Эҳтиёт бўлинг: реклама!

0

Реклама, реклама, реклама. Ҳозирги кунга келиб ушбу сўзнинг долзарблик даражаси шунчалик кучайиб кетдики, ҳаттоки бир кун давомида камида 2-3 марта нутқимизда ишлатамиз.

Уйда ўтириб, телевизордан яхши филм ёки кўрсатув томоша қилаётганингизда бошида ва охирида албатта реклама берилади, бу пайтда эса сиз бироз асабийлашишингиз турган гап. Беихтиёр марҳум қизиқчи Хожибой Тожибоевнинг машҳур истеҳзоли гаплари ёдимизга тушаверади: “Телевизорда мазза қилиб реклама томоша қилиб ўтирганингда, кино қўйиб юборади.”

Ижтимоий тармоқ ривожланиши натижасида реклама саноати тараққиёти кутилгандан-да жадаллашиб кетди. Реклама агентликлари, телеграм, инстаграм, фейсбук, ютуб каби тармоқларда кўп сонли аудиторияга эга каналлар ўз реклама хизматларини таклиф этишмоқда. Хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда рекламанинг ўрни беқиёс. Шу ўринда бир неча вазифани бажаради:

- маҳсулотлар ва хизматлар ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилиш, маълумот бериш вазифаси;

- ишонтирувчи вазифаси;

- эслатувчи вазифаси;

Кўчада кета туриб, шунингдек, метроларда, автобусларда, жамоат жойларида , одам гавжум масканларда катта-кичик ўлчамлардаги афишаларга кўзингиз тушади, унчалик эътибор бермасангизда, у барибир сизга таъсирини ўтказади. Масалан, бирор бир бренддаги ичимлик расмини ҳар куни кўчадаги афишада кўрасиз. Магазинга кириб ичимлик харид қилаётганингизда эса сизга нотаниш бренд маҳсулоти ва рекламасини кўриб, номини таниб олган брендингиз маҳсулотини кўрсатишди. Беихтиёр сизга таниш ичимликни танлайсиз, гарчи ундан аввал фойдаланмаган эрсангиз-да.

Реклама прогресси яхши ва юқоорида айтганимдек, халққа нафи тегиб турибди. Кўпчиликнинг реклама хизматлари сабабли оғир юмуши енгиллик билан ҳал бўляпти.

Бу соҳада мавжуд камчиликларга эса кўз юмиб ўтишни жоиз деб билмадим. Рекламада ҳам маданият ва чегара тушунчалари бор. Бу борадаги камчилик ва хатоларни хоҳлаганча қидириб топишингиз мумкин.

Рекламаларда кўпинча имло қоидаларига риоя қилишмайди, саводсизларча ёндашишади. Бу эса тилга нисбатан ҳурматнинг йўқолишидан бошқа нарса эмас.

Давлат тили ўзбек тили деб белгиланган бўлса-да, аксар рекламаларни рус ва инглиз тилларида оммага намойиш этишади.

Яна бир муаммолардан бири, бу  рекламада менталитетимизга тўғри келмайдиган турли расмлардан, видеолардан фойдаланиб келинаётганлигидир. Баъзан телеэкранда чет элда тайёрланган рекламаларга кўзингиз тушади. Табиийки, реклама Ғарбдаги маданият ва менталитетга мослаштирилган, бу эса бизнинг миллий маданиятимизга умуман тўғри келмайди.

Энг ачинарлиси, дори дармонларнинг ракламасидир. Чунки содда кишилар қайсидир касалликларини реклама қилинаётган дори махсулотлари орқали даволашни ўзларига эп кўрмоқдалар. Бу эса оғир асоратларга олиб келади. Масалан, эркаклар простата безини даволашга бир неча йиллардан бери бир перепаратни реклама қилиб келишади. Машҳур урологлардан бирининг эътироф этишича, бу дори фақат олтмиш ёшдан ўтган кишиларгагина қўлланиши мумкин экан. Сабаби бу перепаратни қўллаган кишиларнинг оталик уруғи қирилиб битар экан. Бундай ачинарли ва аянчли мисолларни қатор келтириш мумкин.

Анча кунлар илгари «Миллий тикланиш» партиясининг рекламаларида мини юбка кийган қизларни кўрдик.  Миллийликни тарғиб қилиши назарда тутилган партия бундай ҳолатга йўл қўяр экан, бошқаларга нима дейишга ҳам ҳайронсан киши.

Реклама агентликлари ва реклама берувчи шахслардан бу борада эътиборлироқ бўлишларини истаб қоламан…

Аҳмад Бухорий

azon.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here