Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

0

Хоразмлик таниқли журналист Давлатназар Рўзметов 6 ноябрь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда журналистнинг жияни ўз Facebook саҳифасида хабар берди.

«Минг афсуслар бўлсинки, амаким Давлатназар Рўзметов 6 ноябрь куни кечқурун автоҳалокат оқибатида оламдан ўтди», — деб ёзади Фурқат Рўзметов.

Маълум қилинишича, журналист бугун, 7 ноябрь куни сўнгги манзилга кузатилади.

Давлатназар Рўзметов кейинги пайтларда ўзининг шов-шувли постлари ва танқидий мақолалари билан танилган эди.

У 2018 йилнинг октябрида Қўшкўпир туман ҳокимлиги биносида ўтказилаётган йиғилишга кириб, йиғилиш иштирокчиларини расмга олмоқчи бўлганида, туман ҳокими ўринбосари йиғилишни тугади, деб эълон қилган, кейинроқ журналистнинг ушбу қилмиши майда безорилик деб топилиб, у етти суткага қамалган эди.

Ошанда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари журналистни фаол тарзда қўллаб-қувватлаган, Давлатназар Рўзметов озод этилганидан сўнг барча қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик изҳор этган эди.

2019 йилнинг 5 октябрь куни ҳам Давлатназар Рўзметовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ, Бош прокуратура журналистнинг ҳибсга олинганини инкор этди.

 

daryo.uz

loading...