Хато қилишимизни кутишмасин…

0

Шу йилнинг 5 ноябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзининг расмий davaktiv.uz сайтида “Сайловда қатнашиш – ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқидир” мавзуида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этганлиги ва унда ЎзЛиДеПдан ҳеч ким қатнашмаганлиги борасида хабар тарқатди. Ана шу хабарга таяниб, u24.uz интернет сайтида “ЎзЛиДеП нега сайлов олди давра суҳбатларига беписандлик билан қарамоқда?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Хўш, ЎзЛиДеП давра суҳбатида нега иштирок этмади деган саволга жавоб бериб ўтсак. Биринчидан, агентлик томонидан ўтказиладиган тадбир ҳақидаги расмий хат ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қабулхонасига электрон почта орқали жорий йилнинг 5 ноябрь куни соат 10:07 да юборилган. Эътибор беринг, давра суҳбатига саноқли дақиқалар қолганда хабарнома жўнатиляпти. Вақт ҳар қанча тиғиз бўлса-да, биз ушбу тадбирга  вакилимизни жўнатардик ҳам. Лекин айнан 5 ноябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IX съезди бўлиб ўтиши белгиланган ва табиийки, партиянинг энг нуфузли анжуманини бекаму кўст ўтказиш, ташкилий масалаларни жой-жойига қўйиш учун сиёсий кучнинг барча даражадаги ходимлари унга жалб этилганди.

Таассуфки, агентлик томонидан уюштирилган тадбир ҳақида ҳеч қурса бир кун аввал хабар берилганида эди, бу давра суҳбатида қатнашардик. Негаки, айнан ўша, партия съезди бўлиб ўтган куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган брифинг ҳамда Халқаро пресс-клуб Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси ислоҳотларида сиёсий партияларнинг ўрни ва иштироки” мавзуида пресс-кофе форматида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам ЎзЛиДеП вакиллари иштироки таъминланди-ку! Боиси, ташкилотчилар бизни бир кун олдин хабардор қилган эди.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ЎзЛиДеП ҳар қандай форматдаги тадбирларда ҳар доим фаол қатнашган ва ўз позициясини мустаҳкам ҳимоя қилиб келмоқда. Бундан буён ҳам у семинар, дебат, очиқ мулоқот бўладими, ишонч билан қатнашишга доимо тайёрлигини эслатиб қўймоқчимиз. Фақат юқорида айтганимиздек, бу каби тадбирлардан бизни олдинроқ хабардор қилишса бўлгани.

Энди “ЎзЛиДеП нега сайловолди давра суҳбатларига беписандлик билан қарамоқда?” деган мақолага мухтасаргина жавобимиз шундай: биринчидан, бу мақола ЎзЛиДеПни қачон, қаерда хато қилар экан, деб кечани кеча, кундузни кундуз демай, пинҳона пойлаб юрадиган ва партиямиз билан очиқ курашдан чўчийдиган айрим “рақибчаларимиз”нинг буюртмаси асосида тайёрлангани шундоққина сезилиб турибди.

Мақола муаллифи ЎзЛиДеП вакиллари ушбу майдонда бўй кўрсатишни истамагани бироз ғалатилиги тўғрисида кўп ва хўп гапирибди. Жуда юзаки ёзилган ва мақсади қандай бўлмасин ЎзЛиДеПга кичкина бўлса-да, яна бир марта тошча отиб қўйишни кўзлаган муаллиф фикрларини шарҳлаб ўтиришга эса ҳеч қандай ҳожат йўқ. Лекин ушбу агентлик “майдонида”, яъни  Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолият юритаётган майдонда ЎзЛиДеП албатта “бўй кўрсатади”. Чунки партия давлат активларидан фойдаланишда самарадорликка эришиш бугун иқтисодиётимизнинг энг оғриқли, танқидий қайта кўриб чиқишни талаб қиладиган нуқталаридан бири деб билади ва албатта бу соҳада бошқарувнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш вақти келди деб ҳисоблайди.

Партиянинг сайловолди чиқишлари даврида бу борада ҳали кенгроқ фикрлар билдириб ўтилади ва ўйлаймизки, агентлик раҳбарияти ва вакиллари билан ушбу мулоқотлар жараёнида ҳали кўп бора учрашамиз, мулоқотда бўламиз.

ЎзЛиДеП бундан кейин ҳам барча даражада учрашувлар, муҳокамалар учун ўзининг очиқ, ошкора тайёр эканлигини билдиради.

 

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси бўлим бошлиғи

loading...