни бер! Тепасида туриб ковлат! Ҳов анави бурчакни ковланглар! Чуқурроқ ковласин! Ҳид-пид чиқиб юрмайдиган бўлсин! Мен ҳозир…

Шундай деб қария ташқарига йўл олди. Мўйдин эса нарида ётган белкуракни олиб Меҳмоналининг қўлига тутқазди.

— Юр, братишка, ҳов анави бурчакда икки метрлик чуқур ковлайсан. Бўл тез!..

Меҳмонали ҳеч нарсага тушунмасди. Нимага бу ерда чуқур ковлаши керак? Нимани кўмишмоқчи ўзи? Ҳа, сабзи бўлса керак. Қария бадавлат экан-ку! Бойваччалар жа пишиқ, тажанг бўлишади. Йўқса, ҳар куни бозордан янги сабзи сотиб олса бўларди-ку! Асакаси кетармиди?.. Э, ўлиб кетмайдими? Фақат… Қулсан дегани негадир ёқмаяпти. Ҳозирги замонда қул қолибдими. Билади… Ҳужжати йўқлигини билгач, шундай деб қўрқитмоқчи бу сассиқ чол. Шундай қилмаса, гўё мен қочиб кетаман-да! Қочиб қаергаям бораман? Тушунса бўлади-да булар!..

— Нима кўмишимиз керак ўзи бу ерга? — сўради Меҳмонали айтилган чуқурни ковлаб бўлгач. — Сабзими?.. Қорга кўмган яхшимасмиди? Яхши сақланади-ку қор остида!..

Барзанги унга жавобан совуқ тиржайди-да, ташқарига ишора қилди.

— Мен ҳозир опкеламан ўша «сабзи»ни, — деди у шоша-пиша Меҳмоналини қайта занжирларкан. — Қимирламай ўтириб тур!..

 

* * *

 

Барзанги ертўлага Соли ота билан бирга қайтди. Оппоқ матога ўралган нарсани қўлтиқлаб олибди. Бу нарсанинг узунлиги нари борса қирқ сантиметр келарди.

Кирди-ю, қариянинг ишораси билан оққа ўралган нарсани чуқур бошига қўйиб, Меҳмоналини занжирдан бўшатди.

— Тез кўм, — буюрди Соли ота негадир тоқатсизланиб. — Бўшашма!..

— Ота, бу ўзи нима? — сўради Меҳмонали сал дадилланиб. — Нима кўмаман ўзи?

— Сенга нима фарқи бор? — дўқлаб берди қария. — Кўм дейилдими, кўмавермайсанми?!.

Меҳмонали бу саволи барзангига ҳам ёқмаганини кўрди-ю, истар-истамас матога ўралган нарсага яқин борди. Сездики, барзанги хезлана бошлади. Агар яна чолга савол берса, уриб ташлагудек шашти бор.

Эҳ, манавинақанги аҳволда қолмаса-ку, бунақа барзангиларни мажақлаб ташларди…

Таваккал энгашиб, кўмилиши керак бўлган нарсани қўлига олди. Қўлига олди-ю, шу заҳоти ерга қўйди. Тиззалари, бармоқлари-ю, тирсакларигача дағ-дағ титрай бошлади.

У оқ матога ўралган нарса аслида одам мурдаси эканини аллақачон идрок этиб бўлганди.

Ҳа, у кўмиши лозим бўлган нарса чақалоқлиги тайин. Бўйи айтиб турибди. Аммо… Нега уни ўлдиришди? Кимга, қайси маразга керак бўлди унинг ўлими? Наҳотки, қария ўлдирган бўлса уни? Оппоқ соқоли билан одам ўлдиришга қандай қўли бордийкин? Аслида бу гўдак кимнинг зурриёди? Энди… Нима қилади? Қандай кўмади? Умрида ўлик кўмиб кўрмаган бўлса. Ўзи ҳам шу чуқурга йиқилиб ўлиб қолса-чи?..

«Эй, худо, — хаёлан зорлана бошлади Меҳмонали. — Шунчалик ёмон кўрармидинг мени? Унда нега яратдинг? Отамдан айро қилдинг, онамни мендан совитдинг. Тоғам хўрласа, таҳқирласа, ҳайҳотдай ҳовлидан қувиб солса ҳам индамай кузатишдан нарига ўтмадинг. Бугун нега яна тегирмон келисига солиб майдалашни ихтиёр қилдинг? Шу юришимни ҳам кўп кўряпсанми? Унда жонимни, омонатингни олиб қўя қол-да! Бир ғариб бандангни хўрлаб хумордан чиқармидинг?!.»

— Вей, хонасалот, — Соли ота барзангига зимдан кўз қисиб олди-да, Меҳмоналини дўқлади. — Тез бўлмайсанми? Намунча шалвирайсан?

— О-ота… Бу… Ахир… Ч-чақалоқ мурдаси…

— Ўчир чакагингни, — бобиллаб берди қария. — Ҳе буқага ўхшаб мўърамай ўл! Нима, дон кўмаман деб ўйлаганмидинг? Бўл тез!..

Меҳмонали Соли ота билан пачакилашиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигини сезиб итоаткорона қайтадан мурдани қўлига олди. Таваккал қилди. Гарчи юраги адо бўлаёзганини ҳис этиб турса-да, қўрқувдан вужуди ёрилай деса-да, ўзини мажбурлаб, тишни тишга босиб, лабларини қаттиқдан-қаттиқ тишлаб бўлса-да, гўдакнинг жасадини чуқурга авайлаб ётқизди ва яна белкуракни қўлига олиб тупроқ торта бошлади…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here