Паст Дарғомда 300 тонна сиғимга эга музлаткич ишга туширилди

0

Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” кўп тармоқли фермер хўжалиги бугун ўзи етиштирган маҳсулотни четга экспорт қилиш учун сиғими 300 тонналик балиқ сақлашга мўлжалланган музлаткични ишга туширди.

Ушбу музлаткич фаолиятини йўлга қўйиш учун хўжалик ўз ҳисобидан 150 миллион сўм ва банкдан олган 56 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларни сарфлади. Музлаткичнинг замонавий жиҳозлари Туркия давлатидан келтирилди.

2014 йилда 4 гектар ерда балиқ етиштиришни бошлаган ушбу “Пўлат балиқ ҳавзаси” кўп тармоқли фермер хўжалиги бугун 16 гектар ерда 8 турдаги балиқларни боқмоқда. Шунингдек, хўжалик туманда балиқ чавоқларини етиштириш бўйича таъминотчи ҳисобланади. Айни пайтда бу ерда 1,5 гектар ерга балиқчилик лабораторияси ташкил этилган бўлиб, унда 4 турдаги балиқ човоқлари етиштирилмоқда.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)